Нега раддиялар баъзан медиани юмшатиш ўрнига портлатади?


Сақлаш
10:14 / 06.04.2026 20 0

Нима учун раддиялар баъзида медиамуҳитни юмшатишга эмас, портлашига олиб келади?

 

Инсон табиати ажойиб. Масалан, узоқ йиллар “Узунқулоқ ота” қабрини тавоф қилиб келган одамга лаҳадда аслида нафаси ўткир авлиё эмас, балки ҳаром ўлган эшак кўмилгани, қайсидир “тадбиркор” гўр устига сағана қурдириб, бу жойни “зиёратгоҳ” деб эълон қилгани ва содда кишиларни шилиб келгани ҳақида фактлар билан айтилса, у дарров тавба қилмайди, аксинча тузатувчи маълумот берганнинг ёқасидан олади, ўз эътиқодини янада қатъийроқ ҳимоя қилади, бунинг учун “янгидан-янги” аргументларни ҳам қалаштириб ташлайди.

 

Бу Худойберди Тўхтабоевнинг асаридан келиб чиқиб ёзилган бир ўхшатиш-метафора, лекин тарихда айни ҳолатга менгзаш мумкин бўлган мисоллар етарлича: ер қуёш атрофида айланишини илмий асослаб берган Галилей унинг аксига ишонган оломоннинг ғазабига дучор бўлган, Семмельвейс аксар аёлларнинг туғруқдан кейинги иситма билан ўлиши — шифокорларнинг амалиётдан аввал қўлини ювмаслиги ва хоналар хлор билан дезинфекция қилинмагани билан боғлиқ эканини исботлаганида ҳамкасблари янада қутуриб, уни жиннихонага равона қилган ва ҳоказо.

 

Хўш, нега шундай бўлади? Нима учун қарашларимизга, тасаввуримизга, ўйларимизга зид далилга дуч келганда мантиққа мос йўналиш олиш, дейлик бизга қарши, аммо тўғри маълумотни хотиржам, фақат ўз қаричимиз билан ўлчамасдан қабул қилиш, фикримизни ўзгартириш ўрнига баттар ғазабланамиз, олди-орқамизга қарамай қилич сермаймиз, бунга нима ёки қандай омиллар бизни мажбур қилади?

 

Ироқда ядро қуроли йўқ? Сафсата!

 

2006 йилда америкалик сиёсий психологлар — Брендан Нихен  ва Жейсон Райфлер  томонидан “Political Behavior” журналида эълон қилинган "Раддиялар нима учун самара бермаяпти ёки носоғлом тушунчалардан қутула олмаслик сабаблари” сарлавҳали  мақолада жуда қизиқарли тадқиқот натижалари келтирилган:

 

Олимлар ёлғон маълумот ва ундан кейинги тузатиш одамларга қандай таъсир қилишини  ўрганиш мақсадида ўша пайтларда оммавий муҳокамада бўлган Ироқ уруши мавзусида тажриба ўтказади. Иштирокчилар икки гуруҳга ажратилади,  1-гуруҳга Ироқда ядро қуроли борлиги ҳақида фейк мақола берилади, 2-гуруҳга ҳам худди шу материал тарқатилади, фақат унинг хулоса қисмига “Бу маълумот хато, аслида Ироқда ҳеч қандай ядро қуроли топилмаган” деган расмий раддия ҳам илова қилинади.

 

Натижалар муаллифларни ҳайратга солган: либерал қарашга эга кишилар тузатувчи маълумотни ўқигач, ўзларини алданган деб ҳис қилган, ҳақиқатни тан олган, мантиқ бузилмаган. Бироқ бошқалар ҳеч қандай қурол топилмагани ҳақидаги расмий хабардан аксинча, баттар тутаққан, “Бўлиши мумкин эмас! Бу раддия бизни чалғитиш учун атайлаб ёзилган" деб ўзларининг “ҳақ” эканини исботлашга тушиб кетган. Нихен ва Райфлер айни мана шу кутилмаган реакцияга нисбатан илк бор “Тескари таъсир эффекти” (Backfire Effect) терминини илмий муомалага киритган.

 

Амалий психология ва фалсафага оид илмий луғатларга кўра, бу инсонларнинг ўз қарашларига зид бўлган далилларни рад этиши ва парадоксал равишда дастлабки позицияларини янада мустаҳкамлашига олиб келувчи когнитив бузилишдир.

 

2014 йилда ўтказилган бошқа бир эксперемент мазкур эффект жамият учун реал таҳдидлардан бири эканини яна бир бор тасдиқлаган: фарзандларини қизамиққа чалинмаслик учун эмлатишга қарши бўлган ёки натижасига шубҳа билан қараган ота-оналарга вакцина ва аутизм ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини исботловчи илмий маълумотлар берилганда уларнинг аксари тинчланиш ўрнига, аксинча болаларини эмлатиш нияти йўқлигини маълум қилган.

 

Қоч ёки жанг қил

 

2016 йилда Жанубий Калифорния университети мия ва креативликни ўрганиш институтининг Йонас Каплан бошчилигидаги нейробиологлар Тескари таъсир эффектини тушуниш учун муайян сиёсий позицияга эга беморлар устида магнито-резонанс томография ўтказганида ўз эътиқодига зид, аммо тўғри маълумот-далилга дуч келган одамнинг миясидаги реакция, жисмоний хавф пайдо бўлганда кузатиладиган реакция билан бир хил бўлишини қайд этган.

 

— Мияда биз кўраётган фаоллик, гўёки инсон кимсасиз ўрмонда кетаётиб одамхўр айиқни учратиб қолганда рўй берадиган ўзгаришга жуда ўхшайди,  - деган эди илмий иш муаллифларидан бири Сара Гимбел. — Мия сизга оний лаҳзаларда  “Қоч ёки жанг қил” деган сигнални юборади ва ҳимояга тайёрланади. Яъни, баъзи қадриятлар инсон шахсияти учун шунчалик муҳимки, абстракт ғояларни ҳам ўз жисмоний мавжудлигига таҳдид сифатида қабул қилади.

 

Ўзининг ноҳақ эканини кўрсатувчи факт/фикрга дуч келган (ва ўзини хавф остида ҳис қилган) инсон кўпинча уни қайта ишлаш ва мияни “перезагрузка” қилишдан бош тортади, аксинча рад этиш йўлларини излай бошлайди (“ҳимоя инстинкти” ёқилади). Кэмбриж университети лектори Итамар Шатснинг қайд этишича, айни шу жараёнда Тескари таъсир эффекти ярқ этиб кўзга ташланади:

 

Янги маълумотни инкор қилишга уринишда, одамлар энг аввало ўз аргументларида фойдаланиши мумкин бўлган эски/нотўғри билимларини эслашга ҳаракат қилади, бу эса ўша “билимлар”ни улар онгида янада мустаҳкамланишига олиб келади, шунингдек инсон ҳеч қандай янги фактлар бўлмаган тақдирда ҳам, шунчаки, нафсига ёқмаган мавзуда мулоҳаза юритиш орқали миядаги маълумотлар омборини “бойитиш” салоҳиятига эга.

 

Синаб кўринг: эсини танигандан бери Роналдуга мухлис бўлган футбол ишқибозига: “Месси жарима зарбаларидан Криштиануга нисбатан кўпроқ гол урган” (факт) денгчи — қаршисида сизни эмас, зуҳрасини ўғирлаган қоработирни кўради, португалнинг рақибидан устун бўлган бошқа ўнлаб рекордларини санаб ташлайди, Роналдунинг ўзи ҳам бехабар янги-янги қирраларини ёқангизга ёпиштиради, хуллас сиз келтирган далил тескари таъсир қилади.

 

Фактлар фикрни ўзгартирмайди

 

Мутахассисларнинг фикрича, ҳақиқатни кўрсатишнинг энг самарали усули — оддийроқ тушунтиришлардан фойдаланиш ва маълумот тақдим этиш усулини ўзгартириш. Яъни, Гитлер ҳалиям тириклиги ёки дунёни масонлар бошқараётганига “иймон келтирган” кишиларни фактлар билан “пешанасига уриш”, ўта мураккаб ва илмий тушунтириш бериш, босим ўтказиш, мазах ёки киноя қилиш, шахсиятига тегиш фақат тескари эффектга олиб келади.

 

Раддия ёки тузатувчи маълумотни агрессив оҳангда тақдим этиш, кишилар  қанчалик ноҳақ бўлмасин, иш бериши даргумон, чунки бу уларни янги далилларни қабул қилишни истамайдиган ҳимояланиш ҳолатига тушириб қўяди,  - деб ёзади Шатс. — Чунки агар одамлар сизни одобсиз ёки душман сифатида қабул қилса, аргументларингиз ҳар қанча рационал бўлса ҳам, унинг тўғрилигига шубҳа қилиш эҳтимоли ошади.

 

Баъзан, муайян инфоҳолат ёки нотўғри ахборот бўйича давлат органлари томонидан бериладиган муносабат ёки раддиялар медиамуҳитни юмшатиш ўрнига, аксинча оловга мой сепишини энди тушуняпсизми? Чунки айрим ҳолларда тузатувчи ахборот фақат мураккаб тушунчалар ва фактлардан иборат бўлади, фойдаланувчилар “ёлғон ахборотга жавобгарлик бор”лиги билан қўрқитилади, “танқид қилиш ёки фейк тарқатишдан олдин савиянг устида ишла” мазмунида шахсиятга ўтилади, ҳатто оммавий қоралаш кампаниялари уюштирилади.

 

Маълумотни қандай кўрсатиш — нимани тақдим этиш каби муҳим

 

АҚШда қизиқ кейс кузатилган: одамлар онлайн-платформалар орқали давлат бюджетидан ижтимоий соҳага кам маблағ ажратилаётганидан норозилик билдира бошлайди, масъул органларнинг ижтимоий таъминот дастурлари ҳақидаги фактларни тақдим этиши фойдаланувчилар фикрини деярли ўзгартирмайди. Шундан сўнг ёндашув ўзгартирилади: икки саволдан иборат сўровнома ташкил қилинади: 1.“Сизнингча, ҳозир қанча ажратиляпти?” (тахмин). 2. “Сизнингча,  аслида қанча ажратилиши керак?” (истак).

 

Одамлар ўз позициясини белгилаганидан кейин уларга реал рақамлар кўрсатилган: асл миқдор фойдаланувчилар тахминидан ҳам, улар хоҳлаган ноллардан ҳам кўп бўлиб чиққан. Яъни, фуқаролар ўз жавоблари туфайли “тузоқ”қа тушган ва хатосини тан олишга мажбур бўлган.

 

Бу кузатув, агар кимнидир у янглишгани ёки хато фикрда эканини кўрсатиш керак бўлса, маълумотни қандай тақдим этиш — нимани тақдим этиш каби муҳим эканини, тузатувчи маълумот омма ихтиёрига конфронтациясиз ҳавола қилинганда кутилган самара беришини англатади.

 

Дилшод НУРУЛЛОҲ,
Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

17:04 / 03.04.2026 0 39
Бу пойгада от чоптириб кўрганмиз...





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 33188
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//