Қарз берган вақтимга нисбатан доллар курси тушди, қандай ҳисобда олганим жоиз?


Сақлаш
17:03 / 13.05.2026 25 0

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Абдувоҳид Аҳмадалиев жавоб берди

 

– Менга бир дўстим пул бериб, “Буни фалончига бериб қўй, сенга омонат” деди. Шу пулни ўз эҳтиёжим учун сарфладим. Лекин дўстим айтган вақтда унинг пулини айтилган одамга етказдим. Менинг ишимда бирор хато бўлмадими?

 

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Албатта, бу ишда хато бор. Яъни, сизга берилган пул омонат ҳисобланиб, уни омонат эгасининг розилигисиз ўз эҳтиёжингизга сарфлаганингиз хато ва омонатга хиёнат бўлади. Омонат фақат эгасининг розилиги билан ишлатилиши мумкин. Агар эгасининг розилигисиз ишлатилган бўлса, у омонат ҳукмидан чиқиб, тўлаб бериладиган ҳаққа айланади. Бу ҳақида фатволарда шундай зикр қилинган: 

 

“У (омонат) берилган кишининг ҳузурида сақланиши вожиб ва эгаси талаб қилган вақтда қайтарилиши шарт. “Шумунний”да ҳам шундай зикр қилинган. Омонат мол бошқасига омонатга, орият(вақтинчалик ишлатиш)га, ижарага ва гаровга берилмайди. Агар омонатни олган киши шулардан бирини қилса, тўлаб беради” (“Фатово Оламгирийя” китоби).

 

* * *

– Мен дўстимга олти ой бурун қарз берган эдим. Ўша вақтда 300 долларни 12 760 сўмдан ҳисоблаб, жами 3 млн 828 минг сўм ўтказиб бергандим. Ҳозир қарзни қайтариб олаётганда 300 долларни ҳозирги кунги курс билан олишим керакми ёки ўша вақтдаги 3 млн 828 минг сўмни бериши керакми? 200-250 минг сўмни деб ҳалол пулимни ҳаром қилиб олмоқчи эмасман. Шунинг ҳукми қандай бўлади?

 

– Қарз қайси валютада берилган бўлса, ўша валютада ва ўша миқдорда қайтарилиши шарт. Дўстингиз қўлига ёки картасига сўм олган экан, гарчи сиз буни доллар ҳисобида ўтказган бўлсангиз ҳам, шариатга кўра унинг зиммасидаги қарз сўмда собит бўлади. Шунинг учун ҳозирги курсга чақмасдан, ўша вақтда берилган 3 млн 828 минг сўмнинг ўзини қайтиб олишингиз керак.

 

* * *

– Мен фарзандим касал бўлганида “Агар тузалиб кетса Зангибобога атаб қўй сўяман” деб назр қилгандим. Аллоҳга шукурки, болам тузалди. Энди мен назримни бажаришим керакми?

 

– Йўқ, гуноҳ ишга назр қилинган бўлса, унга амал қилинмайди. Чунки бирор улуғ зотга атаб қўй сўйиш жоиз эмас. Китобларимизда бу ҳақда шундай дейилади: Билингки, аксар авом тарафидан авлиёларга яқин бўлиш мақсадида уларнинг қабрларига атаб қилинаётган назрлар уламоларнинг иттифоқи билан ботил ва ҳаромдир” (“Дуррул-мухтор” 2-жилд 439-бет).

 

* * *

– Америкадаги юк машиналари, фуралар устахонасида даромад қилиш услуби юзасидан менда савол туғилди. Қуйидаги икки ҳолат деярли барча устахоналарнинг пул топиш услуби бўлиб қолган:

 

1) Эҳтиёт қисмлар буюртма тушганидан кейин дилерлардан олинади. Биз доимий мижоз бўлганимиз учун дилерлар бизга эҳтиёт қисмларни 50 фоизгача чегирма билан беришади. Биз ушбу чегирмани сақлаб қолган ҳолда устига фойда қўйиб мижозга сотишимиз тўғри бўладими? Масалан, 50 долларга олинган қисмни 100 долларга сотиш. Ваҳоланки, мижоз дилернинг ўзига борса ҳам барибир 100 доллар атрофида сотиб олади.

 

2) Иш ҳақи соатбай, тахминан 130 доллар қилиб белгиланган. Иш вақти ва нархини ҳисобловчи махсус дастур бор. Дастур қанча сумма чиқарса, мижоздан шуни оламиз. Лекин дастур вақтни ортиғи билан ҳисоблайди. Масалан, бир ишни 4 соатда бажарсак-да, дастур уни 10 соатлик иш деб ҳисоблайди. Шу тариқа амалдаги ишга нисбатан икки-уч баробар кўп вақт ёзилади. Шундай йўл билан даромад қилиш жоизми?

 

1) Агар сиз маҳсулотни ўзингиз сотиб олиб, кейин уни мижозга бозор нархида ёки келишилган нархда сотсангиз, бунга ҳеч қандай монелик йўқ. Шариатимизда савдо-сотиқ ҳалол қилинган бўлиб, сиз ўз мулкингизга айланган эҳтиёт қисмларнинг устига маълум миқдорда фойда қўйиб сотишингиз жоиз. Аммо мижозга “Мен буни қимматга олганман” деб ёлғон гапирмаслик ва нарх борасида ўзаро розилик бўлиши шарт.

 

2) Бундай вазиятларда иш ҳақини соатбай, яъни вақтга қараб эмас, балки ишбай, яъни бажарилган ишга қараб келишиб олиш лозим. Махсус дастурдан фақат ишнинг қийматини олдиндан белгилаш ва мижоз билан нархни келишиш учун фойдаланиш мумкин. Шунда ишни дастурдагидан тезроқ тугатсангиз ҳам келишилган ҳақни олишингиз ҳалол бўлади. Аммо мижозга ҳақиқатда сарфланмаган вақтни “сарфланди” деб айтиш ёки арзимас иш учун асоссиз кўп соат ёзиш орқали алдаш шариатда жоиз эмас.

 

* * *

Биз жамоа бўлиб стартап (онлайн таълим платформаси) бошлаганмиз. Иш бошлаш учун жамоа аъзолари иш ҳақи ва платформани ишлаб чиқиш учун маблағ жалб қилмоқчимиз. Маблағ жалб қилишнинг иккита йўли бор:

 

1) Стартапнинг 10 фоизини маълум пулга ҳисоблаб, инвестордан маблағ олсак. Стартапимиз даромадга чиққандан кейин инвестор бизнинг доимий жамоадошимизга айланади ва даромаднинг 10 фоизи уники бўлади. Бу ҳолатда стартап ривожланса ҳам, ривожланмаса ҳам олинган инвестиция қайтарилмайди.

 

2) Бировдан қарз олсак ва унга стартапимизнинг 5 фоизини бериб, жамоамизга қўшиб олсак. Бу ҳолатда стартап ривожланса ҳам, ривожланмаса ҳам олган қарзимизни ҳеч қандай устамасиз қайтариб берамиз. Шу иккала ҳолатда рибо бор-йўқлиги, жоиз ёки ножоизлиги тўғрисида маълумот берсангиз.

 

1) Бу амалиёт шаръий жиҳатдан шерикчилик шартномаси деб баҳоланади ва бу жоиз. Чунки бунда инвестор фойдага ҳам, зарарга ҳам шерик бўлиш шарти билан маблағ тикмоқда. Яъни, иш юришмаса унинг пули куяди ва сизлардан қарз сифатида талаб қилмайди.

 

2) Бу кўриниш шарт билан қарз бериш ёки шерикликдаги сармояни кафолатлаш ҳисоблангани учун ножоиз. Фиқҳий қоидаларга кўра, ҳар қандай манфаат жалб қилган қарз рибодир. Бу ерда қарз берувчига аслини қайтаришдан ташқари стартапдан улуш берилиши айнан рибо ҳисобланади. Қолаверса, шерикчиликда тиккан пулини қайтариб олишни кафолатлаш шаръан дуруст эмас.

 

* * *

Ижтимоий тармоқларда пул ишлашнинг ҳукми қандай? “YouTube” ижтимоий тармоғида қўйилган видеонинг кўришлар сони ва ушбу видео орқали реклама намойиш этилгани учун пул тўланар экан (рекламани “YouTube” компанияси қўяди). Қандай рекламалар намойиш этилишини видео жойловчининг ўзи ҳар доим ҳам ҳал қила олмас экан. Рекламалар мамлакатларга қараб фарқланади. Ҳаммаси ҳам шариатга мувофиқ бўлмаслиги мумкин.

 

Қимор, фаҳш ва исломда тақиқланган маҳсулотлар каби шариатга зид нарсаларни тарғиб қилувчи рекламаларга ёрдам бериш ёки уларга воситачи бўлиш дуруст эмас. Шу сабабли агар канал эгаси рекламаларни бутунлай ўчиришга ёки фақат ҳалол рекламаларни танлаб қўйишга қодир бўлса, буни қилиши лозим. Агар бунинг иложи бўлмаса ва шариатга мувофиқ бошқа платформада фаолият юритиш имкони бўлса, ўша жойга ўтиши мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.

 

* * *

– Сунъий онгдан фатво сўраш қанчалик тўғри?

 

– Бугунги кунда сунъий онг жуда тез ривожланиб, унинг имкониятидан иқтисодиёт, таълим, маданият, хизмат кўрсатиш ва медиа соҳаларида самарали фойдаланилмоқда. Унинг афзалликлари билан бирга зарарли томонлари ҳам бор. Шу боис сунъий онгни бошқариш, тартибга солиш ва назорат қилиш ҳозирги кунда жуда ҳам муҳимдир.

 

Дарҳақиқат, сунъий онг инсон ҳаётига ижобий ва салбий таъсир кўрсатаётир, жумладан, диний суҳбатларни таъсирли роликлар орқали намойиш этиш ва керакли маълумотларни топишда жуда қўл келмоқда. Бироқ баъзи инсонлар шаръий савол-жавоб, фатво олишда ҳам сунъий онгдан фойдаланаяпти. Ҳолбуки, динимизга кўра бундай масалаларда ундан олинган жавобларга таяниб бўлмайди. Зеро, шариатга кўра фатво чиқариш фақиҳнинг бевосита иштирокини талаб этади. Масала сўровчининг ҳолатига, замонига, маконига, урф-одатларига ҳамда ижтимоий ва иқтисодий шароитга қараб жавоб берилиши керак. Бундай жиҳатларни сунъий онг мустақил ва тўлиқ бажара олмайди. Шунинг учун сунъий интеллект берган фатволар шаръий жиҳатдан эътиборга олинмайди.

 

* * *

– Ҳозирги кунда сунъий онг билан аллақачон ўлган одамлар гўё қайта тирилтирилиб, оиласи билан гаплаштирилаяпти. Бу борада шариатимиз кўрсатмаси қандай ва уламоларимиз нима дейди?

 

– Бундай нарсалардан четда бўлиш тавсия этилади. Чунки бу каби ишлар кўп томонлама хато саналади.

 

Биринчидан, инсоннинг, айниқса ота-онанинг ҳурмати уларнинг вафотидан кейин ҳам давом этади. Унинг суратидан видео ясаб, гапиртириш уларнинг ҳурматига зид ҳисобланади. Чунки улар видеодаги гапларни ҳақиқатда гапиргани йўқ. Демак, бу иш уларнинг тилидан ёлғон ахборот тарқатиш, уларнинг номидан ёлғон маълумот бериш ҳисобланади.

 

Иккинчидан, бундай ишнинг хатарли жойи бандалар учун ғайб ишларидан бири бўлган қабрдаги ҳаётга оид ҳолатларга журъат билан аралашиш бўлади. Бу инсон эътиқоди ва иймони учун хавфли саналади. Чунки айрим видеоларда ота-оналарнинг “биз яхшимиз, сизларни кўриб турибмиз, кузатиб турибмиз” деган жойлари бор. Уларнинг қабрдаги аҳволи қандай эканини СИ ёки шу видеони ясаётганлар қаердан билмоқда?!

 

Учинчидан, мазкур технология шахсларнинг ҳаракатсиз суратларини қисқа видеороликларга айлантириш орқали сурат эгасининг табассум қилиши, кўзини қисиши ва бошини қимирлатиши каби ҳаракатларни бажартириши мумкин. Буни ҳар қандай тирик ёки ўлган инсоннинг сурати билан ҳам қилиш мумкин.

 

Бу баъзи компаниялар амалга оширилаётган бир турдаги ўйин-кулгидир, аммо бу ўйин келажакда кўз ва бош ҳаракатидан ҳам ўтиб кетиши, киноя ва масхара қилиш, ҳақиқатни сохталаштириш ва бузишда ишлатилиши мумкин.

 

Янги технология “Deepfakes” (чуқур сохталар) деб номланувчи туркумга мансуб бўлиб, мутахассислар томонидан “номақбул технологиялар” қаторига киритилган. Ушбу технология айрим шахслар томонидан жиноий мақсадда, бегуноҳ одамларнинг суратларини бирлаштириб, сохта видеолар яратиш орқали шантаж қилишда қўлланмоқда.

 

Мазкур технологиянинг зарарларидан яна бири шуки, оилавий суратлар ва маълумотлар ана шу компанияларнинг қўлига ўтиб қолади ва уларнинг махсус иловаси қурилмаларига ўрнатилади!

 

Қолаверса, асли ғоянинг зарарларидан бири: суратларга ва ўтганларга боғланиб қолиш ҳамда ғам-қайғуни янгилашдир.

 

Агар сурат қурилмада бўлса ва бу технология сохталаштириш ёки масхара қилишда ишлатилмаса ҳам бу иловадан эҳтиёт бўлиш ва у билан муомала қилмаслик керак.

 

Шу боис мўмин-мусулмон инсон одамлар қилаётган ишларга кўр-кўрона эргашиб кетавермасдан, унинг тўғри ё нотўғри эканини аниқлаши ва шунга қараб иш тутмоғи лозим бўлади.

 

Қолаверса, динимиз бу дунёда ота-онанинг розилигини олиш, вафотидан кейин солиҳ амаллар қилиб, уларнинг руҳларини шод этишга тарғиб қилади. Расм ёки видеосига қараб йиғи-сиғи қилиш билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, балки булар қилаётган гуноҳлар туфайли улар маҳзун бўладилар. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Албатта сизларнинг амалларингиз вафот қилган қариндош-уруғларингизга кўрсатилади. У(амал)лар яхши бўлса, улар хурсанд бўладилар. Агар ундай бўлмаса “Аллоҳ, уларни бизни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қилмагунингча вафот эттирмагин” дейишади деди” (Имом Аҳмад ривояти). Валлоҳу аълам.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34556
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//