Миллатчининг жазоси


Сақлаш
00:27 / 20.01.2022 1533 0

 

“Исмимдаги бир ҳарфнинг қурбониман...”

Асқад Мухтор

 

Ҳуррият бўлиб, коммунистлар демократларга, атеистлар диндорларга айланган, миллий ўзликни англаш сиёсат даражасига кўтарилган дориломон кунлар эди.

 

Ўроқ-болғали, чўғдай қип-қизил совет паспортини алмаштиришнинг тарихий фурсати етиб, тегишли идорага бош уриб бордим. Халқимизнинг хат-ҳужжат ишига одатий ҳафсаласизлиги туфайли, паспорт алмаштириш муддатига кечиккан мен каби масъулиятсиз фуқаролар маҳкама эшиги олдида маржондек тизилиб туришарди.

 

Шўро давлати билан бирга унинг қадрдон “очирит”лари ҳам йўқолиб кетган, шу сабабли бу ҳол бироз эриш туюлса-да, сабр-тоқат билан навбат кутиб, ниҳоят ичкарига кирдим. Эшигига “Подполковник Назымов Батыр Юлдашевич” деган лавҳа осиғлиқ каттакон хонанинг тўрида ўтирган қиёфасиз кишига рўпара бўлиб, арзим баён айладим.

 

– Акажон, – дедим кичкина укамдан ҳам кичкина бу одамни улуғлаб, – шу... бир масалада ёрдам берсангиз...

 

Подполковник Назымов Б. Ю. сийрак қошларини чимириб, менга сўзсиз тикилди.

 

– Биласизми... шу мустабид тузум даврида менинг исмим паспортга нотўғри ёзилиб қолган. Ўттиз тўрт йил шу хато ном билан юрдим, энди шуни тузатиб олмоқчи эдим...

 

– Қандай хато? – Агар подполковник Назымов Б. Ю.нинг ўрнида ўзим бўлганимда, ҳеч шубҳасиз, бундай бошоғриқдан менинг ҳам энсам қотиши тайин эди.

 

– Отим Жамолиддин, иккита “д” бўлади, лекин бу паспортда “Жамолитдин” деб “т” билан хато ёзилган...

 

– Метрика, – деди подполковник Назымов Б. Ю.

 

– Мана, акажон, – деб таъзим-тавозе билан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни қўшқўллаб узатдим. У метрикани қўлига олиб, обдон синчиклаб кўздан кечирди, ҳатто ёзувларини пичирлаб ўқиб ҳам чиқди.

 

– Ҳаммаси тўғри, – деб ниҳоят ҳукм чиқарди-да, ҳужжатларимни тап этказиб олдимга ташлади.

 

– Нимаси тўғри?

 

– Ҳеч қанақа хатоси йўқ, метрикада қандоқ ёзилган бўлса, шундоқ ёзилган.

 

– Нега тўғри бўларкан, ўзбек тилида...

 

– Давлат тилида, – деб тузатди у.

 

– Ҳа, сизларнинг таъбирингиз билан айтганда, давлат тилида “Жамолиддин” деган исм “т” билан ёзилмайди, иккита “д” билан ёзилади.

 

– Лекин, – деди у чертиб-чертиб, – метрикада “т” билан ёзилган, шу асосда сизга совет паспорти берилган, янги паспортда ҳам шундай деб ёзилади.

 

– Э, ака, қўйинг, “т” билан ёзганда исмим ­“итдин” бўлиб қоляпти-ку!

 

– Бунинг бизга алоқаси йўқ, – деди у. – Бу сизнинг проблемангиз.

 

Бу гапни эшитиб, агар менинг ўрнимда подполковник Назымов Б. Ю.нинг ўзи бўлганида ҳам, шайтонга ҳай беролмай қолиши муқаррар эди.

 

– Э, сиз қанақа одамсиз?! – дедим тутақиб. – Шу битта ҳарф ўлгурни тўғри ёзиб берсангиз, нима, ҳақингиз кетиб қоладими?

 

– Ҳақим кетиб қолмайди, – деди у пинагини бузмасдан, – лекин ҳаққим йўқ.

 

– Нега?

– Чунки асос йўқ.

– Қандай асос керак сизга?

– Метрика.

– Метрика қўлингизда турибди-ю?

– Метрикада “т” билан ёзилган.

– Ҳа, бу метрикани... бундан эллик йил бурун бир чаласавод татар кампир ёзиб берган-да.

 

– Бизга бунинг дахли йўқ, – деди подполковник Назымов Б. Ю. – Агар метрикани ўзгартириб келсангиз, хоҳлаганингиздек қилиб, иккита “д” билан, керак бўлса, учта “д” билан ҳам ёзиб беришимиз мумкин.

 

– Учта “д” керак эмас, – дедим тумшайиб, – бу... метрикани қаерда, қандай ўзгартираман?

 

– Берилган жойида, – деди у, – қайси райондан олган бўлсангиз, ўша ернинг ЗАГСига ёзма мурожаат қиласиз. ЗАГС архивга запрос беради, архив роддомдан олинган справка асосида справка беради, ЗАГС шу справка асосида сизга иккита “д” билан янги метрика беради, шу метрика асосида биз сизга янги паспорт берамиз. Шу.

 

Оббо! Ахир, мен туғилиб ўсган, тупканинг тагидаги бу туман ўтган қирқ йил мобайнида тўрт марта – Сталин номидан Маленков номига, ундан Хрушев номига, ундан кейин Тўқсонота номига ўзгарган бўлса... Хўп, дейлик, ана Тошкентдан минг километр йўл босиб, она қишлоғимга борсам. Борсам-у, менга метрика берган ЗАГС аллақачон ёпилиб, ФҲДЁга айланиб кетган бўлса. ФҲДЁ дийдиёмни эшитиб, архивга запрос берса-ю, архив аллақайси гўрга кўчиб кетган бўлса. Борингки, архив топилса-ю, у ердаги роддомдан берилган справкани йигирма йил олдин сичқон кемириб кетган бўлса...

 

Истиқболимда кутиб турган бундай ажиб, муқаррар келажакни бир зумгина тасаввур қилиб, вужудимни ғам босди.

 

Шу пайт денг, минг йиллар давомида ота-боболаримнинг қонида мудраб ётган қандайдир бир ғалати туйғу... билмадим, отини “миллатчилик” деса бўлармикан, лоп этиб жунбишга келиб қолди-ю!

 

– Мен буни, – дедим, – шу аҳволда қолдирмайман! Етар шунча йил чидаганимиз! Мен... миллий ўзлигимни тиклашингизни талаб қиламан!!!

 

Қаттиқроқ бақириб юбордим, шекилли, эшик қия очилиб, ёшгина лейтенант бош суқди: “Тинчликми?”

 

Подполковник Назымов Б. Ю. хира пашшани ҳайдагандек унга қараб беҳафсала қўл силкиди: “Бор, ишингни қил!”

 

– Марҳамат, – деди яна деразага тикилиб, – миллий ўзлигингизни тиклашингиз мумкин. Фақат асос керак. Метрикани ўзгартириб келинг.

Бу гапдан кейин ҳар қандай ақли расо киши кабинетни тарк этиши керак эди, албатта. Аммо миллий уйғониш туйғуси қўзиб, жазавага тушган одамни ақли расолар қаторига қўшиб бўлмаслиги ҳар бир ақли расо одамга аёндир.

 

– Сизга, – дедим тутақиб, – сизга асос керакми? Мана асос!

 

Худонинг марҳамати билан денг, ўша йилларда мен кичикроқ бир давлат нишони билан тақдирланган эдим. Шу нишоннинг гувоҳномаси лоп этиб сумкамдан чиқиб қолса бўладими! Бахтимни қарангки, гувоҳномада исм-фамилиям ўзбек... йўғ-э, давлат тили қоидасига мослаб, яъни, иккита “д” билан, “Жамолиддин” деб ёзилган экан!

 

– Мана сизга асос, – дедим ғолиб жангчининг важоҳати билан.

 

Подполковник Назымов Б. Ю. гувоҳномамни эриниб қўлига олди, синчиклаб кўздан кечирди, ҳатто ёзувларини пичирлаб ўқиб ҳам чиқди. Кейин афсус-надомат билан бош чайқаб, гувоҳномани қайтариб берди.

 

– Бу асос бўлолмайди, – деди.

 

– Нега асос бўлолмас экан?

 

– Чунки инструкцияда фақат метрика асос бўлади, деб ёзилган...

 

Энди шу ерга келганда миллатчилигим нақ Эльбрус чўққисига чиқди-ю!

 

– Кечирасиз, – дедим жуда секин, одамни қўрқитадиган даражада секин оҳангда, – кечирасиз, давлат раҳбарининг шахсан ўзи қўл қўйган ҳужжат сизга асос бўлмайди-ю, бундан эллик йил бурун, совет даврида, Сталин районининг ЗАГСида ўтирган бир чаласавод кампир ёзиб берган метрика асос бўладими? А?!

 

Агар подполковник Назымов Б. Ю.нинг ўрнида ўзим бўлганимда, менинг ҳам бундай қўрқинчли саволдан капалагим учиб кетган бўларди.

 

Табиийки, у чурқ этмай қолди, стол устидаги графиндан қиррадор стаканга тўлдириб сув қуйди, ютоқиб симирди.

 

Қарасам, вазиятни юмшатмасам бўлмайдиган.

 

– Мана, – дедим девордаги портретга ишора қилиб, – суратларини столингиз тепасига осиб қўйибсиз, у кишининг даврида полковник бўлибсиз...

 

– Мен подполковникман, – деди у ўкиниб.

 

– Полковник ҳам бўласиз, – дедим уни овутиб, – миллий ўзликни тиклаш руҳида ишласангиз, албатта...

 

Подполковник Назымов Б. Ю. оғир уҳ тортди, бир менга, бир девордаги портретга қаради, кейин чуқур хўрсиниб:

 

– Ҳамманглар шунақа қиласизлар, – дедида, олдидаги бир варақ қоғозга менинг исм-фамилиямни тўғрилаб, яъни, давлат тилига мослаб, иккита “д” билан ёзиб, стол тагидаги кнопкани босди. Остонада пайдо бўлган бояги лейтенантга буюрди: – Бу кишининг паспортини мана шундай қилиб расмийлаштиринг.

 

– Раҳмат, акажон, минг раҳмат сизга, – дедим қуллуқ қилиб.

 

Маҳкамадан қалбимдаги миллий ўзликни англаш туйғуси юксалиб, учиб чиқар эканман, беихтиёр “Ҳақ берилмас – ҳақ олинур!” дея биз каби гумроҳларнинг кўзини очиб кетган Беҳбудий бобонинг руҳи покларига дуо ҳам ўқиб қўйдим.

 

Бюрократик идора устидан қозонилган зафар сурури, билмадим, бир йилми-икки йилми давом этди.

 

Худойимнинг марҳаматини қарангки, шунча жафо чекиб, тошбағир бюрократия устидан ғалаба қозониб, қўлга киритган янги паспортим орадан кўп ўтмай менга янги имкониятлар эшигини очиб берди: камина қулингизни янги ишга – нуфузли бир идоранинг бўлим бошлиғи лавозимига таклиф қилишди. Тартиб-таомилга кўра, суҳбатга чорландим. Эшигига “Топ-менеджер Р. Дж. Халтураев” деб ёзилган кабинетга олиб киришди. “Чой, кофе, виски”га тобим бор-йўқлигини сўрашди. Рад жавобимни эшитиб, назаримда, бироз енгил тортишди.

 

– Мен резюмейингиз билан танишдим, – деди суҳбатдошим – бўлғуси раҳбарим, ўзбекча сўзларни инглизча талаффузда чертиб-чертиб. – Резюмейингиз менга ёқди. Менежмент, консальтинг, аутсорсинг сферасида тажрибангиз бор экан. Корпоратив управлениени аста-секин ўрганасиз. Кастинг ишлари сизга танишми?

 

– Танловни айтяпсизми? Ҳа, мен умрбод шу иш билан шуғулланганман-да.

 

– О кэй, – деди суҳбатдошим ва қабул тугаганини билдириб, ўрнидан турди. – Дипломангизни офис-менежерига берасиз.

 

Суриштириб билсам, “офис-менежери” дегани – ўша ўзимизнинг эски қадрдонимиз – кадрлар бўлими бошлиғи, исм-фамилияси, дейлик, тахминан, Фая Ренатовна Зинатуллина экан.

 

У киши ҳужжатларимни, яъни, “резюме ва диплома”мни синчиклаб кўздан кечирди, кейин паспортимни сўради. Мен мағрурланиб, худди Маяковский айтганидек, кенг-мўл шимимнинг чўнтагидан “ўроқ-болғаси бор, чўғдай қип-қизил”... э, кечирасиз, ям-яшил муқовали, миллий паспортимни олиб столга қўйдим.

 

Офис-менежер олдин паспортимни, кейин “диплома”мни қўлига олиб, улардаги ёзувларга узоқ тикилиб қолди. Ранги ўзгарганини юзидаги гўзал, мукаммал макияж ҳам яширолмади. Орага жуда сирли, худди Шекспир трагедияларидаги каби чуқур маъноли сукунат чўкди.

 

– Диплом ўзингизникими? – деб сўради ниҳоят Фая Ренатовна қалам билан чизилган қошларини чимириб. Очиғини айтсам, нафасим ичимга тушиб кетди. Чунки ҳаётимда учта нарсадан – дайди итдан, укол билан кадрлар бўлимидан қаттиқ қўрқаман.

 

– Ўзимники, ўзимники бўлмай кимники бўларди, – дедим шоша-пиша, – фақат шу... мустабид тузум даврида берилган, холос.

Офис-менежер буюк бир шубҳа ва тантана билан “диплома”мни, айни вақтда паттамни қўлимга тутқазди.

– Паспорт билан дипломдаги маълумотлар бир-бирига тўғри келмайди, – деди у ҳамон чимирилиб. Шу чимирилиш бечоранинг пешонасига чуқур ажин бўлиб тушиб қолса, ажаб эмас. – Паспортда исм иккита “д” билан ёзилган, дипломда эса “тд” деб ёзилган. Демак, буларнинг биттаси қалбаки. Ҳужжатларни қалбакилаштириш эса сизга маълум бўлиши керакки, қонун йўли билан таъқиб қилинади.

 

– Нега қалбаки бўлар экан, сираям қалбаки эмас! – дедим мен, лекин негадир овозим қалтираб, мунофиқона чийиллаб чиқди. – Фақат паспортдаги исмим ўзбек тилининг, сизларнинг тилингиз билан айтганда, давлат тилининг қоидасига мувофиқ қилиб ёзилган. Фарқи шу. Мана, суратим ҳам турибди-ку, яхшилаб қаранг.

 

– Дипломда умуман сурат бўлмайди, шуниям билмас экансиз-да, – деди Фая Ренатовна. – Кечирасиз, лекин сизни бу ҳужжат билан ишга қабул қилиб бўлмайди.

 

Подполковник Назымов Б. Ю.ни қандай қилиб енгган бўлсам, ушбу офис-менежерни ҳам шундай усулда бир зарб билан тор-мор қилмоққа чоғландим-у, лекин Худо бирдан ақл бериб, эсим борида этагимни ёпдим. Ким билади, агар оёғимни тираб талашиб-тортишадиган бўлсам, кадрлар бўлими паспорт столига “запрос” берса, паспортдаги исм ноқонуний асосда тузатилгани ошкор эмас, фош бўлиб қолса... арбоб кейин ҳар боб билан урмайдими?!

 

– Ҳай, наилож, – дедим ўзимни қувноқликка солиб, – сизлар билан бирга ишлаш насиб қилмаган экан-да. Ўзимнинг ҳам кўзим учиб тургани йўқ эди. Хайр.

 

– Хайр.

 

Орадан бир ҳафта ўтди.

 

Шанба куни нонушта қилиб, эр-хотин энди бозорга жўнамоқчи бўлиб турган эдик, эшик қўнғироғи жиринглади. Салом бериб, бир ёш йигит кириб келди, “кадастр хизматиданмиз” деб гувоҳномасини кўрсатди. Ошхонага таклиф қилдик.

 

– Эрталабдан безовта қилганимиз учун узр, окахон, хизматчилик, – деб гап бошлади у катта папкасини очар экан, – уй, адашмасам, сизнинг номингизда, шундайми?

 

– Шундай, – дедим мен бамайлихотир, – ҳозир ҳамма ҳужжатларни кўрсатамиз... Мана, квартира бериш ҳақидаги ордер, мана бу хусусийлаштириш тўғрисидаги далолатнома, буниси БТИдан олинган справкалар, мана бу кадастр қоғозлари, бу бўлса, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи гувоҳномаси.

 

– Жуда яхши, – деди кадастр ходими мамнун бўлиб, – дакументга пухта экансиз, ока, гап йўқ сизга. Қани эди, бошқалар ҳам сизга ўхшаган бўлса. Бир хиллар бор, уйига кирсанг, биронта дакументини топиб беролмайди. Топиб берсаям, ҳаммаси чалкаш бўлади. Мана, яқинда учинчи кварталдаги бир хонадонга кирдик, ишонасизми, уй ўтган асрда ўлиб кетган бувисининг номида қолиб кетган. Бўтта яшаётган набирасининг ўзи қариб, кампир буви бўлиб қолган. Ҳужжатларининг на боши, на кети бор. Раҳмат сизга, ока. Шу паспортни берсангиз, мен “даннийлар”ини шундоқ ёзволсам бўлди, кейин сизни вақтингизни олмайман.

 

“Паспорт” деган гапни эшитиб, юрагим шув этиб кетди. Лекин сир бермай, сипогина бўлиб паспортимни узатдим.

 

– Жуда яхши, – деди ходим, – демак, отлари Жамолиддин ака... фамилиялари... Э, бу қанақаси? Ока, кечирасиз, кадастрдаги от билан паспортдаги от мутлақо бошқа-бошқа-ю!

 

– Мутлақо эмас, укажон, мутлақо эмас, – дедим ҳовлиқиб, – яхшилаб қаранг, кўрмаяпсизми, фақат битта ҳарфда фарқ бор. Ўтта “итдин” деб нотўғри ёзилган, бўтта “иддин” деб тўғри ёзилган. Шу, холос.

 

– Ока, бу дакумент, “битта ҳарф”, “иккита ҳарф” деган гап бўтда кетмайди, – деди кадастр ходими қовоғини солиб, – дакумент точний бўлиши керак, билдингизми? Сизда бўлса, ё паспорт, ё кадастр сохта. Агар паспортдаги от тўғри бўлса, бу уй-жой сизники эмас, бошқа одамники, яъни Жамолиддин аканики эмас, Жамолитдин аканики бўлиб чиқади. Умрингиз узоқ бўлсин-у, агар ўлиб-нетиб қолсангиз бу мол-мулкингиз бола-чақангизга мерос бўлиб ўтмайди, чунки у бутунлай бошқа одамнинг номига расмийлаштирилган, тушундингизми?

 

Шундагина, қандай катта, айтиш мумкинки, даҳшатли бир хатога йўл қўйганимни тушундим. Бўшашиб кетдим, ҳол-жоним қолмай...

 

– Нима қилса бўлади? – деб пичирладим ўзимга ўзим.

 

– Нервичит қилманг, ока, тўғриласа бўлади. Бунинг учун сиз паспортдаги отингиз ўзгарганини билдириб кадастр хизматига ариза ёзасиз, биз кейин паспорт столига запрос берамиз, запрос тасдиқланса, кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Лекин бунинг учун аввал кадастр гувоҳномасига асос бўлган ҳужжатларни, яъни, квартира бериш ҳақидаги ордерни, хусусийлаштириш ҳақидаги далолатномани, БТИ справкаларини, квартира планини, тўловлар квитанцияларини, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берадиган шаҳодатномани ўзгартириш керак бўлади.

 

Кадастр ходими хайрлашиб кетдими, хайрлашмасдан чиқиб кетдими – билолмай қолдим, чунки ғам-ташвиш денгизига чўкиб, ғарқ бўлиб кетган эдим.

 

Э, миллатчи бўлмай, ҳар бало бўлай мен!

 

Бир маҳал ҳушим ўзимга келиб, энди нима қилишни мулоҳаза қилишга уриндим. Лекин бу мулоҳазанинг натижаси менинг ҳолимни баттар хароб айлайдиган бўлиб чиқди.

 

Сиз ўртамиёна бир одамда қанча ҳужжат бўлишини ҳеч ҳисоб-китоб қилиб кўрганмисиз? Мен бошимга миллатчилик савдоси тушиб, кечаси ухламасдан одамга умр бўйи ҳамроҳ бўладиган, керак бўлса, унинг инсон, фуқаро, ҳатто шахс эканини тасдиқлайдиган ва мен ўзгартиришим зарур бўлган бир дунё ҳужжатларнинг қисқача рўйхатини тузиб чиқдим.

 

Ушбу рўйхат бу турур:

 

1. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома. Метрика (Инсоннинг бутун тақдирини ҳал қиладиган энг асосий, бош ҳужжат).

2. Паспорт. (Ҳамма ғурбат шундан бошланган).

3. Ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат.

4. Ҳарбий билет. (Ҳали ҳарбий мажбурият ёшидан ўтмаганман, ҳар қачон хизматга чақирилишим мумкин).

5. Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома. (Бусиз ўттиз йил бирга яшаган аёлим менинг хотиним бўлмай чиқади, яъни, хотинсиз қолиб кетиш эҳтимоли юз фоиз).

6. Диплом, топ-менежерлар тили билан айтганда, “диплома”. (Бусиз мени ҳеч қаерга ишга олмайди, ҳужжатни сохталаштирганликда айблаб, жавобгарликка тортишмаса, шукур қилишим керак).

7. Ҳайдовчилик гувоҳномаси. (Бусиз ДАН ходими исталган чорраҳада машинамни “арест” қилиб, жарима майдончасига тиқиб қўйиши мумкин).

8. Уй-жой билан боғлиқ ҳужжатлар. (Ўндан ортиқ. Бунинг салбий оқибатлари ҳақида юқорида айтиб ўтдим, қайта баён айлашга юрагим дош бермайди).

9. Дача ҳужжатлари. (Уҳ!)

10. Партия билети. (Миллатчилигим туфайли “Миллий тикланиш” партиясига аъзо бўлганман, демак, унинг ҳам гувоҳномасини ўзгартиришим шарт).

11. Овчилар жамиятининг гувоҳномаси. (Э, Худойим, энг чатоғи шу – ахир, менинг номимда ов милтиғи бор-а! “Ноқонуний қурол сақлаган”, деб қия бўлиб кетиш ҳеч гап эмас!).

12. Болаларимнинг метрика, паспорт, аттестат ва дипломлари. (Агар “отасининг исми” деган банди бўйича текширса, уч ўғил ва бир қиз менинг фарзандим бўлмай чиқади!)

13. Фан номзодлиги учун берилган гувоҳнома.

14. Муаллифлик ҳуқуқи. (1 та монография, 3 та услубий қўлланма, 1 та рационализаторлик патенти, 100 га яқин илмий мақоланинг муаллифи мен эканимни исботлаш).

15. Хизмат гувоҳномаси. (Ишхонага ҳар куни бировнинг номидаги ҳужжат билан кириб-чиқяпман!)

16. Солиқ тўловлари (ИНН). (Зудлик билан ўзгартирмасам, текшириб қолса, миллион-миллион сўм солиқларни қайта тўлаш керак).

17. Барча тўловлар (электр, табиий газ, иссиқлик, совуқ сув, иссиқ сув, чиқиндилар) бўйича дафтарчалар.

18. Давлат мукофоти гувоҳномаси. (Буни қандай қилиб ўзгартирса бўлади, эй одамлар?!)

19. Прописка. (Паспортнинг ўзида, паспорт столида, маҳалла идорасида ва Худо билади, яна аллақайси гўрларда қайд этилган).

20. Омонат касса дафтарчаси. (2 та. Биттасини хотиним билмайди, яхши-ёмон кунга атаб тўпланган жамғарма менинг эмас, Жамолитдин деган мутлақо бегона бир одамнинг номида ётибди. Банк бу аҳволда бир тийин ҳам бермаслиги муқаррар. Оҳ, пул топиб, ақл топмаган аҳмоқ!)

21. Уй-жой, дача, машина, соғлиқ бўйича суғурта ҳужжатлари.

22. Акциялар. (20 та, бир пайтлар ишхонада мажбуран беришган, шунча йил давомида сариқ чақа ҳам дивиденд тўланмаган, лекин билиб бўладими, ноумид – шайтон).

23. Жамғариб бориладиган пенсия гувоҳномаси. (Менга умуман алоқаси йўқ Жамолитдин деган бетайин бир шахснинг номига расмийлаштирилган. Қўлимдаги паспорт билан ҳемири ҳам ололмаслигим аниқ).

24. Касаба уюшмасига аъзолик гувоҳномаси.

25. Миллий (ўл, сен миллатчи бўлмай!) кутубхонага аъзолик билети.

 

Булар – уйқусиз кечада карахт калламга даб­дурустдан келган, мен эслашга улгурган ҳужжатларнинг бир қисми, холос. Буларни ўзгартириш учун юзлаб идоралар эшигида сарғайиш учун битта умр эмас, буддавий банда каби етти умр бўлса ҳам етмаслиги мен каби аҳмоққа ҳам аёндир.

 

Шундай экан, олдимда иккита долзарб савол пайдо бўлаётир, яъни, “Ким айбдор?” ва “Нима қилмоқ керак?”

 

Биринчи саволнинг жавоби аниқ ва равшан – ўзимдан ўзга айбдор йўқ. Нима қилар эдинг ўлган илоннинг бошини қўзғаб?!

 

Иккинчи саволга жавоб ахтариб, шаҳри азимдаги энг машҳур ҳуқуқий маслаҳатхонанинг остонасига бош уриб бордим. “Пинхасов ва ўғиллари” деб аталар экан бу маслаҳат кони.

 

У ерда ўтирган саксон олти яшар мўйсафид, ўзининг айтишича, Охунбобоевнинг идорасида “начальник юротдел” бўлиб ишлаган, ҳар турли чалкаш ҳуқуқий масалаларнинг пихини ёрган Писар бобо Пинхасов арзимни тинглаб, кўзини юмди, узоқ тафаккурга чўмди ва деди:

 

– Бўтам, мен дардингизни англадим, кўп мушкул аҳволда қолибсиз. Сизнинг бу вазиятингизда мавжуд иккита балодан имкон қадар енгилроғини танлаш керак.

 

– Яъни?

 

– Яъни, ўттизта ҳужжатни ўзгартиргандан кўра, битта ҳужжатни ўзгартирган маъқул. Мен сизга паспортингизни ўзгартиришни тавсия этган бўлардим.

 

Бу гапларни эшитиб, менинг нафсониятим, нозик миллий ғурурим қанчалик азият чекканини айтиб ўтиришимнинг, ярамга туз сепишнинг, ўйлайманки, ҳожати йўқдир?

 

Бир ҳафта-ўн кун тараддуд, иккиланиш, шубҳа-гумонлар исканжасида ўтди. Бу орада мени ўз фуқаролик бурчимни бажариб, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда қатнашишга даъват этадиган, паспортимни ўзим билан бирга олволишим кераклиги эслатилган таклифнома ҳам келиб қолди. Бу ёғини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг!

 

Охири бўлмади – яна ўша паспорт берган маҳкамага бориб, навбатга турдим. Сабр-тоқат билан кутиб, ниҳоят, қадрдон подполковник Назымов Б. Ю.нинг қабулига кирдим.

 

Она халқимдан, доно халқимдан минг ўргилсам арзийди – мана шундай ҳолатларда ниҳоятда қўл келадиган, одамни хижолат ботқоғидан тортиб чиқарадиган юзлаб мақол-маталларни яратиб қўйган, ана, саржиндай тахланиб ётибди, керагини ол-у, мақсадингга мослаб ишлатавер.

 

Мен ҳам шундай қилдим.

 

Подполковник Назымов Б. Ю.га юзланиб дедимки, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, жаҳл келганда ақл кетар экан, эгилган бошни қилич кесмас, бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, дейдилар, энди, шу бир қошиқ қонимиздан кечиб, мушкулимизни ҳал қилиб берсангиз, илоё, тупроқ олсангиз олтин бўлсин, мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин...

 

Подполковник Назымов Б. Ю. менга яна узоқ тикилиб турди-да:

 

– Хўп, – деди, – метрикангиздаги номингиз асосида, яъни, “Жамолитдин” деб янги паспорт ёзиб берамиз, мен тўғри тушундимми?

 

– Тўғри, тўппа-тўғри, – дедим ҳовлиқиб.

 

– Хўп, – деди у, – лекин фақат истисно тариқасида, тушундингизми? Акт тузамиз, қўл қўйиб берасиз, кассага бунча сўм, бунча тийин тўлаб келасиз, уч кундан кейин янги паспорт оласиз.

 

– Раҳмат, минг раҳмат сизга, мени жуда оғир муаммодан қутқардингиз.

 

– Соғ бўлинг, – деди подполковник Назымов Б. Ю. ва ўрнидан туриб, хайрлашиш учун қўлини чўзаркан, – сиз фақат бир нарсани билинг, – деди дона-дона қилиб, – ўша сиз айтаётган миллий туйғу бизда ҳам бор. “Назымов Б. Ю.”ни ўзбек тили қоидасига тўғри эмаслигини, нима, мен билмайманми? Биламан. Отам ҳарбий бўлган, мен Венгрияда туғилганман, метрикамни гарнизонда ёзиб беришган, тушундингизми?

Ҳайрон бўлиб қолдим.

 

Қаршимдаги бу одам бадбин бюрократ эмас, балки дарддошим, миллатдошимга айланди.

 

– Шундай, – деди подполковник Назымов Б. Ю., худди менинг фикримни ўқигандек.

 

– Хўш, унда нима қилиш керак? – деб риторик савол бердим мен.

 

– Сиз ҳозир кўп ўзбек мақолларини келтирдингиз, – деди у, – мен ҳам битта русча мақолни эслатмоқчиман. Руслар “Береги честь с молоду”, дейди. Мен бунга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Береги ... метрику с молоду”.

 

Биз маъюс кулиб хайрлашдик.

 

Жамолитдин Бузруков,

илмий ходим, 50 ёш

 

Хайриддин СУЛТОН

 

Одамлардан тинглаб ҳикоя” китобидан олинди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//