“Энди СИни таълимда чеклашга анча кеч” – Олтин ўрталиқ қандай бўлиши керак?


Сақлаш
18:03 / 14.05.2026 21 0

“Pricewaterhouse Coopers” (PwC) халқаро аудит компанияси тадқиқотига кўра, 2030 йилда сунъий интеллект технологияларининг глобал ялпи ички маҳсулотдаги улуши 15,7 трлн долларга етиши мумкин. Жаҳон иқтисодиётида СИ улушининг бундай ортиб бориши ривожланаётган мамлакатларда соҳани тизимли татбиқ этиш, аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш каби масалаларни кун тартибига қўймоқда. Юртимизда ҳам СИ сиёсатини институционал амалга ошириш, технологиянинг аҳоли турли қатлами, айниқса ёшларга тўсиқсиз етиб боришини таъминлаш борасида муҳим қадам ташланаяпти. Ҳозирги рақамли трансформация замонида ёшларнинг маънавий-маърифий, ғоявий тарбияси фақат таълим тизимининг иши эмас, балки давлатнинг ахборот хавфсизлиги, кадрлар тайёрлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим вазифаси сифатида кўрилмоқда.

 

Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилишда, ёшларнинг чексиз билимлар манбаига йўл топишида, илм-фаннинг замонавий ютуқлари билан ҳамнафас бўлишида СИ қўл келиши шубҳасиз. У шахсга йўналтирилган индивидуал таълим қамровини кенгайтиришда ҳам асқотади. Масалан, UNICEF билан ҳамкорликда юртимизда ўқитувчиларнинг рақамли саводхонлиги ва кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича турли синов лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

 

Шу кунларда болаларга СИни ўргатишни мактаб ёшиданоқ бошлаш ташаббуси илгари сурилаяпти. 2025 йил сентябр ойида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг юқори синфларига СИ бўйича дарслар киритилиши таъкидланган эди. Бошланғич синфларда ахборот технологиялари дарси ўқитилиши ҳисобга олинса, битирувчилар СИдан фойдаланиш учун зарур технологик қурилмаларни етарлича ўзлаштирган бўлади. Шу тариқа мактаб ўқувчилари СИ тадрижи билан ҳамоҳанг равишда ўсиб бориш имкониятига эга. Бу глобал технологик пойгада энг муҳим потенциал – ёшлар билан муносиб қатнашишга имкон бериб, миллий манфаатларимизга тўлиқ жавоб беради.

 

СИ индивидуал билим олиш, масофавий ўқиш имкониятини кенгайтириш ва келажакда ўқувчига ўз йўлини топишга ёрдам беради. Ўқувчининг қизиқиши, мойиллиги ва кўникмалари таҳлил қилиниб, шунга мос йўналиш ва касблар ҳақида маълумотларни тақдим этиш имконияти яратилади. Бу маънавий-маърифий тарбияда муҳим аҳамиятга эга.

 

СИнинг ёш авлод таълим-тарбиясига салбий таъсири ҳам талайгина. Ўқувчилар топшириқларни турли чатботлардан (“ChatGPT”, “Grok”, “Gemini” кабилар) осонгина юклаб олиши мумкин. Сунъий идрокнинг оммалашуви медиасаводхонликни муҳим компетенцияга айлантириб юборди. Энди маънавий-маърифий тарбия фақат “қадриятларни сингдириш” эмас, ахборотни текшириш, манипулятив контентни ажратиш, шахсий “рақамли интизом”ни шакллантириш, СИнинг сунъийлигидан огоҳликни ҳам ўз ичига олади. Сиёсий фанлар доктори Ш.Пахрутдиновнинг фикрича, медиасабоқлар фанлар орасида “яширинган” ҳолда эмас, мустақил, тизимли ўтилиши мақсадга мувофиқ. Бу йўналишда узлуксиз таълим тамойилини қўллаш долзарб аҳамиятга эга. Бошланғич синфларда медиасаводхонлик асослари берилиб, ўқувчиларга ахборотни танқидий баҳолаш, ишончли манбаларни аниқлаш, ахборот хавфсизлигининг дастлабки қоидалари ўргатилиши даркор. Ўрта синфларда медиасаводхонлик билимдонлик даражасига кўтарилиб, ўқувчилар турли медиаканаллар билан ишлаш, ахборотни таҳлил қилиш, рақамли контент яратиш кўникмаларини ўзлаштиришлари керак[1].

 

СИ акс таъсирининг галдагиси – ёшлар нейротармоқ алгоритмлари таъсирида фақат ўз қарашларига мос келувчи маълумотлар билан тўлдирилган “акс-садо хоналари”га қамалиб қолиши мумкин[2]. Бунда электрон қурилмаларга жойлашган алгоритмлар фойдаланувчи сўровлари, қидирувига асосланиб маълум бир қолип, филтр асосида маълумот тақдим этишни бошлайди. Оқибатда СИ алгоритмлари менюга нимани киритса, ёшлар ўшани истеъмол қилишга мажбур бўлади. Объектив ҳақиқатни кўришни истамайди ва реал ҳаётдан узоқлашиб боради.

 

Ёшлар ва СИ муносабатларида имконият билан бирга тенгсизлик, ахлоқий меъёрларнинг бузилиши хавфи ҳам бор. Технологиядан фойдалана олишдаги тафовут ижтимоий адолатсизликка олиб келиши, СИдан ахлоқий ҳисоб-китобсиз фойдаланиш қайтариб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли СИни таълим-тарбия жараёнига киритишда фақат технология эмас, балки ижтимоий адолат ва ахлоқ мезонларига кўра ҳам иш тутиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистонда СИни ривожлантиришда глобал технологик янгиликларни кўр-кўрона кўчирмасдан миллий-маданий контекстдан, маънавий-ахлоқий мезонлардан келиб чиқиш ўринли. Масалан, маҳаллий СИ чатботи лойиҳаси – “Bonu AGI” бунга яққол мисол. Мазкур чатбот фойдаланувчининг сўровларига миллий маданий хусусиятларимиздан келиб чиққан ҳолда жавоб беради. Бу тизимга Ўзбекистон аҳолисининг қандай мулоқот қилиши, фикр юритиши ва саволларни қай йўсинда шакллантиришни яхшироқ акс эттириш имконини беради. Албатта, бу ҳали бошланиши. Энди шу турдаги ўзбекона СИ дастурлари сонини кўпайтириш, борларини эса узлуксиз мукаммаллаштириб бориш муҳим.

 

Қисқаси, Ўзбекистонда СИни жорий этишда ёшлар таълим-тарбиясини ҳисобга олиб қуйидаги тавсиялар асосида иш кўрилгани маъқул деб ҳисоблаймиз.

 

Ўқитувчи – асосий шахс. СИ – ёрдамчи. Таълим жараёнида СИнинг кенг қўлланиши ўқитувчиларнинг ўрнини эгаллаб олиш хавфини кучайтиради. Энди сунъий идрокни таълимда чеклашга анча кеч. Аксинча, СИ билан муроса қилиб, унга ўқитувчининг ёрдамчиси экани, инсониятга хизмат қилишини таъминлаш зарур. Қанчалик ақлли ва мукаммал бўлмасин, ҳаёт-мамот масаласи бўлган таълим ва тарбияни ҳиссиз алгоритмларга тўлиғича топшириб бўлмайди.

 

Медиамаърифат – замон талаби. Сунъий тафаккур билан боғлиқ хатарлар ортиб бораётган даврда медиасаводхонлик хавфларни камайтириши мумкин. Тарбия жараёнида, ўқув дастурларида фактчекинг дарслари, манипуляцияни аниқлаш, “ахборот гигиенаси”, “сунъий идрок қуллигидан қочиш” каби амалиётлар муҳим. Бунда медиасаводхонлик турли фанларда оз-оздан ўқитиш шаклида эмас, бошланғич синфлардан бошлаб узлуксиз бўлиши лозим.

 

Академик ҳалоллик чегаралари белгиланиши керак. СИнинг кенг тарқалиши фонида плагиат ва нейротармоқлар орқали матн яратиш амалиёти кучайиб боради. Шу боис таълимда унинг “рухсат этилган сунъий онг ёрдами” (масалан, режа, таҳрир, библиография тузиш кабилар) ва “тақиқланган ёрдам” (матнни тўлиқ ёздириб топшириш) каби чегаралари аниқ белгиланиши шарт. Мазкур масала бугун дунё илм-фанининг асосий баҳс мавзуларидан бирига айланган. “Интеллектуал вазифаларни нейротармоққа юклаб қўйиш” ўқувчининг ақлий салоҳиятига ҳам, академик обрўсига ҳам бирдек зиён етказади.

 

Ахборот ва махфийлик – муҳим масала. Ёшларнинг СИ билан яқинлашуви тартибли амалга оширилиши лозим. Сунъий онг асосида ишловчи ўйинчоқлар, рақамли қурилмалар ва иловалар орқали шахсий маълумотларнинг йиғилиши махфийликка таҳдид солади. Шу сабабли тарбиявий платформаларда шахсий маълумотлар тўплаб борилишини камайтириш, розилик беришда эҳтиёткорлик, шаффофлик ва хавфсизлик шартларига амал қилган маъқул.

 

Қадриятларга йўналтирилган контент тавсияси. СИ асосида ишловчи тавсия алгоритмлари контентни “энг кўп кўрилган”, “энг кўп лайк йиққан” эмас, маънавий-маърифий мақсадларга хизмат қилувчи (китобхонлик, илмни тарғиб қилувчи, тарихий хотира, фуқаролик масъулиятини кучайтирувчи ва бошқалар) контентга устуворликни бериши лозим.

 

Хуллас, олим Ричард Сасскинд таъкидлаганидай, СИ ҳақида бир вақтнинг ўзида ҳам оптимистик, ҳам пессимистик фикрда бўлиш мумкин. У қўш тиғли қиличга қиёсланиши бежиз эмас. Менимча, энг мақбул йўл – олтин ўрталиқни, яъни мувозанатли позицияни топмоқ, асосий таҳдидларни четлаб ўтган ҳолда СИни инсоният корига хизмат эттириш ҳақида оқилона мушоҳада юритмоқдир.

 

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти мустақил тадқиқотчиси

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.

Сунъий интеллект чегараси” мақоласи



[1] Shukritdin Paxrutdinov. Ustunlikka erishish omili. Jadid gazetasining 2026-yil 1-yanvar soni, № 1 (105), 5-bet.

[2] Gaurav Goswami. AI Echo Chambers: How Algorithms Shape Reality, Influence Democracy, and Fuel Misinformation. TechRxiv. February 26, 2025. https://doi.org/10.36227/techrxiv.174059950.03385147/v1.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34582
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//