Файзулла Хўжаевнинг ноҳақ отилган котиби – Ҳайдар Ҳаётий ҳаёти


Сақлаш
13:05 / 18.03.2026 15 0

Ҳайдар Ҳаётий 1902 йил Бухоро амирлигининг Хатирчи беклигида туғилган. Отаси Ҳаётбек мирохўр Хатирчи беклари хонадонидан бўлиб, кейинги йилларда амирликнинг солиқ йиғиш хизматида амин вазифасида иш олиб борган. Отасининг вафотидан сўнг, Ҳайдарбек 1912 йил Бухоро амирлигида Усмон қўшбегининг котибиятида мирзабоши бўлган амакиси Ғуломқодир Саидаҳмедов тарбияси остида улғаяди. 1913 йил эски мактабда савод чиқариб, ўқишни мадрасада давом эттиради. Сўнг 1917-1920 йиллар давомида амир саройида жевачи унвони билан мирзо-котиблик қилади. 

 

Кейинчалик Мирзо Ҳайдар Бухорода “Ёш бухороликлар” ҳукуматига ишга олиниб, 1921 йил 25 апрелдан молия нозирлигида иш бошқарувчи, Бухоро Шўро Жумҳурияти Бош милицияси раҳбари ўринбосари, шаҳар қўриқлов хизмати бошлиғи вазифаларида иш олиб борди. 1921 йил 5 октябрдан БХР МИКда ЧК раиси, шу йил декабрь ойидан Бухоро шаҳар маориф бошқармаси мудири, БХШЖда округ ижроқўми раиси ўринбосари бўлган. У 1923 йил Бухоро Маориф нозири Абдурауф Фитрат топшириғи билан Афғонистонга вакил сифатида юборилади. Қайтиб келгач, 1924 йил январь-апрель ойларида Бухоро иқтисодий кенгаши котиби, БХШЖ ҳукумат раҳбари котиби, 1924 йил августдан Бухоро Нозирлар кенгашида ишбошқарув бўлими мудири каби масъул лавозимларда иш олиб боради. 1924 йил 18 ноябрда унинг хизматлари Бухоро ҳукуматининг 2-даражали шараф ордени билан тақдирланган.

 

1925 йил Ўзбекистон ССР ташкил этилгач, Ҳайдар Ҳаётий Файзулла Хўжаевнинг шахсий котиби бўлган. 1925 йил охирида эса Москва вилояти, Зарайск шаҳрига ўқишга кетиб, уч йил давомида у ерда яшайди. 1928 йил ватанга қайтиб, ўқишини Самарқанддаги педакадемияда давом эттириш билан бирга Самарқанд педагогика техникумида тарих фанидан дарс беради. 1931 йил академияни тамомлаб, доцент унвонини қозонади. Бир муддат Тожикистонда яшаб, 1933 йил Тошкентга қайтиб келади. Тошкентдаги Тожик педагогика институтида тарих фанидан дарс бера бошлайди, айни пайтда Марксизм ленинизм институтига ўқишга киради.

 

Аммо тўсатдан 1936 йил 11 февралда ЎзССР ИИХК Загвоздин Ҳайдар Ҳаётийни аксилинқилобий ташвиқот олиб борганликда айблаб, ЖКнинг 66-моддаси, 1-банди билан қамоққа олишга қарор чиқаради. 1936 йил 12 февраль куни имзоланган ордер асосида Ҳайдар Ҳаётий ҳибсга олинади. Ҳарбийлар ногоҳ бостириб кириб, оила бошлиғини олиб кетаркан, Ҳаётийнинг аёли Ғуфрон чақалоғи Раънони қучганча, 13 ёшли қизи Музаяна билан 5 ёшли Ҳаётжонни бағрига босиб қақшаб қолаверади.

 

1936 йил 13 февраль куни илк сўроқда Ҳайдар Ҳаётий Бухоро ЧК раҳбари Муинжон Аминов билан биргаликда қўрбоши Жабборбек ва Мулла Қаҳҳорларни қўллаб-қувватлаб, қуроллантирганлик ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаганликда айбланади. Ҳаётий 1936 йил 15 март кунги сўроқда 1917-1920 йиллар Бухоро амири қўшбегиси котибияти мирзабошиси Ғуломқодир Саидаҳмедов қўли остида қоровулбеги лавозимида котиб бўлиб хизмат қилганини, кейинчалик БХШЖ ҳукуматида масъул вазифаларда ишлаганини тан олади. Бироқ, ҳеч қандай аксилинқилобий ташкилот аъзоси бўлмаганини айтади.

 

1936 йил 16 июл куни Ҳайдар Ҳаётийнинг турмуш ўртоғи Ғуфрон Йўлдошева Ўзбекистон Халқ Комиссарлар Кенгаши раиси Файзулла Хўжаев номига ариза йўллаб, эрининг беш ойдан буён қамоқдалиги, ундан ҳеч қандай хабар йўқлиги, ўзининг эса талабалик стипендияси билан 3 фарзандни боқишда жуда қийналаётганини ёзади. Бироқ, ариза манзилга етиб бормасидан жиноят ишига тикилади. Ҳайдар Ҳаётий 1936 йил 15-17 август кунлари ЎзССР Олий суди томонидан ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси, 1-банди билан 5 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади.

 

1937 йил 26 августда САзлагда жазо муддатини ўтаётган Ҳайдар Ҳаётий устидан 1920-1921 йиллар “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси бўлган, деган айблов билан қайта жиноий иш очилади. У қайта сўроқларда қўлланган айбловларнинг бирортасини тан олмайди, бирорта исбот далил ҳам аниқланмайди. Бироқ, шунга қарамай, 1937 йил 9 октябрда Ҳаётий машъум “учлик” томонидан олий жазога ҳукм қилинади. Ноҳақ жазо 27 октябрь куни махсус объектда амалга оширилади. Ҳайдар Ҳаётий кейинчалик, 1969 йил 27 ноябрда ЎзССР Олий суди томонидан оқланади.

 

Ҳаётийнинг кенжа қизи, ҳозирда 90 ёшни қаршилаётган Раъно Ҳаётова ўзининг кечмиши ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади:

 

Мен 1936 йил 30 майда Тошкент шаҳрида туғилганман. Отам Ҳайдар Ҳаётийнинг боболари Мирзо Иззатулло БХР ҳукуматида Иқтисодиёт нозирининг ўринбосари вазифасида ишлаган. Отам Ҳайдар Ҳаётий ҳам кўп йиллар амир котибиятида, кейин БХР ҳукуматида турли раҳбар лавозимларда ишлаган. Онамнинг отаси Ҳожи Ҳамро Йўлдошев (1881-1935) – Ҳожигадой ҳам БХР ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаевнинг шахсий ёрдамчиси бўлган. “Гадой” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Онамнинг оналари Раҳима Раҳматова (1895-1985) ўша замонларда кўрганлари, қизилларнинг Бухорои Шарифда амалга оширган даҳшатли хунрезликлари ҳақида кўп ҳикоя қилар эди.

 

Отам қатағонга учрагач, каттакон оиламизга бобом Ҳожи Ҳамро, унинг вафотидан сўнг эса тоғам Яҳё Йўлдошев раҳбарлик қилган. У киши “Қизил Ўзбекистон” газетасида сиёсий мақолаларни рус тилидан ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланарди. Тоғамнинг маслаҳати билан энам, онам ва мен 5 ёшимда Бухорода қолган уйимизга яшаш учун кетдик. Онам иш топишга умид қилган эди. Уйимизни советлар аллақачон мусодара этган экан. Аввал қўшниларникида яшадик, бир муддат ўтиб “Қўшмадраса”га –қариндошларимиз ёнига кўчиб ўтдик. Онам эски мактабда, сўнг кечки мактабда совет таълимини олгани учун бошланғич синфларга ўқитувчилик қила бошлади. Мен 1943 йилдан тожик мактабида ўқий бошладим, сўнг тоғамнинг таклифи билан ўзбек мактабига ўтдим.

 

1954 йил августда тоғам партиядан ҳайдалиб, сиёсий таҳририятдан ишдан олинди. Кейин эшитишимча, 7 ёшида отаси билан ҳажга боргани учун айбланган экан. Шундан сўнг Душанбега кўчиб кетишга мажбур бўлдик. Ўшанда биз билан хайрлашишга келган қардошимиз – Фитратнинг турмуш ўртоғи Фотимахоним Бурҳонова мени “во-ой, бу Ҳайдар Ҳаётийнинг қизи-ку” деб эркалаган эди. Бу сўз жуда аниқ ёдимда қолган. Афсуски, йиллар ўтса-да отам Ҳайдар Ҳаётий ҳақида шундан бошқа сўз эшитмадим. 1954 йил Душанбадаги Тожик давлат университети ижтимоий фанлар факультетига кириб, 1959 йил тамомлаб, микробиология лабораториясида кичик илмий ходим сифатида иш бошладим. Сўнг 2004 йилгача Тожик давлат Педагогика институти Методика ва бошланғич таълим кафедрасида катта ўқитувчи сифатида дарс бериб келдим. 1976 йил Халқ таълими аълочиси деб топилдим. Ҳар доим отам тирик бўлганида мен билан фахрланадиган ишларни қилишга, ҳалол ишлашга уриндим, халққа фойдам тегиши учун ҳаракат қилдим. Аммо отамни эслолмаганим, қайтиб кўролмаганимнинг армонини доим кўксимда тошдек олиб юрдим.

 

Ҳайдар Ҳаётий

 

Кейинги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши ортидан мурожаатим билан 2025 йил – қарийб 90 ёшимда отажонимнинг отилиши олдидан олинган суратни кўрдим. Бир вақтлар Ф.Бурҳонова айтган сўзлар, болалигимдаги хотираларим ҳаммаси бир-бир кўзимдан ўтди. Бу бахтни сўз билан ифодалашнинг имкони йўқ... менга шундай қувончни берган Ўзбекистон давлатига, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи илмий ходимларига алоҳида миннатдорчилигимни изҳор этаман. Бирдамлигимиз бардавом бўлсин.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 32223
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//