“Гарри Поттер” ва бошқарув фалсафаси: Ҳогвартсда яширинган диктатура


Сақлаш
16:39 / 19.02.2026 135 0

Биз “Гарри Поттер” оламига илк бор шўнғиганимизда, нигоҳимизда фақат сеҳрли таёқчалар, учар супургилар ва дўстлик жозибаси жилваланарди. Болалик тасаввури учун ёвузлик аниқ қиёфага эга бўлиб, у бурни йўқ, қора плашли махлуқ – Волдеморт тимсолида гавдаланарди. Унинг мақсади ва қилмишлари тушунарли, худди эртаклардаги одатий ёвуз аждаҳони эслатарди.

 

 

Бироқ йиллар ўтиб, сочимизга оқ, қарашларимизга жиддийлик оралагач, асарни қайта қўлга олиб, тамоман ўзгача манзарага рўпара келамиз. Роулинг яратган дунёдаги асл зиддият фақат ёвуз афсунгарлар билан эмас, балки мураккаб бошқарув тизими ва унинг ичидаги бюрократия билан боғлиқ эканлигини англай бошлаймиз. Бу ҳикоя шунчаки сеҳргарлар хусусида эмас, балки жамият барқарорликни сақлаш йўлида ҳақиқатдан кўз юмишини фош этувчи фалсафий мушоҳададир.

 

Барқарорлик иллюзияси: Тинчлик ёлғондан афзалми?

 

Асарнинг энг ўйлантирувчи қирраларидан бири – Сеҳргарлик Вазири бўлмиш Корнелиус Фадж сиймосидир. Эътибор берсангиз, у моҳиятан ёвуз шахс эмас. У шунчаки ўз курсиси ва ижтимоий осойишталикни ҳар недан устун қўювчи раҳбар. Волдеморт қайтгани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, Фаджнинг инкор реакцияси қўрқувдан эмас, балки “status-quoни (мавжуд қулай ҳолатни) сақлаб қолиш истагидан униб чиқади.

 

 

Раҳбар учун энг даҳшатли нарса – ваҳима. Шу боис у аччиқ ҳақиқатдан кўра, ҳаловатли ва қулай ёлғонни афзал билади. Бу ҳолат бизга тарихий ҳақиқатни эслатади: кўпинча муаммоларнинг ўзидан кўра уларнинг ошкор бўлиши тизим учун хавфлироқ туюлади. Роулинг бизга кўрсатадики, баъзан офатлар қоронғи ўрмонларда эмас, балки чарақлаган ҳашаматли кабинетларда, муҳрланган қоғозлар ва қизил сиёҳларда пинҳона ётади.

 

Сиёҳнинг кучи: Ахборот жилови

 

Фаджнинг тинчликсиёсати қандай амалга ошди? Шубҳасиз, ахборотни назорат қилиш орқали. Асардаги “Daily Prophet газетаси жамият фикрини шакллантиришда қанчалик қудратли қурол эканлигини намоён этади.

 

 

Газета Гарри Поттерни “эътибор талаб қилувчи ўсмир”, Дамблдорни эса “ақлдан озган қария сифатида тасвирлайди. Нега? Чунки расмий позицияга зид бўлган ҳар қандай ҳақиқат – бу тартибсизликка чақириқ деб баҳоланади. Ўқувчи сифатида биз ғазабланамиз, аммо бир ўйлаб кўрайлик: агар энг ишончли манбалар бир хил гапни такрорлайверар экан, оддий сеҳргар (яъни фуқаро) кимга ишониши керак? Бу қисмда Роулинг бизга “сукут доираси”ни кўрсатади кўпчилик расмий фикрга қўшилганда, ҳақиқатни билган озчилик ҳам ўзини шубҳа остига ола бошлайди.

 

Пушти рангли исканжа: Ёвузликнинг “банал қиёфаси

 

Яна бир эътиборга молик фигура – Долорес Амбриж. Кўпчилик китобхонлар уни бош ёвуз қаҳрамондан ҳам кўпроқ ёмон кўришади. Сабаби шундаки, унинг қиёфаси бизга ғоят таниш. Амбриж тартибсизлик уруғини сочмайди, аксинча, у тартибнинг ўзгинасидир.

 

 

Немис файласуфи Ҳанна Арендт ўз вақтида “ёвузликнинг баналлиги” тушунчасини киритганди. Амбриж айнан шу ғоянинг бадиий ифодасидир. У қоидаларни бузмайди, ҳар бир ҳаракатини “Таълим вазирлигининг буйруғи билан асослайди. Унинг наздида ўқувчиларни назорат қилиш, ҳар бир қадамни қоғозга муҳрлаш ва эркин фикрни жиловлаш – тўғри тарбия воситасидир. Пушти либосга бурканган, мушукларни хуш кўрувчи ва мудом ширин чой ҳўплайдиган бу аёл тимсоли орқали муаллиф муҳим хулосани тақдим этади: босим ҳар доим ҳам қўпол куч ишлатиш орқали келмайди, баъзан у ҳаддан ташқари кўп қоидалар ва чекловлар кўринишида намоён бўлади.

 

Тоза қон афсонаси: Элитаризм илдизлари

 

Қолаверса, асардаги “Тоза қонлилар ва бошқалар ўртасидаги зиддиятни шунчаки эртакнамо тўқнашув деб бўлмайди. Бу жамиятдаги элитаризм ва табақаланиш иллатининг акс-садосидир.

 

 

Малфойлар оиласи каби қаҳрамонларнинг дунёқараши “бизнинг наслимиз тозароқ, демак, имтиёзлар бизда бўлиши керак деган даъвога асосланади. Афсуски, бу қараш нафақат салбий қаҳрамонларда, балки бутун сеҳргарлар жамиятида илдиз отган. Тизим қанчалик мукаммал бўлмасин, у инсон табиатидаги кибр ва ўзгалардан устунлик даъвосидан тўлиқ халос бўла олмаганига гувоҳ бўламиз.

 

Ертўладаги исён: Масъулият дарси

 

Хўш, бундай вазиятда ечим қаерда? Роулинг нажотни қаҳрамонлик кўрсатишда эмас, балки шахсий масъулиятда кўради.

 

 

Вазирлик ҳаракатсиз қолиб, мактаб фақат назарий билим билан чеклангач, талабалар мустақил равишда “Дамблдор армиясини тузишга киришадилар. Бу эса сиёсий тилда “Фуқаролик жамиятининг уйғонишидир. Гарри, Гермиона ва Рон тушуниб етадиларки, қутқарувчи келишини кутиш бефойда. Тизим чириган бўлса, уни фақат пастдан, оддий одамларнинг бирлашуви орқали ўзгартириш мумкин. Улар нафақат Волдемортга, балки Амбриж ўрнатган диктатурага қарши ҳам исён кўтаришади.

 

Ҳақиқий қаҳрамонлик аждаҳони ўлдириш эмас, балки ҳамма “жим ўтир, бошингни эг деб турганда, “Мен ҳақиқатни биламан ва у учун курашаман деб айта олишдир.

 

Якун: Эртакдан кейинги ҳақиқат

 

Китобни ёпарканмиз, ёвузлик мағлуб этилганига гувоҳ бўламиз. Бироқ улғайган сари шуни тушунамизки, сеҳрли таёқчалар синдирилиши мумкин, аммо инсон фитратидаги хатолар, бошқарувдаги чигалликлар ва “қулайликка интилиш ҳисси сақланиб қолаверади.

 

 

Ж.К.Роулинг бизга сеҳрли дунё орқали ўзимизнинг дунёмиз кўзгусини тутди. Сеҳргарлар қанчалик қудратли бўлмасин, улар ҳам худди биз каби қоғозбозликдан, коррупсиядан ва нотўғри танловлардан азият чекишади.

 

Эҳтимол “Гарри Поттер”нинг бош ғояси сеҳр эмасдир? Балки унинг асосий хабари шудир: Дунёни сеҳр эмас, бизнинг танловларимиз ўзгартиради. Худди Дамблдор айтганидек, “Бизнинг аслида ким эканлигимизни қобилиятларимиз эмас, танловларимиз белгилаб беради”.

 

Ва бу танловни қилиш учун сеҳрли таёқча шарт эмас.

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 32086
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//