Мирзо Кенжабек шеъриятининг уч даври


Сақлаш
13:46 / 20.02.2026 17 0

Бу шеъриятга дуч келганимга, эслаб кўрсам, 12 йилдан ошибди. Унгача Орипов-у Воҳидовлар хатм бўлган, Рауф Парфи англаб-англанмай конспект қилинган, Усмон Азим-у Шавкат Раҳмонлар билан ғойибона юзлашиб юрилган эди. Қишлоқ бошидаги коллеж аталмиш бинонинг панжарали деворидан ошиб тушиб, борадиганим «репетитор»даги уч устозим сабаб, «Адабиёт» дарслигидаги икки шеърнинг сўнгги мисралари ёдимга қадалиб қолганди:

 

Ўзбек кўпдир Ернинг юзида аммо

Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ…

 

Мен шундайин ўйин ўйлаб топаман,

Қоралар юради, фақат қоралар…

 

Бу шоир, таржимон, журналист, мутасаввиф олим, шайх Мирзо Кенжабек билан илк танишув эди. Кейинчалик билдимки, ижодкорнинг ижодий қуввати кенг сарҳадларга эга. Соф лирикадан чин маърифий битикларгача бўлган шеърият, жаҳон адабиётидан Исломнинг муқаддас манбаларигача бўлган таржималар, жўшқин сиёсий мақолалардан миллат ва инсоният тафаккурига дохил рисолаларгача чўзилади бу сарҳадлар… Адибнинг улкан маърифий ижоди, таржималари, миллат ва дин йўлидаги хизматларининг барчаси ҳар қанча эътирофга лойиқ. Бироқ камина учун Мирзо Кенжабекнинг лирик шеърияти аллақандай сирли, жозибали ва кўнгилга яқин бўлиб қолаверади. Негадир, устоз шоирнинг лирик шеърияти адабиётшунослар эътиборидан четда қолиб кетаётир. Шу боис устоз Мирзо Кенжабекнинг жўшқин, ҳаётий шеъриятига назар ташлаш орқали бу кемтикликни тўлдиришни ният қилдик.

 

Адабий таҳлилда муаллиф шахсидан унинг асарларига кириб бориш усули кенг учрайди. Аммо, биз шоирнинг лирик қаҳрамонини махсус формулалар асосида таҳлил қилиш орқали унинг ижоди, демакки, шахсиятининг ҳам қирраларини очишга уриниб кўрдик.

 

Лирик қаҳрамон. Бир шоир шеъриятига назар ташлаш учун унинг лирик қаҳрамонини тавсифлаш ва таҳлил қилиш зарур. Айрим адабиётшунослар лирик қаҳрамонни бир шеърга оид тушунча сифатида таърифласа, бошқалар уни шоир ижодидаги лирик субъектлар умумлашмасидан пайдо бўлганини айтади. Академик Иззат Султон лирик қаҳрамонга қуйидагича таъриф беради: «Лирик қаҳрамон – лирик асарда кечинмалари тасвирланаётган киши, шоирнинг умумжамият учун қимматли ҳис ва фикрларини ташувчи шахсдир. У шоир шахси билан эстетик идеалнинг омихтасидир».[1] Олимнинг фикрини «шоир шахси + эстетик идеал = лирик қаҳрамон» деб оладиган бўлсак, жуда жўн изоҳ бўлиб қолади. Иззат Султоннинг мазкур таърифи шоирнинг бутун ижодига эмас, аниқ бир асар доирасида берилган таъриф ҳисобланади. Мазкур таъриф лирик қаҳрамоннинг хусусиятларини ўзида нисбатан аниқроқ акс эттирган. Унинг кечинмалар ифодачиси ҳамда шоирнинг фикрларини ташувчи образ экани, шоир шахси иштирокида пайдо бўлиши инкор этиб бўлмас аксиома ҳисобланади.

 

Айрим асардаги лирик субъект ҳам, шоирнинг бутун ижодидаги лирик образ ҳам лирик қаҳрамон дейилса, бу атаманинг маъно қамровига аниқлик киритишга эҳтиёж пайдо бўлади. Лирик қаҳрамон бир асар доирасида бўлишини инкор этмаймиз, аммо мутлақ фикр сифатида ҳам қабул қилмаймиз.

 

Эстетик идеални насрий асар мисолида оладиган бўлсак, бир адибнинг турли асарларидаги образларнинг ижобий хусусиятлар умумлашмасидан шаклланиши аён. Лирик асарда эстетик идеални белгилаш учун шоирнинг лирик қаҳрамонини аниқлаш кифоя қилади. Лирик қаҳрамон ва эстетик идеалнинг бир нарса деб даъво қилолмаймиз. Бироқ улар бир-бирига жуда яқин тушунчалар экани аниқ. Лирик кечинма поэтик тафаккур натижасида лирик қаҳрамонга етиб бориши ҳақида билдирилган фикрларни инобатга олсак, эстетик идеални лирик қаҳрамон пайдо бўлишидан олдин қўйгандан кўра, уни лирик қаҳрамондан кейин майдонга чиқиши мантиқан тўғри бўлади. Яъни, шоирнинг лирик қаҳрамони орқали «унинг эстетик идеали ким?» деган саволга жавоб бериш мумкин. «Унинг лирик қаҳрамони ким?» деганда эса эстетик идеал орқали тўлиқ жавоб олиш қийин. Чунки эстетик идеал йиғма тушунча, уни аниқлаш учун лирик қаҳрамонга мурожаат қилиш керак. Шундай қилиб, эстетик идеал ва лирик қаҳрамон муносабатини қисқача шундай таърифлаймиз: шеърдаги лирик субъектда шоир идеалининг зарралари акс этади. Унинг бутун ижодидаги лирик субъектлар бирлашиб лирик қаҳрамонни юзага келтиради. Лирик қаҳрамон орқали ифодаланган юксак ғоялар умумлашмаси орқали муаллифнинг эстетик идеали майдонга чиқади. Адабиётшунос Д.Қуронов лирик қаҳрамон ва лирик субъект ўртасидаги фарқни изоҳлар экан, «лирик субъект умумий тушунча бўлса, лирик «мен», ижровий лирика қаҳрамони, лирик персонаж унинг хусусий кўринишларидир»[2], дейди. Олим лирик қаҳрамонни бу гуруҳга киритмайди. Бу атама айрим асардаги лирик субъектга эмас, бир шоирнинг бутун лирик ижоди (ёки шеърий туркуми) доирасидаги субъектга нисбатан қўлланилишини таъкидлайди. Олимнинг қуйидаги фикрлари эса алоҳида ёндашув талаб қилади: «Шунга қарамай қулайлиги ё қулоққа яқинлиги сабаблими, лирик қаҳрамон истилоҳини умуман лирик субъект маъносида қўллаш ҳозирда кўпроқ оммалашди».[3]

 

Бизнингча, бу борада илмий муомаладаги талқинни инкор этмасдан уни тизимлаштириб олиш мақсадга мувофиқ. Лирик асарда муаллифнинг субъектив иштироки борлиги аниқ экан, уни муомалада лирик субъект дейиладими, лирик қаҳрамон дейиладими, моҳият ўзгармайди. Шоирнинг бутун ижодида лирик субъектлар жамланмаси лирик қаҳрамон истилоҳи остида бирлашишини ҳам инкор этиб бўлмайди.

 

Шундай экан, қуйидагича талқинни таклиф қиламиз:

Лирик қаҳрамон атамаси қамровига кўра икки турга бўлинади: тор ва кенг маънодаги лирик қаҳрамон. Тор маънодаги лирик қаҳрамон бир асардаги лирик субъектни ифодалаб келади. Д.Қуронов лирик асар композицияси ҳақида гапирганда лирик сюжет ўрнига тематик композиция истилоҳини қўллайди. Шу маънода бир шеър доирасидаги лирик қаҳрамон учун «тематик лирик қаҳрамон» ёки илмий муомаладаги каби «шеърнинг лирик қаҳрамони» истилоҳини қабул қилиш мумкин. Демак, илмий таҳлилларда «шеърнинг лирик қаҳрамони» ифодаси қўлланганга, у айнан бир шеърий асардаги лирик субъект назарда тутилаётган бўлади.

 

Кенг маънодаги лирик қаҳрамон шоирнинг бутун ижодига доир бўлади ва унинг ижодидаги лирик субъектлар – тематик лирик қаҳрамонлар умумлашмасидан юзага келади. Илмий муомалада «шоирнинг лирик қаҳрамони» ифодаси моҳиятида айнан шу кенг маънодаги лирик қаҳрамон тушунилади. Шоир Мирзо Кенжабек шеъриятини таҳлил этишда ана шу тор ва кенг қамровли лирик қаҳрамон орқали масалага ёндашамиз.

 

Мирзо Кенжабекнинг лирик қаҳрамони. Лирик қаҳрамон – шоирнинг шеърларда яширинган бадиий қиёфаси. Шоирнинг бадиий тафаккури юксалгани сари лирик қаҳрамон ҳам сайқалланиб боради. Кўп шоирларда бу жараён босқичма-босқич, эволюцион тарзда юз беради. Бироқ Мирзо Кенжабек шеъриятига хос шиддат ва кескин оҳанглар унинг лирик қаҳрамони тадрижида ҳам ўзини кўрсатган. Бу шеъриятда лирик қаҳрамоннинг уч хил қиёфаси яққол ажралиб туради. Мавзу ва кайфиятга қаралса, бошқа-бошқа шоирлар яратгандек уларни. Лекин самимият ва жўшқин руҳ уларни бир тизгинга солиб туради. Устоз шоир ўзаро суҳбатлардан бирида «Мен руҳсиз шеър ёзмадим» дегани – чин иқрор эди. Юқорида айтилган лирик қаҳрамоннинг уч қиёфасини алоҳида-алоҳида ўрганиш шоирнинг кескин бурилишларга бой ижодий дунёсига киришга ёрдам беради. Бу қиёфалар шоир ижодининг уч даврида пайдо бўлди дея оламиз.

 

Мирзо Кенжабекнинг илк ижодий чиқишлари дунёга, одамларга бўлган тийиқсиз ҳайрат изҳорлари эди. Инсоннинг юксак туйғуларини баралла куйлаш, унинг нуқсонларидан очиқ изтироб бу даврда шоирнинг лирик қаҳрамонини ларзага солган. Адабиёт майдонига кириб келган 70 йилларнинг охиридан 80 йиллар ўрталаригача бўлган бу давр шоир ижодининг ҲАЙРАТ даври эди. Адиб ўзининг илк китоби ҳақида шундай ёзади: «1982 йилда «Мактубларим» номли илк китобим чиқди. Албатта, у маҳалдаги ҳаяжонларнинг тавсифи йўқ. Номи асли «Адашган мактублар» эди, «Ёш гвардия» нашриёти кенгашида китоб номига эътироз бўлиб, «Мактубларим» бўлиб қолди. Чунки шўро даврида мактуб адашмаслиги керак экан. «Адашган»нинг маъноси шу эдики, мактуб йўлланган шахс ошиқ кутган шахс эмас, балки маънан бошқа одам бўлиб чиқиши мумкин. «Мен адашиб сенга ёзибман, сен У эмас экансан» деган мазмундадир...»[4].

 

«Мактубларим» китобидан ўрин олган «Катта танаффуслар», «Оралиқдаги манзаралар» каби асарлар ўзбек шеъриятидаги ноёб ҳодисалардир. «Броун ҳаракати», «Қорбобо», «Ўзбекистон», «Сурхон боғларида» каби шеърларда эса шоирнинг ҳеч кимга ўхшамаган лирик нигоҳи балқиб туради.

 

Ижодкорнинг кейинги шеърий китоби «Қуёшга қараган уй» 1983 йилда нашр этилиб, ундаги «Таскин», «Тилак», «Рубоб», «Ўқ» каби шеърлар, айниқса, машҳур бўлди. Китоб чоп этилган даврда шоир мавзу ва услуб жиҳатидан кўплаб шеърий тажрибаларга қўл уради. Шоирнинг лирик қаҳрамонидаги Ҳайрат ижтимоий руҳ касб эта бошлайди. Шахс тақдиридаги эврилишлар, инсонлик қиёфасининг ўзгариши шоирнинг диққат марказида бўлади. «Бизлар йўқотмадик рубобимизни, // Бизлар куйимизни йўқотдик холос», «Сенинг вужудингда отилган ўқ бор, // Менинг вужудимда отилажак ўқ» каби тазодий мисралар хаёлкаш инсоннинг ҳаёт ҳақиқатлари билан юзма-юз келиши, улар қаршисида ҳайратда қолиши 80 йиллар бошида Мирзо Кенжабек шеъриятининг бош хусусияти эди. Бу даврда шоир ижодида услубий жиҳатдан воқебанд хусусиятли, сарбаст вазнли шеърлар салмоғи ошди. Шу билан бирга ижодкорнинг ҳайратлари ҳадди аълосига ета борди. Бу ҳайратлар адо бўлмасдек туюларди. Айни кайфият 1986 йилда чоп этилган «Муножот» китобида ҳам давом этди. Шунингдек, бу китобда миллат ва Ватан мавзуси асосий ўринга чиқа борди. Шоир жаҳон адабиёти хазинасидан баҳра ола бошлаганини «Муножот»даги таржималар ҳам исботлайди. Бу китобда Мирзо Кенжабекнинг шоир сифатидаги йўлини қатъий белгилаб олгани кўринади.

 

80 йиллар ўрталаридан жамиятда бошланган ижтимоий-сиёсий талотумларга шоир ўзини борича бахшида қилди. Мирзо Кенжабек ижодининг бу даврига «қурбонликка сўйдим истеъдодимни» деб баҳо беради. Унинг бу аҳдини тушунгич замонлар келишига умид қилади. Кураш миллат эрки, ҳурлиги, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун, зулмга «бас» дейиш учун бўлса, ўзини миллат тақдирига масъул деб билган ҳар бир уйғоқ зиёли бу йўлда истеъдодини ҳам қурбон қилишга тайёр курашчига айланади. 80 йиллар ўртаси – 90 йиллар бошигача бўлган бу муддат Мирзо Кенжабек ижодининг КУРАШ давридир.

 

1988 йилда шоирнинг «Шарқ тили» номли китоби «Ёш Гвардия» нашриётида нашрдан чиқади. Тўплам номиёқ ўша давр ўзбек жамияти кун тартибида бўлган тил масаласини ўртага қўяди. Мирзо Кенжабек бу китоб ҳақида шундай хотирлайди: «Атоқли шоир ва адиб Хуршид Даврон нашриёт раҳбари бўлиб турганида «Ҳозирги замон ўзбек шеърияти» рукнини ташкил этди. Китоб ана шу рукнда чоп этилган». Китоб «Шарқ тили» шеъри билан бошланиб, Орол фожиасига бағишланган «Осмон кўзгуси» манзумаси билан якунланган.

 

Шоирнинг 5-китоби – «Баҳорим еллари» 1991 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида таниқли шоир Муҳаммад Юсуф муҳаррирлигида чоп этилган. Бу китоб шоир ижодининг сайланмаси бўлиши билан бирга, мустақиллик учун кураш давридаги энг ёрқин лирик шеърларни ўзида жамлаган. Уларнинг аксарияти ижтимоий руҳ бадииятнинг юксак мезонларига жавоб бериши, ижтимоийлик том маънода лирик кайфият билан йўғрилгани билан аҳамиятли. «Баҳорим еллари»дан ўрин олган қатор шеърлар муаллифнинг жасорати ва маҳорати жиҳатдан ўз қадрини йўқотмаган. Давр тўфонлари оралаб ундирилган у ниҳоллар бугун ҳам ўзбек шеъриятининг баланд дарахтлари қаторидан ўрин олган, десак, янглиш бўлмас. Чунки қайта қуриш даврларида ёзилган аксар шеърлар публицистик кайфиятдан лирика томон ўта олмай қолиб кетган. Улар ўша давр учун ёзилиб, замон муаммолари унутилгач, йўқликка ғарқ бўлди. Йўқ бўлмаганлари эгасининг поэтик маҳоратини савол остига қўярлик даражада. Бироқ Мирзо Кенжабекнинг ўша давр оғриқларига бағишланган шеърларини бугун ҳам такрор ўқиб, ҳозирги замон учун ёзилгандек, дейсиз. Чунки шоир ижтимоий дардни ҳам ўз дарди деб қабул қилади. У дард учун майдонларга чиқади, у дард учун «истеъдодини қурбонликка сўяди». Шунинг учун ҳам «Баҳорим еллари»дан ўрин олган «Шоирнинг онаси», «Хайрлашув» «Жаҳон ўзбекларига», «Дардчил бола», «Тарихий исмлар», «Абдулла Набиев нидоси» (Ниқоб сарлавҳа, асли зулмга учраган Қўқон йигитларига бағишланган), «Қурултой нотиқларига» ва бошқа шеърларда шоирнинг безовта, шиддатли, жанговар руҳи балқиб туради.

 

Миллатнинг асрий умидлари ушалди, эрк қўлга киритилди. Кўплаб зиёлилар қаторида Мирзо Кенжабек ҳам халқ ва давлат хизматида бўлди. Давлатнинг олий идораларидаги кураш майдонлардаги курашдан кўра қалтисроқ эди. Идора бир шахс иродасига бўйсуниб боргани сари у ердаги ҳурфикрлилар четга чиқиб бораверади. Ана шу четлашишлар Мирзо Кенжабек ижодидаги, бутун маънавий дунёсидаги инқилобга дебоча ясади, дейиш мумкин. Бу давр ҳақида адиб шундай хотирлайди: «Ўтмишимга назар ташласам, фахрлангулик, юпангулик бир ҳолни кўрмайман. То Қуръони карим маъноларидан баҳра олгунимча, то «Саҳиҳи Бухорий»нинг илк ўзбекча нашрига муҳаррир бўлгунимча, то азиз Пири комилимни топгунимча, деярли бутун вақтим жаҳолат ва нодонлик гирдобида ўтгандек туюлади». Халқдан четлашиш Ҳаққа томон четлашишга айланди. Шоир мумтоз адабиётдаги салафлари каби тасаввуф диёрига қадам қўйиши унинг ижодидаги ҳақиқий МУҲАББАТ даврини бошлаб берди. Хожагон-Нақшбандия тариқатининг пир-у муршиди шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари даргоҳида адиб Мирзо Кенжабек шакл оламидан юз буриб, моҳият олами сирлари билан ошно бўлди. Мажоз шеърияти Ҳақ шеъриятига айланди. Энди аввалги ҳайратлар ва курашлар фақат муҳаббат учун хизмат қила бошлади. Шу маънода Мирзо Кенжабек ўзбек адабиётида юз йиллардан бери узилиб қолган силсилани қайта тиклади, дея оламиз. Яссавий, Румий, Навоий, Машраб, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо, Ҳазиний каби сўфий шоирлар каби сўзи ва шахси тариқатга дохил бўлган бир мутасаввиф шоир янги ўзбек адабиёти учун зарурат эди. Чунки биз замонавий ўзбек шеъриятида тасаввуфий оҳанглар ҳақида гапирганда фақат лирик матндан келиб чиқиб, фикр билдирамиз, одатда. Бироқ сўфий шеъриятнинг энг оддий шарти – сўз тасаввуфга оид бўлмоғи учун сўз эгаси тасаввуф кишиси бўлиши керак. Шоирнинг бу даврига оид шеърлари «Хушхабар», «Ҳаёт садолари» каби китоблардан ўрин олди.

 

«Баҳорим еллари»дан «Хушхабар»гача 17 йиллик масофа бор. Адиб бу оралиқда таржима ва китобат билан машғул бўлди. Бу даврда яратилган шеърлар икки тоифага бўлиш мумкин: маърифий-дидактик ва лирик-тасаввуфий шеърлар. Шундай қилиб, шоир ижодининг МУҲАББАТ даври мажоз оламидан ҳақиқий ишқ сари юзланиш давридир. «Ибодат», «Беркиниш», «Ҳиндистон сигирлари», «Дунё сизникидир», «Муҳаббат», «Мавлоно», «Холиқо», «Ҳали ўлмай туриб дўстлар…», «Ҳасби ҳол (Нафсга маломат)» каби шеърлар шу йилларда ёзилди ва алоҳида тадқиқни талаб қилади. Чунки улар замонавий ўзбек тасаввуфий шеърияти намуналари сифатида муҳим ўринга эга, деб ҳисоблаймиз.

 

Юқорида айтилган уч даврда шоирнинг ҳаётий ва ижодий «мен»ида, лирик кечинмаларида, поэтик тафаккурида ўзгаришлар яққол сезилади. Бу ўзгаришлар шахсдаги руҳий инқилобларнинг натижаси, мевасидир. Охир-оқибатда муаллиф ижодининг ҲАЙРАТ, КУРАШ, МУҲАББАТ даври лирик қаҳрамонлари бирлашиб, Мирзо Кенжабек шеъриятининг яхлит қиёфасини шакллантиради.

 

Суҳроб ЗИЁ


[1] Иззат Султон, Адабиёт назарияси, 2005. 174-б.

[2] Қуронов, 385-б.

[3] Ўша асар, 385-б

[4] Мирзо Кенжабек, Шеърият ва руҳият.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:02 / 18.02.2026 0 45
Тўғри йўл имоми





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31230
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//