Вақтни енга олган инсон –  Аҳмад Отабоевни ёд этиб


Сақлаш
12:14 / 08.04.2026 12 0

Шу кунларда адабий жамоатчилик фидойи ва иқтидорли ижодкор Аҳмад Отабоев номини оғир хўрсиниш билан тилга олмоқда. Очиғи, мен бу ижодкор билан ҳар куни ёки кунора кўришиб турмасам-да, унга катта ҳурмат ва ҳавас билан муносабатда бўлардим. Унинг кутилмаганда орамиздан кетиб қолишини сира кутмагандим.

 

Аҳмад Отабоевнинг илк таржима асарини Нурота тоғларида мол боқиб, китоб ўқиб юрган ўқувчилик даврларимда ўқиганман. У пайтлар қишлоққа машҳур “Ёшлик” журналининг келиши биз учун катта байрамга айланарди. Почтачи Абдураим акадан журналнинг ҳар бир янги сонини интиқлик билан кутардик. Шундай кунларнинг бирида журнал саҳифаларида Аҳмад Отабоевнинг машҳур чет эл ёзувчиси асаридан ўгирган таржимасини берилиб ўқиганман. Асар шакли, чамамда, ярим драма ва ярим насрий эди. Журналнинг ҳар бир саҳифасида деярли бўш жой йўқ эди; таржима эълон қилинган саҳифада таржимоннинг кулиб турган сурати ҳам берилганди. У кишининг ўзим туғилиб ўсган қадим Нурота заминида дунёга келганидан фахрланганим ҳам рост.

 

Аҳмад Отабоев шахсияти билан боғлиқ хотиралар кўпчилик ижодкорлар учун ибратли ва сабоқ олгуликдир. У оддий оилада ўсди, ҳаётда, ижодда ўз ўрнини топишга интилди. Қалам сеҳрига ва адабиётга содиқ яшаб ўтди. Ўзини лўттибозликдан, тилёғламаликдан, замонасозликдан ва ножоиз қадам ташлашдан тийиб, самимий яшади. Ҳаётдан нолимади, ғийбат қилмади, ижод машаққатларидан чўчимади...

 

Кейин менга ҳам Университетнинг журналистика факультети талабаси бўлиш насиб этди. Биз талабалар ҳавас билан кўпчиликка таниш Газеталар корпуси биносига қатнаб, қаламкашлар орасига аралашиб кетдик. У пайтлар газеталарнинг ҳаётимиздаги ўрни жуда катта эди.

 

Кўпчилигимиз қаттиққўл адабий таҳрир устаси Маҳмуд Саъдий мактабини, унинг ўзига хос самимий табиатини яхши биламиз. Аҳмад ака у билан баробар таҳрир мактабини давом эттирди.

 

Иш жараёнида Аҳмад ака билан Маҳмуд Саъдий тортишиб, кези келганда бақиришиб ҳам қоларди. Эртасига эса ҳеч нарса кўрмагандай кулишиб, чой ичиб, ижодга киришиб кетаверарди. Биз ёшлар ўша газета таҳририятига борсак, албатта, бу икки сиймонинг хонасига кирмасдан қайтмасдик. Маҳмуд ака бизни қуруқ жўнатиб юбормасди: ё чақиб оларди, ё дангасалигимиздан куларди (бу танбеҳдан руҳланиб, ўзимизни янги машаққатли ишларга сафарбар қилардик). Ёки савол берарди, ҳеч бўлмаганда чизиб ташланган нақ йигирма бетлик қўлёзмани тутқазиб, ўзи таҳрир қилган шакли билан солиштириб ўқишга жалб этарди. Ўша “имтиҳон”дан ўтсаккина эртасига бу хонага кириш имкони бўларди, бўлмаса ўн беш кун қочиб юрардик.

 

Бугун бу икки сиймо ҳам орамизда йўқ. Мен эса ўша кунларни катта соғинч билан эслайман. Аҳмад ака сира бизга қўпол гапирмасди. Аксинча, бир пиёла чой узатиб, тиришиб мақола таҳрир қиларди. У кишининг столи тортмасида турган китоблар бизни ўзига жалб этарди, аммо уларни Аҳмад акадан ялиниб ҳам олишнинг иложи йўқ эди. Энди ўйласам, кун бўйи таҳрир билан банд бўлган одам қандай қилиб уйга бориб, ўша китобларни эрталабгача мутолаа қилишга вақт топган экан? Маҳмуд ака минглаб ижодкорларнинг мақола ва китобларини таҳрир қилишга, талабаларга дарс беришга умрини сарфлаган бўлса, Аҳмад ака таҳрирдан ортиб, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ўгиришга ҳам вақт топа олди. Кўряпсизми, уларнинг иккаласи ҳам вақтни енга олган сиймолар эди. Ҳозир эса биз ўзимизни оқлаш учун турмуш ташвишларини баҳона қилиб, вақтдан енгилиб, умримизни бой беряпмиз.

 

Аҳмад аканинг жаҳон адабиётидан қилган таржималари ҳақида адабиётшунослар ҳали атрофлича тўхталар. Мен фақат шахсий мулоҳазаларимни баён этяпман. У киши жаҳон адабиёти намуналарини синчковлик билан ўқиган китобхон, таржима дунёсини пухта ўзлаштирган изланувчи ва бу ишни маҳорат билан уддалаган таржимон эди.

 

Бугунги оқсаб турган адабий танқидчиликда ҳам у фаол эди.

 

Шунингдек, Мурод Човушнинг “Ҳеч” асари ҳақида кўпчилик жўяли гап топа олмай турган бир вақтда, Аҳмад Отабоевнинг “Ватан” журналида эълон қилинган мақоласи ўқувчиларга маънавий куч берди. Бу мақола орқали Аҳмад аканинг адабий янгиликларга бефарқ эмаслигини ва ҳаётдан ортда қолмай ижод қилаётганини яна бир бор ҳис қилдик.

 

Аҳмад аканинг ижодий тарбиясида улуғ адиб Одил Ёқубовнинг катта ҳиссаси бор деб ўйлайман. Олис Нуротадан келган оддий қишлоқ фарзандининг пойтахт азобларига — уй-жой, рўзғор ташвишларига дош бериб, ўсиши осон кечмаган. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидек улуғ мактаб машаққатларини енгиб ўтиш катта матонат талаб қиларди. Кейинги йилларда Аҳмад ака “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланди. Ўшанда у кишининг номзодини тавсия этган раҳбариятдан жамоатчилик миннатдор бўлганди, чунки Аҳмад ака бу эътирофга чин дилдан лойиқ эди.

 

Бугун у киши орамизда йўқ. Қадим Нуротада туғилди, пойтахтда яшаб ижод қилди ва яна Нурота тупроғига қўйилди. Ўзидан яхши тарбия кўрган фарзандлар, эзгу ном ва гўзал хотиралар қолдирди...

 

 

Ўлжабой ҚАРШИБОЕВ, 

Тошкент — Нурота — Тошкент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

17:04 / 03.04.2026 0 58
Бу пойгада от чоптириб кўрганмиз...





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33266
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//