“Бошқа ёрдамчи куч юборманг, йигитлар беҳуда ўлиб кетмасин” – Лейтенант Ғаниевнинг сўнгги сўзлари


Сақлаш
11:56 / 10.04.2026 20 0

Аввал ҳазрат Навоийнинг камондан ўқ отиш фазилатига бағишланган “Рисолайи тийр андохтан” номли рисоласидан бир парча келтирай.

 

Ҳазрат Одам Ато алайҳиссалом шайтон ҳийласи билан жаннатдан ерга туширилгач, Аллоҳнинг амри билан деҳқончилик қилади – буғдой экади. Аммо қарғалар экилган буғдойни кавлаб, еб қўя бошлагач, Худога муножот қилади. Шунда Яратган камон ва ўқ юборади. Ёйдан ўқ отишни фаришта Жаброил (алайҳиссалом) Одам алайҳиссаломга ўргатади. Одам Атонинг қарғаларга отган биринчи ўқи тегмайди, фаришта Жаброил алайҳиссалом табассум қилади. Иккинчи бор отилган ўқ нишонга тегади, шунда Жаброил алайҳиссалом ўз табассумини қўйидагича изоҳлайди: “Агар илк ўқинг нишонга текканида қиёматгача ҳеч нарса болаларинг қўлидан қутилмас эди”.

 

Одам Ато авлодлари елкасидан неча асрлар ўқ-ёй тушмай келди. Иқтибосни шундай талқин қилгим келади: Қарға – қора тусдаги ёв, қурол ҳимояланиш, ҳимоя қилиш учун инъом этилган тортиқ...

 

Ҳикоя қаҳрамони ҳам ана шу қадимий масъулиятни елкасида кўтариб яшаган мард йигит эди.

 

***

Қайсидир йили кўҳна Марғилонга, марҳум қаҳрамон лейтенант Бобур Ғаниев яшаган хонадонга борган эдим. Ҳа, ўшанда уй дарвозасида шундай ёзув бор эди: “Бу хонадонда Ватанимизнинг қаҳрамон фарзанди Ғаниев Бобуржон Абдулҳамидович яшаган”.

 

Мавриди келиб, унинг ҳаётидаги айрим лаҳзаларга қулоқ тутсак. Бу воқеалар расмий хат-ҳужжатларда батафсил қайд этилган бўлса-да, қаҳрамоннинг онаси Мунаввархон ая тилидан эшитилган хотиралар уларга бутунлай ўзгача дард ва маъно бағишлайди.

 

– ...2000 йилнинг август ойида бир гуруҳ террорчилар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли ҳудудларига бостириб киришди. Тиш-тирноғигача қуролланган тўдалар ҳеч кимга шафқат қилмас эди. Ватан ҳимоясига отланган мард ўғлонларимиз қисқа вақт ичида тартибли жанговар ҳаракатларни бошлаб юбордилар. Улар орасида лейтенант Бобур Ғаниев ҳам бор эди.

 

Ҳолат: Киштут дараси. Тун қоронғисида ҳудудни кўздан кечираётган лейтенант Бобур Ғаниев бошчилигидаги етти нафар жангчи жангарилар пистирмасига учради. Душман снайперлари лейтенант Бобур Ғаниев ва катта сержант Маъруф Ражабовни оғир яралади. Шунда взвод командири рация орқали чекинишга буйруқ берди.

 

Изоҳ: ...Ҳарбий вертолётлардан берилган шиддатли зарбалар душманни саросимага солиб қўйди. Ҳудудни тозалаш жараёнида гуруҳ командирининг ўринбосари лейтенант Бобуржон Ғаниев берилган вазифани ўта ҳушёрлик билан бажарар эди. Террорчилар пистирмасини сезган Бобуржон тезкор қарор қабул қилиб, қулай позицияни эгаллади ва сафдошлари билан жангга кириб, бир нечта жангарини яксон қилди.

 

...Тушдан сўнг ҳарбийларимиз Киштут дараларидан бири­ни ўз назоратига олди. Тоғларда қош қорайган бўлса-да, қуюқ оқшом чўкмасидан аввал дарани  синчков кўздан кечириш ҳақида буйруқ олинди. Лейтенант Бобур Ғаниев қўл остидаги гуруҳ билан ҳар бир қоя, ўнгирни диққат билан кўздан кечирарди.

 

Тун гўё ҳалокатдан олдинги сукунат каби сокин эди. Қоялар орасига пистирма қўйган душман тўсатдан ўт оча бошлади. Ҳавони автомат овози ва порох ҳиди тутди. Ўқ йўлига ғов бўлган лейтенант оғир ярадор бўлишига қарамай, қурол­дошлари хавфсиз жойга ўтгунига қадар бор кучи билан жангариларга қарши­лик кўрсатди.

 

– Бобуржон олдинга олға борди. Орқада сафдоши Маъруфжон исмли самарқандлик йигит йўлдош эди. Иккиси ҳам сон суягидан яраланган, оғриқ кучайиб борарди. Бобуржон командирига рация орқали мурожаат қилиб, тиббий ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Қаҳрамон исмли фельдшер воқеа жойига етиб келиб, бир аҳволда ётган Маъруфжонга ёрдам кўрсатмоқчи бўлди, аммо у унамади.

 

– Сен аввал Бобуржонга ёрдам бер, у жангарилар билан олишиб ётибди, мен бир амаллайман, – дейди.

 

Фельдшер паналаб Бобуржон томон кетди. Уни текисроқ ерга ётқизиш учун тизза чўкиб, озгина судраб борди. Муолажаларни бошлар чоғи эса душман снайперда уни аниқ нишонга олди. Қаҳрамон шундоққина ярадор пойида жон берди. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий зарбага учраган йигит ўша заҳоти рация орқали командири билан боғланиб, ахборот берди:

 

– Ўртоқ командир, бошқа бизга ёрдамчи куч юборманг, улар кўпчилик, йигитлар беҳуда ўлиб кетмасин... менинг ҳам қўл остимдаги одамларни дарҳол олиб кетинг...

 

– Бу воқеани ўғлимнинг гуруҳ командири айтиб берган эди, – дейди-ю, ая йиғлаб юборди. Уни ўзимча юпатаман.

 

– Барака топсин ўша командири, ҳалиям ўзини айбдор сезар экан. Унгаям осон бўлмаган...

 

Командирнинг айтганлари кўз олдимдан ўтди:

 

– Ўша воқеадан кейин ҳар тонгда юз-қўлимни ювиш учун ойна олдига яқинлашар эканман, Бобуржон кўзимга кўринади. Биз ўша ерда туриб, унга ёрдам беролмадик. Ичим эзилади. У тунги 2 гача жанг олиб борди. Тунги 2 гача унинг қуроли “тилга кирди”. Унинг тириклигини, бор мадорича душманга қарши жанг қилаётганини сезиб турдик. Автомат овози ўчди, юракка дунёни бузгудек титроқ кирди.

 

***

Мунаввара ая узоқ йиллик педагог. Инсон қачондир бу дунёдан кўз юмишини, омонатини эгасига топширишини яхши тушунади. У гоҳида ўғлининг тоғу тошда яшириниб, ўз жонини асраб ётмаганидан ғурурга тўлади. Берган тарбиясидан шодланади.

 

– Ҳа, террорчилар билан жангга бежиз уни олиб боришмаган. Чунки ўғлим душманларни юртимиздан ҳайдаб чиқармагунча тинчимасди. Ахир ўйланг, тоғлар ораси, жон сақлайман деса жой кўп. Аммо у саккиз жойидан ўқ еди. Нима бўлса ҳам болам ўз вазифасини бажарди. Ватанига, оиласига, ўз номига хиёнат қилмади.

 

Аянинг яна бир ўғли ҳам жангчи эди:

 

– Ўғлим Баҳодиржон ҳам ўша гуруҳда эди. Унга ярадорларни олиб чиқиш юклатилган эди. Унинг айтишича, уч кунгача ўша дарага кириб бўлмаган. Террорчилар қаттиқ туришган. Шундан кейин ўғлим офицерлик формасини ечиб, аскар кийимида автомат билан тоққа чиқиб кетган. У 4 минг метр баландликдаги Киштут арчазорлари, ўт-ўланлар, тоғ-тошлардан эмаклаб, бешта офицерни олиб чиқишни уддалади.

 

Аммо у ҳануз Бобуржон учун ўзини айбдордек ҳис қилади. Аслида бу тақдир эканини айтиб, унга далда бераман.

 

Бахт остонасида

 

Мунаввар ая: – Бу ҳақида айтмоқчи эмасдим. Аммо Худодан яширмаганимни сизлардан беркитиб нима қилдим. Хуллас, оила катталарининг ризолиги билан 23 ёшли Бобуржон унаштирилиб, кўнгил берганига расм-русумларга кўра “оқ кийди” қилинганди. Ҳатто тўй куни ҳам аниқ эди...

 

Билишимча, ўғлим у қиз билан учрашиб, гаплашиб юрган эмас. Ўқиш жойида аввалдан таниб-билиб юрса-да, иш бўйича бир-икки “справка” сўраган холос. – Ўғил бола деган ҳеч бўлмаса қизнинг расмини олиб юрмайдими, – дея дакки эшитгач, йигитчанинг журъати етмай, бир ўртоғига узоқдан бўлса ҳам қизнинг суратини олиб беришни илтимос қилган. 

 

Қаҳрамон чўнтагидаги буюмлар

 

Уй-музейда ҳаммасини ўз кўзларим билан кўрганман. Ичимда алланечук титроқ билан унинг буюмларига қўл теккизаман. Турли чизмалар, ҳарбийликка оид кундалик қайдлар...

 

Жангдан сўнг ён чўнтагидан дадасининг ва ўша қизнинг сурати чиққан экан. Уларни қўлга оламан, суратларнинг ён-атрофини қон излари ивитган, аммо недир ўй билан хаёлчан атрофга боқаётган кўзойнакли қиз нигоҳи яққол кўринади. Бўйнидаги жетон осилган занжирда ҳам қон изи бор. Столда у жанг қилган қурол... яна гугурт, галстук, поезд билетлари  ва москвалик дўсти берган 10 сўм қоғоз пул.

 

Бир ҳол дилимни баттар ўртади. Марҳумнинг чап чўнтагидан чиққан, уч-тўрт букилганидан унниқиб кетган қоғозни оҳиста очар эканман, ундаги хира ёзувларга кўз югуртираман.

 

Қоғозчада муқаддас “Қуръони карим”дан “Оятал курси” битилган. “Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм...”

 

Хат сўнгида онанинг шундай эслатмаси бор:

 

“Бобуржон, бу оятни ёдлаб олгин, мана уни белдан юқоридаги чўнтагингда олиб юр. Салом билан аяжонинг”. 

 

“Мен бундай Она олдида таъзим қиламан...”

 

– 2000 йилнинг сентябри. Олий Мажлиснинг IХ сессиясида биринчи Президентимиз Ислом Каримов сессия минбаридан туриб уларга йўллаган мактубимдан парча ўқиб бердилар. Унда шундай ёзган эдим:

 

– Менинг болам кўча-кўйда безорилик қилиб, муштлашиб, бировнинг молига тажовуз қилиб ўлгани йўқ! Менинг фарзандим Ватан ҳимояси учун жон фидо қилди. Мен ундан мингдан-минг розиман, берган оқ сутимга розиман. Яна икки ўғлим ҳам ҳарбий. Уларни ҳам юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун чегарага юборишга тайёрман!..

 

Мен шундоққина уларнинг ёнларида эдим. Президентнинг кўзлари ёшланди, чўнтагидан дастрўмол олиб, кўз ёшларини артар экан: “Мен бундай Она олдида таъзим қиламан”, дедилар.

 

Дарвоқе, Бобуржон яшаган хона­донда уй-музейи ташкил этилиб, ёдгорлик лавҳаси ўрнатил­ган. Кўчага Бобуржон Ғаниев номи берилган.

 

У Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2000 йил 25 августдаги Фармонига мувофиқ II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган.

 

Аслида қондаги ботирлик уйғонмаса, юракда зиғирдай қўрқув бўлса ҳам инсон ўз ҳаётини сақлаб қолишга тараддудланиб қолади. Аммо ичингдаги нафрат, туғён кучайса борми, чин яшаш лаҳзалари бошланади. Мен унинг қарорини шундай кўраман:

 

Лейтенант Ғаниев монологи

 

– Олдинга, лейтенант Ғаниев!
Орқага юришга ҳаққинг йўқ!
Олдинга, лейтенант Ғаниев!
Олдинда ёғилиб турар ўқ...

– Олдинга, лейтенант Ғаниев!
Олдинга, қуролдош жўралар!
Биз ошкор чиқамиз майдонга,
Душманлар панадан мўралар...

Судрайман ўқ еган оёғим,
– Қани чиқ, газанда, бекинма!
– Тилга кир, вафодор қуролим,
– Жангга кир, юрагим, чекинма!

Жангга кир, қаршингда жангари
Душманни тилкала бирма-бир!
Жангга кир, аждодлар сингари,
Жангга кир, жангга кир, жангга кир!!!


Ортимда халқим бор – умидвор,
Қон бўлган либосим – кафаним!
Ортимда Мунаввар[1] онам бор!
Ортимда – мунаввар Ватаним!

Орқага қайтмаймиз, Маъруфжон![2]
Орқага йўл йўқдир қайтгулик.
Тур, олға борамиз, Қаҳрамон![3]
Олдинда ҳаёт бор мангулик.

Ҳеч қачон унутмам, дўстларим,
Киштут[4]нинг бу ғамгин тунини.
Олдинга бораман – олгани
Қаҳрамон дўстларим хунини.

– Олдинга, лейтенант Ғаниев!
Бир бошга бир ўлим, жўралар...
Биз ошкор чиқамиз майдонга,
Душманлар панадан мўралар...

 

Капитан Бобур ЭЛМУРОДОВ



 

[1] Мунаввархон Ғаниева, марҳум лейтенант Бобур Ғаниевнинг онаси

[2] Катта сержант Маъруф Ражабов, лейтенант Бобур Ғаниевнинг қуролдош дўсти.

[3] Сержант Қаҳрамон Мадолимов, фельдшер. Тиббий ёрдам кўрсатаётган пайтда қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

[4] Жанг бўлган тоғли қишлоқ номи.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33341
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//