Қадимги жамиятлар маънавий ҳаётининг шаклланиши ва ривожланишида ижтимоий-иқтисодий фаолият турлари, хусусан, чорвачилик муҳим ўрин тутган. Турон цивилизациясининг илк босқичларидаёқ ҳайвонлар хўжалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлибгина қолмай, диний-мифологик дунёқарашларни ҳам акс эттирган. Археологик топилма ва маросим анъаналари таҳлили қадимги туронликлар ҳайвонларга, айниқса, сигир, от, туя, илон, бургут каби жониворларга алоҳида ҳурмат билан қараганини кўрсатади.
Турон ҳудудида яшаган қадимги аҳоли орасида ҳайвонларга сиғиниш (зоолатрия) ва уларни илоҳийлаштириш илмий жиҳатдан ўрганилиши лозим. “Авесто” ва қадимги ёзма манбаларда учрайдиган ҳайвонларга оид тасвирлар бу дунёқарашнинг мифологик илдизини ёритишга хизмат қилади. Шулар орқали чорвачилик қадимий турон аҳолиси тафаккурида фақат моддий маданият унсуригина эмас, балки маънавий-ахлоқий қадрият сифатида шакллангани, диний эътиқодлар билан боғлиқлигини асослаш мумкин.
Қадимги туронда чорва ҳайвонларини илоҳийлаштириш моддий ашёларда инъикос этади; у зоолатрия, тотемизм ва теротеизм кўринишида бўлган. Яккахудолик ёйилмаган ҳудудларда зоолатрия одатлари узоқроқ давом этган.
Сигирнинг зоолатрик хусусият касб этганини “Авесто”да ҳам кузатиш мумкин. Унга кўра, даставвал эркак ва урғочи бузоқ, сўнг барча турдаги ҳайвонлар жуфт-жуфт бўлиб яралган.
Зоолатрик ҳайвонлардан бири – “бақтрияликлар туяси” деб аталган икки ўркачли туядир. Унинг терракота, сополдан ясалиб, сирланмаган ва ранг берилмаган ҳайкаллари мавжуд. “Авесто”да туя кучли, баджаҳл ҳайвон дея тилга олинади. Зардуштийлик дини асосчисининг исмидаги (Зараоустра) “устра” сўзи туяни англатиши бу ҳайвоннинг илоҳийлик белгисидан дарак беради.
“Массагетларда улуғланган ягона худо бу – Қуёшдир. Қуёшга отни қурбонлик қиладилар. Чунки худога дунёдаги энг чаққон, тез чопар жонлиқни қурбон қилиш лозим деб ўйлайдилар” деб ёзади тарихчи Ҳеродот (Геродот. История в девяти книгах. Книга I. Ленинград, 1972. стр. 216).
Жарқўтон ибодатхонасининг мудофаа деворларига ўрнатилган буржларни очиш давомида фақат Евросиёнинг кўчманчи халқларига хос от сувлуғи топилган (Шайдуллаев Ш., Дитрих Х. некоторые результаты работ Узбекско-Германской экспедиции на городище Джаркутан. // ИМКУ. вып. 30. самарканд, 1999. стр. 25). У йирик ҳайвон шохидан айлана шаклида ясалган, диаметри – 13, қалинлиги – 1 см. Марказида диаметри 1,5 см келадиган тешик, сувлуқ чеккаларида ҳам диаметри 7 мм бўлган тўртта тешикча жойлашган. Сувлуқнинг юза қисмида тўртта тиш шаклидаги бўртиқ ҳам бор.
Сувлуқ Евроосиё минтақасида, Андроново маданияти ёдгорликларида, хусусан, от қўшиб кўмилган бой аҳоли қабрларида кўплаб топилган. Жарқўтондан жанубда жойлашган жез даври ёдгорликларида эса бу буюм учрамаган.
Сув ҳавзаларига яқин аҳолида балиққа оид эътиқодий қараш шаклланган (Азизов А. Ўзбек халқининг ҳайвонот оламига оид қарашлари. Тошкент, 2024. 62-бет). Масалан, Хоразмдаги Жонбосқалъа археологик материаллари орасидан турли ҳайвон қолдиқлари билан биргаликда балиқ суяклари топилган. Балиқ қилтаноғидан тумор сифатида фойдаланилган. Хусусан, ёш болаларнинг бош кийимига осиб қўйилган.
Хоразмда қадимдан ит билан дафн этиш маросими мавжуд бўлган. Бунинг учун алоҳида ит боқилган. Итга оид қадимдан шаклланган ижобий тасаввурлар шуни кўрсатадики, зардуштийлик жониворларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни тарғиб этган.
Туроннинг шимолида одамни от, қолган ҳудудларида эса қўй ва эчки билан дафн этиш одат тусига кирган (ўша манба, 63-бет). От билан дафн этиш дунёнинг бошқа халқлари, жумладан, славянларга ҳам хос эди. Уларнинг тасаввурига кўра, от ҳам аслида инсон бўлган. Унинг инсонга айланиши учун эса махсус маросим ўтказилиб, отнинг боши олинган ва шу ҳолда дафн этилган (Пикалов Д. Мифология и космогония ираноязычных кочевников Евразии. Москва, 2011. Cтр. 22).
Гонуртепа ёдгорлигида от ёки туя билан дафн қилинган қабрлар аниқланган. Энасой дарёси ҳавзасидаги қадимий кўчманчилар манзилгоҳларига оид эски қабрлар очилганида улардан қўй, от ва буқа суяги қолдиқлари топилган (“Ўзбек халқининг ҳайвонот оламига оид қарашлари”, 64-бет).
Турк хоқонлиги даврида марҳумни севикли оти ёки эгар-жабдуқлар билан бирга қўшиб кўмиш анъанаси бўлган. Ўрхун водийси, Олтой ва Еттисув мозор-қўрғонларида кенг ёйилган бу одат билан боғлиқ топилмалар Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳам аниқланган.
Демак, қадимги Турон халқларининг диний-фалсафий қарашларида ҳайвонлар алоҳида ўрин тутган. Чорвачиликнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги аҳамияти уларни эътиқодий рамзга айлантирган. Сигир, туя, от, илон, балиқ, қуш, ит ва бошқа жониворлар қадимий дунёқарашда турли тимсоллар – ҳаёт, ўлим, ҳимоя, серҳосиллик, маънавий куч ва маросимий покланиш билан боғланган. Айниқса, Гонуртепа, Жарқўтон, Тиллақазған, Жонбос, Сополлитепа, Пазириқ ва бошқа ёдгорликлар топилмалари ҳайвонларга сиғиниш амалиёти кенг тарқалганини кўрсатади.
Қадимги одамлар ён-атрофидаги ҳайвонот оламини нафақат кундалик ҳаёт учун фойдали ресурс деб билган, балки уларни диний-маънавий тизимнинг ажралмас қисмига айлантирган. Мазкур қарашлар ҳозирги кунгача халқ оғзаки ижоди намуналари, маросимлар ва маданий қатламларда яшаб қолган. Бу эса Турон ҳудудида диний тасаввурлар эволюцияси ва табиат билан уйғунликда шаклланган диний эътиқодлар тизимини англашда муҳим манба ҳисобланади.
Аҳроржон АБДУҒАНИЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
“Тафаккур” журнали, 2026 йил 1-сон.
Ватандош
Ватандош
Маънавият
Мафкура
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ