Талқини минг хил куй – Мурод Муҳаммад Дўст портретига чизгилар


Сақлаш
16:10 / 13.05.2026 81 0

(Эссе)

 

Мурод аканинг турган-битгани, ёзган-чизгани, айтган-айтмагани, бутун ҳаёти – ҳангома. Қай бири чин, қайси тўқима – ўзиям аниқ билмаса керак. Ҳавасингиз келади. Адиб ўша муҳитда маза қилиб яшайди, маза қилиб ёзади, маза қилиб... изтироб чекади. Аслида Мурод Муҳаммад Дўст ижоди ва фаолиятининг ўзига хослиги ҳам шунда.


Янги наср авлоди

 

Акамизнинг азим шаҳардаги сершовқин давраларни тарк этиб, гўё ўз ижодига қўл силтагандай она юрти Жомга лангар ташлаганига, адашмасам, беш йил бўлай деб қолди. Жом деганимиз камида йигирма-йигирма беш чақирим чўзилиб кетган қишлоқ. Бир учи қорли чўққиларга яқинлашиб борса, этаги чўлга туташ. Ҳавоси хуш, шаббодаси енгил, сокин бу гўша Мурод Муҳаммад Дўст  адабий харитага муҳрлаган ғаройиб макон – Галатепани эслатади.

 

Ҳовли-ҳарами жойида адиб беш-олти таноб келадиган дарахтзорида куймалангани-куймаланган. Бу одат кайвони отасидан ўтган. Раҳматли колхоз раисиман деб ўтирмас, қўлидан кетмону бел, токқайчи-ю тешаси тушмас эди. Адиб асарларида меҳр билан тасвирланган Раим оқсоқол сиймосида отасининг ҳам шарпаси бордай.

 

Аканинг айтишича, тийрамоҳда қарға кўпаяди. Қора булутдай ёпирилиб келиб, дарахтдаги ёнғоқни чўқиб туширади, тошга уриб чақади. Чаққан жойида қай гўрдандир зағча ёки майна пайдо бўлади-ю мағзини илиб кетади. Қоқбош қарға оғзидаги ошини олдириб, жон аччиғида қағиллаганча қолаверади – раҳмингиз келади.

 

Тамаддуну сиёсатдан хийла узоқ, овлоқ Галатепа фуқаролари ўзининг инсонга хос жамики фазилату қусурлари билан китобхонлар кўнглидан аллақачон муқим жой олди, муаллиф эса миллий адабиётимизнинг забардаст вакили мақомига эришди десак, асло лофи йўқ.

 

Қоқ пўстак устида қотган нон ейишдан ҳам ҳузур топадиган авомшунос оёғини шаҳардан буткул узиб кетгани йўқ албатта. Узлатни афзал билганидан пойтахт жуда ҳувуллаб қолмагандир-у, лекин заҳматкаш адиб она қишлоғида фароғат топганига ишонгимиз келади. Овози гулдираган, нигоҳи ва тили бир одам илгари – катта сиёсат майдонида от сурган кезларида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай: давраларнинг гули!

 

Завқланиб эслайман: шундай кунлар, ойлар, йиллар бўлган. Янги ўзбек насридан  сўз кетса, ёш адиблардан “уч оғайни ботирлар” номи биринчи бўлиб тилга олинарди: Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон.

 

Орадан ярим аср ўтди. Бир майизни бўлишиб еган уч оғайнининг ораси ҳам, айни саноқ ҳам бузилгани йўқ. Энди улар шуҳрат қозонган адиб, таниқли сиёсат ва маданият арбоблари. Китоблари бўёғи қуримай тала-тала бўлиб кетади.

 

Адабиётимиз осмонида юлдуздек порлаган янги авлоднинг пайдо бўлишини атоқли шоир Эркин Воҳидов 1980 йили завқланиб шундай қайд этган: “Оҳиста, ийманиб, улуғлар қошида чўчинқираб эмас, шахдам, дадил, бамисоли тўйхонага келган ўспирин куёвнавкарлардек олатасир ва сурон билан кириб келди. Биз бу “босқин”ни кўпдан кутган эдик, интизорлик билан пойлаган эдик. Шундай кун келди”.

 

Адабиёт дарбозасини тақиллатмай, шовқин-сурони билан бетакаллуф кириб келган, боз устига, андак бетгачопару кибрли меҳмон қай замонда  хушнуд қарши олинибди? Донишманд шоирнинг ўт-олов ёшларга улкан меҳр билан “биз бу “босқин”ни кўпдан кутган эдик” деган лутфида орзулари мўл авлоднинг дадил ҳифзи ҳимояси яққол бўй кўрсатиб тургани  шундан. Эътирофда кўпроқ шоирларга нисбат берилган бўлса-да, у замоннинг ёш носирлари солган гулдурос ҳам асло кам эмас эди.

 

Газета-журналлар, радио-телевидение, чойхона-ю майхоналар, талабалар аудиторияларида янги авлод адиблари асарлари ҳақидаги тортишувлар қизигандан қизирди. Ўзим гувоҳман – талаба бошимдан ўтган.

 

Тақиқ ва таъқиблар сиртдан сусайгандай кўринса-да, социалистик реализм деган таълимотнинг темир қолиплари ҳали синмаган, четга сурилмаган бир давр; ҳамманинг жонига тегиб, ҳаммани чарчатган, ҳатто адабиёт ва санъат бошлиқларини ҳам бездирган даққи талаблар ҳамон амалда эди.

 

Бу таълимотнинг метин қоида ва талабларини деразаларига қалин панжаралар урилган Кремлдаги кабинетларда, белига йўғон камар, камарига бесунақай маузер таққан чарм камзулли инқилобчи комиссарлар ишлаб чиққан ва шафқатсизларча жорий қилган эди.

 

Таълимотки, сиртдан қараганда ғоят эзгу, инсоний ва адолатлидай кўринса-да, адабиёт ва санъат амалда яккаҳоким мафкурага мажбуран никоҳлаб қўйилган жорияга ўхшарди. Партия-ҳукумат им қоқса, ижод аҳли лаббай деб жавоб беришга маҳкум. Кейинчалик Мурод Муҳаммад Дўст таъкидлаганидек, “давлат етаклаган адабиётда маддоҳликдан ўзга барча жанрлар таназзулга юз тутади”.

 

Янги наср авлоди ана шундай талотўп даврда адабиётга гулдурос солиб кириб келди. Аммо бу гулдурос минбарлару давраларда эмас, уларнинг гоҳи ўйчан, гоҳида маъюс, гоҳида эса шўхчан,  лекин ўта ҳаётий ва самимий ҳикоялари, қиссалари, романлари ва  публицистикасида баралла сезилиб турарди.

 

Айни алғов-далғов кунларнинг бирида – 1979 йили “Шарқ юлдузи” журнали саккизинчи сонида ёш адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Чоллардан бири” (аслиятида ва кейинчалик “Мустафо” деб номланган) қиссаси чоп этилди. Кўпчилик, жумладан асар эълон қилинишида бош-қош бўлган жонкуяр адиб, журнал наср бўлими мудири Шукур Холмирзаев ҳам “Мустафо” қўлёзмасини ўқиб, ҳайрон қолганини яширмаган: “Асарингиз нима ҳақда ўзи, Муроджон?”.

 

Келбати ёзувчидан кўра Эски шаҳар кўчаларида ваҳима қўзғаб юрадиган йўлтўсар кўзирларга тортиб кетадиган, мўйлаби лабини яшириб, қалин қора сочи елкасига тушиб турган қотма йигит, гўё шундай саволни кутгандай, гўё ўзи каби шиддати ошиб-тошиб бораётган шоир ошнаси Усмон Азимни назарда тутгандай, мужмалроқ жавоб қилади: “Усмонбой оқшомлари қўшиқ айтади. Шу ҳақда”.

 

Аслида қисса қаҳрамони Мустафо чолга фарзанд тутинган йигитнинг исми шундай  –  Усмонали.

 

Шу-шу икки адибнинг гурунглари қовушиб кетади. Бу аҳилликка уларнинг бир-бириникидан қолишмайдиган артистлик иқтидори-да сабаб бўлган чоғи. Шукур Холмирзаев ўз вақтида талабалар театрида Ҳамлет қиёфасида саҳнага чиққан, Мурод Муҳаммад Дўст кўплаб филмлар яратилишида бош-қош бўлган, сценарийлар ёзган, роллар ижро этган.

 

“Ёзолмай қолсам, – дейди Шукур ака ўзи ҳақидаги ҳужжатли филмнинг якунида деворда осиғлиқ турган ов милтиғига ишора қилиб, – Эрнест Ҳемингвайга ўхшаб ўзимни ўзим отиб ташлайман!”.

 

Ўша кезлар “Ўзбеккино” давлат агентлигига раҳбарлик қилиб турган садоқатли укага устознинг бу иқрори ёқмайди: “Илтимос, шу совуқ гапни олиб ташлайлик, Шукур ака, агар ёзолмай қолсангиз, ўзим бориб сизни отиб келаман!..”.

 

Уканинг “Дашту далаларда” ҳикояси чоп этилганида ака биринчилардан бўлиб қутлайди: “Яхши ёзибсиз, жаним!”.

 

Мурод Муҳаммад Дўстнинг айни лутфга жавоби қалам аҳли ўртасида ҳикмат каби тилга тушиб, урфга айланиб кетади: “Ёмон ёзолмасам, нима қилай?”.

 

Бир гал ака суюнчилаб айтадики, ҳей, зўр фамилия топдим: қип-қизил ўзбекча!

 

Ука акасининг қўлини олади: “Зўр экан. Менга сотинг, жон оға!”.

 

Адабий персонажга мос исм топиш машаққатини яхши биладиган ака тайсаллагиси келади: “Ўзимга керак, жаним! Лекин нархини келишолсак, майли, сотишим мумкин”.

 

Сотарман билан оларман дастурхон бўйида ўтириб бир кун тортишганидан сўнг “бор барака” бўлади. Ука бир қадаҳ пивонинг нархи – йигирма копейка тўлаб,  ноёб фамилияни ўзиники қилиб олади ва адабиётимизда улкан воқеа бўлган машҳур “Лолазор” романининг бош қаҳрамони Назар Яхшибоев китобхонлар меҳрини қозонади. 

 

Масаланинг нозик жиҳати

 

“Мустафо” ўзи нима ҳақида?”. Орадан эллик йил ўтаётганига қарамай, ҳали-ҳамон шу саволни берадиган дуппа-дуруст одамларга дуч келамиз. У замоннинг адибу мунаққидлари-ку ҳайрон қолгани, ҳатто чўчиб кетгани аниқ.

 

Сталин даврида қатағонга учраб, Қозоғистоннинг Жезқазған вилоятидаги мис конида неча йил тирноқ билан ер кавлаган адиб Саид Аҳмад кейинчалик “кўп чиройли воқеалар” топганини, лекин қўрққанидан ёзолмаганини надоматлар билан эслаган эди: “Тазйиқнинг қони совимаган, нафас олиб турган пайтлари эди. Яна қамаб қўяди деб қўрқардим”.

 

Мустабид тузум не-не улуғларимизни ана шундай – юраксиз қилиб қўйган эдики, асарларига коммунистик руҳ ва ғояни туфлаб ёпиштиришга мажбур бўлган улар.

 

Комфирқанинг навбатдаги қурултойида совет ёзувчилари зиммасига янги вазифалар юкланиб, социалистик реализм назариясидан чекиниш асло мумкин эмаслиги ва бу борадаги ҳар қандай оғмачиликнинг олдини олиш партия ташкилотларининг муқаддас бурчи экани яна бир бор алоҳида уқтирилган.

 

Марказ қамчисини қарсиллатганда миллий, тўғрироғи, вассал ўлкаларда лаббай деб жавоб берилиши ва “қон чиқарилиши” шарт эди. Оқсоқол адибларга тихирлик қилолмайсиз, сабаби маълум: бадиий маҳорати ҳаминқадар бўлиши мумкин, бироқ сиёсий жиҳатдан ғоят ҳушёр, пишиқ-пухта. Комфирқа белгилаб берган “улуғ йўл”дан юравериб товони, ғояларини тарғиб қилавериб қўли қадоқ бўлиб кетган.

 

Бундай вазиятда ижод майдонида ҳали суяги қотиб-қотмаган “маҳмадоналар”ни қурбонликка тортишдан қулайи борми?! Ўшаларни танқидга нишон қилиш, ўшаларнинг бошини қайириб, ҳали мўртлигида шохини синдириб олиш керак, токи ғоявий-сиёсий шаккоклик кўчасига бош суқа кўрмасин!

 

“Совет халқи парвозни баланд олиб, коммунизм сари дадил одимлаётган бир даврда ўта тўпори, муте, хокисор Мустафони эзгулик ва ҳалоллик рамзи деб бўлармикан?”.

 

Саволни берган мунаққид ўзича жавоб топгандек бўлади: бу ҳол Мустафо каби одамлар учун оғир кўргулик, бошқаларга аччиқ сабоқ. “Масаланинг шу томонини унутмаслик лозим!”. Сезгандирсиз: танқидчи нимадандир чўчигандай, хижолат тортгандай, кимдир қулоғига шивирлаган иддаони – қалам аҳлига қўйилган қатъий талаб, аён пўписа ва сиёсий айбни баён этган. Сталин замони бўлганида бундай шаккоклик учун ёш адиб бошига жадидларнинг қора куни тушар, ёт унсур сифатида пешонасидан отилмаса ҳам, Сибир ўрмонларида ўн-ўн беш йил дарахт кесиб юришга маҳкум этилар эди.

 

Қисса қаҳрамонлари душман пулемёти милига кўкрагини қалқон қилмайди, чўлларга сув чиқариб, уфққа туташиб кетган пахта далаларида инжиқ табиат устидан ғалаба қозонмайди, илм-фан соҳасида оламшумул кашфиётларга йўл очиб жасорат кўрсатмайди, авомни порлоқ келажак сари бошламайди. Қисқаси, улар “катта ҳаёт оқимидан четда қолган пассив, хокисор персонажлар”.

 

Бировга озор бермайдиган, ҳеч кимнинг ишига аралашмайдиган, ўзи билан ўзи бўлган Мустафо чолнинг турмуш тарзи шундай: “омоч билан ер тирнаб қовун-тарвуз экади, макка экади”. Ҳунарли – тиккан тоштовон этиклари, от жабдуғи харидоргир. Чирги тикаётганда калавага мум едиради. Едирмаса, эртаси куниёқ чириб тушади. “От бу сенга хоннинг хотини эмас, терлайди”.

 

Мустафо тенги одамларнинг бари таёққа суяниб қолган. Таёққа суянмагани иякка суянган – эзма. Мустафо камгап. Кўп ўйлайди, мулоҳаза қилади. На иддаоси, на таънаси сезилади. Ўзи ювош кўрингани билан ор-номус масаласида қаттиқ туради. Худодан қўрқади, бандадан шарм қилади. Бир сўз билан айтганда, иймони бутун одам. Тўшакда жон талашиб ётганида одамларнинг одамдай муомаласини кўриб, гўдакдай қувонади.

 

Кампири эса бўрдоқи қўчқорларнинг терисини эринмай ошлайди, кейин пўстак тикади. Жун савайди. Икковиям кекса одам эмасми, қишда пўстак кунига ярайди.

 

Чол-кампир “ўзи лойдан ясаб олмаса, унга тегадиган хотин йўқлиги”дан ўксиниб юрадиган ичонғич Усмонали шу ҳовлида уларнинг чироғини ёқиб ўтиришини орзу қилади. Токи кўрган одам бу уй кимнинг вайронаси деб сўрамасин.

 

Инсон ҳаётининг бадиий асарда бу йўсин тасвирланиши қалам аҳлининг имконият чегараси жанрларигача чекланган жамиятда ҳайратланарли иш – катта ижодий жасорат эди.

 

Шўро мафкурабозларининг “қарғиши”ни писанд қилмаган муаллиф бошига қанча маломатлар ёғилмасин, асардан асарга ўсиб, улғайиб, юксалиб борди. У инсоний қудратни маҳобатдан эмас, соддаликдан излайди. Воқеанавис учун инсон суратидан кўра сийрати муҳим. Халқона тилда битилган ғоят самимий ва ҳаётий асарлари услубининг ғайриоддий жозибадорлиги билан ўқувчини ўзига маҳлиё қилади-қўяди. Муаллиф сюжетнинг изидан от чоптириб кетмайди. Асарларида кучли конфликт, интрига, саргузаштга мойиллик бўртиб кўринмаса-да, инсон кўнглининг энг нозик товланишларини тасвирлашга иштиёқ баландлиги яққол сезилади. Аёнки, бу тахлит  ўзгаришлар аввал қалбда юз беради.

 

“Мустафо Галатепанинг чеккароғида, Ибодулла Махсумнинг ҳовузи тарафга туртиб чиққан қирнинг тумшуғида яшайди”, – деб ёзади адиб. “Ўтган жавзода роппа-роса етмишга кирган” қарияга ўзбекона ҳурмат шуми? Иззат-икром қани?

 

Бадиий асарга сиёсий ва ахлоқий мезонлар нигоҳи билан қарашга ўргатилган  серталаб мунаққидлар “Мустафо”даги нозик фалсафани гўё илғамайди. Ювош, бечора, бахтиқаро Мустафо образи китобхон, айниқса ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилади дея ваҳимага тушади. Зеро, асардан  миллий адабиётимизга зулукдек ёпишиб олган сийқа панду насиҳатни изламанг – тополмайсиз. Сохталикдан ирганадиган адиб кейинчалик “Лолазор” романида айтганидек, “одамзод бир куйки, талқини минг хил”. Кўнгли тоза, серандиша, феъли кенг Мустафо эса бир мўмин ҳаёти ва яшаш тарзининг ўзига хос бадиий-фалсафий талқинидир.

 

Чекига ислоҳотчиликнинг оғир юки тушган ёш носирлар соцреализмни буткул рад қилиб, ялтир-юлтир совет турмуш тарзини мадҳ этишга йўналтирилган  даққи қолипларни бузиб ташлади. Миллий насримизни янги ўзанга, таъбир жоиз бўлса,  самимий реализм сари буриб юборди. Эскича қарашларга монанд тузсизу туссиз, руҳсизу жонсиз персонажлар гўё темир плакатлардан халқ  орасига тушиб, дуппа-дуруст инсоний қиёфа касб этаётгани кўзга равшан ташланди. Дунё айвони, инсон руҳий олами кенглиги яққол намоён бўлди.

 

Ўзбек насри жўн публицистикага хос саёзлик, баёнчилик, ясама кўтаринкиликдан бадиий теранлик ва миллийлик сари дадил интилишга ўтди. Айни жараёнда кўплар бу уч муқтадир ёш адиб олдида ип эшолмай қолди. Учаласи ҳам тенгсиз ровий сифатида ном қозонди.

 

Мазкур авлоднинг пешқадам кайвониларидан бўлмиш Мурод Муҳаммад Дўст одам боласининг зиддиятларга тўла тубсиз ва поёнсиз руҳиятига ҳаммадан  чуқур кириб бора олган ўзбек адибидир. Моҳирлиги шундаки, китобхонга ақл ўргатмайди, инсонни “лоқайд” кузатиш орқали холисона бадиий тасвир-тадқиқотга эришади. Воқеани муфассал тасвирлашдан намойишкорона воз кечади.

 

Мурод ака ҳикояга қўл урадими ёки қисса, роман ёхуд сценарийгами, эссе ёки эпистоляр жанргами, қатъи назар, ёзар экан, қўлёзмасини эринмай овоз чиқариб қайта-қайта ўқийди. Шу боис асарларидаги диалоглар жонли, енгил ва табиий.  Тишига теккан жумлалар, тасвирларни “одамбашара қилиш”дан чарчамайди. Шафқатсизларча баҳридан ўтган саҳифалари қанча. Беҳад юксак ижодий қуввати ана шу бой заминдан – матонат ва сабр-тоқатдан баҳра олади.

 

Ўзи нақадар шўх-шодон, ҳазил-мутойибага мойил бўлмасин, асарларида ҳазинлик, баъзан шикасталик, шундай дардмандликка яраша ҳамдардлик, неклик бор.

 

Тархи тоза, беандоза асар “Мустафо”дан сўнг бел боғлаб ишга киришиб кетган адибнинг ўн йил ичида бир-биридан ўқишли ҳикоялари, қиссалари ва муҳташам романи чоп этилдики, энди мунаққидлар уни бадиий маҳорат ва гўзал ровийликни юксакларга кўтарган адиб сифатида улуғлай бошлади. Тасвир кўламининг кенглиги ва самимийлиги, таҳлил ва инсоний дарднинг чуқурлиги, ижодий ғайрат-шижоат ва куч-қувват бобида у жаҳон адабиётининг номдор вакиллари билан бемалол бўйлаша ва беллаша олади.

 

Эндиликда ўзбек насрини Мустафо, Ғуччи чол, Ибодулла Махсум, Раим оқсоқолни эслатувчи чоллар босиб кетди. Гўё  кимлардир “Мустафо”ни кутиб ётган экану катта-кичик адибларимиз қаламидан бинойи-бинойи қариялар ҳассасини тўқиллатиб чиқиб келаётир, келаётир...

 

Саид Аҳмад “Асарингдан асарингга кўчиб юрадиган Ғуччи чол бор-ку, ўша ўзингга ўхшайди” деганида Мурод акадан олган жавобини қаранг: “Ғуччи акам мендан кўра ақллироқ!”.

 

Қаерда пайдо бўлса, ўша ерда бир ҳангома, қалтис фикр чиқадиган персонаж ҳақида эмас, гўё муаллифнинг амакиси – жонли одам тўғрисида гап кетаётгандай.

 

Йўқдан бор қилиш иқтидори

 

Аммо тақдир Мурод Муҳаммад Дўст мансуб авлодга дастлаб ижодий сарафроз учун берган муддат жуда қисқа – ўн йилнинг нари-берисида бўлди. Зиммасига нафақат  миллий адабиёт ўзанларини янгилаш, балки истиқлолга эришган миллат тафаккурини ўзгартиришдек ўта оғир синов ҳам  тушган эди. Авлодки, истиқлолимизни ўзининг навқирон елкасида опичлаб катта қилган фидойиларнинг олдинги сафида бўлди. Эркин Воҳидов айтганидек, “Ватан ундан ёниб турган юрагини сўрарди”.

 

Истибдод замонида пароканда қилинган улусни бирлаштириш ва жипслаштириш учун унга мустақиллик ғоясини, миллий ўзликни англатиш, “антеннаси Кремлга қараб созланган” миллионлаб одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш осон кечгани йўқ. Миллий мустақилликнинг мустаҳкамланишидан эса аввало шу авлоднинг – асл ўзбек зиёлиларининг ўзи манфаатдор эди. Аркони давлат хизматида қалам аҳли вакиллари кўпайиб қолгани шундан.

 

Истиқлолнинг дастлабки кунларидан хатчўплар четга сурилиб, шимолсевар қалъаларни забт этиш бошланди. Телеграф агентлиги – ЎзТАГдан  ЎзАга айлантирилган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги уларнинг орасида муҳимларидан муҳими эди. Икки юз кишилик жамоасида ўзбекча ёзадиган бирор мухбир бўлмаган ЎзТАГда бир ярим аср ҳукмронлик қилиб келган ва “буюкмиллатчилик дардига мубтало бўлган оғалар” халқимиз истиқлолига ёз ёмғири каби ўткинчи ҳодиса деб қарарди: бу авом миллат бизсиз узоққа боролмайди!

 

Президент Ислом Каримов 1992 йил февралида фармони олийга имзо чекиб, бош директор этиб тайинланган Мурод Муҳаммад Дўстга буюрмишки, ушбу ахборот маҳкамасини энди миллийлик сари бур, халқимиз манфаатларига созла. Шундай қилиб, “Мустафо”нинг муаллифи жанжалнинг уясига бориб тушди...

 

Кутилмаганда камина суҳбатга чақирилдим. Сим қоққан йигит (кейин билсам, ёрдамчи экан) Қўқон хонининг ҳудайчисидай ўта тантанавор оҳангда далолат қилди: “Сизни ЎзА бош директори жаноб Мурод Муҳаммад Дўст ўз ҳузурларига такаллум учун чорладилар”.

 

Бора-боргунча лабимни йиғиштиролмайман денг: “ҳузурларига такаллум учун чорладилар!”. Ол-а!

 

Агентлик атрофи  – “Ўзбекистон” меҳмонхонасидан то минорали соатгача чўзилган йўлкани ёймачилар эгаллаб олганини кўриб эзилиб кетдим. Йўқчилик ва тақчиллик азобини тортавериб, эртанги кун умидидан айрилган одамлар патинка қутисини ҳам сақлаб қўйишга ўрганмаганми, эски-тускисигача сотгани кўтариб чиққан.

 

Деразаларини бетон панжаралар қуёшдан тўсиб қўйган сур ранг иморатнинг энг юқори – бешинчи қаватига чиқиб, аввал бош директорнинг биринчи муовини Эркин Аъзамнинг эшигидан мўраладим. Акамиз телетайпдан чиқарилган материални “қонига бўяб” ўтирган экан. Ошкора мароқ билан қилаётган ишидан бошини бирров кўтариб, вақти тиғизлигини яширмади:

 

– Аввал Мурод акангизга учранг. Кейин яна бу ёнга кирасиз. Акангиз бир таклиф айтади. Йўқ демайсиз!..

 

Кенг ва узун, ерости метросидай бурилиб-буралиб кетган хонанинг тўридаги ёғоч курсида қўлини чаккасига тираб ўтирган Мурод ака анча ҳорғин кўринарди. Деворда, бош директорнинг тепасида, одатда генсекнинг  салобатли портрети безаб турадиган жойда Чарли Чаплиннинг недир журналдан чалароқ йиртиб олинган оқ-қора рангли суратига нина қадаб қўйилган. Қўнғиз мўйловли қизиқчи, “бизга шуниси маъқул” дегандай ажабтовур жилмайиб турибди. Ҳайрон қолганимни сездирмаслик учун маъноли томоқ қирдим: “Зўр-ку?”.

 

– Мансаб-мартаба вақтинча, – деди акамиз. – Санъат эса абадий.

 

Ажабки, бугун ўйласам, буюк масхарабознинг ярим-ёрти суратига  яширинган ҳикматни аканинг ўзи ҳам билиб-билмай исботлаб қўйгандай. Мурод Муҳаммад Дўстни энди одамлар мансаб-мартабасига қараб эмас, атоқли адиб, кинодраматург, публицист, дилкаш инсон сифатида аввалгидан кўпроқ ва самимийроқ қадрлайди.

 

Бош директор мени ЎзА халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррирлигига таклиф қилди. Яқин ўртада хорижий мамлакатларда мухбирлик буйролари очилар экан. Яхши ишласангиз, инглизчангизни такомилига етказсангиз, бирортасига бошлиқ бўлиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Мен бор гапни айтдим. Ишлаб турган жойим – “Оила ва жамият” газетасини чиқара бошлаганимга ҳали ўн ой ҳам бўлгани йўқ. Гуруллаб турган газетамни қандай кўзим қийсин!

 

Беваларнинг газетасида нима қиласиз? Келинг, бирга ишлайлик.

 

Кўнмадим. Биринчи муовиннинг хонасига қайтиб, бўлган гапни айтсам, Эркин аканики тутиб кетди:

 

– Ғуччи акангиз сизни лақиллатибди! Сиз замминистр, яъни бош директор ўринбосари бўласиз!..

 

– Эркин ака, мен...

 

– Гап тамом! Сизки йўқ десангиз, тоғдай қалашиб ётган бу ишларни ким қилади?! 

 

Иқрор бўлишим керак, кескин айтилган бу гапни рад қилсам – айб, акаларим мени, мен ўзимни кечира олмас эдик.

 

Мурод акамиз зўр саркор эканки, хато қилишдан қўрқмасди. Кунда-кунора эски агентликдан мерос жамоани йиғиб, ўзбек тилидаги буйруғини ўқир ва йигирма-ўттиз чоғли ходимнинг рўйхатини амирона овозда якунларди: “Все эти товарищи уволены!”. Яъни номлари қайд этилган шахслар янги агентликка ишга олинмайди. Йўлингиздан қолманг! Ана ғала-ғовур, ана машмаша! Турган гапки, думалоқ хатлар, судга ёзилган даъво аризалари қалашиб кетади. Қўли баланд келганларга ЎзА ишбошиси бир муддат маошидан жарима ҳам тўлаганига бугун биров ишониши қийин. Бироқ қаршисида дам уриб турган “собиқлар”нинг дўқ-пўписаларидан пусиб кетса, акамиз Мурод Муҳаммад Дўст бўлармиди! Дор тагида турса ҳам айтганидан қайтмайдиган бир динли одам!

 

Давлат сиёсати, давлат идоралари, давлат тили ҳали шаклланмаган, ҳар ким ўз билганича тўн бичишга уринаётган, иқтисодиёт жар ёқасига келиб қолган ўта мураккаб кезлар эди.

 

Ҳаммасидан аянчлиси – ҳар қадамда уруш шарпаси сезиларди. Россия чеченларга қарши қонли можаро гирдобига тортилган, Арманистон билан Озарбойжон ўртасидаги жанжал барҳам топгани йўқ, Гуржистон билан Тожикистонда давом этаётган биродаркушлик муҳорабалари акссадоси дунёни ларзага солиб турар эди.

 

Чегарамизнинг нариги томонида кеча шўро коммунистларига таяниб салтанат эгаллаган-у, энди хўжасиз қолган Афғонистон президенти Нажибуллони толиблар осган, Қозоғистон билан Қирғизистон митинглар ботқоғига ботган. Бугун ҳайратларга тушади одам, минтақадаги шунча талотўп, шунча ёнғин ва жанжаллар орасидан Ўзбекистонимиз қандай тинч-омон чиқиб кета олди экан?!

 

Янгидан ташкил этилган агентликда гоҳида ярим варақ расмий хабарни эплаб ёзадиган шудли журналист топилмайди. Бир гал Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўзи, кейинги сафар Эркин Аъзам тадбирга раҳбар мақомида бориб, мухбир сифатида қайтади ва келасолиб материал ёзишга киришади. Агентлик иши доим қисталанг. Бош директор машинкасини чиқиллатишга тушса, биринчи ўринбосари қипиқ қоғоз устида ручкасини қитирлатади. Сўнг бу қўшга мен қўшилдим. Бош директор материаллар “бадиийроқ, ўқишлироқ” бўлгани тузук деса, биринчи муовин қисқароқ, пухтароқ ва тезроқ ёзилиши тарафдори. Чунки ҳали ўрисчага таржима қилиниши керак.

 

Бошида недир регламентга асосланиб, “дўконимиз”ни кечи билан соат олтига қолар-қолмас ёпар эдик. Кейин ҳеч бўлмаса яна бир соат кутинглар деган “илтимос” бўлди. Сўнг бу илтимос “Катта ҳали шўтталар” деган “важ”га ўтди. Бора-бора тонггача қолиб кетишимиз одатий ҳолга айланди.

 

Мустақиллигимизнинг бошида ҳисобот сўрашга кўпчиликнинг журъати етмасди чамаси. Етса ҳам, ушлаганини қўйиб юбормайдиган Мурод акадан “улуши”ни оларди: “Яна шўро замонига қайта бошладикми, оғажон? Қоғозбозлик қилмасак кунимиз ўтмайди-да, а?..”.

 

Кечга яқин акаларимизнинг юз-кўзига қарагулиги қолмайди. Ҳорғинки, гўлаҳнинг бетидай қорайиб, куйиб кетади бечоралар. Мурод ака агентликнинг молиявий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилолмай жони ҳалак бўлса, Эркин ака материалларни йўқдан бор қилгунича боши ғовлаб кетади. Икки улкан иқтидорнинг бу кунини кўриб, қаламини мардикорнинг кетмонига алмашибди деган хаёлга борасиз.

 

Кишвар иқтисодиётининг ҳоли танг. Магазинлар шип-шийдам. Қўлингизга теккан куни бозорда икки кило гўшт берган маошингизга ой охирида бир кафт писта ололмайсиз. Гиперинфляция қутурган дамлар. Аллақачон кунпаякун бўлган, лекин зарбхонаси Россияда амал-тақал ишлаб турган қизил салтанат рубли чўққидан қулаган харсангдай қадрсизланиб, ҳаммани жарга тортиб борарди.

 

Фуқаролар, корхоналар, туманлар, вилоятлардан то энди мустақилликка эришган давлатларгача ўзаро иқтисодий алоқалар мавоза – бартерга ўтган. Боғча болаларидек нарса алмашади: сен менга керосин бер – мен сенга пахта бераман, сен менга туз берсанг, мен сенга гугурт беришим мумкин. Хорижий валюта деган атаманинг номи бору ўзи анқонинг уруғи.

 

Оқибати аён: ҳамма топган-тутганини кўчага кўтариб чиқарди. Бу бозорда маза қилган ароқ, шароб, тамаки корхоналари ишчи-хизматчилари бўлса, қийналган –  пенсионер, муаллим ва ногиронлар эди. Бу шўрлик қавмнинг неча ойлаб қўли пул кўрмасди.

 

Вазирлар Маҳкамасида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ёқилғи-мойлаш материалларини ҳар ҳафта тонналаб эмас, гўё граммлаб тақсимлайди: қишлоқ хўжалигига бунча –  экин-тикинни бошлашимиз керак. Понимаете?.. Транспортга  бунча. Автобуслар, таксилар, “тез ёрдам” тўхтаб қолмасин. Понимаете?..

 

Бутун бир мамлакат бисотидаги ёқилғи икки “понимаете?”дан ортмайди.

 

Бир гал Мурод ака менга, яъни ўринбосарига маслаҳат солгани ёдимда. Ходимларга ойлик берайлик десак, давлат ғазнасида ақча йўқ. Ҳозиргина молия вазири Эркин ака Боқибоев билан гаплашдим. Аҳвол чатоқ. Узунқулоқ гапларга қараганда, “Ватан” газетаси ҳисобида дўржигина маблағ бор. Балки беш-ўн сўм қарз бериб турар. Албатта қайтариб берамиз. Бир разведка қилмайсизми?

 

Янги ташкил этилган “Ватан тараққиёти” партияси нашрининг бош муҳаррири Ёқубжон Хўжамбердиев сўзимни синдирмади, лекин шарақлаб кулди:

 

– Минг отли бойнинг бир қора пиёдага иши тушибди-да?..

 

“Минг отли бой” – ЎзТАГ, шўро замонида ой туғсаям, кун туғсаям шу агентликни деб туғиб келган. ЎзА – энди мустақилликка эришган мамлакатнинг ягона ахборот маҳкамаси. Миллий валютамиз – сўм муомалага киритилгунча бақувватроқ корхоналар раҳбарларига “отанг яхши, энанг яхши, сен улардан ҳам яхшисан” деб қарз олиб, юзлаб ходимига маошу қаламҳақи бериб турган бош директоримизнинг ўша вақтдаги ойлиги совет рублида мўмайгина кўрингани билан Америка пулига чақсангиз, эллик доллардан ошмас эди десам, бугун ишонмайсиз, албатта.

 

Мурод аканинг бир фазилатига ҳамма тан беради: биров ранжитса, қўйнини тошга тўлдириб, майдалашиб юрмайди: на ғарази бор, на кини. Ҳазил-ҳузулга олиб кетаверади. Бир ишчи-шоирнинг шеъридан икки сатрни такрорлашни хуш кўргани-чи:

 

Мани ёмон деманг, дўстлар,

Одамнинг бир туридирман.

 

Муаммо бошдан ошиб ётганига қарамай одамларнинг завқи баланд: муҳими, ватан мустақил! Ўзбекистон бино бўлганидан бери бундай кўтаринкилик, ғайрат-шижоат ва садоқатни кўрмаган. Маош камлиги, иш оғирлигидан зорланганни учратмайсиз.

 

Кўп ўтмади, серғайрат акаларимиз ЎзАни миллатпарварлик, ватанпарварлик ва илму маърифат йўлида жипслашган фидойи ижодкорларнинг муҳим минбарига айлантирди.

 

Шу жойда “Мустафо”даги баъзи сатрлар ёдга тушади: “Энди ўйлаб қарасанг, ақл бовар қилмайди. У замонда ғайратдан бошқа ҳеч нарса йўқ ҳисоби эди. Йўқдан бор қилишди”.

 

“Ёзиш санъат бўлгани каби...”

 

Акамиз сиёсатдек ўта нозик мавзуга қалам ургудек бўлса ҳам, ўша самимий тил, ўша ҳазиломуз лаҳжа, ўша журъат-жасорат бўй кўрсатиб туради. Шўронинг сийқаси чиқиб кетган бир тийинлигидай ялтоқи жумла, ибора ва атамаларни учратмайсиз. Уларни қўллашдан ор қилади, тўғрироғи, ирганади. Ақл ўргатишга, китобийликка аллергияси бор.

 

Бугунгидек ёдимда, Мурод Муҳаммад Дўст дейилса, тақиқчиларнинг ҳуши бошидан учган чоғлар кўп бўлган. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Туркиядан Туркиягача мақоласида Президентни Ислом Карим деб атаганидан ваҳимага тушган собиқ цензуранинг собиқ раҳбари ўзини осиб қўйишига сал қолган эди: “Давлат раҳбари сенга шоир бўлдими?! Нега расмий памилиясидан овини олиб ташлайсан?!”.

 

Акамизнинг тантилиги шундаки – давлат раҳбари билан бирга ишлаган даврда йўл қўйилган хатоларга ўзини шерик деб билади, буни мардларча тан олади: “Мен унинг ҳамма гуноҳларига шерикман”. Ҳали бирор сиёсат арбоби иқрорини бу йўсин очиқ айтганини эслай олмайман.

 

Биринчи Президентнинг давлат маслаҳатчиси, матбуот котиби, нуфузли агентликларнинг вазир мақомидаги раҳбари, миллий парламент депутати, давлат мукофоти соҳиби... Ўзбекнинг кўзга кўринган адиби, атоқли давлат ва сиёсат арбоби...

 

Чин адабиётшунослар ҳақли равишда таъкидлаганидек, бу вақтга келиб Мурод Муҳаммад Дўст реал воқеликдан узилмаган ҳолда ўзининг ўзига хос дунёси – Галатепани яратган эди.

 

Илгари адибга ўгай кўзи билан қараган мунаққидлар энди бири олиб-бири қўйиб унга фазилат улашишга киришиб кетади: таниқли, атоқли, улуғ. Буюклик даражасига кўтарганлари ҳам йўқ эмас. Мана бир иқтибос: “Тенгдошлари каби Муроджон ана шу оддий, жўн, балки қўпол, дағалтабиат одамлар феъл-атвори, қалбидаги нурли жиҳатларни, юксак маънавий бисотни, ўтда куймайдиган, сувда чўкмайдиган оташин севги туйғуларини кўрсатишга, аниқроғи, тараннум этишга эришади”.

 

Нима десангиз денг, акага ҳаммаси ярашади! Ҳатто трамвайда юриш ҳам. Миршаблар шоша-пиша честь берадиган “пошшойи машинаси”ни қўйиб, ўзига қолса трамвайда ишга келса! Тарақа-туруқи-ю санамлардай солланиб юриши, релсларининг ғийчиллаши аллалагандай бўлармиш!

 

“Орзумга етолмаяпман, – дея ёзғириб қоларди баъзан агентлигимиз дарғаси. – Ҳар куни эрталаб шофёр бўсағамга келиб туради. Нима қилай, ҳукуматнинг пули куйсинми?”.

 

Адибни китобхонлар, айниқса ёшлар ана шундай тантилиги, жўмардлиги, самимияти учун ҳам севади. Унга интилишдан ва тақлид қилишдан тортинмайди. Интернетдаги оммавий гурунгхоналардан бири муҳташам романи номи билан “Лолазор” деб аталгани ва атоқли ёзувчи, катта сиёсат қозонида обдан қайнаган дониш арбоб, ҳур фикрли инсон Мурод Муҳаммад Дўстнинг ушбу электрон нашрда эълон қилинган уч соатлик суҳбатини қарийб бир ярим миллион муштоқ мухлиси томоша қилгани бунга далилдир.

 

Мурод аканинг турган-битгани, ёзган-чизгани, айтган-айтмагани, бутун ҳаёти – ҳангома. Қай бири чин, қайси тўқима – ўзиям аниқ билмаса керак. Ҳавасингиз келади. Адиб ўша муҳитда маза қилиб яшайди, маза қилиб ёзади, маза қилиб... изтироб чекади. Аслида Мурод Муҳаммад Дўст ижоди ва фаолиятининг ўзига хослиги ҳам шунда.

 

Саксонинчи йиллар аввалида кўрлар жамиятининг “Бир сафда” – “В одном строю” журналида ишлаган кезларимдан биламан. Москвадаги Адабиёт институтини энди тугатиб келган акамиз киностудияда ишлаш баробарида, “қоринома”да касаначи-тилмоч эди. Ҳозиржавобликда тепкиси тортилган милтиқдай. Юзинг-кўзинг деб аяб ўтирмайди. Пақ этиб отади, тил тортмай таслим бўласиз-қўясиз.

 

Ҳаётга мутойиба кўзи билан қарайдиган адиб ҳақидаги ҳангомаларни қандай эсламайлик? Ислом Каримовдай ўткир одамни ҳам баъзан лол қолдиргани афсона ёки ривоят эмас. Мана, ўша йилларнинг айрим гурунглари:

 

– Фалон мамлакат президентининг матбуот котиби кунда-кунора Россия телевидениесида чиқади. Сен матбуот котиби бўлганингдан бери бирор марта экранда қорангни кўрсатмадинг, Мурод!

 

– Тўғри-да, Ислом ака.

 

– Нимаси тўғри?

 

– Ўша матбуот котиби президентидан кўра ақлли-да!..

 

Ана энди акамиз битта ўқ билан нечта қуённи урганини ўзингиз санаб олаверинг! Айни замзамалар у кишига ярашганини айтмайсизми! Ярашишда ҳам гап кўп-да! 

 

Бошқа бир сафар икковлон маъруза матнидаги бир жумла хусусида тортишиб қолади ва адиб вазиятдан усталик билан чиқиб кетади:

 

– Ислом ака, келинг, пошшо пошшолигини, ёзувчи ёзувчилигини қилсин. 

 

Ўн йилча бурун Мурод ака билан бирга тушлик қилиб ўтирган эдик. Гап машинадан очилди-ю қандай фалокат босиб, фикримни айтиб қўйдим:

 

– Фалончи юз минг долларга аллатовур мошин опти. Шу пулга олтитами-еттита “Нексия” беради-ку?

 

– Қўяверинг, оға, – деди акам ўйлаб-нетиб ўтирмай, – шу пулга беш юзта эшак ҳам беради!

 

Адибнинг фикрича, буюк миллат, буюк халқ ва буюк инсонгина ўз устидан кула олади. Гуржиларни олинг, яҳудийларни олинг, ўзи ҳақида юзлаб-минглаб латифалар тўқиб, дунёни қойил ва маҳлиё  қилиб келади. Раҳматли Саид Аҳмад акада бор эди шундай улуғлик. Рауф Парфи дунёнинг устидан кулиб ўтди.  Биз-чи? Бирор латифа айтиб, одатларимиздан кулсак, ўша заҳоти бир тўда одам  ғулғултовуққа ўхшаб бошимизга бостириб келади: “Нега халқимизни ҳақорат қиласан?”. 

 

“Ўз руҳини некликка созлаган” адибнинг аслзодаларга хос, аммо димоғида мўътабарлик даъвоси йўқ, улуғвор чеҳраси доим очиқ, юзида мардона табассум, қадди доим ғоз, елкаси доим тоғдай. Ҳар хил гаплар орага тушиб, дасиса қўпса, тош босадиган томонга қийшаядиган шайинтарози палласи ҳам, ҳаловатсевар замонасоз ҳам эмас у.

 

“Мустафо”дан техника асрининг яққол нуқсини астойдил қидириб ҳам тополмадим. Ўйладим: Мурод Муҳаммад Дўст чин ихлос қўйган “Зарбулмасал” муаллифи Гулханий ҳазратлари уч аср наридан уйғониб келса-ю мазкур қиссани хатм қилса нима бўлар эди? Тушунарди. Яна ўйладимки, тинчлик, омонлик бўлса-ю шу асар уч асрдан кейин, яъни икки минг уч юз йигирма бешинчи йил одамининг қўлига тушиб қолса-чи? Ўқиб тушунармиди? Иншооллоҳ!

 

Техника, технологиялар бутунлай юксалиб, ўзгариб кетиши аниқ. Балки инсоният заминни тарк этиб, бошқа сайёрада макон қурар, бугунги неъматларимиз жўн бир озиқага алмашишини ҳам тасаввур қилсак бўлади. Бироқ одам боласининг кўнгли, ожизликлари, буюклиги, нафси ўзгармайди. Йигирма тўртинчи аср одами ҳам Мурод Муҳаммад Дўст даврида ёки Гулханий ҳазратлари замонида умргузаронлик қилган аждодлари каби хом сут эмган бандалигича қолаверади. Бир-бирига меҳр қўйиши, севиши, нафратланиши, хиёнат қилиши турган гап.

 

Сунъий идрок инсон ўрнини тугал босолмаслигининг асл сабаби ҳам шунда: унда бандасига хос кўнгил йўқ ва бўлмайди ҳам. Негаки, сунъий идрокни инсон яратган.

 

“Мустафо” чоп этилганидан бери қарийб ярим аср ўтди. Комфирқа кетди, шўровий кетди, комсомол кетди, цензуранинг расман қораси ўчди. Даврону тутумлар, салтанатлар ўзгарди. Устози бузруклар сафидан жой олган “уч оғайни  ботирлар”нинг гулдуроси сусайгани йўқ. Янги асарлари янги баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Интиқлик билан ўқилмоқда.

 

 Дунёда ўзгармаган нима қолди ўзи? Вақт ўз ҳукмини ўтказа олмагани – уларнинг асарлари. Ана, “Мустафо”даги чоллар ўзгармабди, эскирмабди. Китобхонларнинг меҳри, муносабати ўзгармабди.

 

Ўзгаргани – янги ўзбек насри авлодининг забардаст вакили Мурод Муҳаммад Дўст миллий адабиётимизнинг бадиий такомили тарихида бутунлай янги даврни бошлаб берган азамат санъаткорлардан бири сифатида тан олингани. Ёзувчилар билан киноижодкорларнинг бошини қовуштиргани-ю умуминсоний мавзулардан баҳс юритувчи самимий филмлар экран юзини кўргани ва кўраётгани. Ўзбек киноси миллийлик сари дадил юз бургани.

 

Чин санъаткор бўлар-бўлмасга ҳар томон шох ташлайвермайди. Муттасил ёзишдан кўра муайян даражага етганда тўхтаб, тин олиши янгилик эмас. Қаламдош ошнаси Эркин Аъзам “Ёзиш санъат бўлгани каби сукут сақлаш, жим туриш ҳам бир санъатдир” деганида ана шундай сокинликни назарда тутган бўлса ажаб эмас. “Эркиннинг ёзганларида ёлғон йўқ” деб ошнасининг мардлигидан қувонади Мурод Муҳаммад Дўст.

 

Бу кун адабий давраларда Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўзига хос ижодий сукути ҳақида тахминлар кўпайган. Биров унинг янги асарини интизорлик билан кутаётганидан гапирса, кимдир “истеъдоди сўнганидан қилар каромат”. Нима бўлганда ҳам соғинч бор! Ўзбек миллий насрини юксакларга кўтарган забардаст ёзувчининг янги асарларига ташналик бор!

 

Табиатан шижоатли инсон Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг жўшқин фаолияти, муҳташам асарлари ва самимий сўзи билан халқимизга сидқи садоқат билан хизмат қилиб келди. Мудом шундай бўлиб қолгуси.

 

Хаёлга эрк берсак-бермасак, кўзим етиб турибди – акамиз эрта бир кун янги асарини эълон қилса, ҳайратдан оҳ уриб юборамиз:

 

– Ёзишни қотирасиз-да, Мурод ака! Қойил!..

 

Ўша саодатли кунларда ўзбекнинг азамат санъаткори берадиган жавобни-да аниқ биламан:

 

– Ёмон ёзолмасам нима қилай, оғажон?!.

 

Қулман ОЧИЛ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.

Одамзод бир куйки, талқини минг хил” эссеси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34556
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//