Германиядаги ўзбек муҳожирлари нашри – “Миллий адабиёт”да қатағон воқеликлари қандай ёритилган?


Сақлаш
17:51 / 07.04.2026 38 0

Жадидлар матбуоти Туркистонда миллий онгни шакллантириш, халқни жипслаштириш ҳамда мустақиллик ғоясининг аҳамиятини англатишда ўзига хос маърифий мактаб вазифасини бажарган. Айниқса, мустамлакачилик зулми ва ижтимоий-сиёсий турғунлик шароитида яшаган аҳоли орасида озодлик ҳамда тараққиёт ғояларини тарғиб этиш жадид матбуотининг асосий мақсадига айланган эди. Шу жиҳатдан, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Самарқанд”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Ҳуррият”, “Эл байроғи”, “Ойна” каби газета ва журналлар миллий уйғониш ғояларини кенг ёйишда муҳим ўрин тутди. Бу жараёнда Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий Ажзий, Муҳаммадшариф Сўфизода, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби маърифатпарвар зиёлиларнинг хизматлари беқиёсдир.

 

Совет ҳокимияти ўрнатилиши билан Туркистонда юз берган қатағон сиёсати натижасида кўплаб туркистонликлар ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлиб, Афғонистон, Эрон, Шарқий Туркистон, Яқин Шарқ ҳудудлари, Туркия ва Европа мамлакатларига тарқалиб кетдилар. Муҳожирлик шароитида ҳам улар миллий озодлик ғояларидан воз кечмадилар, аксинча, хорижда турли жамият ва ташкилотлар тузиб, совет тузумига қарши маънавий ва ахборот курашини давом эттирдилар.

 

 

Германияда 1943-1944-йилларда нашр этилган “Миллий адабиёт” журнали ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у муҳожир туркистонликлар томонидан йўлга қўйилган муҳим адабий-маърифий нашрлардан бири ҳисобланади. Журнал Миллий Туркистон қўмитаси ташаббуси билан ойлик нашр сифатида чоп этилган, унинг асосий мақсади – совет ҳокимияти шароитида ўз фикрини эркин ифода эта олмаган туркистонликлар, айниқса ёш авлод учун миллий руҳдаги фикр ва ғояларни етказишдан иборат эди.

 

“Миллий адабиёт” журнали Берлинда нашр этилган адабий тўплам бўлиб, унинг 1-сони 1943 йил 30 май куни чиққан. Тадқиқотлар давомида журналнинг 1943-1944-йиллар давомида эълон қилинган 9  сони аниқланди. Шулардан 6 таси 1943 йили, 3 та сони эса 1944 йили чиқарилган. 1944 йили нашр этилган 3–6-сонларини топиш имкони бўлмади. Журналнинг 1943 йил май ойидаги 1-сони – 64 бет, июнь ойидаги 2-сони – 80 бет, июль ойидаги 3-сони – 82 бет, август ойидаги 4-сони – 65 бет, сентябрь ойидаги 5-сони – 80 бет, октябрь ойидаги 6-сони – 66 бет, 1944-йил май ойидаги 1-сони – 90 бет, июн ойидаги 2-сони – 82 бет, ноябрь ойидаги 7-сони 65 бет ҳолда чоп қилинган.

 

 

“Миллий адабиёт” журналининг бош муҳаррири Миллий Туркистон комитетининг президенти Вали Қаюмхон бўлган. Журналнинг масъул муҳаррири сифатида Қобизчи Қўрқит, М.Равшан, шунингдек, Бет-Олмон, Сайран, Хушнуд, Соғин, Оллоберди, Масрур, Ёнқинли каби таҳририят аъзолари фаолият кўрсатганлар. Ушбу ёзувчилар ўзларининг мақола, шеър ва ҳикояларини мунтазам журнал саҳифаларида эълон қилиб борганлар. Журнал Берлин шаҳридаги “Berlin SW 68. Neuenburgerstr. 14. Turkestanische Mittelstelle” (Toplam adresi: Berlin SW 68. Neuenburgerstr. 14. Turkestanische Mittelstelle . Tel. 176619) манзилида чоп қилинган.

 

“Миллий адабиёт” журналининг олдига қўйган асосий вазифалари:

 

1.                 Ўз нашрлари билан бутун туркистонликлар орасидаги бирликни сақлаш ва бу ғояни кўпроқ тарқатиш!

 

2.                 “Мен”, “сен” сўзлари ўрнига “биз”, “сиз” тушунчаларини бутун туркистонликлар орасида янада кучлироқ ўринлаштириш. “Мен”, “сен”ни йўқ қилиб, бунинг ўрнига ёлғиз “бизлар”гина бордир дея, бутун туркистонликлар бирга бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсадда курашиш. Бошқаларга қўғирчоқ бўлмаслик! Ҳарким ўзи, ўз турмуши учунгина яшамасдан, юрт, ватан учун яшаши керак! Буни ўз қобилият ва қалам кучи билан халққа ва оламга билдириш керак! Ёшлар юрагидаги ўтни янада кучлироқ ёндириш керак! Бу миллий ўтлар аланга олиб, ёвларни куйдирсин!

 

3.                 Буюк миллий ёзувчилар йўлидан давом этиш лозим! “Туркистон”, “Қарғалар” шеърларини ёзган буюкларнинг чизиғи, бунга мисол-ўрнак бўлсин! Туркистонликларга миллий руҳ беришда ишлаш ва борлиқ мавзу бирлик учун, бирликнинг бутунлиги учун бўлсин! “Туркистон – туркистонликлар учун!” эканини халқ орасида тарқатиш!

 

4.                 Ота-боболар каби ҳаракат қилмоқ, ота-боболар каби чорлов, демак – улар каби қаҳрамон, тўғри йўлдан чиқмайдиган, ҳеч кимга сотилмайдиган, тоза юракли Туркистонликлар бўлиш демакдир!

 

5.                 Ёвга қарши ўтли, ўткир нашрлар чиқариш!

 

6.                 Юрт, миллат учун, Туркистон истиқлоли учун, миллий фундамент қуришда, миллий йўлдан оғишмай, ушбу фикрларни тарқатиш керак: Миллий адабиётнинг принсипи – Туркистон бирлигидир!

 

Журнали муайян тузилма ва мазмунга эга бўлиб, унда “Ҳикоялар”, “Шеърлар”, “Халқ адабиётидан”, “Таржималар”, “Миллий адабиёт йўлидан”, “Бошқармадан” каби рукнлар доимий равишда юритилган. Мазкур рукнлар орқали совет ҳокимиятининг Туркистонда олиб борган сиёсатини турли қирраларда таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, маориф тизимидаги ўзгаришлар, диний ҳаётга муносабат, тил сиёсати, шунингдек, совет адабиётини яратиш ва тарихшуносликни мафкуравий асосда шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар танқидий руҳда ёритиб берилган.

 

Журнал саҳифаларида жадид маърифатпарварларининг илмий ва адабий меросини тиклашга ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Унда Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Элбек, Боту каби адиб ва шоирларнинг асарлари, уларнинг миллий уйғониш ғояларини акс эттирувчи ижод намуналари мунтазам равишда чоп этилган. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”идан парчалар берилгани роман тарғиботи ва адабий меросни сақлашда муҳим аҳамият касб этган.

 

 

Муҳожирлик шароитида ижод қилган туркистонлик адиб ва шоирлар асарларида анъанавий лирик мавзулардан кўра, ижтимоий-сиёсий мазмунни устувор қўйдилар. Улар миллий озодлик, истиқлол, эркинлик, ватан тақдири ва халқнинг келажаги каби долзарб масалаларни бадиий талқин этишга интилдилар. Шу жиҳатдан, журналда эълон қилинган Чўлпоннинг “Япроқлар”, “Фарғона”, “Зарафшон” (сафар эсдалиги), Фитратнинг “Миррих юлдузига”, “Қон”, “Бир оз кул”, Элбекнинг “Тил”, Ботунинг “Ўзбек қизига”, “Қаёнга”, “Сўрма” каби шеърлари миллий руҳ, озодлик ғоялари ва ижтимоий кураш мавзуларини ёритиши билан ажралиб туради.

 

 

Журнал саҳифаларида жадид адибларининг шеърлари билан бир қаторда, уларнинг маърифий-тарбиявий аҳамиятга эга ҳикматли сўзлари ҳам кенг ўрин олган. Айниқса, Абдурауф Фитратга мансуб “Турма, югур, тинма тириш, букилма юксал! Ҳуркма кириш, қўрқма ёпиш, бурулма қўзғал! ...” мазмунидаги чақириқлар, шунингдек, бошқа жадид зиёлиларининг ўгитлари муҳожирлик шароитида яшаган туркистонликлар учун руҳий таянч ва маънавий куч манбайи бўлиб хизмат қилган. Ушбу фикрлар орқали журнал ўқувчиларни миллий бирликка, жипсликка ва совет ҳокимияти юритган сиёсатга қарши маънавий курашга даъват этган.

 

Шунингдек, журнал саҳифаларида совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати моҳиятини очиб берувчи қатор мақолалар ҳам мунтазам равишда эълон қилинган. Жумладан, “Сайид ота” ва “Жаллодлар” каби мақолаларда даврнинг оғир ва фожиали воқеликлари, инсон тақдирлари мисолида очиб берилган. Хусусан, журналнинг 1943 йил 1-сонида Абдулла исмли муаллиф томонидан ёзилган “Жаллодлар” номли хотира чоп этилган бўлиб, унда қатағон сиёсатининг асл моҳияти, унинг инсон ҳаётига кўрсатган шафқатсиз таъсири ва замоннинг драматик манзараси бадиий-оммабоп руҳда ифода этилган. Мазкур хотирани тўлиқ ҳолда келтириб ўтиш, унинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш ва тадқиқот нуқтайи назаридан таҳлил қилиш имконини беради:

 

Озон пайти... Тонг эндигина отиб келаётир. Ҳамма ширин уйқуда. Узоқдан онда-сонда хўрозларнинг қичқирган товушлари эшитилиб қолади. Кўкламнинг кишини қитиқловчи шамоли эсиб турмоқда.

 

Тонгнинг мана шундай лаззатли бир пайтида қўшнимизнинг ҳовлисида икки аёл кишининг аввал бирданига бақириб, кейин бўғиқроқ товуш билан йиғлаган овози эшитилиб қолди.

 

Ирғиб ўрнимдан турдим. “Ажабо, бу қандай ҳол, нима бўлди, нега бевақт йиғлайдилар?”. Алпин-талпин кийиниб, қўшнимизникига чиқдим. Рисқи хола келини Меҳрихон билан ўчоқ бошининг бир бурчагига буқиниб, кўзларидан маржон каби ёшларини тўкмоқдалар.

 

– Хўш, Рисқи хола, ўзи нима сўз? – деб ҳовлиқиб сўрадим.

 

Рисқи хола ўпкасини зўрға тўхтатиб, енги билан кўз ёшини артиб олгач:

 

– Ҳамдамжондан ажралдик! – деб айта олди ва яна кўз ёшини оқиза бошлади.

 

Бутун танимни титроқ босди. Кутилмаган бу хабар мени эсанкиратиб қўйди. Ҳеч ишонгим келмайди, Ҳамдамжон соппа-соғ юрган эди.

 

Рисқи хола менинг аҳволимга тушунди. Ўрнидан туриб олдимга келди ва уйга томон ишора қилди.

 

Уйга қарадим, илектирик чироғининг нури остинда ойнадан уч кишининг гавдаси кўринди. Танимдаги қалтироқ яна кучайди, шошилиб ойнага қараб юрдим. Кўзимга аввал Ҳамдамжон кўринди, унинг ёнинда шипдек бўлиб, учта ҳарбий формадағи киши турур эди. Рисқи хола ҳам менинг кетимдан ойна олдиға келиб:

 

– Ҳамдамжон тириклайин ўлди, ўғлим! – деб, пешонасиға бир урди.

 

НКВДнинг този итлари Ҳамдамжонға ов қилғон эканлар. Ҳамдамжон уларнинг олдида дадил туруб, баъзи қўрқоқларға жавоб бермоқда эди. Унинг эр йигитлик хусусияти бор эди. У баҳодир бир киши эди...

 

Ҳамдамжоннинг уйини тоза тинтидилар. Сандуқдаги барча матоҳларни ирғитиб ташладилар, деволнинг (деворнинг – М.Д.) тешикларини пичоқ билан ўюб кавлаб кўрдилар... оқибатда бир неча расм, китоб топдилар, холос.

 

НКВД вакилларидан бириси Х(и)той чиннисидан қилинган чиройлик бир кувачани папкасига солиб олаётган бир вақтда, иккинчиси Ҳамдамжонга қараб:

 

– Тезроқ кийин! Биз билан бирга кетасан! – деб, дўқ қилди.

 

Ҳамдамжонда бу ўғриларнинг қирқтасини бир қозон қилғудек куч бор эди. У ҳар замонда қошларини жимириб, қаршисиндағи душманларини мажақлағудек бўлар эди, лекин у на илож эди...

 

Ўғрилар шубҳаланган нарсаларини бир буқча (бўхча – тугун – М.Д)  қилиб, олдилариға Ҳамдамжонни солиб, жўнаб қолдилар.

 

Ҳамдамжоннинг оқ сут бериб ўстирган онаси дод-фарёд қилиб ўғлининг оёғи остиға ташланди.

 

– Гуноҳсиз ўғлимни қай ерга олиб борасизлар? Вой дод!... деб бақирди.

 

Лекин бу фойдасиз эди. Ўғрилар Рисқи холани бир туртиб, кўча эшигини тақиллатиб чиқиб кетдилар. Бечора Рисқи хола қон қақшаб қолаверди.

 

... Орадан икки йил ўтди. Ҳамдамжон НКВДнинг зиндонларида терговсиз ётаверди. Рисқи холанинг бормаған идораси, ёзмаған арзи, доди қолмади. Икки йиллик саргардонлик натижасинда уйидаги бутун молдан ажралди. Суд органларида ўлтурғон (ўтирган – М.Д.) ўғрилар ёлғон-ёшиқлар билан уни юпатиб, пулини олабердилар. Ҳамдамжон эса доим сўроқсиз ётар эди...

 

Ҳамдамжон бир илож қилиб, кимларнингдир ёрдами билан хат чиқарибди. Ўқуб кўрдим. Унда одам боласи чидаб бўлмайтурғон нарсалар ёзилғон.

 

“Ўлимига розиман онажон! – деб бошлайди у хатни, – икки йилдан бери азоб чекаман. Ҳақиқат қилмайдилар. Советларға қарши уюшмада бўлғонингға иқрор бўл, деб қистайдилар, урадилар, ҳақорат қиладилар. Ялонғоч қилиб, томоғимгача келатурғон сувга тушуриб қўйдилар...”

 

Хатнинг давомини ёзишга тил бормайди. Қандай золимлиқ! Тоза бир кишини булғайдилар. Оқ сутни қора деб айтувга мажбур қиладилар.

 

Энг сўнгида Ҳамдамжонни суд қилишни эп кўрмадилар. Московга, яҳудий жаллодлари қўлиға юбордилар. Гувоҳсиз “айибдорсиз”, у ерда масаланинг қандай кўрилгани номаълум. Лекин тез орада Ҳамдамжонни сургун қилдилар. Ғариб она ўз ўғлининг юзини ҳам қўрмай қолди. Уни кўз қораси ўғлидан айирдилар, хўжалиғини вайрон қилдилар.

 

Орадан уч ой вақт ўтди. Бир кун Рисқи холани НКВДга чақиртирдилар. Унинг қўлига “мана ўғлингизнинг хати” деб бир қоғоз тутдирдилар. Рисқи холанинг учишга қаноти йўқ эди. “Ўғлимнинг оқ хати қўлимга тегди” деб, уйига қараб югурди. Хатни қўлимға берар экан, тез ўқиб беришимни ўтинди. Мен хатни олдим. Муҳур ва қўллар билан тасдиқланган бир расмий қоғоз. Мен ўзимни йўқ қилиб қўйдим. Кўзларимдан қандай ёш томганини ўзим ҳам ҳис қила билмабман.

 

– Хўш, ўғлим, нима, нима?..., деб, қалтираб сўради Рисқи хола.

 

Яширишнинг иложи йўқ эди.

 

– Ҳамдамжон вафо (вабо) касали билан оғриб қолибди! – дедим.

 

Оқ хат келтирдим деб қувонғон онанинг шу фурсатдағи хаёлини қарамайсизми? Унинг кўз олди қоронғилиқ босди. Ранглари ўчди, дами ичига тиқилиб, бир неча минут бўзрайиб қолди.

 

– Вой уйинг куйгирлар! – деб бақириб йиғлади.

 

Аза очдилар. Ундан-мундан қарз-қурз тўплаб мотам ўтказдилар.

 

Кунлардан бир куни яна шу қора танали ҳарбий формадағи кишилар кириб келдилар. Улар тағин Ҳамдамжоннинг уйига кирдилар. Яна тинтув. Улар ўзларинча ниманидир қидиргандек бўлиб, аллақандай қоғозларини олиб кетдилар. Орадан яна бир неча ҳафталар ўтиб кетди. Узоқ Сибириядан Рисқи холанинг отиға бир хат келиб қолди. Мен шошилиб хатни ўқуй бошладим.

 

– Эҳ, жаллодлар! – деб қичқириб юбордим.

 

Ҳамдамжоннинг озарбайжонли бир дўсти ҳақиқатни билдириб ёзиб юборибди экан.

 

Сургуннинг азоби қаттиқ бўлғон. Ўруслар, яҳудийлар мусулмонларни оғир ишларға буюриб қийнағанлар. Ҳамдамжоннинг сабри кетган. У ўзининг тоза, соф йигитлик пайтининг тугалишига чидай олмаган. Ҳамдамжон, гуноҳсиз бир туркистонлик йигитни ураётган соқчига интилиб, (соқчини – М.Д.) урган. Унга бошқаларда қўшилғон. Натижада яҳудий соқчи чала ўлик қилиб ташланган. Бу воқеа юз берган оқшоми Ҳамдамжонни отиб ўлдирганлар. Лекин бу ўлдириш ҳеч кимга билдирилмасдан бажарилган...

 

– Эҳ... Жаллодлар... Ҳамдамжоннинг бошиға етдингларми?! – деб бақирдим.

 

Она эсини йўқотиб ётиб қолди.

 

Бу воқеадан сўнг мени аскарликка олдилар...

 

Умуман олганда, “Миллий адабиёт” журналининг нашри йўлга қўйилиши туркистонлик ёшларни, ёзувчиларни, шоирларни бир маррага – нуқтага бирлаштирган. Журналда эълон қилинган қатағон сиёсатига оид мақолалар орқали мустамлака-совет ҳокимиятининг Туркистон адабиётини ўстирмай, қулликда ушлаб келишига қарши курашган. Миллий адабиёт билан қуроллантириб, ёшларни миллий руҳда тарбиялашга хизмат қилган.

 

Умуман олганда, “Миллий адабиёт” журнали чоп этилиши туркистонлик ёшларни, ёзувчиларни, шоирларни бир мақсадга бирлаштирган. Журналда эълон қилинган мақолалар орқали мустамлакачиларнинг Туркистон адабиётини ўстирмай, қулликда ушлаб келишига қарши курашган. Миллий адабиёт билан қуроллантириб, ёшларни миллий руҳда тарбиялашга хизмат қилган.

 

Машҳурахон ДАРМОНОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

 

Фойдаланилган манбалар рўйхати

1.                 Машҳура Дармонова. Жадидлар фаолияти ва ижодида миллий уйғониш масаласи. “Водийнома” журнали. 2023 йил. № 3. 49-бет.

2.                  “Миллий адабиёт” журнали. Берлин. 1943. 1-сон. 1–3-бетлар.

3.                 Туркиянинг Адана шаҳрида истиқомат қилаётган фарғоналик Чиғатой Кўчар журнал ҳақидаги ўз билганларини айтиб берди. Адана. 2023 йил 18 августдаги суҳбат.

4.                 Вали Қаюмхон. Янги юмушлар. “Миллий адабиёт” журнали. Берлин. 1944. 2-сон. 16-бет.

5.                 Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар (шу номли романдан олинди) Рақиб изидан. “Миллий адабиёт” журнали. Берлин. 1943. 5-сон. 20–30-бетлар.

6.                 Абдулла. Сайид ота. “Миллий адабиёт” журнали. Берлин. 1943. № 2. 6268-бетлар.

7.                 Абдулла. Жаллодлар. “Миллий адабиёт” журнали. Берлин. 1943. № 1. 51–55-бетлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

17:04 / 03.04.2026 0 58
Бу пойгада от чоптириб кўрганмиз...





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33266
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//