Паҳлавийдан Кастрогача. Ўзбекистонга келган хорижлик давлат раҳбарлари


Сақлаш
15:22 / 23.02.2026 24 0

 

ХХ асрнинг иккинчи ярми Тошкент шаҳри учун алоҳида тарихий босқич бўлди. Бу даврда шаҳар нафақат Ўзбекистон ССРнинг сиёсий маркази, балки халқаро дипломатия ва маданий мулоқот майдонига айланди. Хусусан, Эрон шаҳаншоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий, Индонезия Президенти Сукарно, Ҳиндистон Бош вазири Жавоҳарлал Неру, Гана Президенти Кваме Нкрума, Куба инқилоби етакчиси Фидел Кастро ҳамда Покистон президенти Муҳаммад Айюбхоннинг ташрифлари Тошкент тарихида муҳим из қолдирди.

 

Эрон шаҳаншоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ва малика Сурайёнинг Тошкентга ташрифи

 

1956 йил 30 июнь куни Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ва малика Сурайё Паҳлавий расмий ташриф билан Тошкент шаҳрига келди. Улар билан бирга эронлик амалдор ва журналистлардан иборат делегация ҳам ташриф буюрди.

 

Эрон давлат раҳбарини кутиб олиш маросимида Ўзбекистон ССР Олий совети президиуми раиси Шароф Рашидов, Ўзбекистон ССР Министрлар совети раиси Собир Камолов, Ташқи ишлар вазири Султонов, шунингдек, фан, маданият арбоблари ва журналистлар иштирок этди.

 

Кутиб олиш маросимида Шароф Рашидов нутқ сўзлаб, қуйидаги фикрларни билдирган:

 

«Ўзбекистон ҳукумати номидан ва шахсан ўз номимдан сиз, Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ва малика Сурайё Паҳлавий ҳамда ҳамроҳларингизни Тошкентга келганингиз билан табриклайман. Сизнинг Ўзбекистонга биринчи ташрифингиз алоҳида аҳамиятга эга. Эрон билан Ўзбекистон яқин қўшни бўлгани сабабли бу ташриф айниқса муҳимдир.»

 

Муҳаммад Ризо Паҳлавий жавоб нутқида Тошкентга келишдан мамнун эканини билдириб, ташриф давомида Ўзбекистон халқининг ютуқлари билан яқиндан танишишга ҳаракат қилишини таъкидлаган.

 

Ташриф давомида шоҳ ва малика Ўзбекистон ССР Фанлар академиясига ташриф буюриб, республика олимлари билан учрашади. Академия президенти Зоҳидов шоҳга Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарининг рус ва ўзбек тилларидаги нашри ҳамда Шарқ қўлёзмаларининг уч жилдлик каталогини совға қилади.

 

Кечқурун меҳмонлар Навоий номидаги Ўзбек давлат академик опера ва балет театрида бўлиб ўтган тантанали концертида қатнашади. 1956 йил 2 июль куни Эрон делегацияси Тошкентдан Сухуми шаҳрига жўнаб кетади.

 

Индонезия Президенти Тошкентда

 

1956 йил 4 cентабр куни Тошкентда Индонезия Республикасининг Президенти доктор Сукарно тантанали равишда кутиб олинади. Уни Олий совети раиси Ҳакимов, Биринчи котиб Муҳитдинов, Ташқи ишлар вазири Султонов ва бошқа раҳбарлар қарши олади.

 

Кутиб олиш маросимида Ҳакимов президент Сукарнони ўзбек халқи номидан табриклаб, унинг Индонезия мустақиллиги йўлидаги хизматларини юксак баҳолайди.

 

Ташриф давомида Сукарно Тошкентдаги тарихий ва маданий обидалар, жумладан «Тиллашайх» жоме масжидида бўлади, муфтий Эшон Бобохон билан учрашади. Шунингдек, Чирчиқ кимё комбинатида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишади. Колхозда унга қорабайир от совға қилинади.

 

Меҳмонлар шунингдек, Тошкент педагогика институтига ташриф буюради. Уларга олийгоҳнинг моддий-техник базаси, таълим жараёнининг ташкил этилиши ҳамда талабаларнинг билим олиш имкониятлари таништирилади.

 

Шу куни кечқурун, 5 cентабрда, Пахтакор стадионида аҳолининг Индонезия Республикаси президенти Сукарно билан учрашувига бағишланган оммавий тадбир бўлиб ўтади. Ушбу тадбирда 75 минг нафарга яқин киши иштирок этади.

 

Сукарно ўз нутқида Тошкент шаҳрини Индонезиянинг кўплаб шаҳарларига ўхшатиб, икки ҳудуд иқлими ва табиат шароитлари ўртасида яқинлик борлигини қайд этади. Индонезиялик меҳмонлар бу ерда ўзларини худди ўз юртларидагидек, жонажон оилалари бағрида юргандек ҳис қилаётганликларини билдиради.

 

Сукарно ўзбек халқига қуйидаги жумлаларни ёзган: Индонезияда шундай мақол бор: «Йўл узоқу, кўнгил яқин». Мен бугун Тошкентдан жўнаб кетмоқдаман. Аммо Сиз ва Сизнинг меҳмондўстлигингиз қалбимда ҳамиша сақланиб қолади...

 

Ҳиндистон Бош вазирининг Тошкентга ташрифи

 

Атоқли давлат арбоби, Ҳиндистон Бош вазири Жавоҳарлал Неру 1961 йил 9 ceнтабр куни Тошкент шаҳрида тантанали равишда кутиб олинади. Уни республика Олий совети президиуми депутатлари, Ўзбекистон ССР Министрлар совети ва Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходимлари қарши олади.

 

Кутиб олиш маросимида 8-синф ўқувчиси Нафиса Фахриддинова ҳурматли меҳмонга ҳинд тилида мурожаат қилиб, уни Ўзбекистонга ташриф буюрганлиги муносабати билан самимий табриклайди.

 

Жавоҳарлал Неру ўз нутқида бундан олти йил аввал СССРга қилган сафари хотираларини эслаб ўтади. У ўша сафар давомида Ўзбекистонда ҳам бўлганини, Тошкентнинг гўзал манзаралари билан танишганини ҳамда халқнинг кўплаб вакиллари билан учрашганини таъкидлайди.

 

 

Ташрифи давомида Неру ва делегация аъзолари Ўзбекистон ССР Министрлар совети раисининг ўринбосари ҳамда Ташқи ишлар вазири Азимов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор масканлари билан танишади. Шаҳар бўйлаб амалга оширилган сафар чоғида Неру Тошкентнинг янги бунёд этилаётган Чилонзор туманида бўлиб, 163-мактаб фаолияти билан танишади.

 

Жавоҳарлал Неру республика ҳаёти билан танишишни давом эттириб, Оржоникидзе туманида жойлашган «Қизил Ўзбекистон» колхозига ташриф буюради ҳамда чорвачилик фермаси фаолияти билан яқиндан танишади. Тушликдан сўнг Жавоҳарлал Неру Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтига ташриф буюриб, республиканинг таниқли олимлари билан учрашади.

 

1961 йил 10 cентабр куни Жавоҳарлал Неру шарафига тантанали зиёфат уюштирилади. Жавоҳарлал Неру ўзининг нутқида ҳинд ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар чуқур тарихий илдизларга эга эканини қайд этди ҳамда Ўзбекистонда ўзига кўрсатилган самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди.

 

Гана Республикаси президенти Кваме Нкруманинг Тошкентга ташрифи

 

1961 йил июль ойида Гана Республикасининг Президенти Кваме Нкрумани тантанали кутиб олиш маросими муносабати билан республиканинг бир қатор раҳбар ходимлари Тошкент аэропортига ташриф буюради. Улар орасида М. Абдураззоқов, О. Алимов, Г. Габриэлян, М. Мусахонов, Й. Насриддинова, Ш. Рашидов ва бошқа масъул шахслар бор эди. Президент билан бирга бир гуруҳ расмийлар ва журналистлар ҳам ташриф буюради.

 

Ўзбекистон ССР Олий совети президиумининг раиси Й. Насриддинова Кваме Нкрумани ва унинг расмий вакилларини Ўзбекистонга келгани муносабати билан самимий қутлаб, уларга илиқ тилаклар билдиради.

 

Кваме Нкрума Ўзбекистон ССР Олий совети Президиумининг раиси Й. Насриддинова ҳузурида бўлади. Учрашув давомида икки томон ўртасида эркин ва дўстона суҳбат бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси О. Алимов агар Гана ҳукумати пахтачиликни ривожлантиришга қарор қилса, Ўзбекистон мутахассислари ўзларининг бой тажрибалари ва илғор билимларини африкалик дўстлари билан баҳам кўришга тайёр эканлигини билдиради.

 

Гана Республикаси Президенти Ўзбекистон аҳолиси ҳаёти ва меҳнат фаолияти билан танишишни Оржоникидзе туманида жойлашган «Қизил Ўзбекистон» колхозига ташриф буюришдан бошлайди. У пахта ҳосилдорлиги, ғўзани парвариш қилиш усуллари, дала ишларини механизациялаш жараёнлари билан батафсил қизиқади. Колхоз маблағлари ҳисобидан барпо этилган мактаб-интернат ўқувчилари ганалик меҳмонларни кутиб олади. 5-синф ўқувчиси Бахтиёр Тўрахонов Гана Президентидан Гана болаларига ўз саломини етказиб қўйишни илтимос қилади.

 

Шундан сўнг Кваме Нкрума Тошкент тўқимачилик комбинати фаолияти билан танишади. У ерда янги ускуналар, илғор технологик жараёнлар ва ишлаб чиқариш усуллари билан яқиндан танишади. Комбинат ишчилари ва мутахассислари Гана Президенти ҳамда унинг ҳамроҳларига эсдалик совға сифатида корхонада ишлаб чиқарилаётган газлама намуналари топширади.

 

Фидел Кастронинг ташрифи

 

Куба ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар 1959 йилда Кубада якунланган Куба инқилобидан кейин бошланган. Совет даврида Куба делегациялари Ўзбекистон ССРга кўп маротаба ташриф буюрган. Хусусан, 1963 йил май ойида Фидел Кастро Ўзбекистон ССРга ташриф буюради. Ўша ташриф гувоҳларининг сўзларига кўра, уни кутиб олиш учун ўн минглаб одамлар Тошкент кўчаларига чиқишган.

 

Фидел Кастро Тошкентдан ташқари Самарқандга ҳам ташриф буюради ва у ерда қадимий шаҳарнинг бир қатор меъморий диққатга сазовор жойлари билан танишади. Саёҳат давомида Кастро Тошкент вилоятидаги Туябўғиз сув омборида ҳам бўлади, Катта Фарғона канали қурилиши ҳақидаги ҳикояларни тинглаб, ўзбек халқининг жасоратини эътироф этади.

 

Шунингдек, у ҳам Тошкент вилояти Оржоникидзе (Қибрай) туманидаги «Қизил Ўзбекистон» колхозида бўлиб, республиканинг қишлоқ хўжалиги билан танишади. Кастронинг келиши шарафига колхозда республика раҳбарияти ва СССР марказий органлари иштирокида катта зиёфат уюштирилади.

 

Ўзбекистон ССРга сафаридан сўнг Кастро ҳам Кубани ривожланган қишлоқ хўжалиги мамлакатига айлантиришга қарор қилади ва Ўзбекистон ССРдан қишлоқ хўжалиги мутахассислари Кубага таклиф қилинади. Кастронинг республикага ташрифи чоғида унга Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ҳамроҳлик қилган.

 

Покистон президенти Муҳаммад Айюбхоннинг Тошкентга ташрифи

 

Совет ҳукуматининг таклифига биноан, 1965 йил 3 апрелда Москвага келган Покистон президенти Муҳаммад Айюбхон 9 апрелда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Республиканинг раҳбар ходимлари (Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси Й. Насриддинова, Р. Қурбонов, Ш. Рашидов ва бошқалар) Муҳаммад Аюбхон ва унинг ҳамроҳларини кутиб олади. Покистон Президенти билан бирга Ташқи ишлар вазири З. Бхутто ва бошқа расмийлар келади. Меҳмонлар Навоий номли опера ва балет театрида Ўзбекистон санъат усталари концертини томоша қилади. Бўлиб ўтган суҳбат вақтида Й. Насриддинова ва Р. Қурбонов Муҳаммад Айюбхонни республика иқтисоди ва маданиятининг тараққиёти билан таништиради.

 

Ўзаро фойдали савдо-сотиқни ривожлантириш, иқтисодий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида бир қатор муҳим битимлар имзоланади. 9 апрель куни кечқурун Президент ҳамда Покистондан келган расмий меҳмонлар махсус поездда Тошкент шаҳридан Самарқандга жўнаб кетади. Самарқанд шаҳрида покистонлик меҳмонлар шаҳар билан танишиб, унинг Ўзбекистон халқларининг кўп асрлик бой маданий меросини, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ўзида мужассам этган меъморий ва тарихий ёдгорликларини кўздан кечиради.

 

Меҳмонлар Мирзачўл бўйлаб амалга оширилган сафарлари давомида ҳудуд аҳолисининг тўплаган бой тажрибаси билан яқиндан танишади. Хусусан, суғориш техникаси, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш усуллари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар уларнинг катта қизиқишини уйғотади. Делегация Тошкент шаҳрига қайтиб келади.

 

Хуллас, Муҳаммад Ризо Паҳлавий, Сукарно, Муҳаммад Айюбхон, Кваме Нкрума, Фидел Кастро ва Жавоҳарлал Нерунинг Тошкентга ташрифлари шаҳар тарихида муҳим сиёсий ва маданий воқеалар бўлиб, Тошкентнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади. Бу ташрифлар халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва маданий мулоқотнинг ёрқин намунаси бўлиб тарихда қолди.

 

Миршод Сиддиқов

Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31360
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//