Эркинликнинг чегараси қаергача? – СИ билан инсоний қадриятлар ҳақида суҳбат


Сақлаш
11:39 / 12.05.2026 12 0

1

Ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг қизига ёзган мактубларини ўқидим. Охирида шундай жумла бор экан: “Давр ўзгариб кетди, қадриятлар ўзгарди...”. Бу – ўттиз йиллар олдинги гап. “Қадриятлар ўзгарди” деган жумла мени қаттиқ ўйлантириб қўйди.

 

Ҳа, ҳозир “Ҳамма нарса ўзгариб кетди. Замон бутунлай бошқа бўлди...” қабилидаги гапларни ҳар кун, ҳар ерда эшитамиз. Албатта, катта ёшли кишилардан, чунки кеча билан бугунни улар қиёслаши мумкин-да. Баъзан бу янгилик эмас, оталар ва болалар ўртасидаги азалий баҳсга ўхшаб ҳам кўринади. Эҳтимол шундайдир. Балки ҳақиқатан бошқа қадриятлар даври бошланаётгандир...

 

Қадрият тушунчасининг илмий-ноилмий, тушунарли-ю тушунарсиз ўнлаб таъриф-тавсифларини китоблардан, интернетдан бемалол топа оламиз. Менинг оддий тушунчамга кўра эса қадрият – болаликдан “мана шу яхши, мана шу тўғри” деб онгимизга сингдирилган; биз учун қадрли, ардоқли бўлган нарса-ҳодисалар, меъёрлар, қоидалардир. Оила, қаноат, ҳалол меҳнат, уят ва ор-номус, камтарлик, меҳр-оқибат, виждон, ўзаро ёрдам, яхшилик, катталарга ҳурмат... – мана, биз учун ардоқли бўлган қадриятлар.

Хўш, бугунги дунё уларни қандай тушунаяпти?

 

2

Ҳаётнинг йўриғи ҳамиша шундайми ё дунё ниҳоятда шиддат билан ривожланиб, биздан илгарилаб кетдими, ҳарқалай, қадриятлар анча-мунча ўзгариб кетгандек. Шулар ҳақда ўйлай туриб, сунъий интеллектни суҳбатга тортдим. У интернет сарҳадларини сонияда айланиб чиқиб, совуққонлик билан бўлса ҳам бамаъни-жўяли гапларни гапирди, маслаҳатлар берди. Ҳа, жавоблар оқилона эди-ю, лекин силлиққина, у бизнинг инсон сифатидаги тақдиримизни ҳис этмаётгандек, куюнмаётгандек эди.

 

Балки ошириб юбораётгандирман-у, лекин азалий қадриятларнинг секин-секин ўзгариб бориши одам боласини алалоқибат ҳалок этадиган фожиалар сари йўл очаётгандек туюлди. Ҳа, аслида қалтис маънавий ўзгаришлар эмас, уларнинг тадрижи, оқибати мени ўйлантириб қўйган эди. Келинг, кўринмас суҳбатдошим “ёзиб берган” мақоладан айрим ўринлар ва ўзимнинг унга хаёлий жавобим, муносабатимни қисқартириброқ айтиб берай.

 

СИ (сунъий интеллект):

 

– Андиша ва ҳаё каби миллий кодларимиз глобал “эркинлик” ниқоби остида заифлашмоқда. Илгари катталарнинг олдидан кесиб ўтмаслик ёки уларнинг сўзини бўлмаслик ёзилмаган қонун эди. Бугун эса буни “шахсий эркинликни чеклаш” деб ҳисоблайдиганлар кўпайди. Албатта, эркин фикрлаш ва ўз ҳуқуқини билиш ёмон эмас, лекин бу қадриятлар маънавий илдизлардан узилиб қолса, жамият “қуруқ дарахт”га айланмайдими?

 

Мен:

 

– О, шахсий эркинлик, ўз ҳақ-ҳуқуқини билиш дейсанми? Олий даражадаги тушунчалар-ку! “Бу қадриятлар маънавий илдизлардан узилиб қолса, жамият “қуруқ дарахт”га айланмайдими?” дединг силлиққина қилиб.  Лекин бугун улар ножўя ишларни, ҳатто ёвуз кирдикорларни ниқоблайдиган қуролга ҳам айланиб кетаяпти, ақлвой дўстим. Қадриятларга ҳам, одамнинг ўзига ҳам хавотирли таҳдидлар кўп ҳолларда “ҳақ-ҳуқуқ”, “шахсий эркинлик” даъвоси билан содир бўлаётгандек назаримда. Фикрлайдиган одам эркинлик дегани нисбий эканини билади. Лекин сен айтганларинг ҳали ҳолваси. Бугун кўнгилга келган номаъқулчиликни қилиш ҳам, бузуқлигу Лут қавми қилмиши  ҳам эркинлик бўлиб қолди. Иғво хатларни кўтариб масъул одамларнинг вақтини ҳавога совураётганлар ҳам, жуфтидан қасд олиш учун болаларини ҳалокат қўйнига отаётганлар ҳам ҳақ-ҳуқуқ даъвосини қилади. Тўғри, инсон озод, ҳур қилиб яратилган. Одамлик ҳақлари бисёр. Лекин эркинликнинг чегаралари Парвардигор белгилаб берган жойгача. Бугун ўша чегаралар ўзбошимчалик билан бузилиб, одам боласи уни сурбетларча ўз хоҳишлари қадар кенгайтириб олаётир. Улуғ адиб Фолкнер айтганидай, “Баъзи одамлар худонинг ишларини худонинг ўзидан кўра яхшироқ биламиз деб ўйлашади”.

 

СИ:

 

– Бугунги кунда энг кўп хавотир уйғотадиган жиҳат баъзи абсолют қадриятларнинг нисбийлашиб бораётганидир. Оила муқаддаслиги: кўпгина жамиятларда оила институти инқирозга юз тутмоқда. Никоҳга масъулият эмас, балки вақтинчалик келишув сифатида қараш кучайган.

 

Мен:

 

– Биласанми, оила – биз учун Одам Ато ва Момо Ҳаводан қолган, инсоният ҳаёти давоматини таъминлайдиган энг қадимий муқаддас тушунча. Одам боласининг рўйи заминдаги илк жамияти. Бугунги дунёда, шукурки, биз ўзбеклар оила қадриятларини энг кўп сақлаб қолганлардан биримиз. Биздаги оила “вақтинчалик келишув” эмас ҳозирча. Лекин ажримларнинг кўпайганини инкор қилолмаймиз. Бувиларимиз “битта оила бузилса арш ларзага келади” дер эди; бу кетишда охири осмон бошимизга қуламаса эди... Кошки фақат шу бўлса! Дунё бўйлаб суррогат оналик, бир жинсли оилаларнинг расман тан олиниши, ҳатто уларга фарзанд асраб олишга рухсат берилиши-чи? Буларниям биласан. Фожиа, нақ фожиа! Шу нарсалар ҳам оила деган қадриятга муносабатнинг кескин ўзгариб бориши, шахсий эркинлик даъвоси оқибати эмасми? Бу ўргимчак тўри секин-аста бутун дунёни эгалламаслигига кафолат борми?  

 

СИ:

 

– Илгари инсоннинг қадри унинг бировларга қанчалик кераклиги, маҳалла-кўй ва яқинлари учун қилган фидойилиги билан ўлчанар эди. Бугун эса мезонлар ўзгарди. Энди “муваффақият” тушунчаси маънавий юксалишдан кўра моддий бойлик, шахсий қулайлик ва виртуал оламдаги машҳурлик билан алмашиб қолгандек.

 

Мен:

 

– Ҳа, шоир айтганидек, “Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас”. Муваффақият тушунчаси-ку бутунлай маъносини ўзгартирган. Сайру саёҳатдан бўшамайдиганлардан тортиб, китоб ёздирган ёки китоб чиқарган, не бир йўллар билан сайловдан ўтиб олганларгача бугун ўзини муваффақият шоҳсупасида деб ҳис қилади, бошқалар ҳам шундай ўйлайди. Ҳозир машҳурликка билим, меҳнат, истеъдод кабилар билан эришиш шарт эмас. Оилани кўз-кўзлаб ёки ёт кўзларни ётоқхонага қаратиб ёки ўзидан психологми, косметолог ясаб... “Instagram”даги “подписчик”лари сонини ошириб олишни уддаласа бўлди. Қолганлар худди бир замонлар Европа ёшлари Наполеон бўлишни орзу қилгандек шуларга ҳавас қилади, шуларга тақлид қилади. Шулар туфайли баъзан оилалар дарз кетади... Юлдузлик касалига чалиндик биз, ақлвой! Ҳамма нарсани бозорга олиб чиқдик! Бир замонлар халқ орасида “Бозорда барака бор” деган ҳалол тушунча бугун “Бозор – шайтоннинг уйи” деган қусурли тушунча  билан  алмашиб қолаётгандай.

 

Қаноатдан ҳам гапирсанг-чи, буям одамзоднинг ибтидодан келаётган муқаддас қадрияти-ку. Биз бўлсак қаноатни унутдик. Муваффақиятга, шуҳратга, ҳокимиятга, бойликка, комфортга, тўқликка, лайкка... тўймайдиган очкўзга айландик. Бугун ҳар иккита шиордан биттаси тўхтамасликка, олға кетишга ундайди; “Сен ҳамма нарсага қодирсан” дея қитиқлайди. Бугуннинг шиддати шундайки, “Нафсингга “ҳайт!” де”, “Қаноатга ўрган” десак, худди замондан орқада қолгандекмиз. Ўзгалар наздида ҳасадгўйга, инсон такомили, тараққиёт душманига айланиб қолиш ҳам ҳеч гапмас. О, қаноатсизлик фожиалари... Уларнинг миқёси, кўлами қанчалар кенг! ХХI асрда қайтадан авж олган урушлар, ўзгалар юртини эгаллаш даъволари, ҳокимият васвасаси, дунёни бошқариш иддаоси... қаноат фанини унутишдан келиб чиқмаяптими?

 

Ўлмас Умарбеков қизига ёзган ўша мактубида қадриятлар ўзгарганини айтади-ю, кетидан “лекин ҳамма даврда ҳалол меҳнат, поклик, одамийлик қадрланган” дейди. Ў, соддадил, некбин ёзувчим-а! Мана, бу ҳақда ақлвой менга нималар деяпти: “Ҳалоллик ва меҳнат; тез ва осон бойлик орттириш иштиёқи ҳалол меҳнат ва сабр каби фазилатларни эскилик сарқитидек кўрсатиб қўймоқда”...

 

Оламшумул Стефан Цвейгнинг “Амок” деган новелласи бор. Ҳикояни ўқиб, шу сўзга қизиқдим. Амок дегани онг бузилиши билан кечадиган касаллик экан. Беморда тўсатдан тажовузкорлик хуружи уйғониб, у атрофдаги ҳамма нарсани, учраган одамни йўқ қилишга интилиб югуриб кетар экан. Хуруж бемор тўхтатилгунча ёки ўзи беҳуш бўлиб йиқилгунча давом этар экан. Бугун одамийликнинг энг азиз қадриятлари руҳи хаста одамлар хуружига учраётгандек. Ишқилиб, тўхтата олайлик-да уни...

 

Ҳа, бутун дунёда қадриятлар ўзгариб кетгандек. Минглаб кўринишларда, минглаб мисолларда. Уларни бирма-бир санашнинг иложи йўқ. 

 

3

Бизнинг онгимизга ўзаро ёрдам, одамларга яхшилик қилишни ҳам гўзал қадрият сифатида сингдирганлар. Шу ҳақда ўйлаб, ижтимоий тармоқда хорижлик бир журналистнинг ёзганлари эсимга тушди. У шундай воқеани ҳикоя қилади: кичик шаҳарчада нотаниш одам йўлида учраган қизалоқдан бир манзилни кўрсатишни сўрайди. Қизалоқ бажонидил рози бўлади. Аммо бу разил мақсадни пардалаш учун ўйлаб топилган баҳона эди. Ҳалиги одам қизалоқни зўрлайди, хўрлайди... ва ўлдириб кимсасиз жойга ташлаб кетади. Инсон қиёфасидаги махлуқнинг қилмиши жамиятда жуда қаттиқ акс-садо беради, жиноятчи жазосини олади, албатта. Айтмоқчи бўлганим фақат шу эмас, бу воқеада одамни ларзага соладиган яна бир жойи бор; мусибатзада, чорасиз она дейдики: “Ота-оналаримиз бизга “одамлардан ёрдамингни аяма” деб ўргатишган эди. Йўқ! Энди болаларимизга одамларга яхшилик қилма, ёрдам берма деб ўргатайлик!”. Бу гап юрагимни ларзага солди. “Наҳотки?” деб ўйладим. Наҳотки, одамзод шундай хулосага келди? Наҳотки, сўнгги чора шу бўлса? Жабрдийда онанинг алам билан айтган бу гапини ҳам тушуниш керак... Баъзан болаларимизни ёмонликдан, ёвузликдан асрашнинг йўли шу бўлиб қолса начора? Аччиқ савол бўғзимга қадалди: виждон, шафқат, ахлоқ, одамийлик деб аталмиш биз қадрлаган қадриятлар қани?

 

Нафақат фарзандларимиз, ўзимизни асраш учун ҳам бугун гоҳо яхшилик қилмасликка мажбур бўлиб қоламиз. Дейлик, аэропорт ёки вокзалда бировнинг юкини холис хизмат учун ола билмайсиз; “Анойининг жайдари олмаси” ҳикоясини (Эркин Аъзам) ўқиган бўлсангиз, гап нимадалигини тушундингиз. Картага тушган пулни эгасига қайтараман деб жиноятга шерик бўлиб қолиш ҳам мумкин. Кўчада дуч келиб қолган нотаниш одам сиздан кимгадир телефон қилиб беришни сўраса, қўнғироқ қилиб бермаслик бугун виждонсизлик эмас, ҳимоядир. Ижтимоий тармоқлардан маънилироқ бир нимани бошқаларга илиниш ҳам бошоғриққа айланиши мумкин – остида тақиқланган ҳавола қўйилган бўлиб чиқади. Ҳатто севгидан ҳам қўрқасан бугун. Гаплашма, ёрдам берма, яхшилик қилма, севма... Инсоний қадриятлар онгимизга қуйилган, улар керакли лаҳзада машинаворий ишга тушади; лекин энди уларга “тўхта!” деймизми? Шу ҳушёрлик бўлиб қолдими? Шўрлик одамзод даҳшатли парадокс қаршисида ночор қолгандек. Яхшилик қилмоқчи бўлсанг, фақат ўзингга қил! Бироқ одам учун эзгуликдан эзгуроқ йўл ҳам йўқ-ку. Беғубор қалбли, нияти пок, муродбахш одамлар нима қилсинлар?

 

4

Яна СИга қайтдим. Ундан “аввалгиларга ўхшамас”лик сабабларини сўрасам, мисолларни қатор қилиб ташлади: технологик “портлаш”лар, интернет, устунликнинг алмашинуви (“жон сақлаш”дан “ўзлигини намоён қилиш”га ўтилиши), урбанизация, иқтисодий мустақиллик (айниқса аёллар), рақамли инқилоб, танқидий тафаккурнинг кучайиши... Хулоса қилиб, “Бугунги фожиаларнинг илдизи инсоннинг ўз ички оламидан узилишидадир” деди. Иқрор бўлишга мажбур бўлдим: ҳаммасига ўзимиз, одамлар сабабчимиз.

 

Лекин сунъий интеллект билан яна баҳслашгим келди. Ўзимча ўйладимки, замон ҳам, одамлар ҳам ўзгарган эмас. Ҳазрат Беҳбудий ҳам айтганки, “замоннинг мурури ила баъзи расм ва одатлар доимо ўзгариб турадики, бу ўзгариш бобомиз ҳазрати Одам замонидан бери воқеъ бўлуб келмоқдадур”. Ҳа, ўзгаришлар, оғишлар, фожиалар, йўл излашлар, йўқотишлар, топишлар... фақат бугунга хос эмас. Улар инсониятга ибтидодан йўлдошдир. Антик замонлардаёқ бемисл файласуф Суқротни қатлга буюрганлар адолат номидан иш кўрган. Археологлар бундан 2400 йил олдинги жангчи ўқдонини топишган; маълум бўлишича, у инсон терисидан қилинган экан. Исо(а.с.)ни ўттиз пулга сотганлар. Маҳмуд Ялавоч ёвга дарвозаларни очиб берган...

 

Ҳижрий III аср охирида яшаб ижод қилган Ибн Марзубо деган киши ўз китобини “Кийим-бош кийганларнинг кўпидан кўра итларнинг афзаллиги” деб номлаган экан. У “ушбу китобни ошнасига яхшилик қилиб, отасига ёмонлик қилган, хотинига жилмайиб, онасига қовоқ уйган ношуд фарзандларга бағишлайман. Ҳамтовоқларига пулни аямай сочиб, ота-онасидан пул беркитган виждонсиз нокасларга бағишлайман. Ўйнашига ишониб эрсиз қолган бевафоларга, омонатга хиёнат қилган ҳар бир ғаддорга, васиятни беркитиб туғишганларига ёлғон гапирган каззобларга... Яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарувчи ношукур, нонкўрларга... Ҳалол молни четлаб, ҳаромга чопган ҳаромхўрларга, охиратдан дунёни устун қўйган, қалби-ю қулоғи муҳрланган, кўзини парда қоплаган очиқ кўрларга... Аллоҳ раҳматидан қувилган шайтоннинг хизматига ёлланган ҳар бир фитначи, бузғунчи, ғаламис мардикорларга... Ўзининг уюм-уюм айбини кўрмай, ўзгаларнинг кичик хатосини катта айбдек кўрувчи иғвогар, чақимчи, бўҳтончиларга... Юзсиз, беадаб, иккиюзламачиларга... Ва яна ер юзида бузғунчилик қилаётган, одамларнинг тинчини бузаётган, устига кийим-бош кийиб ҳайвондан баттар хунук ишлар қилаётган дийдаси қаттиқ, бераҳм, дилозорларга бағишлайман...” (Даъватчи қуш /https://islom.uz/maqola/2667) деган экан. Демак, бу нокасликлар янгилик эмас экан-да... Қарангки, одамзод асрлар давомида мунтазам огоҳлантириб келинса-да, яна чалғийверади, ҳаққа хиёнатнинг янги-янги усулларини ўйлаб топаверади.

 

Қадриятларни қадрсизлантириш тараққиёт даражасига қараб ҳар хил кўринишларда намоён бўлган. Бир мисол келтирсам. СИ менга “Инсонлар бир-бирига юзма-юз қараб туриб, смартфон орқали бошқалар билан боғланиши – бугунги куннинг энг катта ижтимоий фожиаларидан биридир” деди. Шунда “Жуткие факты” деган телеграм каналида ўқиганим эсимга тушди: бу ҳол, яъни мулоқот чоғида нуқул смартфонга қараш одатига “фаббинг” деб ном қўйишибди. Яъни инглизча “phone” – телефон ва “snubbing” – илтифотсиз муносабат демак.

 

Аслида азал корхонасида одамзоднинг фитратига қарама-қарши кучлар жо этилган: эзгу ва ёвуз, бунёдкор ва вайронкор... Уларнинг қайси бирини парваришлаб ўстирамиз, қайси бирини мағлуб этамиз – бу борада ихтиёр ўзимизга берилган. Яъни, хоҳласанг ҳидоятни, хоҳласанг залолатни танла. Қавм оммавий равишда залолатни танлаганда маҳв этилган, янги пайғамбарлар юборилган...

 

Шу хил маъқул-номаъқул, паришон фикр-мулоҳазаларим пировардида  қаршимда бир савол ўжарларча туриб олади: “Нима қилмоқ керак?”. Ўзимча бир нималар демоқчи бўлдим. Лекин бу саволга маънавият соҳаси вакиллари бўлмиш барча зиёлилар, олимлар, шоиру ёзувчилар, муаллимлар... жавоб бермоғи, уларнинг айтганларини умумлаштирмоқ ва бутун миллат, ҳатто бутун инсоният бўлиб ҳаракатга келтирмоқ лозим деб ўйладим. Инсон – ер юзидаги жамики яхшилик ва ёмонликнинг ҳам, ўзгариш ва тузатишлар, йўқотиш ва топишларнинг ҳам бош ижрочисидир. Ҳаммасини одамдан, ўзимиздан бошламоғимиз керак.

 

5

Дарвоқе, ушбу битикларнинг бошида ҳам айтганимдек, сунъий интеллект беминнат мақола ёзиб берди. “Ушбу мақолани бирор ижтимоий тармоқ ёки нашр учун мослаштириб, сарлавҳасини ўзгартириб беришимни истайсизми?” деди яна меҳрибонлик билан. Ақлвойнинг ёзганларига у ёқ-бу ёғидан қалам уриб бериб юборсам ҳам бўларди. Қадриятлар ўзгариб кетаётган бир замонда шундай қилсам, балки айб ҳам саналмасди. Мақола-ку ўтиб кетар, лекин виждон деган қадрият синовдан ўтолмай қоларди, холос.

 

Нодира ОФОҚ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.

“Аввалгиларга ўхшамас...” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34491
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//