Дазмол эмас – утук! Минг йил аввал кийим утуклаган аждодларимиз шу сўздан фойдаланган


Сақлаш
15:37 / 24.01.2022 1459 0

Албатта, рус тилидаги “утюг” – туркий сўз эканлигини кўпчилик яхши билади ва русчага ўтган туркий сўзлар ҳақида гап кетганда биринчилардан бўлиб у ҳам тилга олинади. Аммо гап шу билан тугайди, “иннанкейинчи?” деган саволга жавоб йўқ. Шунингдек, бу сўз этимологияси ҳам баъзан нотўғри талқин этилади, хуллас, қуйида шулар ҳақида гап боради.

 

Хўш, “утюг” туркий сўз экан, нега уни тилимизга қайтармаймиз? Нега адабий тилда “дазмол” деб ишлатамиз (“дарзмол” – форсча: “дарз” (“чок”) + “молидан” (“суртмоқ, ишқаламоқ”) сўзларидан)? Ваҳоланки, эронликларнинг ўзлари уни “дарзмол” эмас, турклар сингари, “утув” (“اتو”, туркча: “ütü”) деб аташади. Ҳозирда деярли барча туркий халқлар (турк, қозоқ, қирғиз, озарбойжон, татар, бошқирд..., қисман тожиклар ҳам) утукни – “утук” дейди ва “утукламоқ” феълини қўллайди. Рус тилида ҳам бу туркий сўздан “утюжить” феъли ясалган (М.Фасмер. ЭСРЯ).

 

Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк”да бу сўзга жуда яхши таъриф берган: “اُتُکْ öтўк – андавага ўхшаш темир (асбоб) бўлиб, уни қиздирадилар ва кийимнинг чок ҳамда бахяларини ва тукларини бостириб силлиқлайдилар” (ДЛТ. I. Т: 1960. 99-бет). Шунингдек, қадимда “утукламоқ” маъносида “öтiдi” феъли ҳам ишлатилган, хусусан “Девон”да унга шундай изоҳ берилади: “öтiдi – дазмол қилди. اُل تُونغْ اُتیِدیِ ол тонуғ öтiдi – у тўн (кийим) чокларини темир (дазмол) билан силлиқлади (öтiр, öтiмäк)” (ДЛТ. III. Т: 1963. 268-б).

 

“Утук” сўзининг келиб чиқиши ҳақида гап кетганда баъзан: “утук” – “ўт” (олов) ва “юк” сўзлари қўшилишидан ясалган, унинг ичига ўт солингани (юклангани) учун шундай аталган, деган юзаки қараш ҳам қулоққа чалинади. Бу фикрнинг нотўғрилигини “Девону луғотит-турк”да “ўт” ва “утук” сўзларининг ёзилишидаги фарқда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, “Девон”да “ўт” сўзи – “اُوتْ” (“о:т”) шаклида ёзилган, яъни “ў” товуши чўзиқроқ, “öтўк” ва “öтiдi” (“اُتُکْ”, اُتیِدیِ”) сўзлари бошидаги “у” товуши эса қисқа ва юмшоқроқ. Эҳтимол, бу икки сўз (“о:т” ва “öт-”) қачонлардир бир ўзакдан ўсиб чиққан бўлиши мумкин, чунки қадимги “öт-” (“үт-”) феъли – “силлиқламоқ”, шунингдек, “оловда куйдириб текисламоқ” маъноларига эга бўлган. “Девон”да “öтiдi” феълининг фақат “дазмол қилди” деб изоҳланиши эса Кошғарий замонида бу феъл фақат шу маънода ишлатилганини кўрсатади.

 

Ш.Раҳматуллаевнинг “Ўзбек тилининг этимологик луғати”га ҳам бу сўз “ўтик” шаклида киритилган ва шундай изоҳлаган: “ЎТИК – дазмол. Бу от қадимги туркий тилдаги “öт” (“өт” А.Ҳ.) феълининг “сирпан” маъносидан (ЭСТЯ. I. 555) “-(ў)к” қўшимчаси билан ясалган” (ЎТЭЛ. I. 491). Ушбу ўринда қадимги “өт” ўзаги кўзда тутилмоқда, аммо у “силлиқламоқ” маъносидаги “öт”дан фарқли бўлиб, “өт-” ўзагидан ҳозирги тилимиздаги “ўтмоқ” феъли, “этик” ва бошқа кўплаб сўзлар ясалган. “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида “өт-” ўзагининг “сирпан-” маъноси ҳам борлиги айтилади (ЭСТЯ. I. 555). Аммо, бизнингча, “утук” сўзи “сирпан-” маъносидаги “өт”дан эмас, балки “силлиқламоқ” маъносидаги “öт-”дан ясалган. Улар бир-бирига ўхшаса-да, талаффузда фарқли бўлган. Афсуски, ҳозирги ёзувимизда “у” ва “ў” товушлари оралиғидаги “ү”, “ө”, “ö” каби унлилар учун белгилар йўқлиги боис “өт”, “öт”, “үт” каби сўзларни биз талаффузда ажрата олмаймиз.

 

“Девону луғотит-турк”нинг ўзбекча нашрида “утук” сўзи “öтўк” шаклида транскрипция қилинган. “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида бу сўзнинг “үт-”, “үтү” шакли бирламчи, “öт-”, “öтў” (унлилар бироз қалинроқ) шакли иккиламчи эканлиги айтилади (ЭСТЯ. I. 641).

 

Шундай қилиб, “утук” сўзи “силлиқламоқ” маъносидаги “үтү” феълига (“юк” сўзини эмас, балки) от ясовчи “-к” қўшимчасини қўшиш йўли билан ясалган (битиК, этиК, эгиК сингари). Бу сўзни ҳозирги имлода ҳам “утук” деб ёзиш тўғри бўлади, чунки бу сўз пайдо бўлганда тилимизда сингармонизм, яъни биринчи ва иккинчи бўғинлардаги унлиларнинг уйғунлиги, оҳангдошлиги ҳодисаси мавжуд эди (“Девон”дан келтирилган “ÖтЎк”да ҳам унлилар оҳангдошлиги мавжуд, аммо “ўтик” деганда сингармонизм бироз бузилади).

 

Энди гапнинг индаллосига ўтадиган бўлсак, аслида, ҳозир ҳам аксарият ўзбек лаҳжаларида, ҳудудларда “дазмол” эмас, “утук”, “утукламоқ” сўзлари ишлатилади. Айтайлик, Хоразмда “уттик” дейилади, бошқа вилоятлардаям шунга ўхшаш. Фақат баъзи шевалар таъсирида ўзбек адабий тилида “дазмол” қабул қилинган. Кўпчилик уйида “утук” сўзини ишлатиб, адабий тилда гапирганда ё ёзганда “дазмол” дейишга мажбур. Шундай экан, барча туркий халқлар сингари “утук”ни адабий тилга олиб кириш ўрнига, нега унга ётсираб қараймиз? Айтайлик, яқин ўтмишда “товар” сўзини ҳам бир бошдан “мол”, “буюм”, “жиҳоз” каби сўзларга алмаштириш анъанаси мавжуд эди, сўнгги пайтларда “товар” (аслида “тавар”)нинг ҳам тилимизга қайтаётгани, яъни баъзи ўзбекча ҳужжатларда “мол”, “буюм” эмас, “товар” деб ёзилаётгани кишини қувонтиради.

 

Келинг, азиз дўстлар, утугимизни ҳам тилимизга қайтарайлик, токи бу сўз ҳам адабий тилимиздан, луғатларимиздан жой олсин. Агар ушбу фикрни маъқул деб топган бўлсангиз, уни бор-йўғи қўлласангиз кифоя. Ташаккур!

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//