Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсиясини беришда давом этади. Лойиҳанинг 85-иштирокчиси, шоира Қутлибека Раҳимбоева “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади:
1. Эрих Мария Ремарк, “Уч оғайни”. Ремарк, асосан, уруш мавзусида ёзади. Аммо бу асари дўстлик ҳақида. Азалдан дўстларнинг бир-бирига садоқати, фидойилиги ҳақидаги асарларни яхши кўриб ўқийман. Романда дўстлар ўз ўртоқларининг бетоб бўлиб қолганида, дўстининг ёнида туриш, далда бўлиш учун олис йўлларни босиб келишади. Қаҳрамонлари ҳаётдаги одамлардай гапиради, сохталик йўқ.
2. Эфраим Севела, “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”. Муаллифнинг ўзи яшаётган жамиятга кинояли нигоҳи. Ёзувчи бир жамиятда яшаб, яъни бугунда яшаб бугун ҳақида яхши асар ёзиши қийин. Лекин буни адиб эплаган. Ўзбек адабиётида ҳам шундай асарлар бор. Абдулла Қодирийнинг “Тошпўлат тажанг нима дейди?”, “Ширвон хола нима дейди?” каби асарлари.
3. Франс Кафка, “Қалъа”. Асарда ёзувчи тузумлар, сарҳадлар нисбий нарса экани, аслида бу ҳаётнинг қонунлари (масалан, тузум ва шахс ўртасидаги муносабат) ўзгармасдир, деган фикрни илгари суради.
4. Марина Светаева, “Менинг Пушкиним”. Эссе. Адиба ҳаётдаги Пушкиннинг ўз қалбида яшаётган инъикоси билан таништиради.
5. “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”. Қирғиз ва қозоқ адабиётининг икки буюк устуни – Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов орасидаги суҳбатлар ёритилган. Самимий, теран, фуқаролик позицияси аниқ суҳбатларни ўқиган китобхон суҳбатдошлар қалбидаги оғриқни ўзида ҳам ҳис қилади.
6. Лев Толстой, “Анна Каренина”. Жамиятга сиғмаган инсонлар фожиаси ҳақидаги асар.
7. Жек Лондон, “Мартин Иден”. “Анна Каренина” бу асар ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.
8. Теодор Драйзер, “Америка фожиаси”. Бир инсон ичидаги икки қутб курашлари акс этган.
9. Пиримқул Қодиров, “Юлдузли тунлар”. Бобур ҳақидаги энг яхши асар.
10. Луқмон Бўрихон, “Жазирамадаги одамлар”. Жамият мажруҳ қилган инсонлар қиссаси.
Қутлибека Раҳимбоева 1952 йил 9 февралда Туркманистон Республикаси Тошҳовуз вилоятининг Олтмиш қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Фарғона Давлат педагогика институтининг (ҳозирги университет) ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
1976 йил Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним Қутлибеканинг илк шеърий туркумига “Саодат” журналида “оқ йўл” бериб, ёш шоиранинг машқларида жамиятни англашга, уни таҳлил қилишга интилиш устувор эканлигини қайд қилган эди.
“Юрагимда кўрганларим”, “Узун кундузлар”, “Уйғониш фасли”, “Озодлик”, “Кўксимдаги Тангритоғ”, “Тоҳирнинг Зуҳроси”, “Шам кўтарган аёл” сингари бир қанча тўпламлари нашр қилинган. Леся Украинка, Марина Светаева, Анна Баркова, Альфонсина Сторни каби шоираларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1994 йил), “Шуҳрат” медали совриндори (1999 йил).
Тарих
Маънавият
Таълим-тарбия
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ