Илм маскани, жинлар макони, хилватхона – Улуғбек расадхонаси ҳақидаги афсона ва ҳақиқатлар


Сақлаш
16:50 / 24.03.2026 52 0

Ўзбек халқи Амир Темур ва темурийлар давридан кейин не не жараёнларни бошидан кечирди. Айниқса мустақилликдан аввалги Россия империясининг мустамлакачилик ва совет ҳокимиятининг мафкуравий сиёсати ўзбек халқининг миллий тарихи ва аждодлар меросини ўз йўриғига солиш, аждодларимизни ўзимизга қора қилиб кўрсатишгача олиб келинди. Натижада кўп саналар унутилди ва яна кўплаб тарихий меросимизни ёрқин хотиралари хира торттирилди. Шулардан бири, Мирзо Улуғбек ва унинг меросидир.

 

Мирзо Улуғбек сиймосига эътибор берсак, ХВ аср жаҳонда аниқ-табиий фанлар соҳасида оламшумул тадқиқот олиб борган, ночизиқли тафаккур тарзи асосида илмий кашфиёт ва ихтиролар қилган, ижтимоий-гуманитар ва маданий фанлар соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган йирик аллома гавдаланади. У 1394 йилнинг 22 мартда Эрон ғарбидаги Султония шаҳрида туғилган. Унга Муҳаммад Тарағай исми берилган бўлсада, ёшлигидан Улуғбек номи билан атаб келинди ва кейинчалик асосий исмига айланди. Саройда ўсган Улуғбек асосий тарбияни бувиси Сарой Мулк хоним (Бибихоним)дан олди. Ҳарбий ва сиёсий таълимни унга тайин этилган отабеги амир Шоҳ Маликдан, астрономия ва математикага оид билимларни мунажжим Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румийлардан олган.

 

Замонасининг олимларидан бири Ғиёсиддин Жамшид Коший 1517 йили Самарқанддан Кошондаги отасига ёзган мактубида, «Оллога ва унинг неъматларига шукроналар бўлсинким, йетти иқлимнинг фармонбардори, ислом подшоҳи донишманд кишидир. Мен бу нарсани одоб доирасидан айтганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши Қуръони Каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги фикрларини ақлда сақлайдилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардордирлар, мантиқ маъноларнинг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар. У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва шундай жиддий маҳорат кўрсатганларки, кунлардан бир куни отда кетаётиб, 818 йил Ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлар орасидаги душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини аниқлашни айтадилар. Шунга кўра отда кетаётиб, ҳаёлий ҳисоб билан Қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топдилар… Қисқа қилиб айтмоқчиманки, улар бу фан соҳасида ғоят маҳоратга эришганлар, юлдузшуносликка оид амалларни яхши бажарадилар ва чуқур далиллар билан худди керагидек исботлайдилар. «Тазкира» ва «Туҳфа»дан шу қадар зўр дарс ўтадиларки, уларга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг ҳожати қолмади», деб тариф беради [1; 5].

 

Мирзо Улуғбек мамлакатни равнақини кўзлаб, шунингдек, ўзининг илмга иштиёқи ортидан Туронни илм марказийга айлантириш йўлидан борди. Самарқанд, Бухоро, Ғиждувонда мадрасалар қурдириб ёшларга олимлар қатори ўзи ҳам таълим берди. Ушбу мадрасаларда таҳсил кўрган ёшлар орасида кўплаб илм-фан алломалари йетишиб чиқди.

 

Унинг аллома сифатидаги энг йирик ишларидан яна бири Самарқанд мадрасаси фаолиятини бошлаганидан тўрт йил ўтиб қурдирган Кўҳак тепалиги, Оби Раҳмат ариғи бўйидаги расадхона бўлган. Расадхона ва мадрасанинг биргаликда фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани ўрта асрлардаги энг юқори поғонага кўтарган. Илмий изланишлар натижасида «Зижи жадиди Курагоний», «Бир даража синусни аниқлаш ҳақидаги рисола», «Рисолаи Улуғбек», «Тарихи арбаъ улус» асарлари яралди.

 

Улуғбек расадхонасининг қайта тикланган кўриниши

 

Мирзо Улуғбек, аввало, ўзигача бўлган астрономик олимлар асарларини мукаммал ўрганди. Расадхонадаги астрономик кузатишлари асосида ўрта асрларда энг мукаммал бўлган асарни яратди. Шу ўринда айтиш жоиз, ўрта асрларга оид ҳеч бир асар бу даражада кўп кўчирилмаган. Маълумотларга кўра, Мирзо Улуғбек «Зиж»ининг 100 га яқин форсий, 15 дан ортиқ арабий нусхалари мавжуд. Улуғбек илмий мактаби ҳинд астрономлари ва математикларининг астрономик билимларини ривожига кучли таъсир кўрсатган. Афсуски, 1449 йилдаги Улуғбекнинг фожиали ўлимидан кейин Самарқанддаги илмий мактабнинг Али Қушчи бошчилигидаги олимлари Истанбулга кўчиб ўтадилар. Бу орқали Улуғбек яратган астрономик илм Ғарбий Европага тарқалди. Асар инглиз, француз тилларида нашр этилган. Аммо 1994 йилга қадар ушбу асар тўла равишда бирор тилда нашр этилмаган. Ўзбек олими Ашраф Аҳмедов томонидан биринчи бор мазкур манба рус тилида изоҳлари билан тўла равишда нашрга тайёрланган.

 

Мирзо Улуғбек фожиасидан кейин «Зиж»ни яралишига сабабчи бўлган расадхонанинг кейинги фаолияти эса аянчли ҳолга тушди. Бугунги кунда расадхона ҳақида гап кетганда йўқолиб вайрон бўлган меъморий ёдгорликнинг ўрнини ким аниқлаган ва қайта тиклагани масаласида Василий Лаврентевич Вяткин номи тилга олинади. Мустамлака маъмурияти қанчалик олиму доноларини аралаштирмасин кўплаб ҳужжатлар бойликлар талон-торожида барибир нафс биринчи ўринда турганидан дарак беради. Шунга қарамай уларни ўрганилиши ва қайта очилиши миллий тарих учун ҳам, халқаро майдонда ҳам муҳим воқелик ҳисобланади.

 

XIX аср охири – ХХ аср бошларида мустамлака остидаги Туркистоннинг кўплаб асори атиқалари ўрганилди, қайта кашф этилди, бойликлар таланди. Топилмалар ичида иккинчи ренессанснинг муҳим кашфиётларидан бири – Улуғбек расадхонаси ҳам бор эди. Шундай улуғ мерос қай тариқа харобалар остига кўмилди? У ўзида қандай сирларни яширган эди? Бу каби саволлар ҳар бир киши учун қизиқ бўлса керак.

 

Кўҳок тепалигида Оби Раҳмат ариғининг бўйидаги расадхона атрофида баланд ҳужралар барпо этилган эди. Мўғуллар истилосидан кейин Туронда Мирзо Улуғбек давригача бирорта зиж яъни астрономик кузатув иморати бўлмаган. Шу боис Улуғбек астрономик изланишларни йўлга қўйишга интилди.

 

Расадхона ички қисмидаги судси фахрий (секстант)

 

Ушбу расадхона доира шаклида бўлиб, улкан иншоотнинг айланаси 47 метр, баландлиги 30,4 метрга тенг бўлган. Заҳириддин Бобурнинг ёзишича, у уч қаватли бўлган. Бинонинг сирти кошин ва сирли парчинлар билан қопланган. Унинг ички саҳни судси фахрий (секстант) ва даҳлизлар билан тўрт қисмга бўлинган. Абдураззоқ Самарқандий эса бу нодир обиданинг ички қисмини қуйидагича тасвирлайди: «Бинонинг ички қисми жаҳонда тенги йўқ ранг – баранг нақшлар билан безатилиб, девор ва шифтларида осмон градус (даражалари), дақиқалари, ҳатто сонияларигача ҳисобланиб, йетти сайёра ҳамда «ҳаракатсиз» (собита) юлдузлар, шунингдек, йер курраси, йетти иқлим, тоғу саҳролар ва дарёю денгизлар ҳамда уммонларгача тасвирланган» [2; 100-101]. Хуллас, расадхона ички деворларида коиноту йер куррасининг умумий манзараси тасвирланган бўлиб, шу туфайли бу мавзе маҳаллий аҳоли ўртасида «Нақши жаҳон», яъни «Олам тасвири» номи билан шуҳрат топди. Расадхона қурилишида секстант қурилмаси ва уни махсус ўлчов асбоб-ускуналари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор берилди. Расадхона ҳузурида фаннинг кўпгина соҳаларига тегишли қарийб ўн беш минг жилд китобга эга бўлган бой кутубхона ташкил этилган эди.

 

«Ойина» журналида акс этган расадхонага оид сурат

 

XV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада каттагина глобус ҳам бўлган. Унда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган. Бинобарин, дунёдаги иккинчи глобусни Самарқанд астрономлари ясашган. Улуғбекнинг ўлимидан кейин у мутаассиблар томонидан йўқотилган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Улуғбек Самарқандда баландлиги 50 метрли қуёш соати ясаган. Ушбу ноёб соат ҳам сақланиб қолмаган [3]. Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг расадхона Муҳаммад Али Қушчи ва Мирам Чалабий раҳбарлигида яна бир неча ўн йиллар фаолиятини давом эттирган. Кейинги даврларда бу ишлар қолиб кетди. Бино эса эътибордан четда қолди.

 

XVI аср охирларига келиб, Самарқанд ҳокими бўлган Ҳожибой оталиқ Шодимулк оқо кўпригини таъмирлаш учун расадхона биноси ғиштларидан фойдаланди ва уни буздириб ташлаган.

 

Амир Темур вафотидан кейин Самарқандга эгалик қилган Мироншоҳнинг ўғли Ҳалил Султон даврида Кўҳак дарёси устига кўприк қурилган эди. Йиллар давомида ушбу кўприк нураб таъмирталаб бўлиб қолади. Айниқса Султон Саъидхон даврида кўприк пиёдалар ўтиш учун ҳам хавфли ҳолатга келади. Ҳожибой оталиқ ана шу кўприк йўлини тўғрилаш учун расадхона ғишт ва бошқа ашёларидан фойдаланиб Шодимулк оқо кўприги ёнига янги кўприк солдиради. Аммо мазкур кўприкни Кўҳак дарёсининг суви кўпайиб тошқин бўлган пайтда сел олиб кетган. Эски кўприк эса кўп йиллар мобайнида нураган ҳолда турган.

 

Расадхона Улуғбек шогирдларидан кейин бу соҳада мутахассислар йўқлиги ёки ундан фойдаланиш имкониятлари йетарли бўлмаганлиги сабаб бир неча йиллар давомида қаровсиз қолган бўлса керак. Бунга ўша даврдаги астраномия фанига бўлган эътиборсизлик ёки турли қарашлар ҳамда мамлакатдаги тахт учун курашларнинг таъсири ҳам бўлиши мумкин. Натижада у йер хилватхонага айланиб, халқ орасида жинлар макон қурган жой сифатида қаралган. Хусусан, ўз даврида Мулло Боқий Гўримирий (Гўри амир хизматчиси) номи билан танилган Шуҳратий Миёнколий ўртоғи билан баҳс боғлаб расадхона биносига кириб белги қўйиб чиқишга шартлашади. У бино деворидан ошиб бу ишни уддалайди. Аммо у йерда қўрқув ёки жинлар ҳақидаги халқ орасидаги гаплар ёдига келганми, кўзига кўринганми бу воқеадан кейин бир кўзи айбли бўлиб қолади. Яна бир маълумотда расадхона иқлим тасвири туширилган хонаси деворига қозиқ қоқишни шарт боғлаган киши, у йергача кириб қозиқни қоқади. Қоқиш чоғида чўпон тўнининг этагини қўшиб қоқиб ўрнидан тураётиб кимдир уни тортқилангандек туюлиши қўрқитган. Халқ орасидаги жинлар ҳақидаги гап-сўзлар тасаввурига келиб ўтакаси ёрилиб ўлган экан.

 

Расадхона 150 йил давомида туриб хилват жойга айлангач унинг ғиштлари бошқа мақсадда фойдаланиб юборилган. Балки шу сабаб иншоот билан боғлиқ турли воқеалар ва ҳаттоки у йернинг қандай жой бўлганлиги тамоман унутилган, фақатгина узуқ-юлуқ гап ва чанг босиб ётган ҳужжатлардаги маълумотлар қолгандир.

 

Йиллар ўтди. Туркистон Россия империяси томонидан босиб олинди. Ўлкани хомашё манбаига айлантириш ва бойликларини талаш бошланди. Шу вақтда руслаштириш сиёсати ҳам муҳим масала сифатида қаралди. Империя ҳукуматининг ўлкани ўрганиш бўйича географик, археологик ва этнографик жамиятлари ташкил этилиб, минтақа тарихий, маданий мероси ўрганилди. Шу жараёнда Самарқанднинг бир қатор меъморий обидалари тадқиқ қилинди. Ана шу изланишларда Улуғбек расадхонаси ҳам аниқланиб очилди.

 

Унинг ташаббускори 1874–1894 йилларда Тошкент ўқитувчилар семинариясини тамомлаб, ҳукумат томонидан Самарқандга юборилиб, дастлаб таржимон кейинроқ эса вилоят бошқармаси котиби бўлиб ишлаган Василий Лаврентевич Вияткин эди. Унинг ҳаваскорликдан бошлаган иши 1896 йилга келиб Самарқанд статистика қўмитаси музейининг тузилишига, кейинчалик алоҳида музей биносининг қурилишига сабаб бўлди.

 

У 1903 йил 18 апрелда Самарқанддаги барча ёдгорликлар назоратчиси этиб тайинлангач бу борадаги ишларни ўз қўлига олади. У Самарқанддаги бир қатор меъморий обидалар ва археологик қазишма ишларини олиб бориш, сақлаш, излаб топиш ва тадқиқ қилиш ишларига бош бўлди.

 

Маҳаллий ҳужжатларни ўрганиш жараёнида Улуғбек расадхонаси ўрнини излади. Вияткин шундай ёзади: «Мирзо Улуғбек томонидан Самарқанд атрофида қурилган расадхона ҳақида кўплаб мусулмон муаллифлари зикр қиладилар, ҳатто Мирзо Бобур ўзининг машҳур хотираларида унинг тахминий жойлашувини кўрсатади. Бироқ, ушбу тарихий ёдгорликка табиий қизиқиш бўлишига қарамай, унинг аниқ қайси йерда жойлашгани ҳозиргача маълум эмас эди. Тавсифлардан келиб чиқиб, бу улкан иншоот жуда баҳайбат кўринади…» [4; 416].

 

В.Вяткин 1908 йили «Заргарон» маҳалласида истиқомат қилган машҳур хаттот Абусаид ёрдамида ХВИИ аср ўрталарига оид вақф ҳужжатларининг катта тўпламини кўриб чиқар экан, улардан бирида «тал-и-расад» (расадхона тепалиги) сўзини топди. XIX аср охиридаёқ айрим тадқиқотчилар Мирзо Улуғбек расадхонасининг жойлашуви ҳақида турли тахминларни илгари сурган бўлсаларда, айнан В.Вяткин ўқиган ушбу вақф ҳужжати масалага аниқлик киритди. Ҳужжатни синчиклаб ўргангач, у обсерваториянинг аниқ жойини белгилади [4; 416].

 

Расадхонага оид маълумот акс этган XVII аср ўрталарига оид вақф ҳужжати

 

В.Вияткин қазишма ҳақидаги рус тилида ёзилган ҳисоботларини «Туркестанскиэ ведомости» газетасида «Самаркандской обсерватории» номи остида, 1912 йили Санк-Петербургда давомли нашр этилган Россия Марказий ва Шарқий Осиёни тарихий, археологик, лингвистик ва этнографик муносабатларда ўрганиш қўмитасининг «Известия» булетинида «Отчет о раскопках обсерватории Мирзы Улугбека в 1908 и 1909 гг.» номи билан эълон қилди.

 

 

Узоқ асрлар давомида тарихнинг турли довонларидан гоҳ машмур бўлиб, гоҳ эътибордан четда қолиб вайрон этилган иморат, ХХ аср бошига келиб қайта кашф этилди. Аммо совет ҳокимияти йилларида расадхонага йетарлича эътибор қаратилмади. Империя меросхўри бўлган совет ҳокимияти, Темур ва темурийлар замонаси тарихий-меъморий ёдгорликларини тиклаш йўлида эмас балки даҳмалар остида яширинган бойликни излаш илинжида бўлди. Кўп ёдгорликлар мустақилликка қадар хилватда ётди. Миллатнинг қадриятлари оёқ ости қилинди. Номозгоҳлар қамоқхона ва омборхона каби мақсадларда фойдаланилди. Мустақиллик шарофати билан ушбу тарихий иморатлар қайта бўй чўзди. Улар ҳақидаги ҳаққоний тарих холислик билан ўрганила бошланди. Улуғбек расадхонаси ҳам шу жараёнда қайта таъмирланиб, зиёратчилар ва меҳмонлар учун асосий тарихий ёдгорлик сифатида Самарқанднинг машҳур биносига айланди. Самарқандга борган ҳар бир сайёҳ уни кўрмай қайтмайди.

 

Сўнги беш йилда хорижий туристлар сони 11 миллион нафарни ташкил этган бўлса, келажакда бу рақамларни 20 миллионга ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга йетказиш масаласига ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Самарқандда Бибихоним, Регистон мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Афросиёб музейини бир-бири билан боғлайдиган замонавий йўлак ва кўприклар барпо этиш борасида ишлар режалаштирилмоқда. Бугун мазкур расадхона нафақат сайёҳлик объекти, балки илм-фанни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган янги кучга айланмоқда. Ҳукуматнинг 2017 йилдан буён амалга ошириб келаётган стратегияларида аждодлар меросини қайта тиклаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш бўйича бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон космос сари қадам ташламоқда. Президентимиз таъкидлаганидек мазкур соҳадаги амалий ишлар натижасида: «Мирзо Улуғбек бобомиз аниқлаган юлдузлардан хабар олиб келади». Бу эса Янги Ўзбекистонда илм-фан соҳасида эришаётган ютуқларини яна бир бор жаҳонга намоён қилади. Амалга оширилаётган лойиҳалар иқтисодиётни рақобатдош қилиш, илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонни халқаро аренада юқори технологик давлатлар қаторига қўшишга хизмат қилади.

 

Фойдаланилган адабиётлар ва манбалар:

1. А. Аҳмедов. Ўрта асрларнинг буюк алломаси // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. 7-сон. 1997 йил. 5-бет.

2. Амир Темур жаҳон тарихида / Масъул муҳаррир: Х. Кароматов. Муаллифлар жамоаси: С.Саидосимов (раҳбар), А.Аҳмедов, Б.Аҳмедов ва бошқалар. Тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри. – Т.: «Шарқ», 2001. – Б. 100-101.

3. Ушбу маълумотни расадхонани 1908 йилда очган В.Вяткин инкор этади. Бунинг сабаблари 1912 йилда «Известия» булетинида «Отчет о раскопках обсерватории Мирзы Улугбека в 1908 и 1909 гг.» номли ҳисоботида ва «Ойина» журнали. 1913 йил 7-сонидаги «Улуғбек Расадхонасинда» мақолада келтириб ўтилган.

4. Шамукаррамова Ф. Василий Вяткин и Самаркандская старина // Проблемы истории, филологии, културы. №1. 2016. – С. 416.

Абдували Йўлдашев,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 32950
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//