Бухоро қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган саҳродаги шаҳарлардан бири саналган. Жазирама иссиқ, тандирдек қизиган қум барханлар ҳар бир сайёҳу мусофирни, меҳмону мезбонни соя-салқинга чорлаган. Аҳолига фарахбахшлик бахш этиш мақсадида Бухорода кўплаб ҳовузлар қурила бошланган. Тож Маҳалу, Миср эҳромлари билан бўйлаша оладиган мафтункор ҳовузлар Бухорони Шарқнинг зебо шаҳрига айлантирган.
Оби ҳаёт манбаи ҳисобланган сув захираларини жамлаш ва уни аҳли гузарларга етказиш мақсадида қурилган Бухоро ҳовузлари нодир меъморий иншоотлар бўлиб, ўз вақтида шаҳарнинг қон томири ҳисобланган. Бухоро шаҳристонида 103 та, шаҳар атрофида эса 250 дан ортиқ ҳовузлар мавжуд бўлган.
Бухорода ҳовузлар хилма-хил, ҳавзи хокий (лой ҳовуз), ҳавзи тахта (ёғочли ҳовуз), ҳавзи сангин(тошли)ларга бўлинган. Бундан ташқари, тошқудуқлар, қумқудуқлар ва коризлар ҳам мавжуд бўлган. Ҳовуз аслида сув уйи, хонаси маъносини билдиради. Сув уйининг Бухоро ва унинг қарамоғидаги ҳудудларда кўп учраши – сувнинг кўп, камлиги билан боғлиқ бўлган. Қаердаким серсув ариқлар бўлса, у жойларда ҳовузлар кам қазилган. Суви камчил туман, қишлоқ, қалъаларда кўпроқ тошҳовузларга эҳтиёж сезилган. Тахтадан иҳота воситаси бор сув уйлари оби-ҳаётни кўп вақт сақлаган. Тоштарошлик ривожланиб, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач, тошқудуқлар кўпроқ қурилиб, қишлоқ, овуллар сувсизлик чангалидан халос бўлган.
Муаррих Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китобида подшоҳлар саройи Жўйи мўлиёнда гўзар сарҳовузлар борлиги келтириб ўтилган. Сада қайрағочлар шундай бир тарзда чодир шаклини олган эдики, сарҳовуз лабидаги ўтирадиган жойга шарқ томондан ҳам, ғарб томондан ҳам заррача қуёш тушмас эди. Ҳовуз бўйидаги чорбоғларда нашвати, бодом, ёнғоқ, гилос, жилон жийда ва анбар бўйли жаннатда бўладиган ҳар бир мева ғоятда яхши ва гўзал тарзда ўтқазилган эди.
Бухоро ҳудудида сарҳовузлар фаолияти ҳам йўлга қўйилганлиги боис ҳовли жойлар аҳли ёз пайтида салқин сарҳовуз бўйида ёзни яйраб ўтказишган. Агар ёз тўқсони 20 майдан 20 июлга қадар давом этишини инобатга олсак, ҳовузлар нақадар муҳим аҳамият касб этишини англаш мумкин.
Бухоро шаҳристони ичида 103 та кўча, гузар, мавзе, ҳовлилар ҳовузи бўлиб, бундан мешкоблар, корхона, масжид, мадраса аҳли кенг фойдаланганлиги тарихий китобларда ўз аксини топган. Санъатшунос Л.И.Ремпель, этнограф О.А.Сухарева ва археолог В.Л.Вяткин тадқиқотларида Бухоро шаҳристон бағрида 103 та ҳовуз, битта шаҳристон ариғидан сув олганлигини ёзадилар. Бухорода энг катта ҳовуз Ситораи Моҳи Хосса сув хазинаси бўлиб, у Ўрта Осиё ҳудудида иккинчи ўринда туради. Шаҳарда 5 600 м куб сиғимгача катталикдаги ҳовузлар бўлган. 75% ҳовузлар 400 м.кв гача, 25% эса 400 м.кв дан ортиқ ҳажмни ташкил этган. Энг кам сиғимли Миракон ҳовузи 144 м.кв, энг катта сув ҳавзаси Лаби ҳовуз бўлиб, 1 552 м кв.дан иборат бўлган.
Ҳавзи Нодир Девонбеги эса шаҳристон ичидаги ҳовуз бўлиб, буни ҳавзи сангин (тошли ҳовуз) ҳам дейдилар. Шаҳарни асосий сув билан таъминловчи Шоҳруд ариғи қирғоғида жойлашган ҳовузнинг эни 36 м, бўйи 45,5 м бўлиб, чуқурлиги 5 м ни ташкил этади. Шаҳарнинг марказига айлана бошлаган ҳовуз атрофида бирин-кетин янги иморатлар қад кўтара бошлайди. Ғарбида Нодир Девонбеги хонақоҳи, шарқида Нодир Девонбеги мадрасаси, шимолда Кўкалдош мадрасаси ва ҳозирда сақланмаган Эрназар элчи мадрасалари қад кўтарган. Ҳа, Лаби Ҳовуз сув ҳавзаси бир неча тарихий обидаларни ўз ичига олган архитектура ансамблининг композицион марказидир. Лаби ҳовузнинг ансамбл каби шаклланиши диққатга сазовордир. Қуюқ дарахтлар билан ўраб олинган кенг ҳовузнинг монументал бинолар комплексига қўшиш Марказий Осиё санъат тарихида янги меъморчилик услубини бошлаб берди.
Шунингдек, Ҳавзи хони Зайниддин, Ҳавзи Чоччахона, Ҳавзи Ойбинок, Ҳавзи Хожа Жаъфар, Ҳавзи Нав, Ҳавзи бодом, Ҳавзи шиша, Ҳавзи Арки олий, Ҳавзи Тагманбофон ва бошқа ҳовузларни санаш мумкин. Булар орасида Ҳовузи Девонбеги, Ҳовузи Рашид, Ҳовузи Хўжа Зайниддин, Ҳовузи Боло каби ўнлаб сув манбалари Бухорода машҳур бўлганини эса қариялар таъкидлашади.
Бундай серсув ҳовузлар қишлоқларда ҳам кўп бўлган. Икки, уч ҳовли ҳисобига қазилган тошҳовузлардан ташқари маҳалла, масжид, чойхона ҳовузлари ҳам аҳоли хизматини адо этган. Шаҳар 10 та катта ариқдан сув олган ва Бухородаги барча ҳовуз сув билан таъминланган. Зарафшон дарёсидан ариқ, руд орқали серсувлиги таъминланган ҳовузлар қаватига эса сардобалар ҳам қўшилган. Булар сони 1000 тани ташкил этган. Хожа Уббон ёки Чўли Убон ҳудудида ҳам сардоба бўлган. Буни халқ тили билан сарон деганлар. Ўша сарон қудуғи ҳали ҳам бор. Ҳовузлар атрофи мармар ёки ёнилган тошлар билан ишланган бўлиб, фақатгина Эшони Имло, Халифа Худойдод ҳовузлари устига сардоба қурилган.
Ёши улуғ кексаларнинг айтишича, Бухоро ҳовузсозлигида машҳур уста Мажид Қурбонов алоҳида ўрин тутади. Шаҳарда машҳур ҳовузсоз уста Усто Мажид Солиев, Ўзбекистоннинг энг яхши халқ устаси Уста Ширин Муродов асарлари барча меъморлар учун эталон вазифасини бажарган. Ҳовузлар қурилиши бўйича уч жиҳат, яъни, сейсмик ҳолат, яхши жойлашув ва сувни яхши сақлай олишига алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳовуз учун яхши жой танлангач, кейин чуқур ковланган. Ҳовузни бегона ўт қопламаслиги учун унинг сатҳига кигиз тўшалган. Сўнгра унинг устига қора оҳак сепилган. Атрофи мармар ёки ёнилган тошлар билан безатилиб, зиналар ҳосил қилинган. Асосан ғозғон ва Нурота тошларидан фойдаланилган. Зиналар мустаҳкам бўлиши учун тошлар ости ҳамда орасига тут чўплар қўйилган. Ҳар 50-60 см.да тут дарахти ёғочлари қўйиб чиқилган. Махсус ишлов берилган бу ёғочлар тошларни силкинишдан сақлашда боғлагич вазифасини ўтаган. Ҳовузлар сувни яхши сақловчи йирик ва мустаҳкам чашкага ўхшаши керак эди. Уста Мажид Қурбонов шу усулда қадим шаҳарнинг гузарларида 18 та ҳовуз барпо этган экан.
Ҳовузларнинг мармар тарновлари ҳам уч хил шаклда: оддий – фақат тошдан ишлов, ўрта – нақшлар ва орнаментлар ҳамда мураккаб – шер, балиқ, аждар кўринишдагилардан иборат бўлган.
Хўжа Зайниддин ҳовузи тарнови балиқнинг оғзига ўхшатилиб, унда насталиқ хатида қуйидаги форсий шеър сангтарошлар томонидан битилган. Унинг ўзбек тилидаги таржимасидан қуйидагиларни англаш мумкин:
Саййид Амир Олим Баҳодирхон давлатининг барокатидан унинг асрида ҳеч бир инсофсизлик, мурувватсизлик жорий бўлмаган. Амир Насруллоҳ қушбегининг саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан бу мустаҳкам тошли бино хайрия тариқасида қурилди. Одамларга маълум бўлиши учун унинг таъмир йилини ақл эгаларидан сўрадим. Лутф ва валоят эгалари менинг жавобимга шундай дедилар: “Бу хайрли иш жорий бўлиб, оламга хушхабар етди” 1345/1926.
XIX – XX аср бошларида Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги йирик биноларда, ҳовуз (Лаби ҳовуз ансамбли, Ситораи Моҳи Хоса) харсангтош ва мармар кўп ишлатилган.
Бухоро ҳовузларининг ҳаммаси ҳам оддий ҳовузлар бўлавермаган. Мисол учун, Хавзи Лесак Арки Олийнинг жануб томонида жойлашган бўлиб, унинг суви, лойқаси шифо бўлган. Яра, йиринг, захм тери касалликларига лойи суртилган.
Эътибор қаратилса, Бухородаги кўплаб йирик ва маҳобатли иншоотлар олдида ҳовузлар барпо этилган ва атрофларида тут ва чинор дарахтлари экилган. Масалан, Гавкушон мажмуаси, Боло Ҳовуз масжиди, Исмоил Сомоний мақбараси, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Ситораи Мохи Хоса саройи, Чор Бакр ёдгорлиги ва бошқалар. Бундан кўзланган асосий мақсад иморатларни зах таъсиридан муҳофаза этиш бўлиб, уларнинг умрбоқийлигини таъминлаган. Масалан, Лаби Ҳовуз бўйидаги бир туп дарахт бир йилда 330 литр сувни ўзига шимиб олишини мутахассислар исботлашган.
Эски шаҳарнинг қон томири ҳисобланган ҳовузларнинг вазифаси аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш билан бирга яна кўпгина муаммоларни ҳал этишда асқотган. Жумладан, улар шаҳар иқлимини мўътадил сақлаш, тарихий обидаларни шўрланишдан асрашга хизмат қилган. Энг асосийси, ҳовузлар атрофида одамлар мириқиб дам олганлар, турли йиғин ва тадбирларда иштирок этганлар. Бундан кўринадики, кўҳна шаҳар одам танасига қиёс этилса, ҳовузлар эса унинг артерия томирлари бўлган.
Бухоро атрофи сув таъминотини мироб бошқарган. Унинг бошқармаси амир саройи – Ширбудун олдида, Шоҳруд тармоғининг бошида бўлган. Сув шаҳар ичкарисига оқиб киргани заҳоти уни халифа бошқарган. Халифанинг кузатиш жойи Мозори Шариф дарвозаси олдида бўлиб, у шаҳардаги ҳовуз ва боғларнинг сув таъминотини амалга оширган. Чунки, Шоҳруд ариғи Мозори Шариф дарвозасидан Хўжа (мадрасаси) бозоригача очиқ ҳолда оққан. Ҳовузларни ишлатиш устидан қаттиқ назорат олиб борилиб, миршаблар, назоратчилар ҳовузлар сувини ўлчаб туришган. Мешкоблардан сувни исроф қилмаслик қатъий талаб қилинган. Шу боис ҳовуз ҳам, ундаги сув ҳам қадрланган, мудом атрофи тоза тутилган.
Аҳоли сув билан таъминланиш мақсадида мешкоблар хизматидан фойдаланган. Бухоро амирлигининг девонхонаси, мадраса, карвонсаройлар, чойхона, бозор, бадавлат хонадонларни мешкоблар доимий сув билан таъминлаб турган. Биргина Нодир девонбеги ҳовузидан 80 та мешкобчи сув ташигани манбаларда учрайди. Бухоронинг Мирзо Ҳайдари поён гузарида мешкобчилар оиласи истиқомат қилган. Ҳар бир ҳунар аҳли бирор тарихий ёки диний афсонавий шахсни ўзларига пир деб ҳисоблагани каби, мешкоблар ўзларининг пири сифатида Аббос (пайғамбарнинг амакиси)ни танлашган.
Ҳар ҳовуз мешкобчиларининг оқсоқолини шу ҳовуздан сув ташийдиган мешкобчилар оммаси очиқ тарзда сайлашган. Кичик ҳовузларнинг мешкобчилари оз сонли бўлганлари сабабли, оқсоқол сайловида ўзларига яқинроқ катта ҳовуз мешкобчиларига қўшилиб сайлов ўтказишган.
Мешкоблар оқсоқолининг вазифаси сув истеъмолчилари олдида мешкобчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишдан иборат бўларди. Масалан, бир мешкобчи бир ҳовли эгаси билан кунига бир ё икки меш сув келтириб беришга келишади. Агар мешкобчи билан ҳовли эгаси орасида жанжал чиқса, яъни ҳовли эгаси мешкобчининг ҳақини тўлаб бермаса, мешкобчи у ҳовлига сув ташишни тўхтатиб, бу ҳақда оқсоқолга хабар қиларди. Бундай мавридда ҳовли эгаси қанча ортиқ пул берса ҳам, бошқа бирор мешкобчи унга сув ташиб бермасди.
Агар бирор мешкобчи пулга алданиб, унга сув ташиб бергундай бўлса, оқсоқол ундан қоидани бузгани учун жаримага тортиб, қайта у жойга сув ташишни ман этарди. Агар у мешкобчи иккинчи марта қоидани бузиб у ҳовлига сув келтирса, оқсоқол уни сув ташиш ҳуқуқидан маҳрум этиб, мешкобчилар қаторидан чиқариб юборарди. Хуллас, то ҳовли эгаси ўзининг аввалги мешкобчисини рози қилмагунча бошқа мешкобчи унга сув ташиб бермасди. Ҳовли эгаси аввалги мешкобчисини рози қилгандан сўнг, у ҳовлига сув ташиш ҳуқуқи биринчи навбатда ўша аввалги мешкобчининг ўзиники бўларди. Борди-ю, у ўз ихтиёри билан бу жойда сув ташишни истамаса, у ҳолда бошқа мешкобчи бу ҳовлига сув ташишга ҳақли бўларди. Мешкобчиларнинг ҳуқуқларини бу хилда ҳимоя қилиш бўйича уларнинг тартиб қоидалари акс этган рисолаларида йўқ эди. Лекин ҳаёт уларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун рисолада ёзилмаган шу қоидани ўз ораларида жорий этишга мажбур қилган эди.
Оқсоқолнинг яна бир вазифаси сув ташиш тартибини назорат қилиш бўлган. Мешкобчи мешни ерга қўймаслиги лозим эди, сув олаётган вақтда мешнинг бир томони ҳовуз зинасига тегиб туради, шунинг учун мешкобчи зинадан шу жойни ювиши, сўнгра мешнинг бир учини шу тоза жойга қўйиб, сув олиши лозим. Шунингдек, мешга сув қуядиган чарм дўлчани ерга қўйиш ман этилганди. Мешкобчи ўз мешини сув билан тўлдирар, дўлчани михга ёки дарахтга илиб қўймоғи лозим эди. Агар мешкобчи шу қоидаларнинг бирортасини бузса, оқсоқол ундан қоидани бузгани учун икки танга жарима оларди ва шу йўл билан тўпланган пулларни “Арвохи пир” зиёратига сарф қиларди. Мешкобчиларнинг ҳам “Арвохи пир” зиёрати диний руҳда ўтказилган.
Бухородаги ҳовузлар чуқурда жойлашган бўлиб, сувлари оқиб турмаганлиги учун доимий янгилаб турилиши лозим бўлган. XIX аср охири XX аср бошларида ерлар ўзлаштирилиб, Шоҳруд ариғи Бухорогача оқиб келолмаганлиги сабабли ҳовузларнинг сув таъминоти қийинлашган. Бунинг натижасида ҳовузларнинг суви ҳидланган. Юқумли касалликлар, жумладан, ришта касаллиги авж олган. XX асрда 50 000 аҳолиси бор Бухорода 171 та касаллик қайд этилган. Тарихий ҳужжатларнинг бирида Бухоро шаҳридаги олий ўқув юртларининг (мадрасалар) риштага йўлиққан 127 нафар талабаси рўйхати келтирилган. Шаҳардаги тиббиёт вакиллари риштага қарши қийинчилик билан курашарди. Шунда бу ишга “Русия сиёсий агентлиги” ҳам аралашади ва тараққий этган Ғарб таълимини олган мутахассислар бу муаммони бартараф қилишга жалб этилади. Тадқиқотчи Р.Почекаев ёзади: “Муҳандис Х.Гелман 1895 йилда Рус сиёсий агентлиги кўмагида Бухоро ҳовузларини тозалаш ва тиббий назорат қилиш учун амир ҳукуматининг розилигини олади. Лекин бир қанча сабаблар билан лойиҳа амалга ошмай қолади.
Ҳовузлар кейинчалик кўмилиб ташланган. Шундан сўнг бухоролик Мирзо Абдулвоҳид Бурхонов (Мунзим) бор мол-мулкини сотиб, тўплаган маблағини Бухорога сув келтиришга сафарбар қилган. 1920 йил тўнтаришдан сўнг, сентябрь ойида Бухоро Халқ Республикаси ташкил этилгач, Абдулвоҳид Бурхонов Маориф ҳамда соғлиқни сақлаш нозири вазифасида ишлаб, унинг иштирокида 1925 йилда Арк ёнида Шухов сув минораси қурилиб, шаҳар сув билан таъминлана бошланди.
Истиқлол қадим Бухоро бағрига янгича нафас олиб кирди. Кўплаб кўҳна ҳовузлар, жумладан, Ҳовузи Нав, Ҳовузи Бобониёз, Ҳовузи Хўжа Зайниддин, Ҳовузи Лесак, Болоҳовуз, Ҳовузи Эшони Имло, Исмоил Сомоний, Хўжа Калон ҳовузлари қайта таъмирланди. Шариф шаҳардаги кўҳна ҳовузларни асл ҳолига келтириш йўлида ҳам катта жонбозлик кўрсатилди. “Девонбеги”, “Ҳазрати Имом”, “Пиридастгир” ҳовузларининг қайта барпо этилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Шавкат БОБОЖОНОВ,
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос
илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Санъат
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ