Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолиятига бир назар


Сақлаш
16:08 / 19.01.2022 2837 0

Болани ёшлигидан бадиий тафаккур қилишга ўргатиш, истеъдодини юзага чиқариш унинг интеллектуал ривожида муҳим омил саналади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарорига мувофиқ,  ўтган  ўқув йилидан бошлаб ўрта умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди.

 

 

Ушбу лавозим таълим муассасаларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, иқтидорли ўқувчиларнинг  ижодий қобилиятини аниқлаш, уни рўёбга чиқаришни кўзда тутади. Айтайлик, бугун “Ёш ижодкорлар” тўгарагига қатнашаётган ҳамма болалар ҳам келажакда  шоир-ёзувчиликка даъво қилмас, лекин улар бу муҳитда маърифатли-маънавиятли инсонлар бўлиб улғайиши табиий.

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2020 йил 28 декабрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи 0,5 штат бирлиги жорий этилди. Бугунги кунда республика бўйича ўн минг нафардан ортиқ тарғиботчилар фаолият  кўрсатмоқда. Улардан  қарийб ярми ёзувчи-шоирлар, журналистлар ва маданият ходимлари ҳиссасига тўғри келса, қолган ярми она тили ва адабиёт ҳамда бошқа фан ўқитувчиларидан иборат.

 

Қўшма қарорга кўра ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг асосий вазифалари белгилаб берилган. Аммо ушбу йўналиш янги соҳа бўлганлиги сабабли, унинг фаолият доирасини янада аниқлаштириш мақсадида семинар-тренинглар ўтказиш ва керакли қўлланма чоп этиш зарурати бор эди. Ўтган йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида тарғиботчилар иштирокида ўтказилган амалий семинар-тренинг кўп масалаларга ечим бера олди.   

 

Икки кун мобайнида тарғиботчиларга ўз соҳасининг етук мутахассислари, жумладан, халқаро сертификатга эга тренерлар, ёзувчи-шоирлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди, тақдимотлар уюштирилди. Машғулотларда тарғиботчилар ҳам амалиёт давомида орттирган тажрибалари ва таклиф-мулоҳазаларини ҳамкасблари билан ўртоқлашди. Тайёрланган тренерлар 13-28 декабрь кунлари оралиғида барча ҳудудларда тарғиботчилар учун семинар-тренинглар ташкил этишди. Эндиликда тренерлар томонидан қишки таътил даврида туман (шаҳар)ларда тарғиботчиларни жадвал асосида, ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Халқ таълими вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ва Ёзувчилар уюшмасининг таклифлари ҳамда жойлардаги тарғиботчилар билдирган фикрлар бир ерга жамланиб, услубий қўлланма лойиҳаси  ҳам тайёрланди. У жорий йилда  чоп этилиб, барча тарғиботчиларга тарқатилади.

 

Айни пайтда ҳар бир ҳудудда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг ўз телеграмм гуруҳлари ёки каналлари (масалан: “Андижон тарғиботчилари”, “Хоразм тарғиботчилари” ва ҳоказо) очилди. Ушбу гуруҳлар жами 9175 нафар тарғиботчини қамраб олган. Тарғиботчилар ўртасида ҳар йили “Йилнинг энг намунали ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси” танловини ташкил этиш ҳам  режалаштирилмоқда.

 

Тарғиботчиларнинг мактабларга кириб бориши аввало у ердаги ижодий муҳитни жонлантирди. Иқтидорли ўқувчилар билан ишлашнинг аниқ механизмлари яратилди. Мамлакатимиздаги барча мактабларда “Ёш ижодкорлар” тўгараклари ташкил этилиб, ўқувчиларнинг  ижод намуналари маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари орқали ёритилмоқда. Бу ҳам ёшларга катта маънавий рағбат бўлаётир. Яқинда Республика Касаба уюшмалари томонидан уюштирилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловида айнан ана шу тўгарак вакилларидан 5 нафари республика босқичида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди.

 

Хулоса қилиб  айтадиган бўлсак, дастлабки қадамлар анча самарали бўлди, дейишга тўла асосимиз бор. Бу хайрли ташаббус эртанги кунда янада салмоқли натижалар беришига шубҳа йўқ.

 

                                                                      Тўхтасин АРСЛОНОВ,

          Республика Маънавият ва маърифат марказининг

Таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//