“Тошкент гўзал шаҳар эди” – 1966 йилги зилзилада озарбойжон халқи жасорати


Сақлаш
11:28 / 13.05.2026 148 0

Туркистон ҳудуди сейсмик жиҳатдан фаол зоналардан бири ҳисобланади. Тарихий манбалар ушбу ҳудудда турли даврларда кучли ва ўрта даражадаги зилзилалар тез-тез содир бўлганини кўрсатади. Жумладан, Ахсикентда 1620 йилда, Бухорода эса 1821 – 1822 йилларда йирик зилзилалар содир бўлган.


1902 йил 3 декабрда юз берган ва тарихий манбаларда “Андижон фожиаси” деб ном олган зилзила минтақа тарихидаги энг йирик сейсмик офатлардан бири сифатида қайд этилади. Мазкур ҳодиса давомида уч маротаба кучли ер силкиниши кузатилган бўлиб, ҳар бир силкиниш шаҳар ва унинг атроф ҳудудларига кескин таъсир кўрсатган. Биринчи силкинишнинг кучи 8 – 9 балл даражасида баҳоланган. Иккинчи силкиниш ундан ҳам кучли бўлиб, 9 баллдан юқори деб тахмин қилинади. Орадан тахминан ярим соат ўтиб содир бўлган учинчи силкиниш ҳам 8 – 9 балл атрофида бўлиб, натижада Андижон шаҳри деярли тўлиқ вайронага айланган. Қайта силкинишлар бир неча ой давом этган. Дастлабки икки кун давомида эса ер силкинишлари деярли узлуксиз кузатилган. Вақт ўтиши билан уларнинг кучи аста-секин камайиб борган.


Ушбу сейсмик ҳодиса натижасида 4500 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, шунингдек, катта миқдордаги моддий зарар қайд этилган. Ўша давр ҳисоб-китобларига кўра, зарар ҳажми тахминан 12 миллион олтин рублни ташкил этган. Замонавий иқтисодий баҳолашларга кўра, ушбу миқдор 2026 йил қийматида қарийб 7 триллион сўмга тенг эквивалент сифатида талқин қилинади. Мазкур тарихий зилзилалар Туркистон ҳудудининг юқори сейсмик хавфга эга эканини кўрсатади.


Шунингдек, 1946 йил 3 ноябрда содир бўлган Чотқол зилзиласи Ўзбекистон ССР ҳудудининг катта қисмини қамраб олган. Зилзила Тошкент шаҳрида 7 баллга, айрим туманларда эса 8 баллгача етган. Натижада синчли уйлар жиддий шикастланган, 8 баллик зоналарда эса хом ғиштдан қурилган биноларнинг катта қисми тўлиқ қулаб тушган. Ушбу ҳодиса ҳам минтақанинг юқори сейсмик фаоллигини яна бир бор тасдиқлайди.


Умуман олганда, тарихий манбалар Тошкент шаҳрининг ҳам бир неча хавфли зилзилаларга гувоҳ бўлганини кўрсатади. 1966 йилдаги зилзиладан олдин шаҳарда турли кучланишдаги қарийб 700 та сейсмик силкиниш қайд этилган. 1966 йил 26 апрель тонгги соат 05:22 да Тошкент шаҳри ўз тарихидаги энг кучли зилзилани бошдан кечирди. Зилзила ўчоғи шаҳар ҳудуди остида, тахминан 5–10 км чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг кучи 8 баллгача етган. Эски шаҳардаги Қашқар маҳалласи ва Лабзак энг кучли зарар кўрган ҳудудлар сифатида қайд этилади. Ушбу зилзила тектоник келиб чиқишга эга бўлиб, Ер пўстидаги тоғ жинсларининг силжиши, ёрилиши ҳамда айрим қатламларнинг кескин кўтарилиши ёки чўкиши натижасида юзага келган.


Зилзила шаҳар маркази ва эски турар-жой ҳудудларига катта зарар етказди. Минглаб бинолар – мактаблар, касалхоналар, саноат корхоналари ва бошқа инфратузилма объектлари вайрон бўлди. Умумий ҳисобда тахминан 2 миллион квадрат метр турар-жой майдони зарар кўрди. Шунингдек, 10 мингга яқин бино, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш объекти, 26 та коммунал корхона, 180 га яқин таълим муассасаси, 36 та маданий-маиший бино, 185 та тиббиёт муассасаси ва 245 та саноат корхонаси жиддий талафот кўрди. Натижада 78 минг оила (тахминан 300 минг киши) бошпанасиз қолган. Зилзила шаҳарнинг марказий туманларига, хусусан Киров туманига энг катта зарар етказган ҳудудлардан бири бўлган. Бу ерда 7 394 та турар-жой биноси ва 300 дан ортиқ ижтимоий объектлар вайрон бўлган.


Зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида зудлик билан фавқулодда чора-тадбирлар амалга оширилган. Бошпанасиз қолган аҳолини жойлаштириш, саноат ва савдо корхоналарини қайта тиклаш, жамоат ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилган. Шаҳар ҳудудида 15 мингдан ортиқ чодир ва вақтинчалик яшаш вагонлари ўрнатилиб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 14 та кўчма дорихона, 29 та тиббий хизмат марказлари ташкил этилган.


1966 йил охирига келиб, қарийб 300 минг нафар Тошкент аҳолиси уй-жой билан таъминланди. Пойтахтда жами 3,2 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, шундан 1,18 миллион квадрат метри қардош республикалар қурувчилари ва ҳарбий қурилиш бўлинмалари томонидан тикланган. Айнан шу оғир синов шароитида аҳолининг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва инсоний фазилатлари яққол намоён бўлди. Бошқа республикалар сингари Озарбойжон халқи ҳам Тошкентни қайта тиклаш жараёнига сезиларли ҳисса қўшди. Уларнинг беғараз ёрдами ва қурилишдаги фаол иштироки туфайли Тошкент қисқа муддатда қайта тикланди.


Жумладан, Озарбойжондан юзлаб малакали қурувчилар, меъморлар ва муҳандислар Тошкентга келиб, узоқ муддат давомида зилзила оқибатларини бартараф этиш ва тиклаш ишлари, айниқса, кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш жараёнида муҳим ўрин эгалладилар.


 


 
Озарбойжон қурувчилари томонидан барпо этилган турар-жой бинолари. Сурат: Н. Медведов


 
Боку қурилиш поезди бошлиғи М. Пересадо ўз хотираларида озарбойжонлик қурувчиларнинг Тошкентни қайта тиклаш ишларига сафарбар этилиши жараёнини қуйидагича изоҳлайди:


“Озарбойжондаги Главбакстрой Бош бошқармасида Тошкентни қайта тиклаш ишига кимлар боради?” деган савол қўйилганда, биз ихтиёрий равишда ушбу вазифани зиммамизга олдик. 60 нафар қурувчи Боку қурилиш поезди таркибида Тошкентга юборилди. Тошкент гўзал шаҳар эди, аммо кутилмаган тасодиф бу ердаги ҳаёт оқимини ўзгартирди. Дастлабки босқичда ишлар мураккаб кечди, Чилонзор массивида кенг майдонлар тайёрланиб, қурилиш учун зарур инфратузилма шакллантирилди. Зилзила оқибатида юзага келган уй-жой танқислиги сабабли қурилиш ишларини қисқа муддатларда амалга ошириш зарур эди. Шу мақсадда 35 минг квадрат метр уй-жой қуриш мажбурияти олинди.


Дастлаб осон бўлмади. Чилонзор массивидаги кенг ялангликда тупроқ суриб, ер қазиб қуриладиган турар-жойларда майдон ҳозирладик. Уйларни тез қуришимиз керак эди. Чунки табиий офат туфайли уйлари вайрон бўлган шаҳар аҳолисининг эҳтиёжи шуни талаб қиларди. Бошида 35 минг квадрат метр уй-жой қуриш мажбуриятини олдик. Қурилиш жараёнлари комплекс усулда ташкил этилиб, Ф. Байрамов бошлиқ монтажчилар, А. Медведов бошлиқ бўёқчилар, И. Ягубов бошлиқ пайвандчилар, А. Аркас бошлиқ дурадгорлар бригадирларнинг ишлари диққатга сазовор. Шунингдек, қурилиш жамоасида ўз ишининг усталари кўп. Кранчи И. Нодиров, сантехник В. Турегин, электр пайвандчи В. Козим ва Э. Рувенов, ишчилардан К. Гусейн, А. Инқилоб, К. Акперов, бўёқчи Ж. Байсова ва кутубхоначи В. Крилова шулар жумласидандир. Биз Тошкентда зилзила туфайли халқ бошига тушган кулфатни даф этишга қатнашар эканмиз, дўстлик туйғуларини яна бир марта чуқур ҳис этдик”.  


Шунингдек, озарбойжонлик қурувчи И. Нодиров ҳам ўз эсдаликларида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Тошкентда тарихда мисли кўрилмаган қурилишлар олиб борилмоқда. Бу ерда барча миллат вакилларини учратиш мумкин. Биз ҳозирда 120 тошкентлик оила учун бошпана қуриб бердик. Яна 96 квадратли турар-жой биносининг 4-қаватини қуряпмиз. Мен бир сменада 45 тоннагача қурилиш материалларини юқори қаватларга узатиб беряпман. 7 соат ўрнига 9-10 соат ишлаяпмиз. Чунки, тили-тилимизга, дили-дилимизга азалий пайванд бўлган ўзбек биродарларимизнинг оғирини енгил қилиб, яхшилик қилаётганлигимиз бизга завқ беради”.