Ашула билан қўшиқнинг қандай фарқи бор?


Сақлаш
17:11 / 20.02.2026 22 0

Бугун ўзидан санъаткор ясаб олган, саҳнага чиқиб алмойи-жалмойи қўшиқ куйлашдан ор қилмайдиганларнинг саноғи йўқ. Улар яратган “эъжод намуналарини тинглаган одам на маданий ҳордиқ, на маънавий озуқа олади. Қайтанга дили хуфтон бўлиб, шунга сарфлаган вақтига аттанг дейди. Яхшиям, орамизда мумтоз санъатимизни асраб-авайлаётган, қадр-қимматини ошираётган санъаткорларимиз бор. Улардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомаъруповдир. Унинг “Сенсан севарим хоҳ инон, хоҳ инонма” (Лутфий ғазали), “Рухсоринг” (Бобур ғазали), “Салламно” (Фузулий ғазалига Амирий мухаммаси), “Парвона қилгансиз”, “Мастона бўлдим”, “Савдои муҳаббат” (Машраб ғазали), “Салом айтинг” (Худойберди Қорабоев шеъри) каби қўшиқлари санъатсевар қалбларга баҳрамандлик улашиб келаётир.

 

Абдулла Шомаъруповнинг мақом, ҳақиқий асарнинг жонбахшлик хусусияти, жонли ижро, “Шашмақом”, устоз-шогирдлик мавзуларидаги мулоҳазаларига қулоқ тутдик.

 

Таҳририят

 

Мақом ҳеч қачон оммавий санъат тури бўлмаган. Уни хослар куйлаган, хослар тинглаган. Адабиёт, дин ва тарихдан тушунчаси бор одамгина мақомдан лаззат ола билган. Шу боис “Мақомни илгари ҳамма эшитган, ҳозир ҳеч ким тингламаяпти”  деган фикрларга унчалик қўшилмайман. Инсоннинг ёши улғайиб, ўзлигини англагач, унда мумтоз куй-қўшиқларга рағбат уйғонади.

 

Хоҳ мусиқа, хоҳ наққошлик, хоҳ хаттотлик ё тасвирий санъат бўлсин, ҳақиқий асаргина инсон руҳиятига таъсир этиш сирига эга. Улар орасида  мусиқа ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Масалан, сурат бир марта чизилса-да, одамлар ундан бир неча асрлар давомида маънавий озуқа олиши мумкин. Мусиқа санъатида ижрочи ярим соат ёки йигирма дақиқа жонли куйлайди. Ўша лаҳзаларда ижрочи мусиқанинг руҳияти ва кайфиятини тингловчига етказиб бериши керак бўлади. Чунки ҳар ижрода мусиқий асар қайта туғилади. Бу юксак маҳорат ва тажрибага боғлиқ.

 

Мақомда шундай туркумлар борки, уларнинг ёшини ҳеч ким аниқ билмайди. Айримларининг яралганига беш-олти аср бўлган дейилади. Ушбу қўшиқлар бастакорининг номи ҳам номаълум. Масалан, “Шашмақом”да бастакор номи номаълум, бироқ жуда мукаммал асар. “Шашмақом”ни бир киши яратмаган деган тахминлар бор. Йиллар давомида ҳар хил бастакорлар сайқаллаб борган деган талқинларга ҳам дуч келиш мумкин. Унда “мўғулча”, “қашқарча” деган усуллар бор. “Мўғулчаи дугоҳ”, “Мўғулчаи чоргоҳ” деб бежиз айтилмаган. Бу унинг жуғрофияси кенглигидан далолат.

 

Кўпчилик мумтоз ашулаларимизнинг барини мақом деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. “Шашмақом” – асарнинг номи. “Шашмақом” худди ҳазрат Алишер Навоийнинг “Хамса”сига ўхшайди. “Хамса”даги беш достоннинг тартиби қатъий белгиланганидек, “Шашмақом”даги олти мақом – Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқда ноталарнинг қандай жойлашувига қараб товушлар оҳанги ҳам ўзгариб боради.

 

Одатда мумтоз ашулалар ўрин олган концертларга одамлар кам келади. Яхшиям ўзбекларнинг наҳорги оши бор. Бугун миллий мусиқамиз ошларда янграб турибди. Бошқа оилавий тадбирларда миллий мусиқа деярли ижро қилинмайди.

 

Санъат соҳасида шогирд тайёрлаш мураккаб жараён. Санъатнинг аниқ формуласи йўқ. Мусиқани ўқитиш, ўргатиш методикаси бор, холос. Етук санъаткор бўлиш учун фалон-фалон қилиш керак деган йўриқномалар ҳам бор. Мусиқа билим юртида шу йўсинда минглаб талабалар ўқийди, бироқ улар орасидан бир-икки нафар санъаткор чиқади. Инсон қалбида илм олишга чанқоқлик бўлмаса, устози ким бўлишининг фойдаси йўқ. Мусиқа илми ғишт қуйиш, бетон қориш каби мажбурий ўргатиладиган касб эмас. Бу инсон руҳияти билан боғлиқ ҳодиса.

 

Устозим Камолиддин Раҳимов ниҳоятда зийрак инсон эди. Илк кўришганимда ўн беш яшар эдим. Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида ўқиб юрган йилларим хонадонига бордим. Тўйга кетаётган экан. Ўзи билан бирга олиб кетди. Шу тариқа тўрт йил ёнида юриб, мусиқа сирларини ўргандим.

 

Камолиддин аканинг шундай одати бор эди: ҳақиқий шинаванданинг кўнглини жуда ҳурмат қиларди. Бундай одамларни устоздек биларди. “Фалон жойида яхши айтмадингиз, мана бу ерида сўзи кетиб қолди” деган танбеҳларни ҳам кўтарарди. Устозга мухлисларининг гапи оғир ботмас, уларнинг айтганини қиларди. “Мухлисларни хафа қилиб бўлмайди, Улар санъатимиз ривожига ҳисса қўшадиган инсонлар”, – дерди у киши.

 

Камолиддин Раҳимов “Тановарнинг тўққиз усулини куйлашни билар эди. Шунингдек, “Нима учун “Тановар” деб аталади? деган саволни қўяр ва ўзи жавоб берарди. Тилимизга араб тилидан, форс тилидан кирган сўзлар кўп. Араб тилида “анвор” – нурлар деган маънони англатади. “Анвор” сўзининг олдига феъл ясовчи “та-” олд қўшимчасини қўйсак, у феълга айланади. Масалан, “калом”нинг “такаллум”га, “нуззул”нинг “таназзул”га, “раҳм”нинг “тараҳҳум”га айланиши. “Анвор”га “та-” олд қўшимчаси қўшилса, “тановар”, яъни “нурларнинг ўйини, ҳаракати, ўзидан нур сочиш” деган маъно келиб чиқади.

 

“Адолат тановари” тури аёллар томонидан куйланган. Эркаклар даврасида мақом ёки катта ашула айтилган.

 

Ҳақиқий санъаткор бўлиш учун ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўриш, мусофирчиликни ҳам бошдан кечириш керак экан. Ҳарбий хизматда ватандан олисда бўлганман. Постда қоровулликда турганимда ватанни, яқинларимни қўмсаб, овозимни баралла кўтариб қўшиқ куйлардим.

 

Изтироб чекиш ҳар бир инсоннинг бошида бор. Инсон дунёга келдими, изтиробсиз ўтмайди. Қўшиқда изтироб бўлиши керак. Ҳамма гап шунда.

 

Ҳар қайси кишига иқтидор берилади. У ижоднинг асосий ўзаги ҳисобланади. Кимдир иқтидордан фойдаланади, кимдир эса уни кўмиб ташлайди.

 

Кўпчилик ашула билан қўшиқнинг фарқига бормайди. Ашула ва қўшиқнинг мусиқий шаклида  фарқ бор. Қўшиқда сўз бўлинмайди, оҳанг сўзга хизмат қилади. Масалан, “Иллила ёрим, уйғонсин... ”. Бу ерда сўз бўлинмаяпти.

 

“Сенсан севариииим... ”да и товушида икки, учта нота бўлиб кетаяпти. Ашулада оҳангга сўз бўйсунади.

 

“Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма...” ашуласи эстрада ритмидан тобора яна мумтозлашиб бораётгандек...

 

Ижодкор хоҳлайдими-йўқми, муҳитдан келиб чиқиб ижод қилади. Мусиқа ҳам давр нуқтаи назаридан ўзгарувчан оҳанг. Бир мусиқанинг эллик йил олдинги ижросини худди шундай тарзда такрорлаб бўлмайди, оқар дарёдек қайтарилмайди.

 

Ёшлик давримизда яхши чолғуни топиш қийин эди. Даставвал фабрикада чиқарилган рубоб ва дуторларни чалиб ўрганганман. Созанданинг сози асбоб дейилади, бу сўзнинг ўзаги “сабаб” сўзидан. Моҳирликда “сабабчи” мукаммал бўлиши муҳим. Соз тингловчи ва созанда ўртасида куй етказиб берувчи восита, яъни сабабчидир.

 

Ҳозир чалаётган созимни устозим Камолиддин Раҳимов совға қилган. Сатони бўлса 1989 йилда созгар уста Фахриддин ака ясаб берган.

 

Мен санъатсевар оилада улғайганман. Амакимнинг оиласи билан бир ҳовлида яшардик. Эскишаҳардаги тор кўчадан кенг боғли ҳовлимизга кириларди. Ота-онам санъатга муҳаббатли инсонлар эди. Ҳар оқшом хонтахта атрофида патнис чертиб, халқ қўшиқлари ёки Аҳмад Яссавий, Хўжаназар Ҳувайдо ғазаллари куйга солиб айтиларди. Ўша пайтлар миллийлик қон-қонимга сингиб кетган бўлса, ажабмас.

 

Оилада қатъий бир тартиб белгиланмаган эди. Ҳамма болалар ўзини эркин тутарди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ижодкор бўлгандирман. Отам ишдан уйга қайтганда, онам биздан шикоят қилиб, “Буларни уришиб қўйинг, тўполончи бўлиб кетаяпти...” дерди, отам эса ёз пайти бўлса, “қиш келсин, буларнинг бир адабини бераман”, қиш бўлса, “ёз келсин, буларнинг бир адабини бераман...” деб пўписа қилиб қўярди.  У кишининг қаттиқ танбеҳ бериб уришганини эслолмайман.

 

“Ҳофиз” сўзида катта масъулият бор, юк бор, бурч бор. “Ҳофиз” сўзи “муҳофиз” – муҳофаза қилувчи, сақловчи маъносини англатади. Ҳофизлик рутбаси фақат Қуръони каримни ўқувчиларга эмас, балки бошқа санъат соҳибларига  нисбатан ҳам берилган. Ўтмишда, инқилобдан олдинги даврларда санъаткор  минг байтдан ортиқ ғазални ёддан билса, унга ҳофизлик рутбаси берилган. Араб тилини билмайман, аммо мумтоз ғазалларда учровчи арабча, форсча сўзларнинг мазмунини тушунаман.

 

Нигора УМАРОВА ёзиб олди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.

“Ашула билан қўшиқнинг фарқи нимада?” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:02 / 18.02.2026 0 45
Тўғри йўл имоми





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31230
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//