Кеча, 22 февралда Туркистон мухториятининг қонга ботирилганига 108 йил тўлди. Жадидчилик миллий сиёсий ҳаракати намояндаларининг қатъияти ва ташаббуси билан 1917 йил 27 ноябрда тузилган Туркистон мухторияти 72 кун яшаган бўлса-да, унинг ташаббускорлари мустамлакачиларга Туркистонда ҳуррият, эркинлик ва озодлик курашлари доимий давом этишини кўрсатиб бера олдилар. Мухторият тугатилгач, Туркистон халқи миллий қаҳрамонлари бўлмиш қўрбошилари бошчилигида 1918–1935-йилларда, яъни 17 йил давомида истиқлолчилик курашларини олиб бордилар. Бу эса туркистонликларнинг Ватан ва миллат озодлиги учун курашининг ёрқин намунаси эди. Бу жараёнлар ўз давридаёқ миллий матбуот саҳифаларида ёритиб борилди.
Рус давлатини уч юз йилдан ортиқ бошқариб келган романовлар сулоласининг сўнгги вакили Николайнинг тахтдан воз кечиши оқибатида империяда икки ҳокимиятчилик вужудга келгани яхши маълум. Ушбу жараёнлар таъсири ўлароқ, 1917 йил мартда Туркистонда мустақиллик ва миллий давлатчиликни тиклаш ҳаракатлари бошланиб, унинг бошида Туркистон жадидчилигининг йирик намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев ва бошқалар турган. 1917 йил 16 апрелда Умумтуркистон мусулмонларининг биринчи қурултойи ўз фаолиятини бошлаган ва “Нажот” ҳамда “Улуғ Туркистон” газеталарида ушбу йиғин тафсилотлари ёритиб борилган. Хабарларга кўра, қурултой таъсисчилари 1917 йил 17 апрель куни миллий давлатчилик масаласини муҳокама қилганлар. 22 апрелдаги йиғинда эса мактаб, мадраса, вақф, молия ишлари, озиқ-овқат, мардикорлик, биринчи жаҳон уруши, “Шўройи исломия” марказини тузиш, ер-сув ишлари ва бошқа масалалар кўриб чиқилган.
Туркистонда 1917 йил баҳоридан мустаҳкамланиб олиш учун ҳаракат қилаётган большевиклар шу йилнинг июлида Шерали Лапин бошчилигида тузилган “Шўройи уламо” аъзоларига йирик мансаб ва амаллар ваъда қилиб, жадидларнинг миллий давлатчиликни қайта тиклаш борасидаги ҳаракатларига қарши тарғиботга чорлаган ҳамда бунинг уддасидан чиққан. Газета саҳифаларида “Шўройи уламо”нинг қаршилик ҳаракатлари, Туркистон зиёлиларининг икки гуруҳга ажралиб кетиши кескин танқид қилинган. Жумладан, “Улуғ Туркистон” газетасида “Шўройи уламо”чиларнинг Умумтуркистон мусулмонларининг иккинчи қурултойи ҳақидаги шундай фикри кетган: “Бу сийезд бир тақим динсизлар сийезди” деб атагани қораланган ва “Биз ... Туркистон ўғли туркмиз. Шул сабабли бўлурға керакки, Туркистон мусулмонлари орасинда бўлған бу ихтилофға бизнинг ҳам жонимиз ачийдир. Шерали Лапин ва бошқа шунинг каби шахсий аризаларина берилган зотларға айуруб учредителний собранийаға сайлов каби муҳим бир “амр” олдида шундай ихтилоф ва ифтироқ чиқарилувина бутун Туркистон ва бутун дохили Руссийа ҳам Қафқаз мусулмонлари ранжийлар, деб биламиз. Шул сабабли иғво этуб, икки орада бўлған исломийат ва турклик муҳаббатининг қилинувини ва бундан сўнг бирлашуб, улуғ бир муваққат ташкил этилувини рижо ва нийоз қиламиз”.
Жадидларнинг яна бир нашри – “Чаён” журналида Туркистон мухториятига оид чиқишлар талайгина бўлиб, улар бошқа газета ва журналларга қараганда ўткир, танқидий, ҳатто эҳтиросларга чегарасиз берилиб кетилгани билан ажралиб туради. Масалан, муаллифи кўрсатилмаган “Хўқанд пойтахт” мақоласида мухториятнинг Тошкентда эълон қилинмаганининг сабабчилари деб “уламо ва бойлар” кўрсатилган: “Йашасун ҳимматлу, ғайратлу Хўқанд уламоси ва йошлари! Онг берсун аллоҳ Тошканднинг русға сотилған, сонлиқ виждонлиқ, қалбсиз, кўзсиз уламо ва бойларина, қувват ва ғайрат берсин аллоҳ уларнинг қўрқоқ, журъатсиз йошларина, зийолийларина!!!”. Атиги ўнта гапдан иборат мазкур чиқиш ўша кезларда ўлкада ҳукм сурган қарашлар қарама-қаршилигининг айрим жиҳатларини билиб олишда қўл келади. Мақоланинг “Хўқанд бурундан пойтахт эди. Тағинда пойтахт бўлди” таъкидидан бошлангани маҳаллийчилик кайфияти қай даражада бўлганидан ташқари қирқ йил бурун ўта аянчли равишда йўқ қилинган Қўқон хонлигини қўмсаш аломатлари, умумлаштирганда эса Туркистон мухториятининг инқирозга учраш омилларига яхшигина ишора бўла олади, деб ўйлаймиз.
Даврий матбуот саҳифаларидан янги тузилажак ҳукуматни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид Туркистон халқига мурожаат ва чақирувлар ҳам ўрин олган бўлиб, 17 ноябрни “Мухторият куни” деб аташ ва шу куни имконият доирасида пул йиғиш таклифи берилган. Масалан, “Ўз миллат мажлисина бир неча бўлаги миллатининг буйуклиги нисбатинда зўр бўлувин тилаган ҳар бир мусулмонға бу кун молин айамайжа иона этумлий виждоний бурчидир. Бу кун живилғон ионалардан зўр бир миллий хазина ташкил эталажагин ҳар бир мусулмон хотиридан чиғармасқа тейуш”лиги таъкидланган.
Миллий матбуотда кечикишлар ва узилишлар билан 1917 йил 26 ноябрда Қўқонда бошланган Умумтуркистон мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойи тафсилотлари, Туркистон мухториятининг тузилиши, янги ҳукумат ва Миллат мажлисининг таркиби, мухториятни олқишлаб ўтказилган намойишларга оид мақолалар, хабарлар мунтазам чоп қилиб борилган. Жумладан, “Ҳуррият” газетасида Туркистон мухториятининг Миллат мажлиси таркиби ҳақида қуйидаги маълумотлар бор: “Туркистон Миллат мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлуб, 36 нафари мусулмонлар ва 18 нафари ғайримусулмонлардан сайланур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилойатиндан бул равишда сайланурлар: Фарғона 10 нафар, Самарқанд 5 нафар, Сирдарё 9 нафар, Еттисув 6 нафар, Зақаспий 2 нафар, 4 нафар эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафиндан тайин бўлурлар. Бу мухторийатнинг суратини вужудға қўйилушини йақин орада жумҳурийат идораси Туркистон мажлис муассиниға топшурур. Унинг ила баробар Туркистон ўлкасинда озчиликни ташкил этған миллатларнинг ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан муҳофаза қилинур. Йашасун Туркистон Мухторийати!”.
Газетанинг 1917 йил 8 декабрь сонида эса Миллат мажлисига сайланган 32 кишининг исм, шарифи тўлиқ келтирилган бўлиб, ушбу маълумотларга таянган ҳолда тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов Миллат мажлиси аъзоларининг бир қисмининг таржимаи ҳолларини тиклашга эришган.
Матбуотда миллий ҳукуматнинг қонунийлигини кўрсатувчи чиқишлар ҳам ўрин олган: “Большевиклар ҳукуматининг бошлиғи Ленин ҳам сўнгғи фармонида Русийада йашаган миллатларга ва, шул жумладин, қозоқлар ила Туркистон мусулмонларина мухторийат эълон қилиб, ўз ишларини ўз қўллариға олурға мумкин бўлғонлиғин байон этди. Шу нақлдин, бугун Туркистон сийездининг Туркистонни мухторийатли эълон қилиниши ҳам халқ ва ҳам марказ ҳукуматнинг тилагига хилофи тугалдир. Зотан сўнгғи вақтда Русийада йашаган миллатларнинг ҳаммаси деган мухторийат эълон қилиб йотадир. Миллатлар ҳаммаси нуфусли бошқаларға қарағонда йузда етмиш беш бўлғон миллатлар олдинданоқ ерли мухторийат эълон қилинувға ҳақли эдилар. Сўнгғи қоидаларға кўра, йуздан олтмиш ташкил қилғон миллатларда мухторийат ташкил қилув ҳақиқатга молик санала бошладилар. Ҳол шу ила эса, йузга тўқсон беш ташкил қилғон Туркистон мусулмонларининг мухторийат ташкил қилишиға ҳақлари борлиғин ҳеч ким инкор қила олмаса керак”. Аммо шу ўринда таъкидлаш керакки, иккийузламачи босқинчилар томонидан берилган ваъдалар сохта ва вақтинчалик эди. Большевиклар Россиядаги қўшҳокимиятчиликка барҳам бергунча, гўёки ўзини халоскор, мустамлакаларга озодлик берувчи каби қилиб кўрсатди ва ҳокимиятни тўлиқ эгаллаб олгач, 1918-1919-йиллари мухторият эълон қилган барча халқларни қайтадан ўзининг мустамлакасига айлантирди.
Жадидлар Туркистон мухториятининг ташкил топишини мустақилликнинг қайта тикланиши деб билганлар ва уни асраб-авайлашга даъват этганлар. “Улуғ Туркистон” газетаси мухбири “Туркистон мухторияти” мақоласида Самарқанддан келган бир вакилнинг “Туркистоннинг ери бизнинг танамиз, суви бизнинг қонимиз … кимда-ким бу иккига тегадурғон бўлса, бизнинг танамиз билан қонимизға тегинғон бўлажақ”, деган фикрларини келтириб ўтади. Самарқандлик вакил деб кўрсатилган шахс Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлиб, у миллий давлатчилик асосчиси ҳамда бутун Турон халқини жипслашишга чақирган йўлбошчи эди.
“Чаён” журналининг 1917 йил 1 декабрь сонида эълон қилинган “Туркистон мухторияти” мақоласида миллатнинг инқирозига ҳокимлар ва уламолар сабаб қилиб кўрсатилган ҳамда бу фикр турли жараёнлар орқали таҳлиллаб берилган: “Турк уламолариндан биров: Миллатнинг инқирозини йолғиз икки синф ҳозирлайдур. Бириси ҳокимлар, иккинчисида уламолари, дейадир. Бу сўз шул қадар тўғри ва ҳақ сўздирки, мункир, инкор қилған киши кофир бўладир. Воқеан Туркистоннинг фавқулодда талантли, истеъдодли миллатларин инқирозиға йолғиз анинг олимлари ҳозирлади. Заки турк болаларина ҳоким бўлув тугал, ўз ўзларинада ўз оралариндан ҳоким тополмасдан, аллақайдан, денгиз ортиндан излаб, ҳоким топуб ҳоким қўйғон славйан болаларининг Туркистоннинг озғина бир куч бирла истило қилуб, ҳоким бўлувини Туркистоннинг ҳокимлари ила уламолари ўзлари ҳозирлади”. Шунингдек, ушбу мақолада мухториятни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойишда аҳолининг ўққа тутилиши ҳамда 40–50 намойишчининг ўлдирилиши кескин танқид қилинган. Японлар мисолида миллатсеварлик, бирлик, мустақилликни асрашга даъват этилган.
Қўқон, Наманган, Андижон, Тошкент ва бошқа шаҳарларда мухториятни олқишлаб ўтказилган йиғин ва намойишлар ҳақида “Ҳуррият”, “Нажот”, “Улуғ Туркистон” газеталари ҳамда “Чаён” журналида чоп этилган мақола ва хабарлардан улар большевикларнинг найрангларига муносиб жавоб бўлганлари англашилади: “27 нойабрда Хўқанд сийездинда “Туркистон мухторийати” эълон қилинди. Сўнгғи қолуб ишланган бу иш бизнинг фирқа болшевикнинг кайфина бирда ўхшамади. Улар Хўқанд сийездина буржавой бойлар сийезди дейа, онда эълон қилғон “мухторийат”ини қабул этмасга қарор берганлар. Хўқандда эълон қилинғон “мухторийат” бутун қрай учун бўлғанға, мухторийатға қўшилғанун билдиртув учун ҳар бир шаҳар мухторийат куни йасаб “изҳори мамнунийат” қилғанлар. Энг сўнгидин бизим Тошкандгада навбат келуб жетди”.
Ҳар бир давлат ёки ҳар бир ҳукуматнинг мустаҳкам бўлишида иқтисодий таъминот муҳим ўрин тутади. Барча бойликлари узоқ муддат ва мунтазам равишда империя марказига ташиб кетилгани сабабли Туркистон мухторияти ҳукумати олдида иқтисодий масалаларни ҳал қилиш вазифаси турарди. Шунинг учун Туркистон бойлари ва аҳолига матбуот орқали мурожаат қилиниб, янги ҳукуматни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга чақирилган: “Туркистон мухторийатининг муваққат ҳукумати мамлакатнинг идора ишларини йўлға солув халқнинг овқат ва ғалла эҳтийожини тейушдирмак учун Туркистон ўлкасинда 30 миллийон сўмлиқ дохилий зайом (қарз) йасарға қарор қилған. Бу қарздан бир миллийон сўмини Хўқанд, беш йуз минг сўмини Наманган, беш йуз минг сўмини Андижон шаҳарлари ушбу ҳафта ичинда жийуб битарга ваъда қилғанлар”. Яна бир мақолада миллатнинг ҳимматли бойларидан янги ҳукуматга ҳомийлик қилишлари сўралган, уларнинг бу хизматлари эркин Ватан келажаги учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланган.
Матбуот саҳифаларида Россиянинг Сибир ва бошқа ҳудудларида асирликда тутиб турилган усмонли турк аскарларининг мухториятни олқишлаб юборган мактублари, шеърлари ҳам босилганини диққатдан қочириб бўлмайди. Уларда туркий халқларнинг озодликка чиқиб, миллий ҳукумат тузишлари тарихий адолатнинг тикланиши сифатида эътироф этилган: “Эй, турк-татар ўғлу! Шу очдиғинг кўк байроқ остида бутун исломийат – турклик қитъаси сенга “байраминг қутлу ўлсун!” дейа фарйод эдийур. Сенинг дадаларинг муқаддас динини, қиз қардошларининг номусларини маҳв эдан у золим руслардан интиқом олмоқ учун эълон этдигинг шу мухторийат байраминг муборак ўлсун дейа такмил турклик олами, исломийат дунйоси табрик эдийур”.
Большевикларга хизмат қилган айрим шўройи уламочилар “шарофати” билан тобора заифлашиб борган мухторият ҳукумати 1918 йил февраль бошларида Туркистон мухториятининг қонга ботирилиши билан якун топади. Қўқон шаҳри кулининг кўкка совурилишида большевиклар, арман дашноқлари томонидан амалга оширилган хунрезликлар, ҳукумат раҳбарларининг таъқиб қилиниши, Мустафо Чўқайнинг қувғиндаги хотиралари ва бошқалар матбуот саҳифаларида ёритиб борилган. Жумладан, “Чаён” журналида Қўқон фожиасининг сабабчилари ва шаҳарнинг аянчли ҳолати тасвирлаб берилган: “Мана бу фавқулотда ғойат жирканч жинойатларни кимлар ишлади? Албатта, бу жинойатларни бик кўп кишилар ишлади. Рус солдатлари, рус рабочийлари, арман хоинлари, мусулмон бойлари, мусулмон уламоси. Рус солдатлари, рус рабочийлари улар ғойат йовуз, фавқулотда нодон, устина чексиз ваҳший, улар Русийа ичина қайтсалар, онда уларнинг ошарға овқати йўқ, турарға ери йўқ. Мунда улар Туркистон ерини, ондағи эркин халқни, мунда уларнинг ваҳшат томирлари тепа бошлий, ўзларининг биргина просент эканликларинда унутуб, рус халқнинг эски ҳунари, тарихий касби бўлғон ўғрилиқ чин маъносила амалга қўйилар. Ҳой, виждонсиз харифлар! Қаҳрлар ўлсун сизга! Аллоҳ балонгизни берсун! Ҳозирга қадар ўз миллатингизни бир-бир хароб этуб, уларга қилған ёмонликларингиз, қабоҳатларингиз оз эдими?! Энди қавми нажиб турк қонина сувсадингизму?! Йўқ бу мумкин тугал. Бунга бир чек бўлурға тейуш!”.
“Улуғ Туркистон” саҳифаларида эса арман дашноқларининг Қўқонни талаш, тинч аҳолини ўлдириш ва қизлар номусини топташдек жирканч жиноятлари очиқ кўрсатиб берилган: “Қизил армийада бўлған бир-икки кишининг қутқуси ила қизил армийа кишилари Хўқанд йақининда бўлған “Йанги қўрғон” қишлоғина боруб, деҳқонлардан буғдой олғанлар. Оқча бермаганлар. Қишлоқ халқи қизуб, оқча ва йохуд “талон” талаб қила бошлағач, бунлар Хўқандга қайтуб, “бизни Эргаш кишилари тутуб ура йоздилар, ҳозир бунлар шаҳарга ҳужум қилурға ҳозирланалар экан” деб хабар берганлар. Шундан сўнг, 50 қадар армани ила 60 қизил армийа аскари пилумут ва қуроллар ила чиқуб, Эргаш ўтурған Бачқир ила Йанги Қўрғон қишлоқларини “тафтиш” қилғанлар. Энг кўб кишиларни талаб, отсизи отқа отлануб, отлиси араба чегуб, ҳар хил мол туйаб, бойуб қайтқанлар. Мусулмонлардан 12 киши ўлдирилган ва бир неча қизнинг номуси топталған”.
Хуллас, сўз кетаётган давр матбуоти мустамлакачи ва босқинчиларнинг Туркистон мухториятини йўқотиш учун қандай қабиҳ йўллар ва усулларни қўллаганлари, ўз мақсадлари йўлида миллат хоинларидан устамонлик билан фойдаланганлари, бир халқ, бир дин вакилларини бир-бирига қарама-қарши қўйганлари, ички низоларни авж олдириб, турли гуруҳларга бўлиб ташлагач, бирин-кетин барчаларини қириб ташлаганларига оид ўта қимматли маълумотларга бойлиги билан аҳамиятлидир.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
ФА Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари,
тарих фанлари доктори, профессор
Санъат
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ