Георгий тасмаси орти ҳақиқатлари


Сақлаш
11:36 / 08.05.2026 20 0

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг катта фожеа, яра бўлиб қолди. Ўзбекистон ҳам бу даҳшатдан четда қолмаган. Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 6,5 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон II жаҳон уруши даври(1939-1945 йиллар)да 1 миллион 951 мингдан ортиқ кишини фронтга жўнатган. Улардан 538 минг нафари ҳалок бўлган. Бу оддий статистика эмас, қайтиб келмаган оталар, бедарак йўқолган ўғиллар, умр бўйи фарзанд кутган оналар тарихи.      

                                    
Шу сабаб Ўзбекистон мустақилликдан кейин 9 майга бошқача маъно берди. 1999 йил 2 мартда “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги пресидент фармони чиқди. Бизда бу сана “Ғалаба куни”дан кўра кўпроқ “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида шаклланди. Бу жуда муҳим фарқ. Чунки Ўзбекистон урушни романтизация қилиш эмас, инсон қадрини эслаш йўлини танлади. Аммо бугун постсовет ҳудудида 9-майнинг мазмуни йилдан йилга ўзгариб боряпти, айниқса, Россияда. Қизил майдондаги парадлар, ракеталар намойиши, ҳарбий техника ва агрессив риторика бу кунни оддий тарихий хотира санасидан сиёсий куч намойишига айлантириб юборди. Бугун Кремл учун 9-май нафақат тарих, балки мафкура ҳамдир. Шу мафкуранинг энг машҳур рамзларидан бири – Георгий тасмаси.

 
Кўпчилик бу лентани Иккинчи жаҳон уруши билан боғлайди. Аслида эса бу санага умуман алоқаси йўқ тасма тарихи анча илгари бошланган. Георгий тасмаси ХVIII асрда Россия империяси томонидан жорий қилинган ҳарбий мукофот ифодаси бўлган. Яъни у Совет мамлакатининг эмас, империя рамзи ҳисобланади. Энг нозик нуқта ҳам шунда. Бу тасма бир вақтлар Марказий Осиёни босиб олган рус генераллари кўкрагида ҳам бўлган. Қўқон, Хива ва Бухорога юриш қилган ҳарбийларга ҳам шу тасма билан ясатилган мукофотлар берилган. Демак, бу рамз биз учун “ғалаба” тарихини эмас, мустамлакачилик кечмишини эслатади.

 
Совет даврига келиб ушбу тасмадан фойдаланиш расман бекор қилинган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса унга ўхшаш “Гвардия лентаси” пайдо бўлади. Аммо у етарлича оммалашмаган. Бугунги “Георгий тасмаси”нинг оммавий қайтиши эса Россиянинг ҳозирги ҳукумати даврига тўғри келади. 2005-йилдан бошлаб Россия давлат медиа тизими ва жамоат ташкилотлари чипорранг тасмани миллионлаб нусхада тарқатишни бошлади. Аввалига бу “хотира акцияси” эди. Кейинчалик эса аста-секин “Русский мир” мафкурасининг рамзига айланди. 2014 йилда Қрим аннекцияси ва Донбассдаги уруш пайтида Георгий тасмаси сепаратист гуруҳларнинг асосий белгиларидан бирига айланди. 2022 йилдан кейин эса бу рамз очиқчасига Россиянинг ҳарбий нарративи билан боғланиб қолди. Шунинг учун бугун кўплаб давлатлар ундан воз кечяпти: Украина тақиқлади, Литва, Латвия, Эстония чеклади, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон эса ўзининг миллий хотира рамзларини яратди. Ўзбекистон ҳам бу борада аввалроқ ўз йўлини танлаб бўлганди. 1999 йилдан бери биз 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни” деб атаймиз. Бу жуда катта сиёсий ва маънавий сигнал. Яъни Ўзбекистон ўз тарихий хотирасини Москва парадигмаси орқали эмас, миллий нуқтайи назар орқали кўриб келади. Георгий тасмаси ўрнига Ўзбекистон байроғи рангидаги ленталарнинг тарғиб қилиниши ҳам бежиз эмас. Чунки хотира мустақил бўлиши керак.

 

Жорий йил 17 апрел куни Россотрудничествонинг Тошкентдаги “Рус уйи” телеграм каналида 22 апрелдан 9 майгача георгий лентаси тарқатилиши ҳақида хабар берилган. Баёнот бир қарашда оддий хотира акциясидек кўринади. Матнда Георгий тасмаси “фахрийларни ҳурмат қилиш”, “ғалабани эслаш” ва “ҳарбий жасорат” рамзи сифатида талқин қилинади. Айниқса “Я помню! Я горжусь!” (“Мен эслайман! Мен фахрланаман!”) каби ҳиссий шиорлар орқали бу акция инсоний хотира билан боғланишга уринади. Лекин замонавий дунёда рамзларнинг маъноси ўзгаради. Агар бир рамз бугун бошқа давлатнинг геосиёсий даъвати, пропагандаси ёки ҳарбий экспансияси билан боғланаётган бўлса, у энди нейтрал рамз бўлиб қолмайди. Чунки бугун бутун дунёда мафкура мамлакатларга танк билан эмас, беозор кўринишлар билан ҳам кириб келмоқда. Ўзбекистоннинг бугунги йўли эса бошқача. Мамлакат йиллар давомида ҳарбий блоклардан узоқ, мувозанатли ташқи сиёсат юритиб, миллий ўзлигини шакллантириб келмоқда. Бу йўл мукаммал ва мустақил йўл. Шу сабаб 9-май биз учун урушни улуғлаш куни эмас, аксинча, уруш қайтмаслиги учун хотирлаш, урушда вафот этган ватандошларни хотирлаш кунидир. Хотиранинг ҳам миллий шакли бўлади. Шу маънода биз фашизм устидан қозонилган ғалабани ҳурмат қиламиз, фронтга кетган боболаримиз билан фахрланамиз. Лекин бу бошқа давлатнинг мафкуравий рамзларини қабул қилишимиз керак, дегани эмас.

 
Одилбек ШЕРАЛИЕВ,

 Геология фанлари университети талабаси


 
Фойдаланилган адабиётлар:

https://gov.uz/oz/mudofaa/news/view/50761
https://lex.uz/docs/-212469
https://ru.wikipedia.org/wiki/Георгиевская_ленточка
https://uz.wikipedia.org/wiki/Qrim_anneksiyasi
https://oz.sputniknews.uz/20190425/Sharaf-tasmasi-ozbek-xonandalari-taribot-tadbirini-boshlashdi-11353517.html
https://www.youtube.com/watch?v=HfYqtEky2Y4

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34556
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//