Мафкура – жамиятнинг маънавий-руҳий таянчи, миллат ва давлат тараққиётининг ғоявий асоси ҳисобланади. У халқни бир мақсад атрофида бирлаштиради, ёшларни тарбиялайди, миллий манфаатларни тамсил этади. Мaфкурa муайян ғoялaрни ёйиш, тaрғиб этишга хизмат қилиб қолмай, фуқaрoлaрни улуғвор ҳaрaкaтлaргa ундайди.
“Мафкура бу – шунчаки ғоявий таълимот эмас, балки бутун жамиятнинг мафкуравий тузилиши, олам, инсон тўғрисидаги, дунёда шахс ҳаётининг мазмуни ҳақидаги фалсафий, илмий, эстетик, ахлоқий, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, социологик билимлар ва қадриятлар мажмуи. Шу билан бирга, мафкура жамият келажагининг энг яхши тарзда қурилиши тўғрисида тасаввур ҳам беради” деб ёзади профессор Қиём Назаров (Назаров Қ. Мафкура. Тошкент, Республика миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, 2014. 12-бет).
Сиёсий мaфкурaнинг ҳaқиқий “вaзни” унинг aсoсий функциялaри вa жaмoaт oнгигa тaъсир дaрaжaсига боғлиқдир (Новейший политологический словарь. Д. Погорелый, В. Фесенко, К. Филиппов. Ростов-на-Дону, “Феникс”, 2010. Стр. 100). Илмий тилда айтганда, сиёсий мaфкурaнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
1) мўлжaллaнгaнлик: жaмият, ижтимoий ҳaёт, шaxс, ҳoкимият ҳaқидaги фундaмeнтaл ғoялaрни ўз ичигa oлгaн ҳoлдa, инсoн фaoлиятининг йўнaлишлaри тизимини бeлгилaб бeрaди;
2) сaфaрбaрлик: сиёсий идeaлгa эришиш йўлида кучлaр, вoситaлaр, рeсурслaр вa ички зaxирaлaрни фaoллaштиришгa кўмаклашади;
3) интeгрaтивлик: сиёсий мaфкурa индивидуaл ёки гуруҳ мaнфaaтлaридaн устун бўлиши бaрaвaридa бирлаштирувчи oмил саналади;
4) амoртизaция: жaмият, гуруҳ, шaxс эҳтиёжлaри вa улaрни қoндиришнинг рeaл имкoниятлaри ўртaсидa нoмувoфиқлик мaвжуд бўлгaн вaзиятдa ижтимoий кeскинликни юмшaтaди.
Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнти Шaвкaт Мирзиёев мaфкурa мaсaлaсигa эътибoр қaрaтиб, жумладан, бундай деган эди: “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак” (2017 йил 15 июнь куни бўлиб ўтган “Ижтимoий бaрқaрoрликни тaъминлaш, муқaддaс динимизнинг сoфлигини aсрaш – дaвр тaлaби” мaвзусидaги aнжумaндa сўзлaнгaн нутқ. https://president.uz/uz/lists/view/649).
Сир эмас, дунё майдонида биринчи навбатда ёшларнинг онгу қалбини эгалламоқ учун беаёв кураш кечмоқда. Шунга кўра, мамлакатимизда ҳам ёшлар тафаккурида мафкуравий бўшлиқ юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янгидан таъсис этилган Ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги залварли вазифаларни ўз зиммасига олди. Ҳукумат ҳам ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаётир. Аммо кейинги йилларда ёшларнинг тафаккур дунёси билан боғлиқ воқеаларни таҳлил қилар эканмиз, мамлакатимизда миллий мафкурани ёшлар онгига сингдириш механизми ишлаб чиқилмагани ва у комплекс равишда қўлланмагани боис айрим салбий ҳолатлар юзага келганига шоҳид бўламиз.
Миллий мафкура хусусида сўз борар экан, йирик мафкуравий таҳлил марказлари фаолиятини кўздан қочирмаслигимиз керак. Мaфкурaвий мaркaзлaр – муaйян ғoяни илгaри сурувчи, тaрғибoт вa тaшвиқoтнинг турли усул, вoситaлaри oрқaли oдaмлaр oнги, руҳиятигa тaъсир этувчи тaшкилoт ёки муaссaсaлaрдир. Ғарб ва Шарқ ўртасида мафкуравий кураш кечаётган ҳозирги паллада айрим хорижий давлатлар мaxсус xизмaтлaри тoмoнидaн ғоявий қўпoрувчилик фaoлияти ҳам олиб борилмоқда. 1950-йиллар бошида АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Aллeн Дaллeс илгaри сургaн “инсoн руҳиятигa тaъсир этиш” стрaтeгиясидa собиқ Иттифоққa мафкуравий босим ўтказиш вазифаси ҳам белгиланган эди. “Инсoнлaрни бoлaлик вa ўсмирлик дaврлaридaн бoшлaб ўз измимизга бўйсундирамиз, aсoсий эътибoрни ёшлaргa қaрaтиб, улaрни мaънaвий-axлoқий қадриятлардан узоқлаштирамиз, фaҳш йўлигa киритaмиз, тушкунликкa туширaмиз” дейди рус адиби Анатолий Ивановнинг “Мангу чорлов” романидаги салбий персонаж. Бундай ғaрaзли фикр ўтгaн aсрдa aйтилгaнигa қaрaмaй, ҳозир ҳaм ўз aҳaмиятини йўқoтмaгaн, деб ҳисоблайди профессор Илёс Исломов (Ислoмoв И. Мaънaвий xaвфсизлик. Мoнoгрaфия. Тошкент, “Complex Print”, 2023. 75-бет).
Бугунги кунда ижтимoий тaрмoқлaрнинг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Виртуал платформалар ўсмирлaрнинг мулoқoт вa мaълумoт aлмaшувгa бўлгaн эҳтиёжини мaқбул дaрaжaдa қoндирaди. Ижтимоий тармоқларнинг 1990-йиллардан кейинги жадал тараққиёти дунёни икки қисмга бўлиб юборди: онлайн ва оффлайн. Ҳозир жаҳонда ўнлаб йирик ижтимоий тармоқлар бўлиб, улардаги аккаунтларнинг умумий сони 6 миллиарддан ошган. Тадқиқотларга кўра, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари асосий қисмини 16 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бу жабҳада айнан ёшлар фаол эканини инобатга олсак, онлайн платформалар улкан имконият ва айни чоқда катта хатар эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Тан олиш жоизки, биз истиқлол йилларида Ғарб тарғиботига қарши турадиган таълим технологияларини ҳам, индивид, шахс юксалишига хизмат қиладиган усул-услубларни ҳам ярата олмадик. Назаримизда, айнан миллий мафкура жабҳасидаги кемтикликлар сабаб жамиятда қуйидаги маънавий йўқотишлар юз берди.
I. Миллий ўзлик ва бирдамлик: миллатнинг турли қатламлари ягона мақсад теграсида бирлаша олмади; ёшларда миллий ғурур, ўз тарихига ва маданий меросига садоқат заифлашди; этник ва маданий хилмахиллик ҳамда миллий ғоя доирасида уйғунлашган ҳолда яшаш кўникмаси шаклланмади.
II. Ёшлар онгида ғоявий бўшлиқ: диний экстремизм, миссионерлик каби ёт ғоялар тарқалди; ёшларда мафкуравий иммунитет ва ташқи таъсирга қарши ҳимоя қобилияти сусайди.
III. Давлат ва жамият барқарорлиги: иқтисодий-сиёсий жабҳада беқарорликлар кузатилди; фуқароларнинг давлат сиёсатига ишончи ва умиди сўнаёзди; жамиятдаги ижтимоий келишмовчиликлар ғоявий асосда юмшатилиш ўрнига куч воситалари, маъмурий йўллар билан ҳал этилди.
IV. Таълим ва тарбия самарадорлиги: ёшларнинг билим олиши, маънавий баркамоллик ва ватанпарварлик бобида оқсашлар рўй берди; мутасадди вазирлик ва идоралар, сиёсий элита, зиёлилар, жамоатчилик вазиятга тўғри баҳо бериш ўрнига муаммодан ўзини четга тортди; шахс тарбиясига хизмат қилувчи миллий методология ишлаб чиқилмади.
Хонаси келди, коллеж ва лицейлар тизими ҳақида икки оғиз изоҳ бериб кетсак. Маълумки, Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури (1997) асосида коллеж ва лицейлар тизимига асос солинди. Унга кўра, 9-синфдан кейин ўқувчилар умумий ўрта таълимга эмас, балки касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейларга йўналтирилди. 1997–2009 йиллар мобайнида ҳудудларда шошмашошарлик билан коллежлар қурилиб, давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ сарфланди. Шу йўл билан мактабдан кейин ўқувчиларни касбга йўналтириш ва меҳнат бозорига тайёрлаш кўзда тутилган эди. Мақсад назариядан амалиётга яқинлашиш, қисқа вақтда ишлаб чиқариш соҳалари учун кадрлар тайёрлаш эди. Аммо бу режа тўлиқ рўёбга чиқмади. Гап шундаки, эзгу ғоя меҳнат бозори билан уйғунлашмаган, коллежларда ўқув дастурлари ва ўқитувчилар салоҳияти замондан ортда қолган, ёшларнинг танлов ҳуқуқи чекланган (зотан, 9-синфдан кейин ҳамма мажбурий равишда коллежга юборилган), боз устига, ўқувчиларнинг руҳий-маънавий тайёргарлиги ҳаминқадар эди.
Сифатли инфратузилма йўқлиги ҳам вазиятга таъсир кўрсатмай қолмади: айрим туманларда замонавий лабораториялар, устахоналар етишмас, коллежлар марказдан чеккароқда жойлашган, бу эса давомат кўрсаткичини тушириб юборар эди. Шу тариқа баъзи йилларда 60–70 фоиз коллеж битирувчилари университетга кира олмади. Олий таълимга жалб этилмаган ёшлар армияси шакллана бошлади – кейинроқ биз уларни “уюшмаган ёшлар” деб атадик. 1997–2010-йилларда жамият ўрта махсус дипломли мутахассисларга иш топиш муаммоси билан тўқнашди.
Сираси, коллеж тизими ўзини оқламади. Таълимдаги ислоҳотлар, аниқроғи, экспериментлар миллат болаларининг фикрий ўсишига хизмат қилмади, бир авлод бой берилди. Коллеж битирувчиларининг шахсий ҳаётидаги норасолик, моддий ва маънавий камбағалликнинг сабаб-оқибатлари ҳали холис, тўлиқ тадқиқ этилмаган.
Янги даврга келиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таълим тизимининг жиддий равишда ислоҳ қилингани ҳаётий зарурат маҳсули эди. 2017 йилдан кейин тизим қайта кўриб чиқилди ва 11 йиллик умумий таълим тикланди. 2026 йил 1 сентябрдан эътиборан 12 йиллик мактабга ўтиш режаси эълон қилинди.
V. Халқаро имиж ва ташқи сиёсат: миллий ғоя тизимли йўлга қўйилмагани боис Ўзбекистон ташқи сиёсатда кучли мақом-мавқега эга бўлмади; миллий ғоя ва мафкура халқ дипломатиясида “бренд”га айланмади.
VI. Иқтисодий ривожланишда мафкуравий омилнинг ўрни: миллий ғоя иқтисодий, ишлаб чиқариш жараёнларида пойдор бўлганида идора ва ташкилотларда меҳнат интизоми, масъулият, ҳалолликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш бобида киройи натижаларга эришиларди. Мафкуравий омил инобатга олинмагани сабабли баъзи соҳаларда коррупция ва шахсий манфаатлар кучайиб кетди.
Дарахт илдизи билан тирик, мафкурани ҳам жамиятнинг теран томирига менгзаш мумкин. Мафкурасизлик ортидан мамлакат ҳаётида жиддий салбий оқибатлар юзага чиқади. Аввало, миллий бирликнинг заифлашуви жамиятда парокандалик, ижтимоий бирдамликнинг йўқолишига олиб келади.
Мамлакатимизда сўнгги ўн йил мобайнида жадал иқтисодий ислоҳотлар кечмоқда. Хўш, маънавий-мафкуравий жабҳадаги вазият билан ҳам мақтана оламизми?
Айрим ёшларнинг маънавий таянчсиз яшаётгани радикал ғоялар, экстремизм ва турли ёт таъсирларга мойилликни кучайтиради, албатта. Ижтимоий тармоқларда тарқалган “четга суриш” кампанияси замирида ҳам мафкурасизлик хасталиги ётибди дейиш мумкин.
Мафкурасизлик мамлакатдаги сиёсий жараёнларда узвийликка ҳам рахна солади. Айрим юртдошларимизда ижтимоий фаоллик суст экани ана шу жиҳат билан изоҳланса ажаб эмас.
Маънавий таназзул аломатларидан кўз юмиш туяқушнинг таҳликани сезган вақтда бошини қумга тиқиб олишига ўхшайди. Мафкура ҳақида сўз очилса, айримлар бу тушунчани эркинлик кушандаси дея янглиш талқин қилади. Ҳолбуки, мутараққий дунёда, демократик давлатларда ҳам мафкура алоҳида ўрин тутади.
Европа ҳам бунёдкор, ҳам вайронкор ғоялари билан маълуму машҳур. Либерализм, социализм, фашизм, анархизм, корпоратизм, марксизм, социал демократия, христиан демократияси, консерватизм, национализм каби турли-туман ғоялар, мафкуралар шу минтақада шаклланган.
Замонавий Европада мафкуралар мамлакатларнинг тарихий тараққиёти, сиёсий тизими, иқтисодий модели ҳамда маданий анъаналарига боғлиқ ҳолда ривожланган. Ҳозирда Европа интеграцияси мафкураси устувордир. Хусусан, “европалик” ғояси, яъни Европа Иттифоқида умумий қадриятларни шакллантириш, ягона сиёсий, иқтисодий макон қуриш ғояси кенг тарқалган. Қайд этиш жоизки, Европа давлатлари XX асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан мафкуравий плюрализм муҳитига ўтган, яъни “кўҳна қитъа”да турли ғоя ва қарашлар ўзаро рақобатда.
Хитой бу борада бошқача йўл тутган. ХХР тараққиёт моделида мафкура давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мисол учун, таълим тизими ғоявий тарбия билан уйғунлашган бўлиб, мафкурага муштарак тарзда буюк файласуф Конфуций мероси, анъанавий хитой қадриятлари тарғиб этилади. Кўзланган мақсад жамиятда “Хитой йўли”га ишончни мустаҳкамлаш, миллий ғурурни кучайтиришдан иборатдир. Миллий медиа ва “WeChat”, “Weibo” каби маҳаллий ижтимоий тармоқларда ҳам давлат мафкураси тарғиб-ташвиқ қилинади.
Хитой атоқли ислоҳотчи Дэн Сяопин раҳбарлик қилган 1980-йиллардан бошлаб Ғарб либерализмига муқобил миллий тараққиёт моделини илгари суриб келади. Яъни ХХР ягона мафкура асосида қурилган давлатдир. “Мактабларда изчил равишда мафкурага оид дарслар ўтилади. Ҳар бир хитойликдан “Беш нарсани – мамлакатни, халқни, меҳнатни, илмни ва социализмни севаман” шиорига садоқат талаб этилади” (қаранг: Marianne Bastid. Education, Youth and Social perspectives in the early 1980s / China in the 1980 – and beyond. Studies in Asian topics. 1986, № 9. Copenhagen. P. 15-17).
Японияда ҳам мафкура халқ руҳиятига сингиб кетган. Ҳар бир жамоада ижтимоий битим – консенсус тизими устун мақомда: битим ижтимоий нормага мос келмаса, ҳуқуқий кучга эга бўлмайди. Атоқли олим Байган Исида (1685–1744) илгари сурган этика қоидаларига кўра, ишчилар ва тадбиркорлар сиёсатдан узоқда юриб, давлат сиёсатига аралашмайди.
Кунчиқар ўлка маданиятида 和 (wa) тушунчаси марказий ўрин тутади. Ушбу иероглифнинг маъноси уйғунлик, тинчлик, ҳамжиҳатлик демакдир. Маълум маънода у япон ўзлигини ҳам англатади. Демак, япон жамиятида можаро ва келишмовчиликка йўл қўймай, аҳиллик ва бирдамликни сақлаш, шахсий манфаатдан жамоа манфаатини устун қўйиш, мўътадиллик ва сабр тамойилларига риоя этиш асосий қоида ҳисобланади.
Совет Иттифоқи тажрибасидан олинган асосий сабоқ шуки, тарих саҳнасидан супуриб ташланган вайронкор мафкура ўрнига дарҳол бунёдкор мафкура таклиф этилмас экан, ёт ғоялар, таълимотлар кучайиб кетади. Бизнингча, Ўзбекистонда ҳам миллий мафкура жабҳасида бир қатор чораларни амалга ошириш лозим.
Биринчидан, мафкуравий сиёсатни давлат стратегияси даражасига олиб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Мафкурани фақат маънавий тарғибот соҳаси дея чеклаб бўлмайди. Шунга кўра Ўзбекистонда Миллий мафкура концепцияси ишлаб чиқилиши, унда мафкуравий сиёсатнинг мақсади, вазифалари, баҳолаш индикаторлари ва мониторинг тизими аниқ белгиланиши керак.
Иккинчидан, таълим тизимида мафкуравий тарбияни кучайтирмоқ лозим. Жумладан, ўрта ва олий таълимда “Миллий ғоя ва мафкура”, “Миллий қадриятлар” фани ва амалиёт дарсларини замонавий методлар асосида қайта ташкил этиш, ёшларда танқидий тафаккур, миллий ифтихор ва ватанпарварликни шакллантиришга қаратилган интерактив дастурлар жорий этиш, педагоглар учун “Мафкуравий педагогика” фани бўйича қайта тайёрлаш курсларини жорий қилиш муҳимдир.
Учинчидан, ахборот маконида миллий мафкурани ҳимоя қилиш лозим. Интернет ва ижтимоий тармоқларда мафкуравий курашни янги шаклда олиб бориш, жумладан, миллий ғоя ва қадриятларни тарғиб қилувчи медиа контент (видео, подкаст, сериал, мультфильмлар) яратиш, Мафкуравий мониторинг марказини ташкил этиш, журналистлар, блогерлар ва ижтимоий фаоллар учун “Мафкуравий коммуникация” фани бўйича махсус курслар ташкил этиш давр талабидир.
Тўртинчидан, ёшлар сиёсатида мафкуравий ишни тизимлаштириш керак. Ёшлар – мафкуравий барқарорликнинг асосий субъектидир. Мафкуравий тарбия йўналишида Ёшлар иттифоқи, ёшлар парламентлари ва волонтёрлар фаолиятини кучайтириш; миллий ғоя руҳида ёшлар форуми, дебат клублари, инновацион ғоялар танловларини ташкил қилиш; ёшларга тарих, маданият ва миллий анъаналарни замонавий визуал воситалар орқали етказиш лозим.
Бешинчидан, илмий-тадқиқот ва фалсафий асосни мустаҳкамламоқ даркор. Мафкура фақат шиорбозлик эмас, у илмий, фалсафий асосга эга бўлиши керак. Фанлар академияси, университет ва институтларда Миллий ғоя ва мафкура тадқиқот марказларини ташкил қилиш, мафкуравий таҳдидлар бўйича мунтазам таҳлиллар ўтказиш зарур.
Олтинчидан, маданият ва санъат орқали таъсирчан мафкуравий муҳит яратиш ҳам муҳим. Мафкура оддий сўз билан эмас, ҳис ва образ орқали қалбга кирса, унинг таъсири кучли бўлади. Миллий ғояни ёшларга театр, кино, адабиёт ва мусиқа асарлари, қолаверса, замонавий форматдаги маданий лойиҳалар орқали етказиш вақти келди.
Еттинчидан, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини кучайтиришда ҳам гап кўп. Мафкура нафақат давлат шафелиги, балки жамоатчиликнинг фаол иштирокида такомиллашади. Шу боис ННТ, маҳалла, оила ва таълим муассасалари ўртасида мафкуравий ҳамкорлик платформасини яратиш лозим.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи ренессанс пойдеворини қўйиш каби эзгу ғояларни амалга ошириш халқимиздан сиёсий ирода, кучли билим, кенг дунёқараш ва юқори сиёсий маданиятни талаб қилади. Ўзбекистонда мафкурани кучайтиришнинг тизимли ечими бу – бошқарув, таълим, маданият, ахборот ва фуқаролик жамияти соҳаларини бир бутун мафкуравий тизимга айлантиришдан иборат. Бу тизимнинг асосий тамойили қуйидагича бўлиши лозим: “Бир ғоя – бир мақсад – бир руҳ”. Бизнингча, ушбу концепция миллий бирдамлик ва маънавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бахтиёр ОМОНОВ
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Илдизидан узилган оғоч” мақоласи
Тарих
Ватандош
Тарих
Ватандош
Маънавият
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ