Адабиёт
Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутувчи шахслардан бири, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Буюк аждодимизнинг сиёсий ва ҳарбий ҳаёт йўли нафақат Турон, балки дунё тарихида ҳам ўчмас из қолдирган. Бобурнинг шахсияти халқ оғзаки ижоди, хусусан, тарихий достонларда ҳам ўз аксини топган.
Юзйилликлар давомида бахшиларимиз оғзаки ижро қилиб келган ўзбек халқ достонлари мазмун ва хусусиятига кўра таснифланиб, қаҳрамонлик, жангнома, тарихий, романик ҳамда китобий сингари мустақил йўналишларга ажратилган. Айниқса, тарихий достонлар миллий тарихимизда юз берган жараёнлар ҳамда тарихий шахслар ҳақида аниқ маълумотлар бера оладиган манба сифатида қадрлидир. Достонларда даврий кетма-кетлик, айрим тарихий маълумотлар ва далилларда кичик хатоликлар бўлиши табиий. Бироқ, бу орқали халқ тарихий жараёнларнинг иштирокчиси сифатида ўзининг баҳосини беришга ҳаракат қилгани намоён бўлади. Шу билан бирга, ўзбек халқ тарихий достонлари аждодларимиз ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда яратилиб, ривожланиб келган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Шайбонийхон бадиий тимсоллари тарихий достонлар туркумига кирувчи “Ойчинор” ва “Шайбонийхон” достонларида акс этган. Ушбу достонларда 15–16-юзйилликларда халқимиз бошидан ўтказган оғир синовлар, ҳарбий тўқнашувлар ва ҳокимият учун олиб борилган курашлар моҳияти Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Шайбонийхон ўртасидаги зиддиятли муносабатлар асосида ёритилган. “Ойчинор” достонини Қодир бахши Раҳим ўғли тоғаси Турди шоирдан ўрганган ва уни ижодий қайта бойитиб, бизгача етказган. Шайбонийхон достони эса халқимизнинг машҳур бахшиси Муҳаммад Жомурод ўғли Пўлкан ижросидан 1927 йил Фотма Мирзо деган киши томонидан ёзиб олинган ва 1928 йилда фольклоршунос олим Ҳоди Зарифов томонидан араб имлосида нашрга тайёрланган. Икки ҳукмдор номи бахшилар томонидан “Ойчинор”да “Бобир” ва “Шайбоний”, “Шайбонийхон” достонида эса “Бовирхон” ҳамда “Шайвали” шаклида ижро этилган.
“Шайбонийхон” достонида, асосан, Шайвали образи кенг талқин қилинган бўлса, “Ойчинор”да шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бадиий тимсолига нисбатан кенгроқ урғу берилган ҳамда унинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. Ҳақиқатан ҳам, достонларда Шайбонийхон ва Бобурнинг тарихий шахс сифатидаги кенг кўламли ижтимоий-сиёсий фаолияти, адабий ижоддаги муваффақиятлари ҳамда у яшаган даврнинг тарихий-маданий муҳитига оид шарт-шароитлар тўлиқ ҳамда муфассал ёритилмаган. Шунга қарамай, асарларда яратилган “Бобир”, “Бовирхон” ва “Шайбоний”, “Шайвали” эпик тимсоллари тарихий шахс Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Шайбонийхон сиймоси ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Достонларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фақат Турондаги даври ҳикоя қилиниб, унинг Ҳинд ва Афғон диёридаги сиёсий-ижодий фаолияти ҳақида маълумотлар берилмаган. Жумладан, “Ойчинор” достони ўзбек халқ оғзаки ижодида Бобур образини илк бор кенг эпик йўналишда бадиий тасвирлаб бергани жиҳатидан алоҳида эътиборни тортади. Достондаги Бобур образига халқ орзусидаги адолатли давлат бошлиғига хос муҳим хусусиятлар, белгилар сингдирилган. Асар мутлақ тарихий характерга эга бўлиб, унда Бобур деган ёш йигит Андижон ҳукмдори эканлиги айтилади. Бу маълумот эса тарихий ҳақиқатга тўлақонли мос келади.
Достоннинг бошланма қисмида бахши Бобур шахсини тингловчиларга таништирар экан, унинг ташқи қиёфасини эпик қаҳрамонларга хос бадиий талқин асосида тасвирлайди: “Назарбой қуллуқ қилиб чодирга Бобурнинг олдига боради. Тўрда бир ёш йигит чордана қуриб ўтирибди. Бошида тилла тож қўндирилган салла, устида зарбоп тўнлар, мурти лаб устида ўзига ярашиб турибди. Ўзи полвон сиёқли, бургут қабоқли, ҳар эгни қирдай, қараши тўқайдаги шердай. Ўнг ва чап томонида башанг кийинган икки мўйсафид, қўлларида тасбеҳ, ҳалиги йигитга мунтазир бўлиб турибди. Буларни кўриб Назарбой: “Бобур шоҳ шу бўлса керак”, – деб нафаси ичига тушиб кетди”. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жуда ёш чоғида ҳукмдорлик тожини кийганлигини ҳисобга олсак, достондаги парча тарихий асосга эга эканлигига гувоҳ бўламиз.
Шайбонийхон тарихий тимсоли эса достонларда тажрибали, айёр ва ҳийлакор ҳарбий етакчи сифатида талқин этилган. Бу “Ойчинор”даги қуйидаги парчада ўз исботини топади: “Шайбоний Қайсарнинг гапи бўйича отларга чапар (Хирмон янчишда иш ҳайвонига боғлаб ишлатиладиган махсус мослама. Бу ерда чанг чиқариш учун фойдаланилган)ларни судратган эди. Сойда йигирмата, ўттизта навкар бўлиб, от чопиб чапар судратиб, чангитиб ётган эди. Баъзи навкарлар тепага чиқиб бир кўриниш бериб қўяр эди. Бўлмаса, Шайбонийнинг лашкари ҳам Бобирнинг лашкаридан унча кўп эмас эди. Шайбоний Бобурнинг уруш қилишидан қўрқар эди”.
Кўриниб турибдики, Шайбонийнинг тажрибали сардор сифатидаги кучи ҳамда унинг ҳарбий билими ғалабаларининг омили эканлиги куйланган. Бироқ, бу ҳарбий усулни Шайбонийхон Бобур Мирзога қарши қўллаган эмас. Сунъий чанг чиқариш орқали душманга кўп сонли лашкар яқинлашаётгандек таассурот бериб, руҳий босим ўтказилган. Турон ҳарбий анъаналарида рақибни чалғитиш ва алдаш ўзига хос уруш усули ҳисобланган. Ўрта асрларда худди шу ҳарбий ҳийлани Соҳибқирон Амир Темур душманларга қарши қўллаганлигини Шарофиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида қайд этган. Яъни 1364 йили Илёс Хожани Кешдан ҳайдаб чиқаришда бор-йўғи 300 кишидан иборат отлиқ аскари отларининг икки тарафига шох-шаббаларни бойлаб, чанг-тўзон кўтариб, йирик лашкар келаётгандек душман кўнглига ваҳима солиши орқали уларни чекинишга мажбур қилган.
“Шайбонийхон” достонида эса икки тарихий шахс ўртасидаги қарама-қаршилик бахши томонидан бадиий тўқима асосида тақдим этилган. Шайбоний Самарқанд ҳукмдори Бобирнинг амалдорларидан бири бўлиб, Жўравой исмли вазир билан келишмовчилик сабаб подшо уни саройдан ҳайдайди. Албатта, Шайбонийнинг Бобур Мирзо қўл остида амалдор бўлиши ҳамда унинг вазири билан жанжаллашиб Самарқанддан қувилганлигининг тарихий асоси мавжуд эмас. Чунки, Шайбонийхон Дашти Қипчоқда давлат тузган пайтда Бобур Мирзо ҳали жуда ёш эди. Бироқ Шайбонийнинг ўз даврида Бухорода таълим олганлиги ва Самарқандда бўлганлиги, шунингдек, темурийзодалар қўлида ҳарбий хизматчи бўлганини ҳисобга олсак, тарихий ҳақиқатга ишора борлигини кўришимиз мумкин. Демак, Шайбонийхон Турон шаҳарлари билан аввалдан таниш бўлганлиги тарихий манбалар қаторида ушбу тарихий достонда ҳам ифодасини топган.
Шунингдек, Шайбонийхоннинг Турон ҳудудига ҳақиқий хавф эканлиги, босқинининг жиддий оқибатлари достонда ифодаланиши табиий ҳол. “Шайбонийхон” достонидаги қуйидаги парчада 16-юзйилликнинг сўнгги чорагида Дашти Қипчоқдаги чорвадор ўзбеклар давлатининг куч-қудратига, унинг Туронга жиддий хавф солиб турганлигига Бовирхоннинг Тўравой исмли вазирининг сўзлари орқали ишора қилади:
Шайвали уруғли элди Бовирхон,
Шайвали ўлса, ўзбаклар билар.
Ош пичоғин бари чархлашиб,
Қирилгани найза қип ўзбаклар.
Журинг дейишиб ёппа-жовлик жийилиб,
Ўзбак деган кўп меҳрли Бовирхон.
Самарқанд шаҳрингни теп-текис қилар.
Икки ҳукмдорнинг тарихий низо, ҳарбий тўқнашувлар эса достонда Бобурнинг вазири Жўравой билан Шайбонийнинг можароси оқибатида келиб чиққани бахши томонидан бадиий бўёқ остига олинган.
Бу даврнинг яна бир аҳамиятли масаласи ҳисобланган Темурийлар даврининг сўнггидаги инқироз, ички зиддиятлари “Ойчинор” достонида бадиий ижод орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қилинган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да қайд этишича, Узун Ҳасан ва Аҳмад Танбал бирлашиб унга қарши фитна қўзғатиб, ака-укалар ўртасида нифоқ уруғини сочишга интилганлар.
Достонда Бобур ҳукмронлиги чоғида бўлган ички фитналар унинг вазири Қайсар образи орқали намоён этилган. Достонда шундай қайд этилади: “Вазир Қайсар Бобирнинг отаси ўлгандан кейин Бобирга ҳам вазирлик қилган эди. “Бобир ҳам ёш бола, уни ҳам ўз ноғорамга ўйнатаман, қилолмаган ишларимни энди қиламан”, деб ўйлаган эди. Лекин бўлмади: Бобир отасидан ҳам доно, зукко, ўзининг билганини қиладиган, ўзганинг гапига кирмайдиган бўлиб чиқди. Ҳатто Қайсарнинг баъзи гапларига: “Вазир доно бўлса юртинг ҳам обод бўлар, вазиринг бўлса хатак, обод юрт нообод бўлар”, деб кулиб қўяр эди. Шу вақтларда Шайбоний деган хон чиқиб қолган эди. Қайсар Шайбонийхон билан гаплашиб юрар эди. Бобур Қайсарнинг гапига кириб Андижонда Шайбоний билан урушда шаҳарни ташлаб чиқиб кетган эди”.
Шундай мураккаб вазиятда Бобур Мирзо Шайбонийхон билан сулҳ тузишга мажбур бўлганига тарих гувоҳ. “Шайбонийхон” достонида Шайвали томонидан Бовирхон олдига “сулҳ” тузиш ҳақидаги таклиф қўйилиши саҳнасининг киритилиши табиийдир. Зотан, бахшининг сўзлари замирида тарихий ҳақиқат мавжудлигини пайқаш қийин эмас. “Бобурнома” асарида шундай дейилади: “Шайбоқхон сулҳ сўзини орага солди. Агар бир тарафдин умидворлиғ бўлса эди, ё заҳира бўлса, сулҳ сўзига ким қулоқ солур эди. Зарурат бўлди, сулҳгуна қилиб, кечадин икки пахр бўла ёвушиб эдиким, Шайхзода дарвозасидан чиқилди”.
“Ойчинор” достонида ҳам сулҳ тузишга қаратилган фикрлар мавжуд. Шайбонийхон бир отлиқни элчи қилиб Бобурнинг олдига юборади. Отлиқ: “Эй, Бобуршоҳ уруш қиласизми ёки юртни тинчгина топширасизми”, деди. Бобуршоҳ эса: Хов элчи, бу жой Шайбонийнинг чегарасига кирмайди, чегарасига кирса ёзгача рухсат берармикан дейди. Шунда элчи: “Шайбонийнинг чегараси бу ёғи Хўтан, бу ёғи Аму Шайбоний бунга рухсат бермайди”, – дейди. Бобур маслаҳат қилиши кераклигини айтади. Жавобини тонгда айтаман дейди. Сулҳ оқибати эса Бобур Мирзо учун нақадар оғир бўлганлиги ҳамда юртни ташлаб кетишга мажбур этилгани тўғрисида тарихий манбалар аниқ маълумотлар берган.
Асарда Бобур ва Шайбоний муносабатларидаги муҳим нуқта шу-ки, Шайбоний ўзининг чегараларини аниқ белгилаб олгани ифодаланади. Амурдарё икки ҳукмдор ўртасидаги чегара сифатида қайд этилади. Достонда ҳам Бобур Туронни Амударё орқали тарк этганлиги тарихий ҳақиқат билан тўлиқ мос келади. Шунингдек, Бобур ҳам юртдан бутунлай кетмоқчи эмаслиги, яна қайтишни мақсад қилгани урғуланади. Шу сабабдан ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур Туронни тарк этганидан сўнг Самарқандни бир неча марта эгаллашга ҳаракат қилганига ишора берган бўлиши мумкин.
Бобурнинг ватанни ташлаб кетишдаги ички кечинмалари, изтироблари ҳамда ички зиддиятлардан чарчаганлиги халқнинг эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди. “Ойчинор” достонида Бобурнинг асар қаҳрамони Ойчинорга айтаётган нутқи орқали бахши буни юксак бадиий маҳорат билан ижро этган.
Бугун билдим Қайсарни,
Энди кўзим очилди.
Шундайин қилиғидан,
Тахтим сассиз йиқилди.
Ёки ёшлик қилдимми,
Тергаб-тергаб билмадим,
Ёмон тузалар дедим,
Танда жонин олмадим.
Қўйнимдаги олтиним,
Илон бўлиб ўрлади,
Белимдаги камарим,
Ушламоққа тўр олди.
Дўст деб косов ушласам,
Душман бўлди ўзимга.
Ўйласам кенг дунёни,
Тор кўринар кўзимга.
Қилдим бобом ишини
Кофир деб гап тарқатди.
Авлиёга сиғинсам,
Имонсиз деб тош отди...
Ойчиноржон, Ойчинор,
Менга сингил бўл энди.
Юрт, элим деб ўйласам,
Менга ҳамдард бўл энди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг изтироблари, юрт қайғуси унинг рубоийларида ҳам ўз аксини топиб, буюк ҳукмдор Бобур энди ватандан йироқликни, гарчи бу мартаба Ҳиндистон тахти бўлса ҳам, қисматдаги “юз қаролиғ”, деб ҳисоблайди:
Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!
Умуман олганда, мазкур икки тарихий достонда на Бобур Мирзо, на Шайбонийхон мутлақо салбий қаҳрамон сифатида тасвирланмайди. Бахши уларга бутунлай салбий бўёқ беришдан қочади. Бироқ, ушбу достонларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Шайбонийхон билан сиёсий рақобатига икки хил қараш мавжудлигини пайқаш мумкин. “Ойчинор”да Бобур шахсига кучли эътибор қаратилиб, ёш, зукко ва ақл-заковатли йигит сифатида тасвирланса, Шайбонийхон ҳақида қисқароқ тўхталиб ўтилган.
“Шайбонийхон” достонида эса Шайбонийга асосий урғу қаратилиб, Бобурнинг Самарқанд ҳукмдори сифатида Шайбонийхон билан ҳарбий тўқнашуви тилга олиниши орқали асил тарихий моҳият ёритиб берилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Темурийлар сулоласининг сўнгги йирик вакили эканлиги урғуланиб, даврнинг ички зиддият, фитна ва қарама-қаршиликлари маҳорат билан куйланган. Шу билан бирга, Шайбонийхондан мағлубиятга учрагач, Бобурнинг Амударёни кечиб Афғонистон томон йўл олиши унинг тарихида кескин ўзгариш ясаган бурилиш нуқтаси бўлиб, бахшининг ижроси тарихий воқеалар ривожи билан тўлиқ уйғунлашади. Икки ҳукмдорнинг сиёсий майдондаги курашувининг ҳаққоний тарихий жараёнларга мос келиши халқ достонлари ҳам ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда муҳим манба бўла олишини кўрсатади.
Мухторжон ТОЛИББОЕВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Фалсафа
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ