Ишонч ва ёлғон психопотологияси: иккига бўлинмаган денгиз ва башорат ортидан чорвасини ўлдирган хосалар


Сақлаш
18:35 / 22.04.2026 100 0

Жамоатчилик фикри асосида ўтказилган тадқиқотларга кўра, россияликларнинг аксарияти Украинада содир бўлаётган воқеаларни президент Путин томонидан эълон қилинган мотивлар асосида бошланган махсус операция эканлигига ишончи комил. Бунинг боиси уларнинг қулоғига америкаликлар Украинада фақат русларга зарар етказадиган биологик қурол ишлаб чиқараётгани, Украина шаҳарларини украин авиацияси вайрон қилаётгани, бандерачи гуруҳлар кимёвий, бактериологик ва ядровий қуроллар яратаётгани ҳамда кенг кўламли фейк саҳна кўринишларини ишлаб чиқариш бўйича бутун бир Голливуд саноатини йўлга қўйгани қўрғошиндек қуйилмоқда.

 

Нега одамлар буларнинг барчасига ишонади?

 

Ҳатто воқеликка мос келмаса ҳам, қўшниси ишонган нарсага имон келтириш инсон руҳиятининг тизим ҳосил қилувчи хусусиятидир. Бу ахборот каскади деб аталади. Мақола шу ҳақда.

 

Мемлар

 

ХХ асрнинг энг кўзга кўринган мутафаккирларидан бири, генетик Ричард Докинз ўзининг «The Selfish Gene» (Худбин ген) китобида инсонлар жамиятида мавжуд бўлган бир қатор ўз-ўзидан кўпаювчи объектларни тасвирлаб берган ва уларни генларга ўхшатиб «мемлар» деб атаган.

 

Мем — ўз-ўзидан кўпайиш (репликация) хусусиятига эга бўлган ҳар қандай ахборот бирлигидир. Масалан, мақоллар, технологиялар, мафкуралар ва ҳоказо. Кейинроқ, «деструктив мем» тушунчаси пайдо бўлди. Бу ўз-ўзидан кўпаювчи шундай ахборот бирлигики, кўпайиш жараёнида ўз ташувчисининг ҳалокатига сабаб бўлади.

 

«Деструктив мем» тушунчаси билан деярли бир вақтда замонавий психология ва социологияда «ахборот каскади» атамаси пайдо бўлди.

 

Ахборот каскади инсон бошқа одамларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, ушбу ҳаракатлар унинг шахсий тажрибаси ёки ундаги мавжуд маълумотларга зид келиши мумкинлигига қарамай шу ҳаракатларни такрорлаган пайтда юз беради. Яъни, каскад одамлар «ўзларидаги мавжуд маълумотлардан воз кечиб, бошқа одамларнинг ҳаракатларига тақлидан қарор қабул қилганларида» содир бўлади.

 

Фикрлаш — хато қилиш ҳам демак

 

Фикрлаш бу моделлар қуриш қобилияти, моделлар қуриш қобилияти эса хато қилиш эҳтимоли бор, дегани. Бошқача айтганда, ким хато қилмаса, у фикрламайди.

 

Қадимги мисрликлар қуёшни самовий уммон бўйлаб сузиб бораётган Ра худосининг қайиғи, осмонни эса ўз турмуш ўртоғи Гебнинг устида эгилиб турган маъбуда Нут деб ҳисоблаганларида, улар хато қилган. Аммо хато мавжудлигининг ўзиёқ улар дунё моделини қуришга қодир бўлганининг исботи эди.

 

Дунё моделини қуриш ва қуёш бу қайиқ ёки арава, чана ёхуд от дейиш қобилияти, ушбу моделнинг хатолигидан кўра анча муҳимроқ эди.

 

Ҳар қандай модель иккита функцияни бажаради.

 

Биринчидан, у ишлаётган экан, демак яхши. Бу маънода, «қуёш — бу қайиқ» деб даъво қилувчи дунё модели, магнит бўронларини башорат қилиш мақсадида қуёш фотосферасининг ўзгаришларини ўрганиш зарурати туғилгунга қадар, ўз функциясини аъло даражада бажаради.

 

Иккинчидан, модель бир хил маданият вакилларини бирлаштирувчи метатил ролини ўйнар экан, у яхшидир. Бу маънода, қуёш қайиқми ёки қайиқ эмасми, бу муҳим эмас. Асосийси шуки, барча мисрликлар бу тасаввурни баҳам кўради, айни пайтда эса барча эскимослар қуёшни чана деб ҳисоблайдилар.

 

Бироқ жамият яхлитлигини таъминловчи метатил ҳар доим ҳам ижобий роль ўйнайвермайди.

 

Деструктив мем ва ахборот каскади

 

Мисол учун, жуда фарқли маданиятлар ва даврларда содир бўлган бир нечта воқеани кўриб чиқайлик.

 

1856 йилнинг апрелида Жанубий Африкада хоса қабиласига мансуб ўн тўрт ёшли Нонгкавузе исмли қиз Гсарха дарёси бўйига келиб, башорат эшитади. Аждодлар руҳи унга ваъда беради: агар хосалар бор чорвасини сўйиб, барча экинларини йўқ қилсалар, шундан сўнг тўкин-сочинлик даври келади, аждодлар дунёга қайтиб, оқ танлиларни қириб ташлайди ва йўқотилган нарсалар ўрнини тўлдириш учун ўзлари билан янги чорва олиб келадилар.

 

Қиз «кўрган ваҳийси»ни амакисига, у эса доҳийга айтиб беради. Доҳий башоратга ишонади ва хосалар чорвасини ўлдиришни бошлайдилар. Улар сўнгги дала ёқиб юборилган ва охирги буқа сўйилган куни аждодлар ерга қайтиб, оқ танлиларни ҳайдаб чиқаришига, янги чорва келишига, далалар эса аллақачон пишиб етилган бошоқлар билан қопланишига ишонарди.

 

Бироқ муаммо туғилади. Оддий хосаларда савол пайдо бўлади: нега чорва пайдо бўлмаяпти? Бунга чорвасини сўйишдан ва ҳосилини йўқ қилишдан бош тортган хосалар айбдор деб топилади. Маълум бўлишича, чорвадан ташқари, уни ўлдиришдан бош тортганларни ҳам нариги дунёга жўнатиш керак экан. Шунда ҳаммаси жойига тушармиш. Шундай қилишни бошладилар. Лекин чорва барибир пайдо бўлмасди.

 

Бу ментал эпидемия тушунарли сабабларга кўра 1858 йилга келиб тугади. Лекин бу вақтга келиб 400 мингга яқин чорва моллари сўйилган, 40 минг киши очликдан ҳалок бўлганди.

 

Бошқа бир мисол. 1212 йилда Рейнландлик чўпон Николас муқаддас заминни кофирлардан озод қилиш бўйича «махсус операция режаси» борлигини эълон қилди. Режа ўз пухталиги ва логистик соддалиги билан ҳайратда қолдирарди. Унга кўра, Николаснинг издошлари Ўрта ер денгизини қуруқлик орқали кесиб ўтади, чунки денгиз улар олдида иккига бўлиниб йўл очади. Урушга келсак, у умуман бўлмасди, чунки мусулмонлар озодлик армиясини кўриши билан дарҳол католик динини қабул қилиши керак эди. Николас ўз издошлари билан ҳақиқатан ҳам Генуягача етиб борди, лекин у ерда махсус операция режаси енгиб бўлмас тўсиққа дуч келди: денгиз иккига бўлинмади. Николас Алп тоғлари орқали орқага қайтишда ҳалок бўлди, унинг отасини эса фарзандига қўшилиб ўлганларнинг қариндошлари осиб қўйишди.

 

Бу кейс фанатикларни тўхтатмайди ва худди шу йили 12 ёшли француз чўпон боласи Этен муқаддас заминни озод қилиш бўйича бўлажак операция ҳақида жар солади. Ўзининг ҳақлигини исботлаш учун у ҳатто Франция қиролига «шахсан Исо алайҳиссалом томонидан ёзилган» хатни ҳам кўрсатади. Болалар ва катталар тўп-тўп бўлиб унинг ёнига келар ва йўл-йўлакай дуч келган нарсани талон-торож қиларди. Этен эса мўъжизалар ярата олишини айтарди. У Марселгача етиб боришга муваффақ бўлди, бироқ қўшинининг бир қисми йўлда ўлдирилди, кемаларга чиққанлари эса шунчаки қулликка сотиб юборилди.

 

Учинчи мисол. ХВИ аср охири, ХВИИ аср бошларида бутун Европани жодугарларга қарши кураш эпидемияси қамраб олди. Ушбу даҳшатли жодугарлар шабашга (шайтонлар зиёфатига) учиб борар, Шайтонга сиғинар, дўл, ўлат ва ҳосилсизликни келтириб чиқарармиш. Бундан олдин дунёда сеҳр-жодуга ишонишмаган деб бўлмайди. Шаман, жодугар, сеҳргар, фолбин касблари кўп маданиятларда мавжуд бўлган ва турлича ҳурмат қозонган. Аммо 1560 йиллардаги воқеаларга ўхшаши инсоният тарихида бошқа кузатилмаган.

 

Масалан, 1581 йилда Иоганн фон Шоненберг Трирда архиепископ этиб тайинланади. Ашаддий католик сифатида у аввал протестантларни, кейин эса яҳудийларни йўқ қилишга қарор қилади. Улар тугаб, ўзи яратган зўравонлик аппарати иссиз қолгач, эътиборини «жодугарлар»га қаратади. Натижада 1587 йилдан 1593 йилгача унинг қўл остидаги ерларда 368 киши ёқиб юборилди. 1588 йилга келиб Трир яқинидаги иккита қишлоқда фақат биттадан тирик аёл қолган эди.

 

Кўрсатма олишнинг асосий йўли қийноқ эди. Айбловдан ҳимояланишнинг иложи йўқ эди, чунки айбланувчи уни ким ва нимада айблаётганини билмас, суд эса айбланувчининг мавжудлигини назарда тутмасди. Шу билан бирга, судьялар нуқтаи назаридан, улар даҳшатли қатл ва қийноқларни амалга оширмаётган эдилар. Аксинча, жодугарнинг танасини оловга бериб, унинг руҳини қутқараётган эдилар. «Халос этилган» руҳнинг мол-мулки қутқарувчиларга ўтишини ҳисобга олсак, қутқариш ишлари анча жонли кетарди. Бунда асосий қурбонлар, табиийки, мусодара қилинадиган нарсаси бор одамлар бўлган.

 

Бургомистрлар, шаҳар маслаҳатчилари ва бой савдогарларни ёқишди. Бутун Трир иккига бўлинди: ёқилаётганлар ва инквизиторлар, айбловчилар, нотариуслар, маслаҳатчилар — хуллас, бахтсизларнинг руҳларини қутқариш учун гулханга судраб борадиган ва уларнинг мол-мулкини оладиган бутун бошли «инквизиция ОМОНи». Шаҳар жаллоди худди аслзода сарой аъзосидек, тилла ва кумушга беланиб юрарди, унинг хотини эса кийим ва безакларда аслзода хонимлар билан мусобақалашарди. Худди шундай манзаралар Эйхштадт, Вюрцбург, Фульда, Бамбергда ҳам такрорланди.

 

Англияда эса қирол Яков VI денгиздаги бўрондан омон қолгач, бу бўрон уни йўқ қилмоқчи бўлган жодугарлар томонидан юборилганига ишонч ҳосил қилди, «Демонология» китобини ёзди ва жодугарларни овлаш учун махсус комиссиялар тузди.

 

Бу ҳикояларнинг умумийлиги нимада?

 

Деструктив мем муваффақиятли тарқалиши учун иккита таркибий қисм кераклигини кўрамиз.

 

Биринчиси — ушбу мем натижасида имтиёзли мавқега эга бўладиган бир гуруҳ шахслар. Унинг ҳисобига улар ўз ижтимоий мақомини мустаҳкамлайди ва моддий аҳволини яхшилайди. Нонгкавузенинг башорати унинг тарафдорларини хосаларнинг мутлақ ҳукмдорига айлантирди. Бу одамлар мемнинг бенефициарлари (фойда кўрувчилари) Трир архиепископи каби ҳокимият тепасида бўлишлари шарт эмас, лекин мем уларнинг ҳокимиятини кучайтиради. У маълум вақтга ҳокимиятни мутлақ қилиб қўяди.

 

Бунда бир нуқтани алоҳида таъкидлаш керак: ҳокимият томонидан воқеликнинг инкор этилиши ҳамиша ҳокимиятни маълум вақтга чексиз кучайтиради.

 

Иккинчи таркибий қисм — бу хафа бўлган, фрустрацияга тушган, бахтсиз одамлар бўлиб, уларга бу мем руҳий таскин беради. У уларнинг ҳозирги азоб-уқубатларини компенсация қилади. Сиз ҳаётидан мамнун одамнинг олдига бориб: «Лексусингни ёқиб юбор, шунда сенда олдингидан яхшироқ Лексус бўлади», деёлмайсиз. У: «Менга шу Лексус ҳам етади», дейди. Лекин агар сиз бирон дайдининг олдига бориб: «Латта-путталарингни ёқиб юбор, шунда ер остидан Лексус чиқади», десангиз, унинг паст интеллекти ва юқори даражадаги фрустрацияси сизга имконият беради.

 

Демак, мем юқори контагиозликка (юқувчанликка) эга бўлиши ва сўзлар билан, яъни «ҳаво-томчи йўли» орқали тарқалиши учун иккита гуруҳ мавжуд бўлиши керак:

 

1. Унинг ҳисобига ўз мақомини оширадиган фаол тарқатувчилар гуруҳи;

2. Мем улар учун психологик жиҳатдан қулай бўлган пассив реципиентлар (қабул қилувчилар) гуруҳи.

 

Постфактум

 

Юқорида атайин шундай воқеалар танлаб олинганки, уларнинг хато эканига ҳозир ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бугун кимдир оғзидан кўпик сочиб, Этеннинг ёнида бўлган Исо алайҳиссаломнинг мактуби ҳақиқий эканини исботлашга киришиши ёки агар хоинлик бўлмаганида, Нонгкавузе ваъда қилган мўл-кўл чорванинг ер остидан албатта чиқиб келишини илмий асослаб бериши тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат.

 

Бу мемлар ортга қайтмас даражада ҳалокатли бўлди. Улар жуда вирулент, бутун жамиятни қамраб олган ва қарши туриш фойдасиз эди. Уларнинг ташувчиларига воқеликни эслатишга журъат этган ҳар қандай одам дарҳол ер юзидан супириб ташланарди: жодугар сифатида ёқиб юборилар, саботажчи сифатида ўлдирилар ёки Шайтон элчиси сифатида қозиққа ўтқизиларди. Чунки улар аниқ ҳақиқатни — денгиз тақводорлар олдида иккига бўлинишини, муқаддас замин аҳолиси эса уларни кўриши билан дарҳол католик динига ўтишини инкор қилишга журъат этган бўларди.

 

Бироқ айнан ўзларининг ўта юқувчанлиги туфайли улар ўз ташувчиларининг омон қолишига йўл қўймади. Улар Марбург вируси каби ҳаддан ташқари ўлим сочувчи эди.

 

Воқеликни инкор этиш

 

Воқеликни инкор этиш деструктив мемнинг тизим ҳосил қилувчи хусусияти ҳисобланади. Ҳар гал мем ўзига зид келадиган воқеликка дуч келганда, мем эмас, балки воқелик айбдор бўлиб қолаверган. Чорва сўйилгани, аммо аждодлар янги чорва келтирмагани маълум бўлганда, бунга чорва сўйишга чорлаганлар эмас, балки ҳали чорвасини сўймаганлар айбдор бўлиб чиққан. Ҳар қандай яхши қурилган деструктив мем ўз ташувчиларининг онгида воқеликни йўқ қилишни билади. У воқеликни англаш воситаси эмас. У воқеликни рад этиш воситасидир.

 

Ахборот каскадларига оид яна бир нечта мисолларни кўриб чиқайлик.

 

Милоддан аввалги IV асрда буюк Аристотел ўзининг «Физика» асарида икки жисмнинг ерга тушиш тезлиги уларнинг вазнига тўғри пропорционал эканини таъкидлаган. Вазни оғирроқ бўлган жисм тезроқ тушади. Аслида эса бундай эмас. Бунинг нотўғри эканига ишонч ҳосил қилиш учун иккита тошни оёқ билан тепиб юбориш ва улар пастга бир вақтда етиб боришини кўриш кифоя эди. Уларнинг қулаш тезлиги фақат вазнга боғлиқ эмас. Бироқ Аристотелнинг иддаоси ХВИ аср охирида Галилео Галилей томонидан инкор этилгунга қадар, икки минг йил давомида мутлақ ҳақиқат деб ҳисоблаб келинди.

 

XIX асрда Австрия шифохоналарида туғруқдан кейинги иситма (сепсис) эпидемияси авж олди. Туғаётган аёлларнинг 10 фоизидан 40 фоизигача унинг қурбонига айланарди. 1847 йилда Вена шифохонасида ишловчи венгриялик шифокор Игнас Семмелвейс оддий ечим таклиф қилди: у шифокорларга қўлларини ювишни ва хоналарни хлор билан дезинфекция қилишни илгари сурди. У кўрган чоралар туфайли шифохонадаги ўлим кўрсаткичи 1 фоизгача тушди. Бироқ Семмелвейснинг ғоялари ҳукмрон илмий назарияларга мос келмайди деб топилди ва у масхара қилиниб, фирибгар (шарлатан) сифатида рад этилди. Ҳаётини руҳий касалликлар шифохонасида якунлади. Фақат Пастернинг кашфиётларидан кейингина бу тавсиялар ўз-ўзидан маълум ҳақиқат деб тан олинди.

 

Минг йиллар давомида инсоният жароҳатлар, инфекциялар ва ифлосланишлар билан тўқнаш келган, аммо Семмелвейсгача бирор марта ҳам жароҳатни дезинфекция қилиш кераклиги ҳақида ўйлаб кўрмаган.

 

Худди шундай, қадимги Юнонистонда шифокорлар кесарча кесиш орқали туғдиришни билган. Шу билан бирга, жарроҳларнинг тасаввурига кўра, бачадонни тикиш мумкин эмасди. Натижада, ҳатто ХИХ асрда, анестезия ихтиро қилинган тақдирда ҳам, кесарча кесиш аёлларнинг 100 фоизлик ўлими билан тугарди. Туғаётган аёллар 100 фоиз ҳолатда вафот этарди, лекин бачадонни тикиш мумкин эмасди. Фақат 1882 йилда Макс Сангер исмли жарроҳ таваккал қилиб, бачадонни тикиб қўяди. Ўшандан бери кесарча кесиш туғаётган аёл учун деярли хавф туғдирмайдиган оддий операцияга айланди.

 

Бу ҳолатларнинг барчаси бир қарашда даҳшатли туюлиши мумкин. Қандай қилиб олимлар икки минг йил давомида Аристотелнинг жисмнинг тушиш тезлиги вазнига боғлиқлиги ҳақидаги иддаосини, ҳар сония, ҳар дақиқа ва ҳар кунлик тажриба буни инкор этиб турганда ҳам такрорлашлари мумкин? Антисептиклар ўлимни 35 баравар камайтирган бўлса, Семмелвейсни нега жиннихонагача олиб боришган? Аёлнинг 100% ўлимини кафолатлайдиган операцияни қандай қилиб давом эттириш ва шу билан бирга бачадонни тикиш мумкин эмас деб ҳисоблашган?

 

Аслида, бу ҳолатларнинг барчаси, ғалати бўлсада, илмнинг «деструктив мемлар»ни кесишдаги кучини эътироф этади. Яъни, илм-фан, майли, 2000 йилдан кейин бўлса ҳам, ҳатто Аристотель каби катта авторитетга тегишли бўлсада, амалда нотўғри бўлган иддаодан воз кечишга қодирдир.

 

Бозор каскаднинг душмани

 

«Theranos» компанияси тарихи.

 

Бу компания тарихи Стенфорд университети талабаси Элизабет Холмс бир томчи қон орқали ташхис қўя оладиган қурилма яратишга қарор қилганидан бошланди. Элизабет иккинчи Стив Жобс бўлишни жуда хоҳларди ва муваффақиятли стартапнинг барча атрибутларига эга бўлган компания тузди. Жобсга ўхшаш учун Элизабет Холмс доим бир хил кийинарди: қора водолазкада. Элизабет, шунингдек, қатъий парҳезга амал қиларди. У фақат яшил рангли шарбатларни ва фақат куннинг маълум вақтларида ичарди.

 

Унга доимо тўртта тансоқчи ҳамроҳлик қилар ва улар ўз бошлиқларини «Бургут-1» деб аташарди. Компания корпоратив бирдамлик ва махфийликка муккасидан кетган эди. Унда ўз раҳбарига сиғиниш (культ) ҳукм сурарди ва ходимлар маълумотни озгина бўлса ҳам ошкор қилгани учун ҳам жазоланарди. Компаниянинг етакчи олимларидан бири Ян Гиббонс компания томонидан бўлган босим туфайли ўз жонига қасд қилганида, компания юристлари қилган биринчи иш — унинг бевасига қўнғироқ қилиб, барча махфий ҳужжатларни қайтаришни талаб қилиб, таҳдид қилиш бўлган.

 

«Theranos» компаниясининг ягона муаммоси шунда эдики, муваффақиятнинг яшил шарбатлар, қора водолазка ва Элизабет Холмс шахсига сиғиниш каби муҳим таркибий қисмларига қарамай, унинг технологияси ишламас эди. Чунки, технологиянинг ўзи йўқ эди. Бироқ бу компаниянинг капитализацияси энг юқори нуқтада 9 миллиард долларга етишига, Элизабет Холмснинг эса Кремний водийсининг мегаюлдузи бўлишига ва «Times» ҳамда «Fortune» муқоваларини безашига тўсқинлик қилмайди.

 

Буларнинг барчаси 2015 йил октябрь ойида «Wall Street Journal» журналисти Жон Каррейра «Theranos» ҳақида фош этувчи мақола эълон қилганидагина чил-парчин бўлди. Компания, табиийки, инкор этади. Мисс Холмс ходимларни йиғиб, «Theranos» дунёни ўзгартираётгани, журналистлар эса унга ҳужум қилишга қарор қилгани ҳақида нутқ сўзлайди. Маъруза тугагач, ходимлар бир овоздан: «Каррейра гўрга кирсин!» деб ҳайқиради.

 

Бир қарашда даҳшатли манзара. Қандай қилиб Америка капитализмининг қоқ марказида, қаердадир эмас, балки Кремний водийсида сектага ўхшаган, яшил шарбатлари, қора водолазкалари ва мавжуд бўлмаган технологиялари бор компания гуллаб-яшнади? Технология йўқлиги доҳийга сиғиниш, мияларни ювиш ва ходимларни қўрқитиш билан қопланди. Ва шунча қўрқинчли белгиларга қарамай, жиддий инвесторлар бунга пул тикди. Эҳтимол, бозорда бирор нарса нотўғри бўлгандир? Балки капитализмда бирор нарса нотўғрими?

 

Аслида «Theranos» компанияси воқеаси бутунлай бошқа нарсадан далолат беради: илм-фандан ташқари бозор ахборот каскади ва деструктив мемга чек қўйишга қодир бўлган ягона механизм.

 

Тасаввур қилайлик, агар Элизабет Холмс технологик компанияни эмас, балки одамларга трансцендент (мистик) билим беришни даъво қиладиган сектани бошқарганида, нима деб ўйлайсиз, «Wall Street Journal»даги мақола унга халақит бера олармиди?

 

Тасаввур қилинг, у компанияни эмас, балки атрофини душманлар ўраб олган давлатни бошқарганида, бундай давлатнинг мафкурасини «Wall Street Journal»даги дейлик 1067 та мақола билан инкор қилиб бўлармиди?

 

Биз фақат диққатимиз қаратилган объект ва деталларнигина кўрамиз

 

Инсон — жамоавий мавжудот ва у кўпинча токи унга нимани кўраётганини айтишмагунча, ўзининг нима кўраётганини билмайди. Масалан, 90 йилларда ДНКни аниқлаш технологиясининг ривожланиши АҚШда кўплаб жиноий ишларнинг қайта кўриб чиқилишига олиб келди. Ушбу ишлар бўйича чиқарилган айблов ҳукмларининг 75 фоизи фақатгина гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланган эди.

 

1902 йилда Берлинда таниқли криминалист Литс маъруза ўқиётган эди. Маъруза пайтида тўсатдан жанжал чиқади. Бир ёш йигит ўрнидан туриб, маъруза мазмунининг христиан ахлоқига қандай алоқаси борлигини айтиб бақира бошлайди. Бошқа бир тингловчи унга эътироз билдиради. Муштлашув бошланади, тўппонча чиқарилади. Буларнинг барчаси диққат билан режалаштирилган саҳна кўриниши эди. Жанжалдан сўнг тингловчиларни гуруҳларга бўлиб, содир бўлган воқеани тасвирлаб беришни сўрашади. Энг аниқ ҳисоботларда 26 фоиз, энг нотўғриларида эса 80 фоиз хатоликларга йўл қўйилган эди.

 

1951 йилда Соломон Ашнинг машҳур экспериментлари эълон қилинди. Профессор талабаларга иккита карточка берарди. Бирида битта чизиқ, иккинчисида эса учта чизиқ тасвирланган эди. Талабаларга экспериментдан мақсад — кўришни текшириш экани айтиларди. Улар иккинчи карточкадаги учта чизиқдан қайси бири биринчи карточкадаги чизиқ билан бир хил узунликда эканини аниқлашлари керак эди. Аслида экспериментнинг асл мақсади конформизмни текшириш эди. Ҳар бир талабалар гуруҳида атайлаб нотўғри жавоб берадиган «махфий иштирокчилар» бор эди. Натижада, синалувчиларнинг 75 фоизи камида бир марта кўпчиликнинг атайлаб берилган нотўғри фикрига бўйсунгани маълум бўлади. Улар узун чизиққа қараб туриб, уни калтароқ деб айтади, чунки улардан олдин «ёлланма тролл» айнан шундай жавоб берган эдида.

 

1999 йилда икки психолог — Дениель Саймонс ва Кристофер Чабрис бир гуруҳ одамларга қора ва оқ формадаги икки жамоа баскетбол ўйнаётган фильмни кўрсатишади. Томошабинлардан оқ формадаги жамоа тўпни неча марта узатганини (пас берганини) санаш ва эслаб қолиш сўралади. Фильм тахминан бир дақиқа давом этади ва унинг ўртасида камера қаршисига горилла (унинг ролини кийим алмаштирган актриса ўйнаган) чиқиб келади. Маймун камерага яқинлашиб, кўкрагига урди ва чиқиб кетади. Буларнинг барчаси тахминан 9 сония давом этади. Фильмни кўриб бўлгач, иштирокчилардан бирор ғалати нарсани сезган-сезмаганини сўрашади. Маълум бўлишича, томошабинларнинг ярмига яқини гориллани умуман кўрмаган. «Биз фақат диққатимиз қаратилган объект ва деталларнигина кўрамиз ва пайқаймиз», деган хулосага келади Саймонс ва Чабрис.

 

Айни экспериментларнинг натижалари шуниси билан ҳайратланарлики, бу ҳолатларда гуруҳ фикридан фарқ қилиш ҳеч қандай жазога олиб келмас эди. Ўзгача фикр учун одам қамоққа тушмасди, отиб ташланмасди ёки ҳатто ишдан ҳам ҳайдалмасди. Унинг учун вафот этганидан кейин дўзахга тушиш, руҳини ҳалок қилиш, инквизиция судига дуч келиш ёки жамиятдан ажралиб қолиш хавфи йўқ эди. Шунга қарамай, юқоридаги тажрибаларда одамларнинг қарийб 70 фоизи ўз кўзлари билан кўрган нарсани эмас, балки бошқалар кўрган (айтган) нарсани кўрганлигини чин дилдан «эслаган».

 

Иқтисодчилар Сусил Бикчандани, Девид Хиршлейфер ва Иво Велш ўз мақолаларида ахборот каскадини шундай таърифлаган: «Бу шундай вазиятки, унда ўз ўтмишдошларининг ҳаракатларини кузатаётган шахс учун энг мақбул стратегия — ўзидаги маълумотлардан қатъи назар, ўтмишдошининг ҳаракатларига эргашишдир». Агар ахборот конформизми инсониятда шу қадар кенг тарқалган бўлса ва 70 фоиз одам ҳеч қандай жазо таҳдид солмайдиган пайтда ҳам ўз шахсий фикрларидан жамоа фойдасига воз кечишга тайёр бўлса, демак, ахборот каскадлари фақат хоса қабиласи ёки чўпонча Этен билан содир бўлган нохуш воқеалар билан чекланиб қолмайди.

 

Деструктив мемларнинг интиҳоси

 

Мемнинг ташувчиси бўлмаганлар томонидан унга нисбатан кўрсатиладиган ҳурмат нимага боғлиқ? Жуда оддий нарсага. Унинг қанчалик зафарли (ғолиб) эканига. Бу борада Гитлер фашизми классик мисол бўла олади. Агар Гитлер мағлубиятга учрамаганида ва унинг партияси шу кунгача Германияда муҳим сиёсий куч бўлиб қолганида эди, нацизм бу қадар мутлақ тақиққа (табуга) учрамасди ва биз «ҳамма нарса ҳам бирёқлама эмас» деган мазмундаги кўплаб тадқиқотларни кўрган бўлардик.

 

Мемнинг ҳалокатига яна бир мисол — Хитойдаги тайпинлар қўзғолони. 1850 йилда авж олган бу исён турли ҳисоб-китобларга кўра 20-30 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлган. Тайпинлар ҳаракати тепасида «Исонинг укаси» турарди. Агар европаликларнинг позицияси бўлмаганида, улар ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. Ғарб эса анча заифроқ, анча шафқатсизроқ ва анча коррупциялашган манжур ҳукуматини қўллаб-қувватлади.

 

Лекин тасаввур қилинг, агар тайпинлар ғалаба қозонганида, ҳозир дунёда тайпинлар динини ўрганадиган бутун бошли институтлар, унда ўзига хос теранлик топадиган кўп жилдли монографиялар бўларди, тайпинлар ибодатхоналари эса худди черков ва масжидлар каби бутун дунё бўйлаб қад ростлаган ва худди шундай эҳтиромга сазовор бўларди.

 

Деструктив мемлар, худди вируслар каби, битта умумий хусусиятга эга. Улар билан касалланган гуруҳ маълум бир вақт давомида кучлироқ ижтимоий жипслик, якдиллик ва тажовузкорликка эга бўлади. Бундай якдиллик ва тажовузкорлик, аслида, худди шишлар ўлатнинг белгиси бўлганидек, касаллик аломатларидир.

 

Яъни, бундай мем билан зарарланган жамият вақт ўтиши билан ё мемнинг воқеликка мос келмаслиги сабабли ҳалокатга юз тутади ёки иқтисодий мавқеини соғломроқ ва кучлироқ рақобатчиларига бой беради.

 

Юлия Латинина.

Дилшод Нуруллоҳ таржимаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34668
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//