Жамиятдаги ҳар бир давр ўзига хос кечади. Инсон ўша ўзгачаликда яшашга, адабиёт эса уни акс эттиришга интилади. Жамият каби адабиёт ҳам секин-аста ўзгариб боряпти. Жумладан, бугун мавзулар янгиланаркан, уларга ёндашиш тамойиллари ҳам ўзгармоқда. Замонавий янгиликлар, реал воқеликлар, долзарб муаммолар шеъриятда ҳам ўз ифодасини топяпти. Адабиётнинг ватан, эрк, ҳаёт, инсон, ўлим, она, муҳаббат каби умрбоқий мавзулари ҳали ҳам яшаётган бўлса-да, моҳиятан бироз ўзгарди. Шундай ўзгаришларни Нажмиддин Эрматов шеърлари мисолида кўриб чиқамиз.
Нажмиддин Турон (Эрматов) шеъриятида 70-80 йиллар адабиёти анъаналари кўпроқ кузатилади. Жумладан, шоир ижодида ватан, ҳурлик, эрк мавзулари етакчилик қилади, ҳақсизликларга норозилик, ички бир қаршилик кайфияти сезилиб туради. Умуман олганда, бугунги 25-35 ёш атрофидаги ёшларда бундай қаршилик кайфияти табиий бир ҳол. Негаки, уларга тарих ва таълим шундай ўтилди. Ўзбекларнинг бошига тушган фожиалар, зиёлилар тақдири, умуман, тарихнинг оғир зарбаларига дош берган ўзбек халқи бундан буён фаровон ҳаёт ва юксак тараққиётга муносиб, деган дунёқараш билан яшаяпти улар. Нажмиддин Эрматов эса тенгдошларининг бундай ўй-хаёлларини бир вакил сифатида ёзишга ва ёйишга ҳаракат қиляпти.
Нажмиддин Турон бирданига майдонга тушиб қолган шоир эмас. У ўзбек адабиётини, жаҳон адабиётини яхши ўқиган, «давра кўрган» ижодкор. Унинг «Турон соғинчи» номли сўнгги шеърий тўплами рамзан 3 бўлимдан иборат: ЖОН, ҚОН, ШОН. Биринчи бўлимда асосан, муҳаббат ҳақдаги шеърлар ўрин олган. Ишқ мавзуси адабиётда ҳамма замонда ҳам салмоққа эга бўлса-да, вақтлар ўтиб, унга ҳам қарашлар ўзгариб боради. Масалан, муҳаббат мумтоз адабиётда Олий ишқ деб куйланган бўлса, ХХ асрларга келиб, инсоннинг инсонга севгиси тарзига кўчди. Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Эркин Воҳидов шеърларида куйланган соф, самимий севги бизнинг асримизга келиб ҳалокатга учради. Абдулла Орипов муҳаббатини шундай эсга олади:
Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.
Нажмиддин Эрматов эса бундай ёзади:
Мен сезаман
Ёғганда ёмғир,
Тарновлардан қуйилганда сув,
Мени мендек эсга олади
Мени мендек унутган сулув.
...Ва булутлар бир-бир тарқайди,
Шамолларда тўзғийди хотир.
Сўнг ёмғирдек намчил ҳаётга
Сингиб кетар бамайлихотир.
Абдулла Орипов сатрларида ёрқинлик сезилса, Нажмиддин Туронда муҳаббат дилхиралик билан эсланяпти. Унинг яна бир шеъри бугунги муҳаббатнинг қай даражада эканини янаям очиқроқ тасвирлаб беради:
Қовоғингга кимдир дон сепган,
кипригингга қушлар қўнибди.
Дил едириб боқдингми, гулим?
Бўлди, учир... Улар тўйибди.
Ўзинг тусаб, ахир дилингни
тутаверсанг, қушлар кетмайди.
Сени ёлғиз бу оғриқлардан
қутқаришга кучим етмайди.[1]
Нажмиддин Эрматов ёрининг ҳимоясига отланган бўлса-да, ёри ҳам ўзини дунё қушларидан асраши кераклигини уқтиради. Бу дон нима, бу қушлар ким? Аёлнинг гўзаллиги киприг-у қошида. Лекин шоир ёрининг гўзаллигини олқишламаяпти, мадҳ этмаяпти. Аксинча, уни бу гўзалликдан кўп фойдаланмасликка чақиряпти. Зеро, бу гўзаллик бегона қушларнинг ҳам эътиборини жалб этяпти. Замонавий дунёда чин гўзаллик ва муҳаббат ана шундай ҳимояга, асралишга муҳтож бўлиб қолди. Яна шоир «Ўзинг тусаб, ахир дилингни» деб ёзяпти. Демакки, ёр мумтоз шеърлардаги каби ағёр тарафда. Лекин бу ағёр биттамикан? Ёки ағёр ростдан айбдормикан? Классик адабиётда, ҳа, ағёр ёр ва ошиқ орасини бузган душман эди. Ўтган асрларда муҳаббатнинг душмани Раззоқ сўфи каби оталар, оналар бўлди. Бугун эса ҳар ким «ўзи тусаб, дилини» қушларга тутиб беради. «Гўзаллик дунёни қутқаради» деган ақида бугун «Гўзалликни дунёдан асраш керак» дея ўзгарди.
Ватан мавзуси-чи, у бугунги шеъриятда қандай ифода этиляпти? Нажмиддин Турон шеърларида мана бундай:
Кечанг заволга дўнди, ҳамма тош отиб бўлди,
Сенинг бор насибангни бекларинг тотиб бўлди,
Бугундан-ку айрилдинг, эртангни сотиб бўлди,
Йўл кўрсатар маёғинг ўчганга ўхшаётир.[2]
Шу қаторда шоир миллатнинг кечаси, бугуни ва эртаси ҳақида ёзади. Айрим замон кишиси ўз даврини яхши кўришининг биринчи талаби ўтмишни қоралаш деб ўйлайди негадир. Аслида, ҳеч қайси ўтмиш буткул қора эмас; ўтмишдан нолиш эса бугунни ёрқин қилмайди. Шоир биринчи мисрада шу ҳақида ёзади. Золим ва нафсининг қули бўлган беклар ҳақида ёзган шоир камми? Сиёсат ҳақидаги ҳикояю шеърларни ўқиган одам ҳамма давр мустабид-у, ҳамма асрнинг беклари золим, деган хулосага келиши мумкин. Нажмиддин Эрматовнинг лирик беклари ҳам, афсуски, шундай. Бу беклар бугунни ҳам сотиб бўлди. Бугунги авлод ҳимоясиз технологик дунё ва ахборот ҳужуми остида ўсаркан, келажакдан ҳам умид йўқ. Келаси замоннинг одами, шубҳасиз, бугунгидан ҳам аянчлироқ аҳволда бўлади.
Бир пайтлар Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон – ватаним маним»идаги сурурни, Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим»идаги фахрни, Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон»идаги гўзалликни, Шавкат Раҳмоннинг «Туркийлар»идаги шиддат ва эркни бугунги шеърлардан топиш амримаҳол. 70-80-90 йиллар авлоди келажакка умид, ватан ҳурлигига ишонч билан қарашган бўлса, бугун учун бу тушунчалар оғриқ. Ватан катта авлод учун курашиладиган мақсад эди, бугунги ёшлар учун эса ноиложлик. Ва улар шунга кўниб ҳам қоляпти:
Уйғотай деб келган ул баҳорлар бекор кетар,
Ҳар тонгда қуёш титраб, ҳар шомда безор кетар,
Бўғзин йиртиб шоирлар минг ҳайқириб хор кетар,
Аллоҳ, бу халқ шу ҳолга кўнганга ўхшаётир.
Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир.
Шундай. Минг асрлар ичида баъзан шонли, баъзида қонли кунларни кечирган халқ охири шу ҳолига кўнди-қўйди. Бугунги авлод бу ҳолга кўнган, аммо шу кўнган ҳолидан келажак олдида ўзини айбдор ҳис қилади:
Бийлар ғолиб ҳар доимгидай,
Халқ сукутга, сукут халққа мос.
Мутелиги агар кам бўлса,
Тилигача кишанингни ос.
Мана бўйним, Сиртмоғингни сол,
Косам тўлиб бўлди сабрга.
Сўнгги ўтинч – фотиҳа ўқий,
Сўз эркининг қабри қаерда?!
Тириклигин кўрмадик биз-ку,
Авлодлар ҳам сўрайди бир пайт.
Ўшанда: «Биз ўлдирдик», – дема,
«Ўзи қариб ўлгандир», – деб айт...[3]
Бизнинг давргача ҳам муаммою ташвишлар, қўрқув ва кўнишлар бўлган. Лекин бу учун ҳеч ким ҳеч кимга ҳисоб бермаган; ҳеч ким бу учун масъулият ҳис қилмаган. Шоир Нажмиддин Эрматов шу масъулиятни сезиб, елкасига олиб, замондошларидан бу айбни келажак авлоддан яширишни сўраяпти. Токи улар Ватанга оғриқ билан эмас, эски даврлардагидек умид билан қарашсин.
Шеъриятда давр нафаси уфуриб турмас экан, уларнинг ўқилиши қийин. Ёш шоирлар вакили Нажмиддин Турон битикларида эса давр, замон, жамият ва сиёсатнинг доимги ва янгича қиёфаси шундоқ кўриниб туради. Шоир буларни ёзишга ўзини бурчли деб ҳисоблайди. Ҳаёт давом этар экан, бу мавзулар яна янгича моҳият касб этиб боради ва шоир ижодида ҳам улар ёлғонларсиз ёзиб борилаверади.
Кумуш ОДИНА
[1] Эрматов Н. Турон соғинчи. – Т.: Академнашр, 2024. – Б. 26
[2] Эрматов Н. Турон соғинчи. – Т.: Академнашр, 2024. – Б. 95
[3] Эрматов Н. Турон соғиинчи. – Т.: Академнашр, 2024. – Б. 124
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ