Ўзбек кинематографияси шаклланиши, ривожланишида Худойберган Девонов, Сулаймон Хўжаевлар билан бир қаторда буюк ўзбек кинорежиссёри Наби Ғаниевнинг ҳам хизмати беқиёс. Ўз даврига хос мураккабликлар, ноҳақ айбловлар ва қатағонлар Наби Ғаниев тақдирида ҳам тўла акс топса-да, ижодкор яратган киноасарларда аввало севги ва вафо, меҳр ва оқибат, мурувват ва дўстлик каби чин инсоний фазилатлар улуғланади, уларда юксак маҳорат билан миллийлик, миллий руҳ тараннум этилади.
Наби Ғаниев 1904 йилда Тошкентда қассоб оиласида туғилган. Унда ёшлигиданоқ сўзларни қофиялаш, мусиқани бир тинглашдаёқ эслаб қолиб, дуторда ижро этиш, чизганларида эса инсон қиёфасининг ўзига хос жиҳатларини моҳирона акс эттириш қобилияти бор эди.
У аввалига эски усул мактабида, сўнг “Намуна” мактабида таҳсил олди. Ўша йиллари театр томошалари учун “рекламалар” чизиш, бадиий ҳаваскорлик тўгарагига раҳбарлик қилиш ва ҳаваскорлик спектаклларини саҳналаштириш ишлари билан шуғулланди. Дарҳақиқат, Наби Ғаниев Ўзбекистонда болалар театри асосчиларидан бўлди.
Рассом бўлиш орзуси отасининг қаршилигига қарамай уни 1924 йилда Москвадаги Олий бадиий-техника устахоналарига ўқишга етаклади. Айнан шу даврда киносанъати билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлган ёш қаҳрамонимиз қалбида мазкур соҳасига бир умрлик муҳаббат туғилади. Унда бир вақтнинг ўзида рассомлик, актёрлик, режиссёрлик, сценарийнавислик истеъдоди мужассам бўлиб, бу Наби Ғаниевнинг кейинчалик олган фильмларида тўлиқ намоён бўлади.
У ўз даврининг илғор ижодкорлари билан мулоқот қилган: Москвада ўқиган кезларида Абдулла Қодирий билан суҳбатлашишга муяссар бўлган. Шунингдек, Чўлпон билан яхши таниш бўлган, Комил Ёрматов билан дўстлашган.
Шу даврда Туркистонда миллий чегараланиш амалга оширилиб, алоҳида республикалар ташкил этилгач, уларнинг ҳар бирида кино ширкатлари, студиялари барпо қилинади. Шу тарзда “Ўзбек давлат киноси” (1925), “Тожиккино” (1932), “Туркменкино” (1929), кейинроқ эса Олмаота ва Фрунзе (Бишкек) студиялари таъсис этилган. Ўша даврда уларни кадрлар билан таъминлаш муаммоси энг долзарб масалага айланади.
1925 йилда Тошкентга қайтган Набижон, шу йили ташкил топган “Шарқ юлдузи” киностудиясига ишга киради. Унинг тасвирий санъат асосларини ўзлаштиргани, рассомлик истеъдоди ҳамда санъат сифатида шаклланиб келаётган техник ихтиро – кинога бўлган қизиқиши ва меҳри ҳал қилувчи омил бўлади. Наби Ғаниев “Ўзбеккино”да директор, маслаҳатчи, режиссёр ёрдамчиси вазифаларида ишлайди. Кинематографиячиларнинг миллий кадрларни яратиш вазифасига камарбаста бўлиб янги санъат тарғиботчиси сифатида ҳам фаолият олиб боради, студияга иқтидорли ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилади. Унинг ташаббуси билан киностудияда биринчи кинокурслар очилди. 1926 йилда эса Наби Ғаниев “Киноактёр” ва “Киносценарий” номли ўзбек тилидаги илк қўлланмаларни ёзади.
1927 йилнинг ўзида “Иккинчи хотин”, “Мачит гумбазлари остида”, “Соябонли арава”, “Чодра”, “Равот қашқирлари” номли беш бадиий фильмнинг яратилиши “Ўзбек давлат киноси”нинг шу йилги фаолияти сермаҳсул бўлганини тасдиқлайди. Ижодкорнинг ўзи қайд этганидек, ўша йиллари у кинонинг эстетик имкониятларини эмас, техникасини ўрганди, фильмларда роллар ижро этди. “Иккинчи хотин”даги Умар (1927), “Соябонли арава”даги Боймат (1928), “Мохов қиз”даги эпизодик рол (1928)лар Ғаниев – актёр ана шу техникани, аввало ижрочилик техникасини мукаммал ўзлаштириб олганини кўрсатди. Шунингдек, “Бахт қуёши”, “Сўнгги бек” ва бошқа картиналарда режиссёрларга ассистентлик қилди.
Наби Ғаниев режиссёр сифатида 1928 йилдан мустақил фильм ола бошлайди. Унинг 1937 йилгача суратга олган “Ҳокимият кимники?”, “Лотинлаштириш”, “Рамазон”, “Юксалиш”, “Ўлим қудуғи”, “Йигит” каби фильмлари ўз даврида элга манзур бўлиши билан бирга, бугунги авлод учун ўтган давр ҳаётидан маълумот берувчи нодир манба ҳамдир.
Ўтган асрнинг 30-йиллари Наби Ғаниевнинг ҳам бошига оғир кунларни солган эди. 1937 йилда Абдулла Қодирийнинг маслакдош дўсти бўлганлиги, “Ҳокимият кимники?”да фожиаларга тўла ҳаққоний ҳужжатли фильм ишлаб шўро давлатининг истиқболига шубҳа билдиргани учун аксилинқилобчиликда айбланиб, 27 ойга қамалади ва 1939 йилда ҳибсдан озод этилади.
Наби Ғаниев ҳибсга олинишидан олдин – 1937 йил 2 августда Москвага Бутун иттифоқ санъат бошқармаси бошлиғи Кержанцевга хат йўллаб, кино соҳаси олдида турган муаммоларга ўз муносабатини билдирган эди. Унда шундай жумлалар бор: “Ижодларини эндигина бошлаётган, кино сирларини ўрганаётган ёшларга дўстона танқид фойдали бўларди. Лекин… бахтга қарши, киносаноатда ҳар ким фақат ўз манфаатини ўйлаши одат тусига кириб қолди. Тажриба ўрганилмади. Таниш-билишчилик авжига чиқди”; “бошқа республикалардан таклиф этилган режиссёрлар асосан, пул ишлаш учун келардилар. Кадрлар тайёрлаш соҳасида мутлақо иш олиб бормасдилар…”; “…шуниси ачинарлики, танқидий мулоҳазалар, таклифлар ўрнини мақтовлар эгаллади…”; “режиссёр драматург эмас. У сценарий ёзиши шарт эмас…”; “кинодраматурглар йўқлиги, бинобарин, сценарий танқислиги бизга тўсқинлик қилмоқда…”.
Шуниси қизиқки, Наби Ғаниевнинг бу фикрлари Абдулла Қодирийнинг кино саноатига қарашларига жуда яқин бўлган.
Наби Ғаниев билан бирга ўзбек киночиларидан К.Ёрматов, З.Сабитовлар фильмларини суратга олганлар.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач Тошкентга М.Ромм, Я.Протазанов, Л.Траубег, Г.Козинцев каби умумиттифоқнинг кўзга кўринган киносанъати вакиллари эвакуация қилинади ва уларнинг ўзбек киноижодкорлар билан ҳамкорлиги натижасида “Жангчи дўстлар”, “Насриддин Бухорода” фильмлари, бир неча “Ҳарбий кинотўпламлар” ишланди.
Наби Ғаниев уруш бошланганига бир ой бўлганда маслакдоши Мирзакалон Исмоилий билан “Биз енгамиз” фильмини яратди. “Биз енгамиз” фильми фронтортидаги воқеалар баёнига бағишланган бўлса, уруш йилларида яратган иккинчи – “Икки дўст” фильми сюжети фронтда – Украина ҳудудларида содир бўлади. Икки дўст – Саша ва Комил (Ш.Бурхонов ижро этган) немис десантлари билан жангга кириб, қаҳрамонлик ва топқирликларини намоён қилади. Дўстлар душманни мағлуб қилиб, немис офицерини асир олиб, ўзларига юкланган топшириқни – ҳарбий позициядаги жангчиларни овқат билан таъминлашни ҳам уддалайдилар. Фильмда воқеани баён қилиш услуби содда ва шу билан бирга аниқ бўлиб, уруш йилларида давр талабига ниҳоятда мос келган сиёсий плакат каби халқни қаҳрамонлик кўрсатишга чақириқ руҳи билан йўғрилганди.
Шу фильмлардан сўнг Наби Ғаниев ўзининг шоҳ асари “Тоҳир ва Зуҳра” фильми устида иш бошлади. Ҳамидулла Акбаров таъкидлаганидек, “Тоҳир ва Зуҳра” афсонаси XIV–XV асрда ташқи душман билан мардонавор кураш олиб борган халқимизнинг эҳтиёжи, орзу-умидлари ила пайдо бўлганидек, бу дурдонанинг экрандаги умри ҳам Иккинчи жаҳон урушининг оғир дамларида бошланган. Кино муҳитигина эмас, фронтда, унинг ортида жасорат кўрсатаётган эл-юртимиз ўтмиш баҳодирлари, юксак ҳис-туйғу соҳиблари, ҳазил-мутойибага ўч, хушкайфият уйғотадиган афандилар, масхарабозлар, аския усталари тилга, қаламга, мўйқаламга қайта олинди, саҳнага, экранга олиб чиқилди. Бу манзара ижоднинг барча соҳаларида кўзга ташланди. Кино муҳитига мурожаат этсак, Хўжа Насриддин ҳақидаги бир фильм (“Насриддин Бухорода”, 1943) суратга олинганини, иккинчисига (“Насриддин саргузаштлари”, 1946) тараддуд кўрилганини, “Алишер Навоий” сценарийси, эскизлари устида иш олиб борилганини, унга Гули–Мир Алишер муносабатларига доир Бухоро афсонаси киритилганини, ниҳоят “Тоҳир ва Зуҳра” афсонаси, эртаклари, достонига мурожаат этилганини қайд этамиз.”[1]
Бутунжаҳон кинематография санъати мероси ҳам бўлган “Тоҳир ва Зуҳра” янги ижодий, бадиий, техник услублар қўлланилгани, фильмдаги барча эпизодлар ва лавҳаларнинг юксак маҳорат билан ишлангани, зиддиятли вазиятлари мукаммал яратилгани, фильмнинг бошдан охирига қадар миллийлик руҳи сингигани билан алоҳида аҳамиятли.
“Тоҳир ва Зуҳра” (1941 йилда саҳналаштирилган) мусиқали драмасининг (Собир Абдулла сўзи ва Тўхтасин Жалилов мусиқаси) илиқ кутиб олиниши халқимизнинг нафақат театрнинг мусиқали драма жанрига, балки севги ва садоқат ҳақидаги халқ афсонасига бўлган муҳаббатида эди. Наби Ғаниев шу туфайли “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини суратга олишга қарор қилади. Баъзи маълумотларда қуйидагича айтилади: “Тохир ва Зуҳра” фильмини яратиш ғояси Ўзбкистоннинг ўша даврдаги Марказий Комитети раҳбари Усмон Юсупов ҳамда генерал Собир Раҳимов томонидан 1943 йилда айтилган ва ўша йили буюртма асосида спектакль саҳналаштирилган. Асосий мақсад Иккинчи жаҳон урушидаги жанг майдонида курашаётган ўзбек йигитларини руҳлантириш бўлган.[2]
Таъкидлаш лозимки, фильм устида ишлаган ижодий гуруҳ афсонанинг руҳини сақлаган ҳолда мустақил кино асарини яратган. Собир Абдулла ҳам, Наби Ғаниев ҳам ўша дамда томошабин олқишига сазовор бўлган “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасини кинотасмага муҳрлашдек жўн, ўзини оқламайдиган йўлдан бормади. Достон, эртакларнинг фабуласини қайта идрок этиб, уруш йилларининг оғир муҳити, шароитидан келиб чиқиб, севги-садоқат драмасида қаҳрамонлик эпосига хос кўтаринки, монументал руҳни сақлаб қолиш йўлидан бордилар.[3]
Фильм сценарийси шу номли мусиқали драманинг экранлаштирилган такрори бўлмай, халқ афсонаси асосида янгитдан ёзилди. Режиссёрнинг шоирона қалбига халқ афсонасининг лирик ва романтик оҳанглари жуда яқин ва таниш эди.
Фильм 1944 йилда суратга олинди ва 1945 йил бошида катта экранларга чиқарилди. Унда киномотографга хос бадиий имкониятларидан тўлиқ фойдаланилган бўлиб, режиссёрнинг истеъдоди ва нозик диди фильмнинг ҳар бир эпизодида намоён бўлган. Фильмнинг ҳар бир кадрини олишдан аввал режиссёрнинг унга жиддий тайёргарлик кўриши, майда деталларигача ўйлаб, чуқур мулоҳазалардан кейингина тасвирга олишга киришиши – Наби Ғаниев иш услубининг яна бир ўзига хос қирраларидан бўлган. Шунинг учун ҳам фильм давомида дубллар кўп бўлмас, плёнка ортиқча сарфланмас ва олинган ҳар бир метр фильмга киритилар эди. Наби Ғаниев фильмларини тасвирга олиш тугаши биланоқ монтажини ўзи мустақил равишда бажарарди. Режиссёр ўзига ҳам, бутун ижодий гуруҳ ишига ҳам бирдек талабчан эди. Унинг иш давомидаги кўтаринки ижодий руҳи барчага бирдек таъсир қилар, у билан ёнма-ён ишлаш ниҳоятда мароқли бўлган.
“Тоҳир ва Зуҳра” ўзбек киномотографининг ижодий баркамолликка етканини кўрсатди. Ушбу фильм хорижий экранларда кенг намойиш этилиб, катта муваффақият қозонди ва “ўзбек киноси жаҳон саҳналарини забт этди” деган баҳони олганди, – хориж матбуотида ҳам юқори эътирофли мақолалар чоп этилади. Жумладан, 1947 йилнинг 5 майида Швеция газетаси чоп этган мақолада “Ўзининг “Тоҳир ва Зуҳра” фильми билан Шарқ тўғрисидаги бундай асл тасаввурни яратишга қодир бўлган иқтидорли ўзбек кинорежиссёри Наби Ғаниевнинг даражасига Голливуд эриша олмагани” қайд этилди.[4] Улар қаҳрамонлардаги оддийлик ва бадиий ҳаққонийликни, декорацияларнинг эса ниҳоятда аниқлиги ва ифодалилигини қайд этгандилар. Мақола муаллифларининг барчаси фильм қаҳрамонлари образларини яратган Ғулом Тожиаълоев ва Юлдуз Ризаеваларнинг ҳақиқий эртак қаҳрамонларни яратишга муваффақ бўлганларини ёзишган. Барча мақолаларда “Тоҳир ва Зуҳра” фильми режиссурасининг юксак даражаси қайд этилган.
Дарҳақиқат, “Тоҳир ва Зуҳра” фильми ўзбек олтин фондидан муносиб ўрин эгаллади. У халқ ижодини кинoмoтографга кўчиришнинг ҳақиқий эталони бўлиб хизмат қилади.
Голливуд киностудияси Наби Ғаниевни “кинода энг яхши тасвирловчи билимдон режиссёр” ҳисоблаб “1001 кеча” эртаклари асосида яратиладиган фильмига постановкачи-режиссёр сифатида чақиради. Собиқ Совет Иттифоқи томонидан олиб борилган “темир панжара” сиёсати ўзбек режиссёрининг Голливуд киностудиясига бориши у ёқда турсин, ҳатто номини тилга олишга ҳам йўл қўймасди. Нима бўлганда ҳам, собиқ Совет Иттифоқи режиссёрлари ичида биринчи бўлиб ўзбек режиссёрининг Голливуд киностудиясида тан олиниши, биз учун катта фахр![5]
Ўзбек фольклорининг бой ва ўзига хослигини чуқур ҳис этган Наби Ғаниев бу соҳадаги ишларини давом эттириб, “Насриддин саргузаштлари” фильмини олишга киришади. Бу ишга дастлаб “Марказ” рухсат бермайди. Улар: “Ҳамма қайғуга ботган пайтда, халқ достони – Афанди ҳақида фильм олиш шартми?” дейишади. Наби Ғаниев эса аксинча, халқ қайғу-аламга ботган пайтда, унинг кўнглини кўтариш учун ҳам қувноқ воқеалар акс этган фильмлар яратиш зарур, деб фикрини “марказдагилар”га асослаб беради ва Афандининг оддийлиги, қувноқ ва донолигини халқ оғзаки ижоди орқали тилдан-тилга ўтиб юрган достон, латифаларни экранга кўчиради. Унинг назарида кино қанчалик мукаммал, замонавий техника мутахассислари билан таъминланмасин, аввало, миллий мерос ва қадриятлар асос бўлиши керак эди.
Унинг бу қарашлари ҳасадгўйларнинг муҳокама мавзусига айланди, 1948 йилда (1937 йилдаги каби) ҳам турли баҳоналар билан уни айблашга ҳаракат қиладилар. Тазйиқларга қарамай қаҳрамонимиз ўз ижодий йўлида собит давом этди.
Наби Ғаниев “Тоҳир ва Зуҳра” учун Италияда бўлиб ўтган 19-Осиё фильмлари фестивалида “Жаҳон киносига қўшган улкан ҳиссаси учун” махсус дипломига муносиб кўрилган. “Тоҳир ва Зуҳра” бош қаҳрамонларини ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юлдуз Ризаева ва Ғулом Тожиаълоев Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Наби Ғаниев 1953 йил 19 октябрь куни ҳаётдан кўз юмади. Тошкентда дафн этилган. 1965 йил Тошкент кинотехникумига Наби Ғаниев номи берилган.
Севар ПЎЛАТОВА,
тарих фанлари номзоди
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ