Глобаллашув шароитида маънавий-ахлоқий таҳдидларга қарши курашда таълим-тарбия муассасалари фаолияти тизимида бош ҳаракатдаги шахс – ўқитувчидир. У ўз шахсий потенциали ва маҳоратини ишга солган ҳолда талабалар билан ҳамкорликда ижодий ва ҳаётий фаолиятини мақсадга мувофиқ тарзда ташкил этса, ўрганувчилар унинг барча шакл ва кўринишларида реал субъектга айланади. Бу жараёнда таълим тизимида учта муҳим асосни йўлга қўйиш талаб этилади. Бунда ўқитувчи – “педагогик онг” – “педагогик ғоя” – “педагогик ҳокимият”га эга мустақил фаолият олиб борувчи таълим субъекти сифатида фаолият юритиши самарали натижаларни беради.
Замонавий таълим техника билан бошқарилаётган “ақл” ва техникани бошқараётган “ақл” муносабатлари орасидан ўз ўқувчисини суғуриб олиши ва бу жараёнда уларнинг мавжудлигини инкор этмаган ҳолда улар тақдим этган муносабатдан фойдалисига ишлов бериб, ундан кейин тезкорлик билан анъанадаги ҳақиқатни илгари суриши зарур бўлиб қолмоқда.
Республика таълим Маркази директори Ш.Сатторовнинг фикрича, шундай мамлакатлар борки, уларда дарсликлар йўқ. Лекин сифатли таълим бор. Биз ўқитувчиларни дарсликка қарамликдан холос қилишимиз керак. Ўшандагина таълимда жуда катта ўзгариш содир бўлади (Сатторов Ш. Мактабнинг мақсади “универсал одам яратиш эмас”/ “Газета.uz”. 14.07.2021 https://www.gazeta.uz/uz/2021/07/14/textbooks). Аммо, амалиётчи ўқитувчиларнинг фикрига кўра, бугунги кунда янгиланган дарсликлар ўқувчиларни зериктириб қўймоқда ҳамда ҳар қандай тажрибани тўғри деб уни қабул қилаверишимиз керак эмас.
Зеро, ХХI аср ўқитувчилари фаолиятида, малакасида нималар ўзгарди? ХХI аср ўқитувчилари қандай хусусиятларга эга?
Биринчидан, улар ҳамкорлик қилишни биладилар. Улар ҳамкорлик қилишни билиши ва ҳар қандай жамоа билан ишлаб кета олиши керак. Сўнгги йилларда бу каби кўникмаларга талаб анча ошди, айниқса мактабларда, кўпчиликнинг фикрича, ғоялар ва билимларни бошқалар билан бўлишиш таълим самарасини оширади. Билим ва тажриба алмашиш ҳамда мулоқот қилиш ва ўрганиш таълим жараёнининг муҳим қисмидир.
Иккинчидан, ХХI аср ўқитувчилари мослашувчан. Улар ҳар қандай вазиятдаги ҳолатга мослаша оладилар. Замонавий дунёда ўқитувчи бўлиш, мактабларда жорий этилаётган турли янги воситалар ва ўзгаришларга мослашишни талаб этади. Синфдаги доскалар ўрнини смарт доскалар, дафтарлар ўрнини планшетлар эгалламоқда. ХХI аср ўқитувчиси ушбу ўзгаришлар жараёнида ўзини яхши ва қулай ҳис этиши керак.
Учинчидан, улар узоқни кўра биладилар. ХХI аср ўқитувчиси талабаларнинг келажаги ҳақида ўйлайди ва улар қандай касбда ўз қобилиятларини тўла намоён қила олишларини кўра биладилар. Уларнинг режаларига кўра, “Ҳеч бир бола тенгдошларидан ортда қолмайди”. Асосий эътиборни ҳозирги кун болаларини келажак ҳаётга тайёрлашга қаратадилар.
Тўртинчидан, улар замонавий технологиялардан моҳирона фойдаланадилар. ХХI аср ўқитувчиси замонавий ўзгаришларга шай туриши керак, энг сўнгги технологиялар, дарс ёки баҳо бўлсин, улар ўқувчиларга яхшироқ ва тезроқ ўрганишга имкон беради. Улар энг янги гаджетларни ўзлаштириш ўқувчиларнинг билим олишини тубдан ўзгартириши мумкинлигини билишади. Шу сабабли фақат уларнинг янги тенденцияларини кузатибгина қолмай, балки уларни қандай қўллашни ҳам билишади.
Бешинчидан, улар умри давомида билим олишдан тўхтамайдилар. ХХI аср ўқитувчилари нафақат ўз ўқувчиларидан доимий равишда билим олишларини кутишади, балки ўзлари ҳам шундай қилишади. Улар ҳар доим таълимнинг замонавий тенденциялари ва технологияларидан хабардор бўлиб туришади. Дарс режаларини замон талабига мослаб ўзгартиришади. Ўқитувчининг билими, унинг касбий профессионаллиги – у ўқитган ўқувчиларнинг онг даражаси ва ҳаётдаги мувафаққияти билан белгиланади.
“Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси, жамият аъзоларининг онги-тафаккурини, ҳаёт фалсафаси ва дунёқарашини кенгайтириш ва бойитишни англатади (Ш.Мирзиёев Янги Ўзбекистон стратегияси – Т.: “O’zbekiston” нашриёти, 2021. 272-б). Бу вазифани амалга оширишда узлуксиз таълим тизимининг “Ҳаёт давомида билим олиш” тамойилига асосан ўқитувчи ва мураббийларнинг бевосита иштироки талаб этилади. Чунки, нафақат ОАВлари, балки билим жамиятида илм масканлари ва уларнинг фаолият турларининг кенгайишини инобатга олаган ҳолда илмий потенциални ошириш айнан уларнинг зиммасига улкан вазифаларни юклайди. Бунда биз воқеликни халқимиз онгига объектив кўрсатиш имконига эга бўламиз. Шу сабабдан, Республикамизда таълим муассасалари кесимида “Устозим – ғурурим ва фахрим!”, “Муаллим – билим булоғи!” каби мавзуларда иншолар, ўқув лойиҳалар, расмлар, видеороликлар танловини ташкил этишимиз самарали натижа беради. Бу бир томондан уларнинг ўқитувчи ва мураббийларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромини оширса, иккинчи томондан, илмий тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантиришга, жамиятга дахлдорлик ҳиссини юксалтиришга, ўқитувчилик касбини мақсадли танлашларига ёрдам беради. Онгу тафаккурида устозлар фаолиятини таҳлил қилади, “ўз идеали” сифатида ўрнак ва намуна олади.
Шунинг билан бир қаторда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги “узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш”ни талаб этади. “Тарбияда танаффус бўлмайди” деганлари каби, жойларда маънавий-марифий ишларни ташкил этишда бу қоидага амал қилинмаяпти. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла тизими фаолиятида ўзаро ҳамкорлик ва уйғунликнинг йўқлиги ишимизнинг самарасига салбий таъсир кўрсатмоқда (Ш.Мирзиёев . “Янги Ўзбекистон стратегияси” –Т.: O‘zbekiston, 2021. Б. 285). Демак, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувучилар ва таниқли зиёлиларни жалб этиш, уларнинг ҳаётий тажрибалари ва илмий асосланган фикр-мулоҳазалари орқали ўқувчиларга (ёшидан қатъи назар) ижтимоий ҳаётга, келажакка нисбатан ишонч ва мотивация руҳини берамиз. Айнан, бу борада ТДИУ “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедрасидаги фанлар ва ўқув курслари доирасида, профессор И.Саифназаров бошчилигида тадбиқ этилаётган “Устоз-шогирд” анъаналарини тарғиб этишга қаратилган лойиҳаларимиз самарали натижаларни бермоқда. Бу бевосита бугунги кунда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий инқирозларнинг олдини олишда ижтимоий фанларнинг ўрни нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини асослашимизга муҳим омил бўлади.
Дарҳақиқат, 22 ёшида “Хитой миллатининг Буюк муаллими” деб эътироф этилган, 30 ёшида ўз мактабини очиб, минглаб шогирдларига устозлик қилган Конфуций таъкидлаганидек “Эскиликни эъзозлаб, янгиликни эгаллаган одамгина муаллим бўла олади”. “Муаллимнинг йўли қалбнинг қаъригача фақат раҳм-шафқатдан иборат. Унинг сабоғи тўрт қисмдан: олимлик, саъй-ҳаракат, ҳалоллик ва садоқатдан иборат бўлади” (Конфуций. Ҳикматлар. – Тошкент:“Алишер Навоий номидаги ЎзМКН”, 2010. Б. 9).
Умида КУДРАТОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт
университети докторанти
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ