Ушбу суҳбат таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг “Гирён” романи ҳақида 3-4 нафар китобхонларнинг фикрлари асосида тайёрланди. Муаллифларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда исмлар ўрнига шартли номлар танланди. Суҳбатдаги фикрлар муаллифларнинг шахсий мулоҳазалари бўлиб, таҳририят нуқтаи назарини ифода қилмайди.
Ўқувчи. “Гирён”ни ўқидиларингизми? Ўзбек адабиётида янгилик бўлганга ўхшайди.
Ёзувчи. Ҳа ўқидик, аввало, Назар Эшонқулни ўзининг оғир ва тиниш белгиларсиз услубидан воз кечиб, енгилроқ ёза олгани билан табрикласа бўлади.
Танқидчи. Барибир тўла воз кеча олмаган, кўрмадингизми, икки ярим бетли гаплар ҳам бор-ку...(148-150-бетлар)
Ёзувчи. Ҳа, онг остидаги фикрлар ёзилган қисмлари шундай. Барибир анча кам-да. Бошқа жойлари ўқилиши осон, одамни ўзига тортади. Яъни, ҳақиқий веб-роман.
Ўқувчи. Таъбимни хира қилган нарса, асардаги орфографик хатолар кўплиги бўлди. Мусаҳҳиҳ ишламаганими, деб ўйладим...
Ёзувчи. Шуниси билан ҳам веб-роман-да. Ижтимоий тармоқда ким тўғри ёзади, ҳозир. Ҳатто, манаман деган филологлар ҳам телеграмдан хабар ёзмоқчи бўлса, тўғри ёзишга эринганидан ҳам бир дунё хато қилади.
Ўқувчи. (кулган смайлик) Бу хатолар атайлаб қилинган деб ўйламайман. Ҳатто, муаллиф гапларида ҳам бор бундай имловий қусурлар.
Танқидчи. Менда ҳам роман жуда шошиб ёзилган ва шошиб эълон қилингандай таассурот уйғотди. Ҳеч бўлмаса, нуқта-вергулини тўғрилаб чиқишса бўларди... Китоб дизайни ҳам жуда ночор. Бекорга муаллиф асарни охиригача ўқиган одам билан гаплашишга тайёрман демаган экан, қора фондаги, кичик матнни ўқиш азоб. Бизда СМС ва сайтлар шаклида ёзилган асарларни чоп этиш тажрибаси бор эди. Масалан, Хуршид Абдурашиднинг “Дардисар”ида сайт матни ўқувчини қизиқтиради, “Гирён"да ижтимоий тармоқ матнлари ўқувчини бездиради.
Ўқувчи. Ундан ташқари, ортиқча тавтология ҳам кўп учрайди. Масалан, 283-бетда “қишлоқ” сўзи 12 марта ёзилган. 131-бетда эса “Шу билан биз шу куни бошқа ёзишмадик”, деган гап келади.
Ёзувчи. Ҳа, мен ҳам бошида ёзувчи услуби шундай бўлса керак, деб ўйлагандим. Аммо ортиқча “мен, мен”лар, “итдай нола қилиш”, (ит улийди!) “икки орада сукут пайдо бўлиши” (қизиқ, сукут қандай пайдо бўларкан?) тишга ботавергач, китобга яхши муҳаррир керак экан, деб ўйладим...
Ўқувчи. Айниқса, 92-бетдаги ёзишмалар вақтида соат орқага кетиб қолганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Чунки суҳбат узилган йўқ ва давом этаётган эди.
Танқидчи. Тўғри, кейин вақт масаласида чалкашликлар бугина эмас. Қаҳрамонлар ижтимоий тармоқда жуда тез ёзишади. Бир дақиқа ичида юборилган хабарни ҳам ўқиб, ҳам жавоб беришга улгуради. Бу жуда ишонарсиз. Айниқса, 120-бетда Саънон Тарсо юборган бир дунё хабарларни ўқиб, хонани кезиб чиқиб, яна ярим бетлик матн ёзишга 2 дақиқа вақт сарфлайди. Айрим пайтларда кеч соат 23:00 дан ўтиб кетса-да, вақтга қарамасдан ёзишаверади. Аммо 95-бетда ҳали соат 20:00 га энди яқинлашаётган вақтда толиқиб қолгани, компьютер олдида кўп ўтирганини айтиб, ёзғиради. Тарсо ҳам “Сизни толиқтириб қўймай”, деб ёзишдан тўхтайди. Саънон компьютерни ўчириб, ухлашга ётади (20.00 да-я...). 201-бетда эса “Соат бизнинг ёзишадиган вақтимизни кўрсатиб турарди”, деганда соат 22 дан 22 дақиқа ўтган эди... (соат 18, 19 ни кеч деб ёзган жойлари ҳам бор )
Ёзувчи. Балки, муаллиф бундай жузъий хатоларни ўқувчини асосий маънодан чалғитиш учун қилгандир....
Танқидчи. Бунақасини кўрмаганман. Жаҳон адабиётида ҳам бўлмаса керак... Бундан ташқари, Кафканинг Г.Замзасига иқтибос берилган, аммо бошқа асарлар қаҳрамонларига негадир бундай иқтибос берилмайди.
Ўқувчи. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, асар жуда шошиб ёзилган.
Ёзувчи. Ёзилганмикан ўзи?
Танқидчи. Нега унақа деяпсиз?
Ёзувчи. Менга асар ёзувчининг ким биландир ҳақиқатдан ҳам ёзишмалари ва кундалик дафтарига ёзган битиклари шошиб тўплангандай туюлди...
Танқидчи. Асардаги кўпгина эпизодлар ёзувчининг аввалги асарларида ҳам бор. “Тақиқ меваси” романидаги олманинг иккинчи томони “Гирён”да тасвирланади. Одамга айланган қамиш ҳақидаги ҳикоя “Сибизға воласи”, Тарсонинг қасос олиш мақсадида қайчини беркитиб қўйиши “Шамолни тутиб бўлмайди” ҳикоясидаги Байна момони ёдга солади. Ҳатто, бошқа ёзувчиларнинг асарларидаги қаҳрамонларга ўхшаб кетади. Масалан, расадхонага кетаётиб, бир қишлоққа тушиб қоладиган ва ундан чиқа олмай айланиб қоладиган қаҳрамон Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Этакдаги кулба”сидаги Бегонага жуда ўхшайди. Гўё бу ҳикояни давом эттиргандек таассурот қолдиради. Фақат “Гирён”да этакдаги эмас, қишлоқ қиясидаги, (қуйидаги) “кулба” эмас, “ҳужра” тарзида берилади. Одам Атога ишора қилинган Одамбой образи Маркесдан кўчирилгани сезилади. Хуллас, оригинал сюжет топишда ёзувчи анчагина оқсаётганини кузатиш мумкин.
Ўқувчи. Балки, ёзувчи атайлаб шундай йўлдан боргандир?
Танқидчи. Билмадим, роман менга сериалбоп сюжет асосига қурилгандай таассурот уйғотди.
Ёзувчи. Адабиётшунослар орасида машҳур бир иқтибос бор: “Ҳар қандай ёзувчи умри давомида фақат битта асар ёзади. Қолган барча ёзганлари шунинг атрофида айланади”. Назар Эшонқулнинг барча асарларининг туб мазмуни ўхшаш бўлиши, моҳияти айланиб келиб битта нарсага тақалавериши ҳам табиий жараён.
Танқидчи. Бу роман ҳақида муаллифнинг ўз изоҳини эшитганимда ҳаётдан узилиб қолган зиёли ҳақида дегани учун “Қора китоб“ни роман қилибдими деган ўйга боргандим. Ўқигач, “Тун панжаралари” қиссаси асосига қурилган экан деб ўйлаб қолдим. Бошқа томондан, бу ҳам аввалдан муаллифга хос, мавжуд катта сюжетларни ихчамлаштириб моҳиятини маълум маънода сақлаб қолиб, ўзанини ўзгартиради, сюжетларни бузади. Масалан “Годони кутиш”даги каби ногирон қиз тушида Худони излайди. Фақат бунда у энди ўз ичидаги Анимус (аёл ичидаги эркак) билан бирга қидиради. Аммо Анимус ўзи, камига улар қидириб юриб ўзлари қидиришни бошлаган жойга келиб қолади. (“Алкимёгар”. Ҳа, муаллиф катта китобхон.) Бу пьеса муаллифи актриса қиз, бошқалар томонидан тан олинмаган катта истеъдод эгаси бўлган “Тун панжаралари” қиссасидаги бечора ўқитувчи образини ёдга солади. (Гул узгани учун қатл қилинган одам ҳақида асар ёзган эди ўша ўқитувчи.) “Тун панжаралари” қиссасидаги икки жумла талабаликда қиссани ўқиганимда эсда қотиб қолган экан.
Ўқувчи. Қандай жумла?
Танқидчи. Бири деразадан шайтон кириб келиши, иккинчиси қаҳрамон Ҳосилани шаҳар бўйлаб дарахт шохларидек тарвақайлаб кетган йўлларда кўриб қолиши. Айни жумлаларни қайта қўллайди ва қаҳрамони тилидан йўллар ҳақидаги жумлани умр йўллари деб ўзгартирганини айтади.
Ўқувчи. Бундай ўхшашликни пайқаш қийин эмас. “Тун панжаралари” қиссаси бошида шундай жумлалар бор: “Шайтон ҳам хонамда мана шундай ёз кечаларининг бирида, ҳали Сулаймон билан танишмасдан олдин, журналдан ишдан кетган, бекорчиликдан кун бўйи шишиб ухлаб, кечаларни эса ё кўча кезиб, ё китоб ўқиб ёки шунчаки шифтга тикилганча, туш бўлиб — тушга, ўнг бўлиб — ўнгга ўхшамайдиган апоқ-чапоқ хаёллар билан ўтказадиган, китобларда жуда келиштириб ёзилгандек, «беором ўтган» тунларда пайдо бўлган эди”. Энди “Гирён”нинг бошланишидаги тасвирга қараймиз: “У ҳаётимда ёз чилласидаги момақалдироқдек тўсатдан пайдо бўлди ва бу ёз ёмғири аввал жимирлаб туриб, кейин селга айланиб, ҳаммасини остин-устун қилиб, йўлида учраганни вайрон қилиб, босиб-янчиб, бағрига тортиб, менинг ўзимни ҳам ўзани бўйлаб оқизиб кетди”. Қай даражада ўхшашлигини ўзингиз қиёслаб олаверинг.
Ёзувчи. Юқорида айтганимдай, ёзувчи ўзини такрорлаши бор гап.
Танқидчи. Ёзувчи Фрейд назариясининг мухлиси, буни асарда ҳам очиқча айтади. Бу ёлғон назариянинг пучлиги аллақачон исботланган бўлса-да, негадир буни тан олгиси келмайди ва зўр бериб исботлашга уринаверади.
Ўқувчи. Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор-да. Ноҳақ бўлсанг ҳам ўз фикринг бўлсин, дейишади-ку...
Танқидчи. Ёзувчининг деярли барча асарларидаги бош қаҳрамонларнинг руҳиятида болалик билан боғлиқ “травма”, яъни жароҳат бор. Ана шу уларнинг бутун ҳаётига таъсирини ўтказаверади.
Ўқувчи. Асар ўзи нега “Гирён” деб аталган?
Танқидчи. Ёзувчининг “Гирён” номли достони ҳам бор. Унда ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво қиссаси асос қилиб олинади.
Ўқувчи. “Тақиқ меваси” “Шарқ юлдузи” журналининг 2020 йил 3-сонида чоп этилганда журнали мундарижасида асар “Гирён” деб берилади. Демак, бу асарнинг ҳам дастлабки варианти “Гирён” бўлган бўлиши мумкин.
Ёзувчи. Нима бўлганда ҳам асарга ном яхши танланган, деб ўйлайман.
Танқидчи. Ёзувчи умри давомида мана шу асарни ёзишга тайёрланган экан-да...
Ёзувчи. Майли, буларни қўятурайлик. Фараз қилинглар, “Гирён” энг талабчан муҳаррир томонидан таҳрирланди. Имловий, пунктуацион ва услубий, дизайн билан боғлиқ хатолардан ҳоли бўлди. Хўш, унинг мазмуни, қурилиши, ёзувчи услуби қай даражада бўларди?
Танқидчи. Ҳа, бу томонларига энди келяпмиз. Албатта, мазмуни борасида ҳам фикрларимиз бор.
Ёзувчи. Бўлмаса, айтинг-чи, асарнинг бош ғояси қандай?
Танқидчи. Асарнинг асосий ғояси – инсон азал ва абад ёлғиз ва азоб ичида яшашга маҳкум!
Ўқувчи. Асарда мантиқсиз таққослар орқали ҳар қандай динга қарши ғоялар илгари сурилган. Достоевский ҳақида гапирганда ҳам уни Худо билан солиштириши менга жуда ғализ туюлди. Асарда келтирилган пъесада Худони излаб юрган Ялдо ибодатхонага келиб, “Бу ер қаер?” деб сўраяпти. Наҳотки неча йилдан бери Худони излаб юрган бўлса-ю, ибодатхона нималигини, руҳоний кимлигини билмаса... Мантиқсиз эмасми? Руҳонийнинг таништирувига нисбатан жавоби янада кулгили: “Унда мен тўғри келибман. Мен Худони кўришим керак. У қаерда ўтирибди? Қайси хонада?” Бу ақли бор одамнинг саволи эмас, яна кимсан, умри бўйи Худони излаб юрган одамнинг... Бундан ташқари, асарда руҳоний жуда қўпол, имом эса ёш қизларга кўз олайтирадиган муттаҳам қилиб тасвирланади. Бу ҳам холислик эмас, назаримда...
Танқидчи. Муқовада романга “Эски афсонанинг янги талқини” деб таъриф берилган. Демак, Шайх Саънон қиссаси ёзувчи наздида бир эски афсона бўлиб чиқяпти. Лекин Саънон ва Тарсо образлари ўрнига тушмаган, яъни етарлича асосланмай қолган. Улар хоҳишларига кўра ёки ёшларидаги фарққа кўра ўзларини шундай номлашади.
Ўқувчи. Қиз билан унга мухлислик қилган ва ёқтириб қолган йигит севгиси ҳам жуда чалкаш кетган, назаримда. Улар шунча пайт гаплашиб, севишиб юради-ю, қиз йигитнинг қандай яшаши, турмуш тарзини билмагани ишончсиз. Ва оқибатда йигитнинг уйига бориб, унинг камбағал эканини билиб қолгач, унга нисбатан севгиси сўниб, нафратга айланиши қанчалик мантиқли? Ахир, у йигитни пули, мол-дунёси учун севмаган-ку. Меҳри ва эътибори учун яхши кўрган эмасмиди? Бир ўринда йигитни 17 йил олдинги навқирон отасига ўхшатса, бир ўринда кекса қиёфада тасвирлайди. Ўзига қараб оппоқ костюм-шим кийиб, ҳар куни қиммат гуллар совға қиладиган одам харобада яшайдиган камбағал бўлиб чиқади...
Ёзувчи. Бу асарни сиз бундай оддий тушунманг, рамзларига киринг, моҳиятига эътибор беринг.
Ўқувчи. Китоб бошида бу асарнинг кенг ўқувчилар оммасини назарда тутган ҳолда ёзилди, деган изоҳ берилган. Демак, ёзувчи аввалги асарлари сингари хос одамлар учун эмас, оддий ўқувчилар, асосан, ёшлар учун бир роман ёзибди, деган хулоса қилиш мумкин.
Ёзувчи. Хўш, оддий ўқувчилар асардан нима тушунади?
Ўқувчи. Оддий ўқувчилар асарни шундай тушунади: Бугунги кунда жамиятимизда оилаларда емирилиш, миллий қадриятларимизда синиш кузатиляпти. Ота-оналарнинг фарзандларига зуғум қилиши, ажримлар, оқибатсизлик болаларнинг ҳам руҳиятида бузилишга олиб келади. Айниқса, қизлар ёшлигида отасидан етарлича меҳр кўрмаса, улғайгач, ўша меҳрни бошқалардан излайди ва топа олмагач, ўзини ўлдириш даражасига етади. Бу дунё фақат синовлардан, азоблардан иборат, қанча айланмайлик барибир ундан чиқиб кета олмаймиз, ҳаёт бемаъниликдир.
Танқидчи. Айнан, Фрейд назариясига эргашиш ёзувчини шундай хулосалар қилишга чорлаган. Фрейдизм ҳам аслида бир касалликка ўхшайди...
Ўқувчи. Оддий ўқувчилар Фрейдни танимайди, асардаги воқеалардан келиб чиқиб, хулосалари шаклланади. Роман сўнгида қурилган йўлаклардан юришга маҳкумлар сингари ёзувчига эргашади, энг даҳшати ҳам шунда...
Журналист. Демак, асар бу жамиятга бегонами?
Ёзувчи. Жа, унчалик деб бўлмайди. Оддий ўқувчи асарни силлиқ ўқийди, керак бўлса, қизиқиб мутолаа қилади. Ундаги қоронғиликни кўрмайди. Аммо чуқурроқ таҳлил қилишга ўтса, унда асарнинг асл моҳияти очилади.
Ўқувчи. Тарсонинг фикрлари жамият учун хавфли деб ўйлайман. Яъни, унингча, Худонинг адолати йўқ, бахт ҳаммага тенг тақсимланмаган. “Тасаввур барибир одамнинг душмани. У Худо каби одамни алдайди. Ахир Худони ҳам тасаввур қиламиз. Лекин у бизга керак бўлган жойда ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Биз фақат уни ҳамма жойда бизга мадад беради, қутқаради деб ўйлаймиз. Лекин ҳамиша панд еймиз. Худонинг биз билан иши йўқ...” (182-бет) “Балоғатга етганда болалигимдаги ҳаётга, Худога, эзгуликка ишончдан фақат бир қучоқ аламлар қолди”.(194-бет) “Худо бизни маънисизликдан ёрилиб ўлсин деб сургун қилган ва ҳаммамизни роль ўйнашга маҳкум этган”. (229-бет). Аммо асардаги воқеаларнинг ўзи ҳам Оллоҳнинг қизни ва онасини қўллаётгани, отасининг шунча қилган зуғумларига нисбатан жазолаб, бир неча йил тўшакка михлаб қўйганини кўрсатади. Таассуфки, муаллиф бу томонларига эътибор ҳам қаратмайди, онасининг жабрдийдалигини, фақат адолатсизликларни таъкидлашдан чарчамайди.
Танқидчи. Менимча, асарнинг асосий ғояси 243-бетдан бошланадиган сайтдаги суҳбатда тўлароқ акс этади. Рақобилнинг Толстойнинг “Ҳазрат Сергей” қиссасини мисол келтириши, Мавлонанинг “Маънавий инқирозга учраган одам қалб ҳамиша ўзига Худодан бўлак ҳамдардни тополмайди”, деган гаплари, ёки Таблитнинг Навоийдан мисол келтириб, “Комиллик – бу ен аввало, ахлоқий гўзалликдир”, дейиши ва суҳбат сўнгида Жаблитнинг “Инсон биологик жиҳатдан барибир ҳайвон. У комилликка эришиши мумкинми?”, каби хулоса ясаши – буларнинг бари бутун асар давомида юз берган воқеаларнинг асосий ўқ томири бўлади, назаримда. Бу жуда катта ғоя, лекин...
Ўқувчи. Яна қандай лекини бор?
Танқидчи. Маҳмуд Ғазнавийнинг тушини мазмунан бир хил таъбир қилганларнинг бири жазога, яна бири мукофотга сазовор бўлгани ҳақидаги ривоятни эшитгандирсиз. Унда шоҳнинг тушида барча тишлари тушиб кетади. Шунда келган биринчи мунажжим: “Сизнинг барча қариндошларингиз қирилиб кетади, ёлғиз ўзингиз тирик қиласиз”, деса, иккинчиси: “Сиз барча қариндошларингиз, хеш-у ақраболарингиздан-да узоқроқ умр кўрасиз, олампаноҳ, дея таъбир беради. Шунда Ғазнавий биринчи башоратгўйни ўлимга ҳукм қилиб, иккинчи таъбирчини мукофотга лойиқ кўради. Аслида, иккаласи ҳам бир хил гапни айтаётган эди. Худди шундай, қандай етказиб бериш услубида ҳам катта гап бор. Ҳар қандай ёзувчи улкан эзгу ғояни айтмасин уни биринчи мунажжим “тилида” айтмаслиги керак.
Ёзувчи. Жаҳон адабиётига чиқишда дин ва ижодга алоҳида-алоҳида қараш керак. Ахир дунёда динлар, назариялар кўп. Адабиёт эса уларнинг барчасини умумлаштириши мумкин. Шу боис ёзувчи ёки ўқувчини эътиқодига қараб ажратиб бўлмайди. Эътиқодий жиҳатдан асарни барчага манзур қила олиш эса фақат даҳоларга насиб этади. Масалан, асар асос қилиб олинган Саънон ва Тарсо қиссаси ҳам яратилгандан бери кўпчилик томонидан тўғри тушунилмай, хурофот деб қабул қилинган. Нима учун? Ислом дунёсидаги энг катта шайх даражасига етишган, 500 дан ортиқ шогирд етиштирган Шайх биргина Тарсо қизнинг муҳаббатини деб, дини-ю амалидан кечади, чўчқабоқарлик қилади, белига зуннор боғлайди.
Танқидчи. “Телбадурман, телбага йўқтур қалам” ...
Ёзувчи. Бу телбалик эмас. Шайх Саънон ошиқ бўлган Тарсо ҳам аслида, диндор, фақат бошқа диндаги аёл бўлган. Уларнинг муҳаббати эса оддий севги эмас, илоҳий ишқ эди. Энди, ўша Саънон билан Тарсони битта одам деб олсак-чи? Унда нима бўлади? Саънон ўзи излаётган муҳаббатни топди, Тарсони кўрди. Шу даражага етдики, унинг хатти-ҳаракатлари одамларда ўзгача таассурот уйғота бошлади. У ростдан ҳам чўчқа боқмагандир, зуннор боғламагандир, аммо атрофдагилардан ўзгача бўлиб, ўзини минг пора қилиб, дунёни унутиш, динидан воз кечиш даражасига етган бўлиши мумкин. Иккаласи битта одам бўлиб, қиссага айланган пайтда улар ажралган, одамларга аниқроқ ифода қилиб бериш учун икки дин вакили қилиб кўрсатилгандир, эҳтимол.
Ўқувчи. Асл қиссада шундай бўлсин, “Гирён”дачи?
Ёзувчи. Бу асардаги Саънон ва Тарсо ҳам битта одамнинг икки менидир, балки...
Танқидчи. Бунга айрим ишоралар ҳам бор. Масалан, асардаги пьесадаги Ялдо билан Дайди образи охирида бир одам бўлиб чиқмайдими? Мен ўша пайтдаёқ сезганман ва ёзувчи сирни тез очиб қўйди, деб ҳисоблаганман.
Ёзувчи. Асар давомида берилган сайтдаги муҳокамалар ҳам охирига бориб-бориб, айнан “Гирён” ҳақидаги баҳслар экани аниқ бўлиб қолади. Бу билан нима демоқчиман. Бу асарда лирик қаҳрамон фақат ўзи билан ўзи. Бошқа ҳеч ким йўқ. Тасаввур қиляпсизларми, ҳеч ким...
Ўқувчи. Бу томонларини чуқурроқ ўйлаб кўриш керак.
Ёзувчи. Аммо Саънон қиссасини қўллашда бир хатога йўл қўйилган.
Танқидчи. Қандай хато?
Ёзувчи. Тарсо бир умр Саънонни излайди. Ёзувчи бугунги замон руҳини бераман, аёл психологиясини кўрсатаман деган мақсадда бўлса керак, шундай қилган. Аммо, ўйлашимча, Тарсо ҳеч кимни изламаслиги керак эди. Асосий қаҳрамон Саънон бўлгандан кейин Худони излайдиган ҳам, азал ва абад жавобсиз саволлар атрофида айланиб юрадиган ҳам у бўлиши керак эди.
Ўқувчи. Бундай ўзгартиришга нима сабаб деб ўйлайсиз?
Ёзувчи. Фикримча, ёзувчи Саънон бўлиб, асосий ролга киришишдан қўрққан. Яъни уни ички эгоси чеклаб турган. Агар Тарсо тилидан берилган саволлар, қизнинг хаёлидан ўтган мулоҳазалар Саънон тилидан кетганда эди, ўқувчилар буни ёзувчининг фикри сифатида қабул қилар ва унга таъна тошларини ёғдириши аниқ бўларди.
Танқидчи. Иккисининг нима фарқи бор?
Ёзувчи. Саънон ташқи мен, Тарсо эса ички мен. Бу ерда Саъноннинг Тарсони излаши кўпроқ мантиқли. Аммо эътибор қилинг, ички меннинг ичида ҳам яна бир ички мен бор-да. У ерда ҳам тинимсиз кураш кетади.
Ўқувчи. Тарсонинг севгилисини ўлдириши нимани англатади?
Ёзувчи. У Худони ўлдирди. Яъни, асар бошидан охиригача такрорланадиган бир гап бор: “Санъат – бу исён”. Қиз Худони дастлаб отасида кўрди, аммо ундан ҳафсаласи пир бўлиб, нафратлана бошлади. Кейин отасига ўхшаш қиёфадаги бошқа одамни топди. Унга ишона бошлади, қайта-қайта ёнига борди. Аммо охирида у ҳам қиз ўйлагандек бўлиб чиқмади. Севгилисининг камбағал ва хароб бўлиб чиқишида ҳам рамзий маъно бор. Яъни қиз уни ҳамма нарсага қодир деб ўйлаган эди, аммо “Худо” ҳатто яшаш учун тайинли жойга ҳам эга эмас экан. Шундан ҳафсаласи пир бўлиб, уни ўлдиришга қарор қилади. Ўша отаси сочини кесган қайчини олиб, қурол сифатида фойдаланади. Яъни, ёшликда қалбида қолган ўша “травма” — жароҳат унга қурол вазифасини ўтайди. Эътибор қилинг, қиз уни ўлдирганда қандай тасвирлайди: “Унинг танаси совиган сайин ёшариб, қандайдир илоҳий бир сиймога айланиб борарди”. У аслида, қалбидаги Худони ўлдирган эди...
Танқидчи. Байна Момо ҳам қуролини ана шундай сақлаган эди.
Ёзувчи. Қизил матога ўралган қайчи бу ерда санъат ва адабиёт рамзи. Яъни, Ғарб тафаккурининг айрим оқимлари наздида – исён. Аммо Шарқ тафаккурида санъат ва адабиёт – изҳор. Янаям аниқроқ айтсак, Худони топиш йўли. Мана шу жойда икки хил тафаккур тарзининг тафовути кўринади.
Ўқувчи. Асарда динлар ҳам аралаш келади. Бошида пъесада Ялдо руҳонийнинг олдига боради. Тарсо эса мусулмон қиз сифатида кўринади...
Ёзувчи. Бунинг ҳам сабаблари бор-да. Ёзувчи Шарқ ривоятини Ғарб эътиқодига мослаб қориштириб бермоқчи бўлади. Христиан динидаги Ота ва Ўғил мотиви. Ҳамма қаҳрамонлар отадан зулм кўради, азият чекади. Лекин ҳаракатлар у қадар ишонарли чиқмаган.
Ўқувчи. Мен ҳам ёзувчи асар давомида қаҳрамонларни ўзи бошқарган, деган фикрдаман.
Танқидчи. Романда қандайдир сайтда муҳокама олиб борадиган одамларнинг исмларига эътибор қилдингизми? Ҳаммаси “Қиссаси Рабғузий”дан олинган.
Ўқувчи. Ҳа, мен ҳам излаб кўрдим. Рабғузий асарида шундай жойи бор: “Илк қават осмон яшил зумраддандир, уни Рафиқ дерлар. Фаришталари довон суратида, улуғларнинг оти Исмоилдир. Иккинчи қават осмон кумушдандир, уни Руқъа дерлар. Фаришталари бургут суъратида, улуғларнинг оти Рақобилдир. Учинчи қават осмон ёқутдандир, уни Қайдам дерлар. Фаришталари сигир суратида, улуғлаорнинг оти Кўкбоилдир. Тўртинчи қават осмон оқ инжудандир, уни Моъун дерлар. Фаришталари от суратида, улуғларининг оти Нубёйилдир. Бешинчи қават осмон олтиндандир, уни Ратқо дерлар. Фаришталари ҳур суратида, улуғларининг оти Сифтбоилдир. Олтинчи қават осмон сариқ ёқутдандир, уни Арибо дерлар. Фаришталари одамий суратида, улуғларининг оти Нурбоилдур”. Жаблит ва Таблит ҳақида эса қуйидагича келтирилади: “Хабарда келишича, Оллоҳ таоло жаҳаннам ичида иккита маҳлуқ яратди: бири эркак арслон суратида, оти Жаблит, иккинчиси эса урғочи бўри суратида — оти Таблит. Жаблитнинг қуйруғи думи илонга ўхшаш, Таблитнинг қуйруғи чаёнга ўхшаш. Оллоҳнинг фармони билан икковининг қуйруқлари дўзах ичига тушди. Бунга қадар дўзах ичида на илон ва на чаён бор эди”. Буларнинг асарга нима алоқаси бор?
Ёзувчи. Бу муҳокамалар “Гирён” ҳақида эди. Демак, шу асар – Худони излаётган одам ҳақида ғайб оламининг муҳокамаси дейиш мумкин. Чуқур таҳлил учун китобнинг ҳеч бўлмаса ўша қисмларини такрор ўқиш керак. Бунга эса ёмон таҳрир сабаб юрак бетламайди...
Ўқувчи. Яна рамзларга қайтайлик. Асарга қишлоққа бориб қолиб, ундан чиқа олмаган одам ҳақидаги эпизод нега киритилган?
Ёзувчи. Бу қишлоқ – дунёнинг макети. Инсон дунёга келиши билан ҳукм қилинган думалоқ Ердан чиқиб кетиш имконсиз. У ердан чиқиш йўллари йўқ қилинган. Ҳатто, бошқача шакллар ҳақидаги архив саҳифалари ҳам қирқиб олинган. Бу ишни ким қилганини суриштирганда, шу қишлоқнинг бир отахони бўлиб чиқади. Яъни Худо бизни атайлаб қамаб қўйган, юқоридан томоша қилиб ўтиради, деган хулосага келиш мумкин.
Ўқувчи. Ундан ҳам даҳшати, Худо бизни қамаган, аммо мавжуд динлар у ердан чиқиш йўлларини тақиқлаган, яширган. Ким уни топмоқчи бўлса, таъқиб остига тушади, деган маъно ҳам борга ўхшайди.
Ёзувчи. Бу асосан, Ғарб фалсафаси. Ижодкор агар шу мотивларни Шарқдан олганда, “Авесто”дан ёки ундан олдинги ва кейинги шарқона таълимотлардан таъсирланганда, бошқача ёзган бўларди.
Танқидчи. Менимча, ҳар икки қутб фалсафасини аралаштирмоқчи бўлган.
Ёзувчи. Аслида, Тарсони Шайтоннинг ўзи деб айтсак ҳам бўлади. Шайтон неча йиллаб ибодат қилиб, охирида Одамга сажда қилмагани учун тавқи лаънатга учрайди ва исён қилади. Тарсо ҳам Худони тинимсиз излаб, унга ишонишга кўп уринади, талпинади, аммо охирида ҳечликка юз тутгач, Уни ўлдиради. Бир ўринда буни очиқча ёзади ҳам: “Худога барибир менинг орзуларим етиб бормаслигини билгач, ичимда Иблис бўламан деган куфрона қаҳр ва қарор пайдо бўлди” (175-бет). Бу икки воқеанинг моҳияти битта.
Ўқувчи. Бу фикр ҳам бироз баҳсли. Чунки, бир ўринда қиз агар мен Момо Ҳавонинг ўрнида бўлганимда, шайтонни ўлдирган бўлардим, деганга ўхшаш гап айтади.
Ёзувчи. Бу одамларни чалғитиш учун қўшилган. Ёзувчи ўзини бироз чеклаган. Агар ўзини тўла очворганда эди, асарда Шайтон энг бахтли образ сифатида майдонга чиқиб қоларди...
Журналист. Хўш, алқисса, асарнинг бош ғояси нима экан. Ёзувчи нима демоқчи?
Ёзувчи. Бу асар сўнггидаги “Онг оқими”да тўла намоён бўлади.
Танқидчи. Ҳа, бу қисмда шаҳарда кўзи ожизлар учун тактил қопламали йўлаклар қуриш билан шуғулланувчи ишчи бригаданинг фаолияти акс этади. Улар буюртмани якунлаб, ишбошини яна иш олармикан, деган қўрқув остида кутиб туришади. Ишбоши ҳам уларни бироз куттириб, қайтиб келгач, “шаҳардаги барча пиёдалар юрадиган йўлакларни тактил йўлакларга алмаштириш топшириғи бўлди. Бутун шаҳар йўлларини шундай йўлга алмаштириб чиқамиз энди”, дейди.
Ўқувчи. Бу жуда аянчли хулоса. Ёзувчи бутун жамиятга йўл кўрсатмоқчи бўляпти, яъни ўз ғояларига эргаштирмоқчи. Омма эса унинг наздида сўқир.
Ёзувчи. Менимча, тескариси. Жамиятнинг аксар қисми сўқирлардан иборат. Диндан пул ишлайдиганлар (йўлсозлар)нинг даври келди, дейди.
Танқидчи. Бу такаббурликми? Ёзувчининг услубими?
Ёзувчи. Асарнинг яна бир диққат қаратилиши керак бўлган томони, унинг якунигача бир тола ҳам ёруғлик йўқлиги. Асар инсондаги барча умидларни чилпарчин қилади. Тарсо ҳам, Саънон ҳам мақсадига етолмади, Худони тополмади. Айлана шаклидаги қишлоқдан чиқиш имконсиз. Энг сўнгги чора ўлим, ундан бошқа нажот йўқ. Оломон сўқир, кўзи ожизлар учун қуриладиган йўлакдан юришга маҳкум. Булар жуда даҳшатли хулосалар. Адабиёт бундай бўлмаслиги керак. Ҳеч бўлмаса, салгина умид қолдириши керак. Қиз шунча суҳбат ва “муолажалар”дан сўнг тузалиши, излаганини топиши, қишлоқдан чиқиш йўли бўлиши, йўқотилган архив варақлари қаергадир яширилиши, сўқирлар орасида кўзи очиқ кимдир бўлиши шарт. Ана шунда ҳаётий ҳақиқатларга мос ва инсонийликка хос асар деб, муаллифни табрикласак бўларди.
Танқидчи. Асар тўла абсурдизм тарғиботига хизмат қилиб қоляптими?
Ўқувчи. Унчалик эмасдир.
Ёзувчи. Муҳокамамиз эълон қилинса, ёзувчи ўзини турли йўллар билан оқлайди. Яъни, асар киноя усулида ёзилган эди, бугунги кун талабидан келиб чиқиб ёзилди, деб қўяқолади...
Журналист. Унда бу суҳбатни чиқармай қўя қолайлик...
Маънавият
Жараён
Адабиёт
Жараён
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ