Одамлар қачон “кўп китоб ўқиган одам муваффақиятга эришади” деган қарашга ишонади? – АҚШ тажрибаси


Сақлаш
12:00 / 19.02.2026 9 0

Китобга қизиқиш ҳар қайси давр ва жамиятда қўллаб-қувватланган. Ўзбекистонда халқнинг маънавияти, ички дунёсини бойитиш, тафаккурини янада ўстириш мақсадида китобхонлик сиёсати бугунги кунда, айниқса, янги босқичга чиқди. Тарғиботни кучайтириш учун баъзан қимматбаҳо совға, баъзан беллашувлар ташкил этилди. Корхона-ташкилотларнинг айримлари ойлик мутолаага сон билан талаб қўйса, бошқалари бу учун турлича рағбат тизимини йўлга қўйди.

 

Умуман олганда, бу йўлдаги ҳар қандай тарғиботни фойдали, дейиш мумкин. Лекин моддий манфаат билан “мажбурий” қизиқтиришнинг ўзи билан бутун жамият ўқирман бўлиб қолмаслиги ҳам яшириб бўлмайдиган ҳақиқат. Демак, кунлик мутолаа ҳам бошқа фойдали машғулотлар каби, асл мақсадни англаган ҳолда, иштиёқ билан бажариладиган одатга айлантирилгани маъқул.

 

Лекин бунга қандай эришилади?

 

 

Америка катта меҳнат бозори, ёш-у қари учун кенг имкониятлари ва яшаш тарзи билан “сеҳирли диёр” дея эътироф этилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти ҳам таҳсинга лойиқ. Биргина мисол, АҚШнинг неча йилдан буён энг кўп китоб ўқийдиган мамлакат сифатида биринчиликни бой бермай келиши ҳам қисқа даврда эришилган натижа эмас. World Population Review ва CEO World Magazine маълумотларига кўра, ўртача америкалик йилига 357 соат мутолаа қилади, бунинг эквиваленти тахминан 17 та китобга тўғри келади. Ва ушбу кўрсаткич ўқилган китоблар сони бўйича АҚШни дунё рейтингида биринчиликка олиб чиқди. Ажабланарлиси, глобал рақамлашиш жараёнига қарамай, аксар америкаликлар аввалгидек босма китобларни афзал кўриб, “кўп китоб ўқиган одам муваффақиятга эришади” деган қарашга қаттиқ ишонади.

 

Давлат ва жамият томонидан шакллантирилган одат, яъни китобхонликка ҳаёт тарзининг асосий қисми сифатида қарайдиган Қўшма штатлар айнан шу “фазилати” билан ҳам дунёнинг аксарият аҳолиси таълим ва каръера учун энг яхши танлов ўлароқ интиладиган мамлакатга айлангандир, эҳтимол. Дунёнинг асосий интеллектуал корхоналари, улар учун кадр тайёрлайдиган топ-университетлар-у Кремний водийси ҳам айнан шу мамлакатда “тафаккур армияси” томонидан яратилгани ҳам тасодиф эмас.

 

АҚШнинг илм-фан йўналишида илғор бўлишига қайси асосий факторлар таъсир кўрсатган? Улар китоб мутолаасини қандай қилиб одатга айлантирди?

 

Ҳар қандай фаолият ё соҳани ривожлантиришда асосий, бироқ доим ҳам диққат қаратилмайдиган омиллар бор: кўнгиллиларни қўллаб-қувватлаш ва ҳеч бўлмаганда халал бермаслик.

 

Масалан, кутубхоналарнинг барча учун тенг мавжудлиги, етарли ресурсга эгалиги ва бепул хизмат кўрсатиши – табиий равишда китобхонлар сонини оширади. Америка – айнан кутубхоналар тизими билан китобхонликни жамиятга интеграция қила олган мамлакат саналади.

 

Барча учун мавжуд кутубхона тизими

 

Нафақат китоб, балки бошқа таълим ресурсларидан ҳам бепул фойдаланиш имконини берувчи дунёдаги энг оммабоп кутубхона тизимларидан бири АҚШда жорий этилган. Маҳаллий аҳоли учун бу жой шунчаки китоблар жамланган бир манзил эмас, ижтимоий марказга айланиб улгурган. Кутубхоналар АҚШнинг ҳар бир ҳудудида мавжуд ва барча учун бепул хизмат қилади. АҚШ қанчалик этник хилма-хилликка ва турли маданият вакилларига бой бўлмасин, кутубхоналарда уларнинг ҳар бирига (дидига) мос китоблар муаммосиз топилади.

 

Кутубхоналарда фақатгина мутолаа билан шуғулланилмайди, балки турли маданий тадбирлар, илмий учрашувлар ҳам ўша ерда ўтказилади. Бу билан бошқа қизиқишдаги аҳоли ҳам тадбир сабаб кутубхонага кириб, ажойиб муҳит ортидан китобларга ҳам қизиқиш эҳтимоли ортади. Шу тариқа, кутубхоналар жамиятдаги китобхонлик одатини ривожлантиришга занжир каби таъсир кўрсатади.

 

Кутубхона дизайни бўлса, алоҳида мавзу. У ерга шунчаки дарс тайёрлаш, китоб ўқиш ёки бошқа машғулот билан шуғулланиш учун кирган ҳар бир ўқувчи энг камида эстетик озуқа, маънавий завқ олиб чиқиши мумкин. Табиийки, бу атмосфера ташриф буюрувчиларни яна ва яна келишга чорлайди.

 

Таълим

 

АҚШ таълим тизими шундай шакллантирилганки, бошланғич мактаб ўқувчисидан то университет талабасигача дарсликдан ташқари қўшимча мутолаа қилишига тўғри келади. Лекин бу мажбурий шаклда эмас, қизиқтириш йўли билан амалга оширилади. Масалан, бошланғич мактабларда турли ҳикоя ва эртаклар баъзан ўйин, баъзан саҳна кўриниши ёки аудио-медиа шаклдаги тақдимотлар билан тушунтирилади. Натижада, ҳикоя бола онгида сақланиб қолишидан ташқари, уларнинг ўзаро суҳбат мавзусига ҳам айланади.

 

Бундан ташқари, мактаб ўқувчиси ва таълим муассасаси учун турли рағбатларни назарда тутувчи Read-a-thon каби китоб ўқиш марафонлари йўлга қўйилиб, баъзан уларга йирик нашриётлар ҳам ҳамкорлик қилади. Рағбат шакли эса моддий буюм ёки пулни эмас, болага маънавий озуқа ва унга мос маданий ҳордиқни назарда тутади.

 

Мисол тариқасида, Scholastic нашриёти мактабларда ташкил этиладиган бундай марафонларни доимий равишда қўллаб-қувватлайди.

 

“Нашриёт барча болаларни тасаввурини кенгайтириш, ўзига ва атроф муҳитга қизиқиш уйғотиш орқали уларни умри давомида китоб ўқишига илҳомлантиради”, деб ёзади Scholastic ушбу марафон ҳақида.

 

Мусобақалар ўқувчида китоб ўқишга бўлган қизиқишни кучайтиришдан ташқари, мактаб жамғармасини бойитишга ҳам хизмат қилади. Бунда нашриёт марафонга жалб қилган хомийлар болаларнинг китоб ўқиган соати ёки саҳифаси учун маблағ ажратади. Унинг маълум миқдори мактаб жамғармасига, тегишли қисми ғолиб ўқувчиларни сертификат, медаль ва баъзан истироҳат боғларига сафар харажатларига йўналтирилади, 20 фоизи бўлса нашриётга тегишли китоб клублари учун купон шаклида тақдим этилади.

 

Китоб клублари – ижтимоийлашув учун энг оптимал йўл

 

Америкаликлар учун китоб мутолааси – орзулар реализациясининг фундаментал қисми бўлса, китоб клублари – ижтимоийлашув учун энг оптимал йўл саналади. Бундай клублар орқали улар ўзига дўст, ҳамфикр ва ўхшаш дунёқарашли шерик топади. Клуб иштирокчилари ўзига мос китоб танлаб, муддат белгилайди ва белгиланган санада унинг муҳокамаси учун йиғилади. Шу тариқа, дўстлар билан интеллектуал учрашув – янги чоп этилган асарни ўқиш учун мотивация бўлса, мутолаа – айни қизиқишдагиларни бирлаштирувчи объектга айланади.

 

Китоб клублари асосан оддий аҳоли, қўшни ва дўстлар орасида, баъзан машҳурлар томонидан ҳам ташкил этилиб, иккинчи шаклда жамиятнинг китобхонликка у қадар қизиқмаган қатлами ҳам мутолаага жалб қилиниш эҳтимоли юқори бўлади.

 

Масалан, АҚШда дунёдаги энг машҳур ва нуфузли аёллардан бири, Гарвард университетининг фахрий доктори Опра Уинфри ҳамда Оскар мукофоти совриндори, дунё таниган актриса Риз Уизерспун каби машҳурларнинг ҳам китоб клублари бор. Улар тавсия қилган китоблар эса бошқаларига нисбатан қисқа муддатда миллионлаб нусхада сотилади. 

 

Билл Гейц, Илон Маск ва Марк Кьюбан каби машҳур тадбиркорлар ҳам кунига бир неча соатдан китоб ўқишини доимий таъкидлаб келади. Бу ўз ўрнида, уларнинг бугунги ҳолати доимий мутолаа ортидан шаклланганини билдириб, яхши намуна ва мотивация бўла олади.

 

Мақоланинг давоми бор.

 

МУҚАДДАС Мусаева тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:02 / 18.02.2026 0 27
Тўғри йўл имоми

Адабиёт

17:02 / 17.02.2026 0 34
Усмон Азим иқрорлари

Фалсафа

15:02 / 17.02.2026 0 34
Ўзликни топиш шартлари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31174
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//