Темур жангчилари қандай совут кийган? – Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги ноёб экспонат


Сақлаш
16:02 / 12.05.2026 15 0

Ўзбекистон тарихи давлат музейида археология фондининг ривожланиш босқичини уч даврга бўлиб ўрганиш мумкин. Биринчи давр 18761943 йиллар, иккинчи давр 19431991 йиллар, учинчи давр эса мустақиллик йиллари. Ҳар бир даврда музейнинг археология фонди учун ноёб топилмалар қабул қилинган. Масалан, биринчи даврда Иккибошли илон шаклидаги тош тумор, иккинчи даврда Будда ҳайкали, мустақиллик йилларида эса Темурийлар даври совути.

 

2002 йил январь ойида музей фондлари Ю.Ф.Буряков томонидан тақдим этилган муҳим археологик топилма билан бойитилди. Мазкур топилма 2001 йилда Шоҳруҳия шаҳарчаси ҳудудида аниқланган ХV асрга оид ҳарбий совут бўлиб, у Темурийлар даври ҳарбий санъати ва қуролсозлик анъаналарини ўрганишда алоҳида илмий аҳамият касб этади. Тадқиқотчилар фикрига кўра, ушбу совутнинг конструкцион хусусиятлари ва тайёрланиш технологияси унинг бевосита Амир Темур қўшини жангчиларига тегишлилигини асослайди.

 

Тарихий манбаларга кўра, 1220 йилда Чингизхоннинг истилолари натижасида мазкур ҳудуд вайронага айланган ва узоқ вақт давомида аҳоли яшамаган. Кейинчалик Амир Темур томонидан олиб борилган бунёдкорлик сиёсати натижасида шаҳар қайта тикланиб, 1392 йилда унинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо шарафига Шоҳруҳия деб аталган. Ушбу шаҳар нафақат иқтисодий ва маъмурий марказ, балки стратегик-ҳарбий нуқтайи назардан ҳам муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, Амир Темур ҳарбий юришлар олдидан айнан шу ҳудудда юқори мартабали саркардалар иштирокида махфий машваратлар ўтказган ва ҳарбий режалар тузган. Бу эса Шоҳруҳия шаҳрининг ўзига хос ҳарбий-сиёсий марказ сифатида шаклланганини кўрсатади.

 

Мазкур ҳудуддан топилган ҳарбий совутнинг мавжудлиги тарихий-маданий жараёнлар билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг айнан ҳарбий муҳитга дахлдорлигини тасдиқлайди. Амир Темур вафотидан сўнг ҳам Шоҳруҳия Темурийлар давлати ва Олтин Ўрда ўртасидаги сиёсий-ҳарбий қарама-қаршиликларда муҳим стратегик таянч нуқта сифатида фаолият юритган.

 

Амир Темур ва темурийлар даврини ўрганиш мустақиллик йилларида янги бир босқичга кўтарилди. Бу даврни шунингдек, Темур шахсиятини нафақат тарихчилар ва сиёсатчилар, балки адабиётчилар, санъатшунослар, музейшунослар, ҳунармандлар ҳамда жамоатчилик ўрганмоқда. Амир Темурнинг шахсий буюмлари бугунги кунга қадар етиб келган, бироқ уларнинг энг ноёблари Ўзбекистонда эмас, дунёнинг турли манзилларида сақланмоқда. Жумладан, тиғ қисми пўлатдан, сопи олтиндан ясалган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган қиличи Эронда, лал ва зумрад қадалган совути Туркияда, Темур тузукларининг асл қўлёзмаси Францияда, олтиндан ясалган ва нефрит тоши қадалган, форс тилида “Рости-русти”, яъни “Куч адолатдадир” деган ёзуви билан машҳур узуги АҚШда, Ҳиндистон юришидан олиб келинган ёқут Қувайтда сақланмоқда.

 

Ўзбекисотн тарихи давлат музейида сақланаётган совут устида олиб борилган илмий-техник тадқиқотлар Полимерлар кимёси ва ядро физикаси институти мутахассислари томонидан амалга оширилди. Таҳлил натижалари совутнинг асосан темирдан тайёрланганини, унинг алоҳида қисмларини бириктиришда эса юқори сифатли углеродли пўлатдан фойдаланилганини кўрсатди. Бу ўша давр металлургия технологияларининг анча ривожланганлигини тасдиқлайди.

 

Конструкцион жиҳатдан совут тахминан 100 га яқин пўлат пластинкалардан ташкил топган бўлиб, ҳар бир пластинка тўртбурчак шаклда (ўртача 11×8 см ўлчамда) тайёрланган ва ўзаро мустаҳкам бириктирилган. Ушбу пластинкалар жангчининг танасини максимал даражада ҳимоя қилиш билан бирга, ҳаракатланиш имкониятини ҳам чекламаган. Шунингдек, совутга тегишли дубулғанинг айрим қисмлари ҳам сақланиб қолган бўлиб, бу топилманинг тўлиқлик даражасини янада оширади.

 

Мазкур совут ўзининг технологик мукаммаллиги, мукаммал сақланганлик ҳолати ва тарихий қиймати билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ҳудудида ноёб экспонат сифатида баҳоланади. Ю.Ф.Буряков томонидан Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилган коллекция таркибига, шунингдек, археологик қатламдан аниқланган турли хил моддий маданият намуналари – хом ғиштлар, сирланган сопол идишлар парчалари, кўк рангли мойчироқ, ҳамда шиша буюм бўлаклари ҳам киради. Бу топилмалар мажмуи ўша давр шаҳар маданияти, ҳунармандчилиги ва кундалик турмуш тарзини комплекс равишда ўрганиш имконини беради.

 

 

Ўзбекистон тарихи давлат музейи КП – 2166.

 

Темурийлар даврига оид совут биргина Ўзбекистон тарихи давлат музейида эмас, Амир Темур музейида ҳам намойиш этилмоқда. Улар икки дона. Биринчиси тўртбурчак шаклга пўлатдан ясалган. Иккинчиси пўлат симлардан тўқилган. Мазкур совутларнинг барчаси каррозияга учраган. Уларни реставрация қилиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири. Темурийлар даври қуролсозлиги, ҳунармандчилиги, дипломатияси, маданий ва бошқа соҳалардаги муваффақиятини дунёга танитиш ва келажак авлодга етказиш шу юртнинг фарзанди сифатида барчамизнинг бурчимиз.

        

Сарвар БОЙМИРЗАЕВ,

Алфраганус университети Ижтимоий фанлар факультети

Халқаро муносабатлар ва тарих кафедраси в.б. доценти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34504
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//