Розия Султон – Деҳли тахтидаги илк ва ягона туркий малика


Сақлаш
18:05 / 23.02.2026 30 0

Розия Султон бегим – Ҳиндистонда туркийлар томонидан тузилган Деҳли султонлигининг биринчи ва ягона аёл ҳукмдори (1236 – 1240). У мусулмон тарихидаги расман биринчи валиаҳд этиб тайинланиб тахтга ўтирган аёл ҳукмдордир. Унинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ. 1205 ёки 1211-йилларда туғилганлиги тўғрисида тахминлар мавжуд. Отаси Шамсиддин Элтутмиш – Туркистонда яшаган “илбари” номли туркий қабиладан бўлган. У акалари томонидан қул қилиб сотиб юборилади. Шу тариқа Бухорога келиб қолади. Кейинчалик Қутбиддин Ойбек хизматига кириб, унинг ҳузурида катта мавқега эришади ва қизига уйланади. Олимлар унинг туғилган ерини Марғилондан Андижонга борадиган йўлда жойлашган “Иломиш” қишлоғи бўлган деб ҳам тахмин қиладилар. Баъзи манбаларда Розия Султоннинг онаси Элтутмишнинг канизаги Шоҳ Туркон деб келтирилади. Бироқ, Розиянинг онаси Туркон Хотун – канизак бўлмаган, Қутбиддин Ойбекнинг қизи, Элтутмишнинг биринчи аёли бўлган.

 

Розия бегим буғдойранг, узун қора сочли, бели ингичка, бўйни кўзадек нозик, кўзлари бироз қийиқроқ эди. Айтишларича, у ўзининг шу хусусияти билан саройдаги қизлар орасида паридек эди. Султон Элтутмиш ҳам бу гўзал ва ақлли қизини “Қурратуъл-айним” яни “кўзимнинг қораси” деб чақирарди. Розия узоқ вақт турмушга чиқмаган ва отасининг ўнг қўли сифатида доимо унинг ёнида юрган. Розия кучли сиёсий ва ҳарбий билимга эга эди. У пайтда аёллар рўмол ўраб, юзларини ёпиб юришарди, Розия бўлса, юзини беркитмаган, эркаклардек моҳир мерган ва филни ҳам маҳорат билан бошқарган. Бу кўпчилик амирларни норози қилган  ва танқидига сабаб бўлган. Ўз давр манбаларида Розия улуғ донишманд, адолатли, уламоларни хуш кўрадиган, халқига ғамхўрлик қиладиган, қўшинни моҳирлик билан  бошқарадиган раҳмдил ҳукмдор сифатида таърифланади.

 

Шамсиддин Элтутмиш Розия бегимга жанговар техникани ўргатиш вазифасини асли ҳабаш бўлган эфиопиялик Жамолиддин Ёқут исмли кишига топширади ва Султон Ёқутнинг жасорати ёққанлиги учун уни Розиянинг оталиғи этиб тайинлайди. Розия устозини жуда ҳурмат қиларди, кейинчлик уни саройдаги муҳим лавозимлардан бирига масъул этади. Қолаверса, зукко бўлган Ёқутга Султон Розия ҳузурида мақтовлар айтилиши амирларнинг ҳасадини қўзғатди. Бу ҳатто исёнларни келтириб чиқаради. Охир-оқибат исёнкор амирлар Розиянинг буйруғи деб баҳона қилиб, Ёқутнинг ўлимига сабабчи бўладилар.

 

Розия нафақат ҳарбий соҳада моҳир, балки, ёшлигидан Қуръон ёд олган ҳофиза бўлганини ҳам таъкидлаш ўринли. Қуръонни ниҳоятда чиройли ўқигани боис уни “Қуръонхон” деб ҳам аташарди. У “Ширини Дэҳлавий” ва “Ширини Ғурий” тахаллуси билан шеърлар ёзиб, ўзининг ижодкорлик қобилиятини ҳам намоён қилган. Унинг туркий шеърлари жамланган девони борлиги айтилади, ҳатто илк туркий девон соҳиби бўлган деган қарашлар ҳам мавжуд. Отаси ҳам унинг шеър ёзишини қўллаб-қувватлаган.

 

Элтутмиш ўзининг энг қобилиятли ўғли Носириддин Маҳмудни тахт вориси этиб тайинлаган эди. Бироқ у Бенгалия ҳокими бўлиб турган пайтида вафот  этади. Шундан сўнг Элтутмишни ворислик масаласи жиддий ташвишга солди. У тирик қолган ўғилларидан ҳеч бирини тахтга муносиб деб билмасди. Узоқ ва ташвишли ўй-мулоҳазалардан сўнг, ниҳоят қизи Розия (Розия Султон)ни тахт вориси этиб тайинлашга қарор қилди ҳамда амирлар ва уламоларни бу қарорни маъқуллашга кўндирди.

 

Қадимги Эрон ва Мисрда аёллар малика сифатида ҳукмронлик қилган, шунингдек, шаҳзодалар вояга етмагунча регент сифатида давлатни бошқарган ҳолатлар бўлса-да, ўғиллар ўрнига аёлни ворис этиб тайинлаш аввал кузатилмаган янгича қадам эди. Бу борада вазири Тожулмулк Маҳмудга тегишли фармон тайёрлашни буюрди. Султоннинг бу қароридан кўпчилик амалдорлар норози бўлган. 1236 йилда Султон Элтутмиш касал бўлиб, вафот этади. Унинг ўлимидан сўнг Деҳли икки лагерга бўлиниб кетди. Розиянинг укаси Рукниддин Ферузшоҳ бошиданоқ Розияга қарши бўлган сарой аъёнлари ва “Туркони Чиҳилгани (Илтутмиш томонидан ишлаб чиқилган мунтазам вазирлик органи)” ёрдамида тахтга ўтиради. Рукнуддин Фируз тахтга чиққач, айш-ишратга берилиб кетади ва давлат бошқаруви онаси Шоҳ Туркон қўлига ўтди. Розия тарафдорлари томонидан Рукниддин тахтдан ағдарилиб, қатл этилди. Розия расман Деҳли тахтини эгаллади. У отаси Элтутмиш даврида амалда бўлган, қонун-қоидаларни қайтадан ҳаётга татбиқ этиб, адолат ўрнатди.

 

Розия Султон ҳукмронлигининг дастлабки йилларида зарб қилинган тангалар унинг сиёсий мавқейи ва легитимлик масаласини ёритишда муҳим нумизматик манба ҳисобланади. Тангалар ёзувлари орқали Розиянинг ўз ҳокимиятини сулолавий ва диний асослашга интилгани кузатилади. Аввало, айрим кумуш тангаларда у “бинти Шамсиддин Элтутмиш” (Шамсиддин Элтутмишнинг қизи) деб кўрсатилган. Бу нисбат тасодифий эмас, балки Деҳли султонлигида ҳокимиятни асослашнинг анъанавий усули – сулола асосчисига таянган легитимлик шаклидир. Иккинчидан, Розия тангаларида у “Султан” унвони билан қайд этилади. Бу жуда муҳим жиҳатдир, чунки ўрта аср мусулмон сиёсий терминологиясида “Султон” ҳукмрон суверен мақомини англатади. Розия Султон номи ҳам эркак ҳукмдорлар билан тенг мақомни билдирувчи титул билан зарб этилган.

 

 

Бундан ташқари Розия “Розият ад-дунё ва дин” (“Дунё ва дин маҳбуби”),  “Билқиси Жаҳон” (“Олам  билқиси”) унвонларига ҳам сазовор бўлган.

 

Розия Султон ҳукмронлиги қисқа вақт давом этган бўлса-да, улкан ишларни амалга оширишга улгурган. Ўз даври учун илғор ижтимоий ва сиёсий қарашларга эга ҳукмдор сифатида намоён бўлади. У давлат бошқарувини тор этник ва ҳарбий гуруҳ манфаатларидан чиқариб, кенгроқ ижтимоий асосга таянтиришга ҳаракат қилган. Хусусан, унинг жизя (мусулмон бўлмаганлардан олинадиган солиқ)ни бекор қилиш ташаббуси диний ажратиш сиёсатини юмшатиш ва мусулмон бўлмаган аҳолига нисбатан адолатли муносабат ўрнатиш истагини кўрсатади. Бу таклиф сарой амирлари томонидан кескин қаршиликка учраган бўлсада, Розия диний ҳукмларни формал талқиндан кўра уларнинг руҳий-ахлоқий моҳияти муҳим эканини таъкидлаган. Шунингдек, давлат лавозимларини фақат турк амирлари қўлида сақлаб қолиш сиёсатига қарши чиқди. У ҳиндуизм динидан исломни қабул қилган Имомуддин Райҳонни юқори мансаблардан бирига тайинлашга уринган. Бу кўплаб норозиликларга ва қўзғалонларга сабаб бўлди. 1239 йилда Лаҳор ҳокими Малик Иззуддин Кабирхон Аяз бошчилигида қўзғолон кўтарилди. Розия қўшин билан юриш қилиб, уни таслим бўлишга мажбур этди ва Лаҳор ҳокимлигини тортиб олди, бироқ ҳаётини сақлаб қолди.

 

Розия Султон саройдан ташқарида бўлган пайтида эса унга қарши фитна уюштирилди. 1240 йил 3 апрелда Деҳлига келиб, Ихтиёриддин Олтунийнинг Табарҳинда исён кўтарганини билди. Деҳлидаги айрим зодагонлар ҳам унга қарши фитнага қўшилганидан бехабар ҳолда, у Табарҳинда томон йўл олди. У ерда қўзғолончилар Ёқутни ўлдириб, Розияни асир олдилар. Бу хабар Деҳлига етгач, зодагонлар Илтутмишнинг ўғли Муизуддин Баҳромни тахтга ўтқаздилар. Кейинчалик Розия Олтунийни ўз томонига оғдириб, унга турмушга чиқди ва Деҳлини қайтариб олишга уринди. У мардонавор курашган бўлсада, мағлубиятга учради ва қочиш чоғида ўрмон ичида босқинчилар томонидан ўлдирилди.

 

Розиянинг ўлими тўғрисида бошқа ҳикоялар ҳам мавжуд. Масалан, “Табақоти Акбарий” да унинг ўлими бошқача шаклда келади. 1240 йил 14 октябрда ҳинд деҳқони Розияни қочиб кетаётганда ўлдириб, даласига дафн қилган. Ривоятга кўра, Розия укаси Баҳромшоҳ юборган қўшин билан жангда мағлуб бўлгач, асир тушмаслик учун қочади. Узоқ сарсонлик ва очликдан сўнг бир ҳинду деҳқонидан овқат сўраб, унинг берган қуруқ нонини егач, ҳолдан тойиб ухлаб қолади. Деҳқон унинг кийими остидаги қимматбаҳо кафтанни кўриб, уни ўлдириб далага кўмади. Кейинчалик кийим парчасини сотмоқчи бўлганида шубҳа уйғотиб, қози ҳузурига олиб борилади ва сўроқ давомида Розияни ўлдирганини тан олиб, дафн этилган жойни кўрсатади. Султон Розиянинг жасади чуқурдан олиб чиқилиб, унинг устида диний маросимлар ўтказилгач, яна ўша жойга дафн этилган, қабр устига қабртош ўрнатилган.

 

Бугунги кунда Розия қабри Эски Деҳлидаги Туркман дарвозаси яқинида жойлашган. Устига гумбаз қурилган, одамлар ундан барака тилаганлар. Ҳозирда бу жой деярли эътибордан четда қолган. Ҳиндистон Археология хизмати уни ҳар йили таъмирлаб туради. Аммо уни янада ободонлаштира олмайди, чунки у ноқонуний қурилиш билан ўралган ва фақат тор йўлакча орқали бориш мумкин.

 

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Деҳли султонлигининг ягона аёл султони Розия Султон ҳинд-турк тарихида алоҳида ўрин тутади. Манбаларга кўра, у ҳукмдорлик учун зарур фазилатларни ўзида мужассам этган ва отаси Элтутмиш томонидан ака-укаларидан устун деб топилган. Розия марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш, давлатни адолат асосида бошқариш ҳамда сарой зодагонларининг ҳаддан ташқари таъсирини чеклашга интилди. Ва бу йўлда у жуда қаттиқ қаршиликларга дуч келди. Шунга қарамай, у ҳокимиятни қайта тиклаш йўлида курашни давом эттирди ва бу йўлда жонини ҳам фидо қилди.

 

Розия шахсияти туркий аёлларнинг тарихан сиёсий ирода, ҳарбий жасорат ва давлат бошқарувида фаол иштирок эта олиш қобилиятига эга бўлганини яққол намоён этади. У жасоратли, қатъиятли ва мустақил ҳукмдор сифатида нафақат ўз даврининг, балки бутун туркий аёллар тарихининг ёрқин тимсолидир.

 

 

 

Маъсума ИБРОҲИМОВА,

ЎзР ФА Тарих институти кичик илмий ходими

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1.     Juzjani Tabakat-I Nasiri: A General History of the Muhammadan Dynasties of Asia, (trc. H.G. Raverty), Calcutta, 1881.

2.     Erkan Türkmen, Sultan Raziye, NKM Yayınevi, İstanbul, 2007.

3.     Dr. Bahriye Üçok: Delhi Müslüman - Türk Sultanlığının Kuruluşu Ve Sultan Raziye'nin Saltanatı, Ilâhiyat fakültesi dergisi,Ankara, 1961.

4.     Cüzcanî, Tabakât-ı Nâsırî I, Nşr. A. Habibî, Kabil, 1963.

5.     Stanley Lane-Poole: The Coins of the Delhi Sultans, London, 1884.

6.     Rafiq Zakaria. Razia – Queen of India. Bombay, 1966.

7.     H. Hilal Şahin. Müslüman Türk Devletinin Tek Kadın Sultanı: Belkîs-i Cihan Raziye Begüm.  Akademik Tarih ve Düşünce Dergisi 2018

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31360
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//