Тўртинчи ўлчам сирлари ёхуд паранормал эпизодлар нима?


Сақлаш
16:27 / 08.04.2026 71 0

Ўзбек адабиётида бадиий тафаккур намуналарида кузатиладиган, аммо адабиётшунослик томонидан номланмаган, айни моҳияти илмий талқин этилмаган ҳодисалар кам эмас. Паранормаллик масаласи ҳам адабиёт таркибида қадимдан мавжуд. Аммо бу атама соф адабиётшунослик муаммоси сифатида ўрганилмаган.

 

Паранормал ҳодисалар шу пайтга қадар асосан психология соҳасида ўрганилган ва айни йўналиш муаммоси сифатида қараб келинган. Бунда кўпроқ инсон ҳаётида учраб турадиган ғайриоддий, ғайритабиий ҳодисалар эътиборга олинган. Дастлаб файласуф, социолог ва психологлар ҳам паранормаллик ҳодисасини миф ва уйдирма сифатида тушуниб, муаммога жиддий қарамаган бўлсалар, кейинги даврларга келиб масалага етарлича эътибор бера бошладилар. Ҳодисанинг ҳақиқатан мавжуд экани, бу нафақат руҳий-психологик, руҳий-маънавий, балки соф физик, биологик, ижтимоий асосларга эга ҳодиса экани тажрибалар асосида аниқланди. Натижада умумий психологиянинг бир тармоғи, индивидуал психологияни ўрганишнинг бир кичик йўналиши ўлароқ парапсихология майдонга келди. Бугунги кунда жаҳоннинг энг илғор психологик мактаблари парапсихология билан махсус шуғулланадилар. Арвоҳлар, жин-шайтонлар, ғайриоддий ҳодисаларнинг илмий асосларини нанотехнология, компьютер технологиялари асосида аниқлайдилар. Ушбу ҳодиса жаҳон илм-фанида аллақачон реал ҳодиса сифатида тан олинган.

 

Ҳодиса қадимий, бадиий адабиёт таркибида энг қадимги даврлардан бери мавжуд.  Айни ҳодисанинг генезиси консептуал муаммо ўлароқ, жаҳон ва миллий адабиёти намуналари фольклор, классик ёзма материаллар асосида илмий асосланади. Ҳинд эпоси “Махабхарата”дан тортиб, Гомер “Илиадаси”, шумерларнинг “Билгамиш”идан тортиб, ўзбек “Алпомиши”, “Гўрўғли”сигача, халқ эртаклари, ҳикоя ва қиссаларидан, ўзбек мумтоз адабиёти намуналари таҳлили мисолида илмий исботини кўришимиз мумкин.

 

Мифлар, фольклор, маиший турмуш тарзида доимо дуч келинадиган ғайритабиий воқеалар, мавҳум ҳодисотлар азал-азалдан бадиий адабиётга кўчган ва бу илмий-назарий тушунча сифатида умумий маънода илмий атама билан изоҳланмаган. Аммо жин, ажина, иблис, шайтон, озиқчи, алвасти, олабўжи, арвоҳ, қорахаёл, ёвуз руҳлар каби ташқи олам кучлари фольклоршуносликда демонологик персонажлар атамаси остида ўрганилган. Биз илмий истилоҳ сифатида олиб чиққан ҳодиса – паранормаллик айнан поэтик ҳодиса сифатида қаралар экан, бу тушунча ўз-ўзидан ё образ, ё сюжет, ё детал, ё мотив ёки биз тадқиқ этаётган “эпизод” тушунчалари билан бириккандагина муайян бадиий-эстетик моҳият касб этади.

 

Паранормал эпизодлар реал ҳаётда учраб келган, бадиий асарларда ғайритабиий тарзда тасвирланган воқелик бўлиб, илмий таърифи қуйдагича: ғайритабиий, ғайриоддий ва рационал мантиқ билан тушунтириб бўлмайдиган воқелик, замоннинг тўртинчи, маконнинг еттинчи ўлчамига оид, экстримал ҳолат-вазиятлардагина реал олам сарҳадларида кузатилиши мумкин, учинчи кўз, олтинчи сезги билан кўриладиган парапсихологик ҳодисанинг бадиий асар сюжети ичидаги кичик эпизод тарзида тасвирланишидир.

 

Маълумки, ўзбек ва жаҳон адабиётида ҳар бир бадиий компонентнинг ўзига хос таърифу тавсифи, канонлари, спецификаси, генезиси бор. Паранормал эпизодлар генезиси Қуръони карим, ҳадиси шарифларда келган реал илоҳий воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, бу жиҳат “Ал жамиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўпламида, “Тафсири Ҳилол” китобида, Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий”, Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида ўзининг илмий-маърифий исботини (шунингдек, ушбу битикларда талқин этилган шайтон ва иблис образлари кейинги давр адабиётида ҳам кенг акс этди) топган. Замонавий ўзбек насрида паранормал воқеликни юзага чиқарувчи шайтон иблиснинг бадиий вазифаси Одам Ато, Момо Ҳавво, иблис учлигидаги “илк сюжет”ини ифодаловчи қиссаларда изчил давом этади.

 

Қуръони каримда жинлар ҳақида қирққа яқин оят бор. Битта бутун бошли сура “Жин” сураси деб номланган. Умуман, иблис ва жинларнинг исломий манбалар асосидаги таҳлиллари “паранормал эпизод” тушунчасининг диний асосларини ва генезисини белгилайди. Аммо диний манбалардаги жин, шайтон, иблис қатнашган воқеаларни “паранормал эпизод” сифатида талқин қилиш тўғри эмас. Қачонки, ғайб билан боғлиқ ҳодисалар миф, фольклор ва ёзма адабиёт қатламига ўтса, “паранормал эпизодлар” сифатида талқин этишимиз мумкин.

 

Паранормал эпизодлар дин ва миф билан чамбарчас боғлиқ. Миф эса илоҳий ахборотлар, ривоятларнинг асрлар давомида бузиб талқин этилган ва қайта ишланган шаклидир. Айни образлар миф ва фольклор ижодиётида “паранормал эпизодлар”нинг майдонга келишини таъминлаган. Дунё адабиётида бўлгани сингари архетипларнинг паранормал воқелик билан ўзаро алоқадорлиги, яъни архетипик кодлар замонавий ўзбек қиссаларига ҳам хосдир. Адабиётда “абадий образ” ўлароқ яшаб келаётган архетиплар замонавий ўзбек қиссаларида “паранормал эпизодлар”ни юзага чиқарувчи муҳим компонент вазифасини бажарган.

 

Шойим Бўтаевнинг “Шамол ўйини” қиссасида “паранормал эпизодлар” қамғоқ (ўрама, гирдоб) ичидаги ғайритабиий ҳодисалар, қуюн, ёнар сув, жин-шайтонлар, илон-қиз, ит-одам кўринишида ва жинларнинг инсон қиёфасидаги талқинлари: Беркинбой, Ёши Узоқ, Барака образлари ҳамда уларнинг разолатга тўла амалларида намоён бўлади. Жумладан, қишлоқ кампирлари маросими саналган “Момо улоқ”, “кўч-кўч” амаллари, иймону эътиқодида сусткашлик борларнинг фол кўриш ҳолатлари ҳам паранормалликка яққол мисол. Хусусан, “Қамғоқдан бир қаричча юқоридан қуюн нақ шифтга тегиб, чарх урарди. Унинг остки қисмида одам бўлиб одамга, ит бўлиб итга ўхшамаган аллақандай жониворлар муаллақ ҳолатда бир-бирларини эзғилаб янчиб ётишарди. Бу махлуқлар қуюн ер саҳнидан супурилиб келган суприндилар, бурди-балолар орасидан битдай бижғиб чиқишар, бир-бирларини чавақлашар, ўзларининг уят ишларига шу қадар машғул эдиларки, ақалли сал бошини кўтариб атрофи жавонибга қараб қўйишни хаёлларига келтиришмасди”. [3;54-бет] Шойим Бўтаев паранормал эпизодлар орқали бадиий адабиётда азалий мавзу бўлган эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни ғайритабиий ҳодисалар фонида тасвирлайди. Бу эпизодлар халқ инончлари билан боғлиқ бўлиб, инсон ва жамият таназзулининг ўзига хос рамзий ифодасини акс эттиради.

 

Собир Ўнар “Чамбилбелнинг ойдаласи” қиссасида паранормалликни руҳий-кечинмавий контекстда тасвирлайди. Эҳтимол, клиник ўлим воқеаси қисман реалликка яқин бўлиши мумкин. Аммо муаллиф бу воқеага кўпроқ эмоционал ёндашади ва “Гўрўғлининг туғилиши” достони воқеаларидан илҳомланиб, жисмни тарк этган руҳни бадиий бўёқларда акс эттиради. Асар қаҳрамони тилидан айтилган “...бу сергап дунёдан оғир зил-замбил оёғимни узиб олган, эркин, шамолдай енгил бир нарса, балки руҳ эдим, тез кечган воқеалар, кузатиш, ҳис-ўйлар жараёнида “Мен энди руҳ бўлсам керак”, [4;53-бет]  каби фикрлар бу ҳолатни яққол тасдиқлайди.

 

Илмий манбаларда вафот этган инсоннинг руҳи ортида қолганларни кузатиши ҳақида аниқ фактлар йўқ. Аммо пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида инсон руҳи, барзаҳ олами (Ислом эътиқодига кўра, инсон вафот этганидан бошлаб, то Қиёмат куни (қайта тирилиш)гача бўлган оралиқ ҳаётдир – С.С), танани тарк этган руҳнинг бу дунё ишларидан хабардор қилиб турилиши хусусида айтилади. Қуръони каримда ҳам башарга руҳ ҳақида жуда кам билим берилгани ҳақида марҳамат қилинади: “Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт” (Исро, 85).

 

Собир Ўнар паранормал эпизодлар воситасида ҳаётни метафизик даражада таҳлил қилади; ўқувчини фақат сюжет эмас, ички руҳоний саёҳатга етаклайди; замонавий ўзбек адабиётида кам учрайдиган “қайта тирилиш” воқеасини фолклор мотивлари билан уйғун тарзда тасвирлайди. Умуман олганда, Собир Ўнар асарларида халқ оғзаки ижодидан олинган мотивлар ва паранормал эпизодлар ёзувчи бадиий ниятини акс эттиришда фаол компонент сифатида иштирок этади. Хусусан, “Чамбилбелнинг ойдаласи” қиссасидаги клиник ўлим тасвири ва руҳнинг бошқа дунёдаги саёҳати орқали инсон ўз ҳаётини бор бўйича тафтиш қилишига, бир лаҳзада умрнинг ўткинчи матоҳдек елга совурилишига, дунёнинг нақадар тор ва нақадар кенг эканлигига ишора қилади.

 

Шодиқул Ҳамронинг “Қора кун”, “Қақнус қанотидаги умр” ва “Муҳаббат мактублари” қиссаларида асарларнинг умумий концепциясини ифодалашда ва бадиий нияти, эстетик идеалини акс эттиришда паранормал эпизодлардан унумли фойдаланилган.  Жумладан, “Қора кун”да умуминсоний муаммолар: инсон фитратидаги салбий иллатлар, тубанлик ботқоғига ботган ва Оллоҳ буюрган амаллардан йироқ бўлган инсониятнинг маънавий таназзулини рамзий маънода ифодалайди. “Қақнус қанотидаги умр”да топталган азалий қадриятларнинг оғир асоратлари ёш гўдакнинг безовта руҳияти негизида тасвирланган. “Муҳаббат мактублари”да жисмидан ажралиб чиққан руҳнинг ўзга оламдан бу дунёга нигоҳ ташлаши орқали муҳаббатнинг шаҳвоний майллардан устун турувчи юксак туйғу эканлигини бадиий талқин этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

 

ХХ асрнинг 90-йилларига келиб паранормал ҳодисаларга кенг ракурсда ва янгича талқинда ёндашилди. Хусусан, Назар Эшонқулнинг “Тун панжаралари” ва “Қора китоб” қиссаларида паранормал ҳолатлар модернизм унсурлари билан синтезлашди. Қиссаларнинг умумий концепцияси инсон ва жамият муаммоси, абсурд ва ёлғизлик қаъридаги образлар, иймон-эътиқодидан адашган инсоният тақдири ва унинг тавба-тазарруси қора ва қуюқ  бўёқларда, хусусан, шайтон ва иблис, қорахаёл ва руҳ мотивлари паранормал эпизодлар сифатида намоён бўлди.

 

Назар Эшонқулнинг “Қора китоб”ида паранормал эпизодлар қаҳрамоннинг қорахаёл қутқусига тушиб қолиши ва чўққисоқолнинг ғайритабиий ҳаракатларида намоён бўлади. Хусусан, қаҳрамон ўзининг ҳолатини қуйидагича таърифлайди. “Ухлаб ётар эканман, назаримда, кимдир ичимдан чиқиб келганга ўхшади; у қоп-қора кийиниб олганди, ухлаб ётган мени худди либосдай ечиб ташладида, туриб, нариги хонага кириб кетди – уйғонганимда хона ёришиб қолган, китоб очиқ ва сирли ҳолатда ётарди. Мени қора хаёл чулғаб олганди”. [5;526-бет]

 

Қорахаёл бадиий асарларда қаҳрамоннинг руҳий ва ботиний ҳолатини акс эттиришда бирламчи воситалардан ва инсоннинг онгости ҳисларига ҳам боғлиқ ҳодиса саналади. Ўзбек адабиётида қорахаёл билан боғлиқ ўринларга кўп маротаба мурожаат қилинган. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида бош қаҳрамон Отабекни қорахаёл чулғаб олгани, Шойим Бўтаевнинг “Бир кунлик меҳмон” ва “Юлдузларга элтар йўл” қиссаларида қорахаёлнинг асар қаҳрамонларига салбий таъсир кўрсатгани, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романида ҳам қаҳрамонни қорахаёл босиши ҳақида гап боради. Рус адабиётининг нодир намунаси бўлган М.Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романида Уста Воландни қорахаёл маҳсули деб ҳисоблайди ва муаллиф томонидан “қорахаёл – йўқ нарсанинг кўзга кўриниши, галютинация”, [6;370-бет] дея таърифланади.

 

Хусусан, Шойим Бўтаевнинг “Юлдузларга элтар йўл” қиссаси соф реалистик асар бўлиб, ундаги қорахаёл образи мифологик жиҳатдан ёвуз кучларни ифодалаган. Асар қаҳрамони Исмат почтачи Иккинчи жаҳон урушининг инсониятга келтирган аянчли оқибатларидан бири – қорахат ташишдек “оғир юк”ни елкасига олади. Айнан почтачининг қорахаёл гирдобида қолиши урушнинг минглаб километрдаги инсонлар ҳаётига салбий таъсири ва муаллиф гуманистик қарашларининг рамзий ифодаси эди. Асарда қорахаёл реал воқелик фонида тасвирланади ва ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳолатини, урушнинг оғир асоратларини ва ёвузлик принципини ўзида акс эттиради. Зеро, адабиётшунос Узоқ Жўрақулов таъкидлаганидек, “Реалистик ижодкор учун эзгуликка хизмат қилиш, юксак умуминсоний идеалларни куйлаш, инсон ва борлиқ гармонияси сифатида воқе бўлади. Шу боис реалистик асарда тасвир этилган хаотик кучлар (қаллоблар, қотиллар, ўғрилар, мунофиқлар, хоинлар, жинлар, шайтонлар, ваҳшийлар) каби (жумладан, қорахаёл ҳам – С.С.) гуманистик талқинга хизмат қилади”. [7;163-бет]

 

Назар Эшонқулнинг “Қора китоб” қиссасида эса қорахаёл ғайритабиий воқелик фонида ва инсониятнинг ўз-ўзи билан курашида, иймон-эътиқод сустлашган жойда шайтоний кучларнинг устувор эканлигида кўринади, шу билан бир қаторда, модернистик асар хусусиятларига хос бўлган бадиий восита сифатида фаол қўлланилади. Умуман олганда, паранормал эпизодлар реалистик асарларда гуманистик ғояларни, модернистик асарларда эса шайтоний кучларни тарғиб этишининг метафориклашуви кузатилади.

 

Исажон Султоннинг “Онаизорим” ва “Муножот” қиссаларида “паранормал эпизодлар” бола образининг чуқур хаёлот ва туш маҳсули, онг ости болалик қўрқувларининг самараси, руҳий-психологик хавотирнинг маҳсули сифатида тажассум топади. Раъно ва Ғариб образида болаларча беғубор ва соф хаёллар таъсирида пайдо бўлган хафвсиз ва зиён етказмайдиган яратиқлар, сирли ҳодисотларнинг янгича талқини акс этади.

 

Паранормал ҳолатлар Гʻариб табиатидаги ғайриоддийлик билан уйғун ва бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳолатда тасвирланади. У “…кўзим уйқуга кетай-кетай деганда кўрина бошлайди шунақа шарпалар. Туш билан ҳушнинг орасидан қалқиб чиқишади… Ўша одам тепамда узоқ ўтиради, [8;95-бет] дейди. Бу тасвирлар Ғариб образидаги иллюзион ва галюцинацион ҳолатлар билан боғлиқ. У ўзининг ботиний оламида ёлғиз, руҳан ўзга оламда сайр этади; онасининг таъбири билан айтганда, жисмонан ҳаёт кечиришга ноқобил. Аммо Ғариб оддий инсонлар кўра олмайдиган, илғамайдиган нарсаларни, ҳодисотларни англай олади, тафаккур дунёси кенг, қалби шеъриятга ва санъатга ошуфта. Ғариб илоҳий ва руҳоний қувватга эга, ички интиутив билим билан ҳис этиш қобиляти бор, “туш ва ҳуш” орасидаги оламдаги образлигига муаллиф асарнинг кўп ўринларида ишора қилади. Хусусан, “Туш ва ўнг оралиғида қандайдир оппоқ кийинган кимсаларнинг келиши ва уларнинг инсонга ўхшамаслиги, тасаввурида майсаларнинг гапириши ҳамда гўё жонсиздай туюлган нарсаларнинг ҳам аслида жонли эканлиги каби воқеаларнинг бежиз эмаслигини у аниқ-тиниқ билиб турарди”, [И.Султон. Муножот.]  каби тасвирлар юқоридаги фикримизни далиллайди.

 

Маълумки, паранормал ҳодисалар биз яшаётган ўлчамдан ташқарида, яъни вақт ва маконнинг номаълум қатламларида содир бўлади. Муаллиф таъбири билан айтганда булар – шуур билан англанадиган ва ақл билан тасдиқланадиган нарсалар эмас эди – улар фақат ҳис қилинар эди. [И.Султон. Муножот.] Қиссада вафотидан сўнг инсоннинг руҳи бир танадан иккинчи танага ёки ҳайвонот ва наботот оламида қайта тирилиши ҳақидаги назария – реинкарнация Ғариб мисолида илгари сурилади. Асарда келтирилган ўзининг бир вақтлар дарахт бўлгани ва бутага айланган зоҳид ҳақидаги тасвирлари фикримизни тасдиқлайди. Бундай эстетик нуқтайи назар жаҳон адабиётига хос бўлиб, сўнгги йилларда ўзбек адабиётида ўзгача талқинда бўй кўрсата бошлади. Бу ҳақида адабиётшунос Узоқ Жўрақулов шундай дейди: “Ғарб маънавиятини, хусусан, адабиётини емириб, бугунги руҳий инқироз чоҳига ташлаган икки маданий-фалсафий фактор бор. Уларнинг бири, ҳинд ва хитойнинг буддавий эътиқоди асосида турувчи реинкарнация – руҳнинг бир жонзотдан иккинчисига кўчиши ҳақидаги таълимот бўлиб, қачонлардир унга эргашган беқарор Ғарб синов учун яралмиш инсоннинг тозариш имкониятлари чексизлигига соддаларча ишониб қолди ва кўп хатоларни хато билмай қўйди”.[1;270-бет]

 

Реинкарнация паранормал ҳодисанинг бир кўринишидир. Руҳнинг бир танадан бошқа танага ўтиши назарияси илмий адабиётларда “реинкарнация”, араб тилида эса “таносуҳ” атамаси билан юритилади. Мазкур асоссиз назария, асосан эътиқодий қарашлари бузилган бошқа дин вакилларида учрайди. Ислом динида эса бу каби назариялар қатъиян рад этилади. Ғариб образи ҳақида адабиётшунос Баҳодир Каримов қуйидагича фикр билдиради: “Бир нарса аниқки, қисса қаҳрамони руҳий-ғайбий оламга ошно этилиб, дунё фалсафасидаги, хусусан, ҳинд ва юнонлардаги инсон руҳининг ўлгандан кейин бошқа нарсага кўчиш ҳақидаги “таносуҳ” эътиқодига боғлаб қўйилади”[2;20-бет]. Диний аҳкомларимизга кўра, бундай ғайри эътиқодий қарашлар, яъни ўлган одамнинг руҳи яна шу дунёга ҳайвон ёки ўсимлик бўлиб келиши ботил амал ҳисобланади. Зеро, инсон вафот этгандан кейин руҳ танасини тарк этади ва бундан кейинги ҳаёти руҳнинг кўчиши тарзида давом этиши маърифий ва илмий ҳақиқатларга зиддир. Муаллифнинг реинкарнация назариясига оид қарашлари танқидий мулоҳазаларга йўл очади.

 

Жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналарини кузатиш натижаларидан маълум бўлдики, “паранормал эпизодлар” бадиий асар таркибига тасодифан кириб қолмаган. Киришнинг учта муҳим асоси бор: биринчиси диний, мифологик, фольклор манбалари асосида; иккинчиси ижтимоий-психологик ҳолат, ҳодиса ва вазиятлар таъсирида; учинчиси ботиний, индивидуал ҳолатлар натижасида. Жадидлар даврида паранормал эпизодлар бадиий адабиётда нисбатан камроқ акс этган. Бу ўша давр ижтимоий-сиёсий муҳити билан боғлиқ жараён. Совет даври қиссачилигида айни ҳодисага танқидий-нигилистик муносабат бўлгани боис паранормал эпизодларнинг яққол намуналари учрамайди. Мустақиллик даврига келиб қиссачилик ўзининг асл ўзанларига қайтди, барча таъқиқланган сюжет, мотив ва эпизодлар қаторида паранормал эпизодларнинг ҳам хилма-хил бадиий талқинлари майдонга келди. Биз буни юқорида зикр қилинган қиссалар асосида илмий асослашга ҳаракат қилдик.

 

Санобар САЙДАЗИМОВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1.  Жўрақулов У. Назарий поэтика масалалари: Муаллиф.Жанр.Хронотоп. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2015.

2.   Каримов Б. Руҳият алифбоси. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2015.

3.  Бўтаев Ш. Шамол ўйини. –  Тошкент: Ёзувчи нашриёти, 1995.

4.  Ўнар С. Танланган асарлар. – Тошкент: Саҳҳоф, 2024.

5.  Эшонқул Н. Сайланма II. – Тошкент: Академнашр, 2022. – Б. 526.

6.  Булгаков М. Уста ва Маргарита. – Тошкент: Камалак-пресс, 2019. – Б. 370.

7.  Жўрақулов У. Ҳудудсиз жилва. – Тошкент: Фан, 2006. – Б. 163.

8.  Султон И. Боқий дарбадар. – Тошкент: Ўзбекистон, 2011.

9.  Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ. Тафсири Ҳилол. 6-жуз. – Тошкент: Ҳилол-нашр, 2008.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33288
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//