ХVI асрнинг иккинчи ярмида Туркистон тарихида янги сиёсий куч – Абдуллахон кураш майдонига чиқди. У 18 ёшидан бошлаб шайбонийзодалар ўртасидаги курашлар натижасида парчаланиб кетган Туркистонни ягона бошқарув остида бирлаштиришга киришди. Узоқ йиллик шиддатли курашлардан сўнг, ХVI асрнинг 80 йилларида бутун Туркистонни қўл остига олади. Шундан сўнг Шайбонийхон Марв жангида Шоҳ Исмоилдан мағлубиятга учраши натижасида шайбонийлар қўлидан кетган Хуросон ҳудудларини қайта эгаллашга киришди.
Абдуллахон 1587 йилнинг баҳор фасли аввалида, қуёш ҳамал буржига кирган паллада сараланган аскарлардан иборат улкан қўшини билан Жайҳунни кечиб ўтиб, Мурғоб дарёси соҳилларига қароргоҳ қуради. Ҳирот ҳокими, қизилбош амири Алиқулихон Абдуллахоннинг ҳаракатидан хабар топгач, Ҳирот шаҳрига беркиниб, мудофаа ҳолатига ўтади, муҳофаза бўлинмаларига шаҳар ичига киришни буюради. Абдуллахон Ҳирот сари юраркан, Қашон яйловини ўзбек қўшинининг қароргоҳига айлантиради. Шиддатли ҳужум бошлаб, «Қирол» дарвозаси яқинига етиб келади ва у ерда жойлашган сафавийлар бўлинмасини батамом тор-мор этади.
Шундан сўнг хоннинг улкан қўшини Қарубор мавзесига ва нурли Хожа Муҳаммад Бурон мақбараси ташқарисидаги Алвор қишлоғи ҳудудига келиб ўрнашди. Икки кунлик дамдан кейин учинчи куни Абдуллахон Мирзо мадрасасига йўл олади ва у ерни қўшиннинг бош қароргоҳига айлантиради. Шунингдек, у маҳаллий аҳоли, камбағаллар, ожизлар ҳамда деҳқонларнинг мол-мулки ўзларига қолдирилиши ва уларга ҳеч ким дахл қилмаслиги ҳақида қатъий амр беради. Бундан мақсад Хуросонга босқинчилик учун эмас, балки Турон ҳукмдорларидан мерос бўлиб қолган ҳудудларни яна эгаларига қайтариш учун келганини кўрсатиш эди.
Эртаси куни хоннинг зафарли қўшини шаҳарни қамал қилишни бошлайди. Амир Қулбобо Кўкалтош хандақлар ва истеҳкомларни тақсимлаш ҳамда уларнинг ўрнини белгилаш вазифасига масъул этилади. Шаҳарнинг ҳар бир буржи рўпарасида хандақ қазиш ва мудофаа истеҳкоми барпо этишга қарор қилиниб, уларнинг муҳофазаси нуфузли ва олий мартабали қўмондонлар зиммасига юклатилади.
Алиқулихон вазиятнинг кескинлашганини ва иш жиддий тус олганини кўргач, чопарлар орқали Сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Аббосга шошилинч мактуб йўллаб, кўмак ва ҳарбий ёрдам сўрайди. Бироқ бу вақтда Шоҳ Аббос исёнкор амирларини бўйсундириш билан овора эди. У аввал мамлакатни бошқараётган қабила етакчилари, беклар ва амирларни ўз атрофига бирлаштиришни, сўнгра барчаси биргаликда хавфли душман – Абдуллахон устига юриш қилишни режалаштирарди. Ҳиротликларга эса воқеанинг асл моҳиятини ва режаларини етказиш учун Нурали Чегнини юборади. Натижада, Ҳирот ҳокими шаҳарни ёлғиз мудофаа қилишга мажбур бўлди.
Абдуллахон Ҳиротни қамал қилган кундан эътиборан, шаҳар атрофидаги қамал ҳалқаси кундан-кунга торайиб борди. Қамалда қолиб, оғир аҳволга тушганларнинг аксарияти юқумли касалликлар туфайли ҳалок бўлади. Абдуллахон эса кимда-ким таслим бўлса, унинг жони ва молига дахл қилинмаслиги ҳақида фармон беради.Вазиятнинг бундай тус олиши натижасида шаҳар мудофаа чизиғидаги бир гуруҳ аскарлар, ҳунармандлар тоифасидан яна бир гуруҳ кишилар Абдуллахон томонга ўтишга мажбур бўлишади.
Қамал муддати узайиб, мудофаа қобилияти сусайгач, Абдуллахоннинг ўғли Абдулмўминхон аскарлари ва аъёнларидан иборат бир гуруҳ, Қуёш Ҳут (Балиқ) буржига кирган паллада, саҳар вақтида Хуш дарвозаси билан Чекан дарёси кўприги оралиғида жойлашган, Мирзажон султон одамлари томонидан мудофаа қилинаётган буржга кўтарилади. Қисқа олишувлардан кейин такбир садолари ва ноғора овозлари янграй бошлайди. Заиф нуқталарни мустаҳкамлашга масъул бўлган Алиқулихон тарафдорлари билан дарҳол етиб боради. Бироқ у ёрдам бериш фурсати бой берилганини, Бобо Маҳмуд буржи тарафидан шаҳар ичига ёпирилиб кираётган ўзбек қўшинларининг ҳайқириғи кўкка кўтарилганини кўради. Чорасиз қолган Алиқулихон саноқли одамлари билан Ихтиёриддин қалъасига беркинишга мажбур бўлади. Бу вақтда ўзбеклар ҳар томондан ичкарига бостириб кириб, шаҳарни бутунлай эгаллашга муваффақ бўлишганди.
Бир неча кундан сўнг Абдуллахонга Алиқулихон ва ҳамроҳларининг омонлик сўраб қилган мурожаати етказилгач, Амир Қулбобо Кўкалтош, Амир Муҳаммад Боқийбек, Амир Жолти ва Амир Шоҳ Муҳаммад Олачиён каби сарой аъёнлари Хожа Абулбақо Алиқулихон ва сафдошларини хон ҳузурига олиб келиш учун йўлга чиқишади. Йўлда кичик низо чиқиб, икки ўртада бошланган кутилмаган ва шиддатли тўқнашув аёвсиз жангга айланиб кетади. Оқибатда Алиқулихон ва сафдошларининг барчаси ўлдирилади.
Ҳирот ишғолининг тўртинчи кунида шаҳарга кириб келган Абдуллахон қирғинни тўхтатиш, шаҳар аҳли ва сафавийларга зарар етказмаслик ҳақида қатъий фармон чиқаради. Кимда-ким фармонга бўйсунмаса, қаттиқ жазоланарди. Фармон билан бир вақтда айрим уламолар сафавийларнинг оилаларини кофирларнинг фарзандлари каби асир деб ҳисоблаш, уларни қул қилиб сотиш жоизлиги ҳақида фатво беради. Бошқа бир гуруҳ олимлар эса буни жоиз эмас деб топишади, Абдуллахон иккинчи фатвога мойиллик билдириб, асирларнинг сотилишини тақиқлаш учун кескин чоралар кўришни буюради. Унинг бу тақиқи шунчаки ҳарбий буйруқ эмас, балки узоқни кўзлаган сиёсий қарор ҳам эди. Мазҳаблараро зиддиятлар авж олган бир даврда Туркистон ҳукмдорининг бундай бағрикенглик кўрсатиши ҳудудда барқарорликни таъминлаш ва давлатнинг адолатли қиёфасини шакллантиришга хизмат қилди.
Абдуллажон УСМОНОВ,
ФА Тарих институти таянч докторанти
Тил
Жараён
Маънавият
Тарих
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ