Бобурий Ҳумоюн Мирзонинг уч ўғли бўлиб, тўнғич фарзандининг исми Алъамон эди. Бу исмни хушламаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Отини Алъамон қўймишсен. Тенгри муборак қилғай. Вале бовужудким, ўзунг битибсен, мундин ғофил бўлубсенким, касрати истеъмол била авом Аламо дерлар, ё Эл Амон дерлар, ўзга мундоқ алиф-лом отта кам бўлур”, деб ёзган. Шаҳзода гўдаклигида вафот этган. Иккинчи ўғли дунёга машҳур буюк Акбаршоҳ, учинчиси 1544 йили Моҳи Чучук бегимдан туғилган Муҳаммад Ҳаким Мирзодир.
Ҳумоюншоҳ ўғли Муҳаммад Ҳаким Мирзога Кобул ҳокимлигини берган эди. У етти ёки саккиз ёшида Кобул тахтига ўтирган бўлса, 1585 йилгача бу ўлкани идора қилган. Шаҳзода ёш бўлгани сабабли давлат ишларини Моҳи Чучук бегим юритган.
Шаҳзода улуғ устозлардан илм ўрганган. Тазкиранавис Мутрибий Самарқандий “Тазкират уш-шуаро”да ёзишича, “Илмларни олимлар олими, холиқ ва халқ олдида мақбул қози Муҳаммад Содиқ охунд (Самарқандий) суҳбатида қўлга киритиб, замон ягонаси ва жаҳон дурдонаси бўлган эдилар”. “Тарихи томм” асарида ҳам бу алломанинг муайян муддат Муҳаммад Ҳаким Кобулий ҳузурида бўлгани қайд этилган: “Сўнг Самарқанд вилоятидан Байт ул-ҳарам сари бормоқ ниятида Ҳиндистон тарафга жўнадилар. Он ҳазратнинг ходимларини Кобул вилоятида аёлатпаноҳ, ҳукуматдастгоҳ Муҳаммад Ҳаким подшоҳ ибн Ҳумоюн Мирзо ибн Бобур Мирзо ибн Умаршайх Мирзо ибн Султон Абу Саид Мирзо ибн Султон Муҳаммад Мирзо ибн Мироншоҳ Мирзо ибн Амир Темур Кўрагон таклиф қилиб, бир неча вақт Ҳазрати Охунд мулозаматида бўлдилар. Баъзи китобларни бу саодатли зот ҳузурида тасҳиҳ қилдилар”.
Муҳаммад Ҳаким истеъдодли бастакор эди. Тазкиранавис Мутрибийнинг ёзишича, “Жаноб Жамолиддин ҳофиз Абдурраҳим музаҳҳиб ул зотни роса таърифлар ва ушбуларни айтар эди: “Жаноб салтанатпаноҳий (Муҳаммад Ҳаким Мирзо) мусиқа илмида ҳам ажиб маҳоратли эди. Зарбу нутқи мувофиқ тушар ва нағмалари товуши ҳиддат (баландлик) ва сақилда (оғирлик) бир-бирига мутобиқ ва тўғри келар эди. “Ҳусайний” оҳангида “Даври шоҳий” усули билан дилкаш бир нақш боғлаганларким, ийқоъ қонунлари созандалари ва таълиф вазнлари навозандалари ул амалга бир овоздан таҳсинлар айтадилар ва шунингдек, “Рост” оҳангида “Ҳафиф” усули билан жуда яхши бир Савт ул-амал боғлаган эдилар”.
Шаҳзода ажойиб шеърлар ҳам битган. “Тазкират уш-шуаро”да мана бундай сўзларни ўқиймиз: “Шеърлари ёниб-куйиб айтилган ва сўзлари дилларни алангалатувчидир. Қозилар қозиси жаноб қози Муҳаммад Ориф бин қози Муҳаммад Содиқ Самарқандий бу фақирга (Мутрибий Самарқандий) “Ушбу матлаъ ул ҳазрат салтанатпаноҳ табъи ганжинасидандир” деган эдилар:
Чун шамъ сӯхтам зи ғамат, сарвинози ман,
Равшан нагашт пеши ту сӯзу гудози ман.
Мазмуни: Сарвинозим, шамдек куйдим, хира тортдим, / Сен ул куйиб-ёнишимни сира билмадинг.
Ўз замонининг назм аҳли Муҳаммад Ҳаким Мирзо Кобулий ижодига юқори баҳо берган. Тазкираларда унинг ижодидан намуналар келтирилган.
Мутрибийнинг шоҳидлик беришича, шаҳзоданинг “шариф мажлиси доимо олиму фозиллар ва шоирлар йиғини бўларди”. Кобул саройи шоирлар билан гавжум бўлар, бундай шеърият кечаларида шаҳзоданинг ўзи ҳам шеър айтар эди.
Тарихий манбаларга кўра, Ҳумоюншоҳ вафотидан сўнг унинг бекларидан бири термизлик Абулмаолибек Акбаршоҳга қарши фитна уюштириб, саройдан қочади ва Моҳи Чучук бегим ижозати билан Кобулга келади ва Муҳаммад Ҳаким Мирзонинг синглиси Фахринисога уйланади. “Абулмаоли Кобулда ёш шаҳзоданинг ишончига кириб, сарой бекларини бирин-кетин ҳар хил иғволар билан йўқотишга ҳаракат қилади. Унинг мақсади Кобул вилоятини Акбаршоҳ қўл остидан чиқариб олиш эди. Ёш шаҳзоданинг отабеги Ҳайдар Қосим ва Моҳи Чучук бегим Абулмаолининг ғаразли кирдикорларидан воқиф бўлиб, уни бу йўлдан қайтаради. Шундан сўнг 1564 йил март ойининг охирида Абулмаоли қайнонаси Моҳи Чучукбегим ва бир неча бекларни ўлдириб, ёш шаҳзодани ўз ҳимоясига олиб, Кобулда мустақиллик байроғини кўтаради”, деб ёзади тарихчи Турғун Файзиев.
Шаҳзоданинг отабеги Ҳайдар Қосим Абулмаоли таъқибидан қочиб, Бадахшон ҳукмдори Сулаймоншоҳ ҳузурига боради ва Кобулни забт этишга даъват қилади. Сулаймоншоҳ Кобулга бостириб келади. Икки ўртада бўлган жангда Абулмаоли қўшини мағлубиятга учрайди, ўзи қатл этилади. Сулаймоншоҳ Кобулда ишончли бекларини қолдириб, Бадахшонга қайтади. Шу ерда туриб, Кобулни ишғол этиш учун яна бекларини юборади. Бу режадан хабар топган Кобул аъёнлари Муҳаммад Ҳаким Мирзо бошчилигида бадахшонликларни маҳв этади. Сулаймоншоҳ тезда қўшин тўплаб келиб, Кобулни эгаллайди. Муҳаммад Ҳаким Мирзо акаси Акбаршоҳ ҳузурига нажот излаб боради; у Сулаймоншоҳга қарши катта қўшин юборади. Қудратли Акбаршоҳнинг қўшинига тенг келолмаслигини сезган Сулаймоншоҳ Кобулни ташлаб, Бадахшонга чекинади.
“Миръот ул-олам” асарида ёзилишича, шаҳзода Муҳаммад Ҳаким Мирзо ҳатто Ҳиндистон тахтини эгаллаш учун уриниб кўрган. Аммо шаҳзода Мурод (Акбаршоҳнинг ўғли) уни тор-мор қилади. Акбаршоҳ эса ўгай укасининг гуноҳини кечиб, унга яна Кобул вилоятини қайтариб беради.
Муҳаммад Ҳаким Мирзо 1581 йили 15 мингли қўшин билан Лоҳургача боради. Бироқ саркарда Ман Сингҳ унга зарба бериб, Кобулга қайтариб юборади. Акбаршоҳ катта қўшин билан укасини таъқиб қилиб, Кобулга келади. Муҳаммад Ҳаким Мирзо тоққа қочиб кетади. Акбаршоҳ яна инисининг гуноҳидан ўтиб, Кобулни унга қолдиради.
Т.Файзиевнинг ёзишича, “Муҳаммад Ҳаким Мирзо бўш ва қатъиятсиз киши эди. Ичкиликка ниҳоятда ружу қўйган эди... У айш-ишратга муккасидан кетган ва шунинг оқибати ўлароқ 1585 йилда навбатдаги майхўрликдан сўнг ётоқхонасида вафот этади”.
Муҳаммад Ҳаким Мирзо ижоди, Кобул саройидаги адабий муҳит ҳақида маълумотлар кам. Келажакда топиладиган янги маълумотлар мумтоз адабиётимиз тарихини бойитишга хизмат қилса ажаб эмас.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
Жараён
Тарих
Мафкура
Ватандош
Тарих
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ