Яшаб ўтган йиллари
Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано бўлсин. Севикли пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафога (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнгсиз салоту салом бўлсин.
Калом илмининг асосчиларидан бири, ҳадис ва фиқҳ оламининг равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ аллома Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 256, милодий 870 йилда Самарқанд вилоятининг Регистонга туташ Мотурид маҳалласида таваллуд топди.
Вафоти – ҳижрий 333, милодий 944 йил. Қабри Самарқанд шаҳридаги машҳур Чокардиза қабристонидадир. У зотнинг шаънига муносиб мақбара барпо қилинган.
1999 йилда юртимизда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги кенг нишонланди, бу тадбир халқимиз ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди, хусусан, Имом Мотуридий асарлари ҳамда унинг ҳаёти ва ижодига оид асарларни чоп этиш масаласи кун тартибига қўйилди.
Исм-насаби ва унвонларининг шарҳи
Тўлиқ номи: Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий. “Имом ал-ҳудо” (“Тўғри йўл имоми”), “Аълам ал-ҳудо” (“Тўғри йўл билимдони”) “Имом ал-мутакаллимийн” (“Мутакаллимлар имоми”) каби шарафли номлар билан улуғланган.
Имом – бир қавм, бир миллатнинг олдингиси, илғори, пешқадами, муайян илм-маърифат соҳасидаги улуғи, йўлбошчиси демакдир. Жомеъ масжидлардаги жамоатга намозларни ўқиб берадиган муҳтарам олим-қори киши ҳам имом дейилади, лекин у масжид жамоатининг имомидир.
“Имом” унвони бу ўринда Мотуридий ҳазратларининг исломий эътиқод мазҳабининг йўлбошчиси, асосчиси, улуғи эканига далолат қилади. Масалан, ҳадис илмида Имом Бухорий, Имом Термизий, фиқҳда Имом Марғиноний, тафсирда Имом Насафий улуғ йўлбошчи бўлганидек, эътиқод илмида Имом Мотуридий раҳнамодир.
Абу Мансур у зотнинг куняси бўлиб, Мансурнинг отаси деганидир. Муҳаммад – исми, Ибн Маҳмуд – Маҳмуднинг ўғли дегани. Бу исмлар Имом ҳазратларининг насаби равшан, шунингдек, оилали, фарзандли зот бўлиб, бош фарзандларининг исми Мансур эканини билдиради.
Ал-Ҳанафий – бу унвон у зотнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабига мансуб эканига ишорадир. Жаҳон мусулмонларининг эътиқод имоми бўлган бир зот фиқҳ соҳасида Имоми Аъзам мазҳабига мансуб бўлиши кўпчиликни қизиқтиради, албатта.
Билмоғимиз зарурки, ер юзи мусулмонлари эътиқод борасида икки имомга эргашган: 1. Самарқандлик Имом Абу Мансур Мотуридий. 2. Басралик Имом Абулҳасан Ашъарий (бу икки зот ҳамда мисрлик Имом Таҳовий замондош бўлган.) Бу икки имом таълимотида асосий эътиқодий масалаларда ихтилоф йўқ. Тафсилотга оид баъзи масалаларда ва ифодаларда айрим фарқлар бор.
Амал, яъни ибодат турларини бажаришдаги фиқҳий масалаларда дунё мусулмонлари тўрт имомга эргашдилар: 1. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа. 2. Имом Муҳаммад Шофиъий. 3. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. 4. Имом Молик ибн Анас (Аллоҳ таоло ҳаммаларини раҳмат айласин). Бу азиз зотларнинг йўллари Аҳли суннат вал-жамоат мазҳабини ташкил этувчи фиқҳ мактабларидир.
Имоми Аъзам фиқҳи энг пишиқ, мазҳаби муқаддам ва афзалдир. У зот эътиқодни “ал-фиқҳул-акбар”, яъни “улуғ фиқҳ” деб атаб, “Ал-Фиқҳул-акбар” номли китоб ёзиб, эътиқод асосларини баён қилган. Шунинг учун Мотуридийдек зот ҳам бу мазҳабга эргашди ва “ал-Ҳанафий” деб номланди.
Аълам ал-ҳудо – тўғри йўл билимдони, ҳидоят йўлининг донишманди. Бу ном Имом Мотуридийнинг эътиқод таълимидаги мавқе ва мартабаси юксаклигини билдиради.
Ал-Мутакаллим – луғатда: сўзловчи, гапирувчи, баён қилувчи, нутқ айтувчи – нотиқ дегани. Истилоҳда эса исломий эътиқодни нафақат нақлий далиллар билан, балки ақлий далиллар ҳам қўшиб исбот қилувчи, ақида борасидаги шубҳаларни ўртадан бартараф қилувчи аллома дегани (ал-Мутакаллим Аллоҳ таолонинг исми сифатида қўлланганида алоҳида, хос илоҳий маъно касб этади. Аммо бундай ўринларда эса олим зотларнинг унвони бўлиб қўлланади). Айни пайтда Мотуридий ҳазратларининг калом илми, яъни исломий эътиқод илми имоми, асосчиси эканига ҳам бу ном далолат қилади. Илми калом – эътиқод илми деган маънони касб этган.
Ал-Мотуридий ас-Самарқандий – имомнинг ватанига ишора. Мотурид Самарқанд шаҳрига қарашли қасаба. Дунёдаги, айниқса мусулмон оламидаги кўп улуғ зотларнинг номи туғилган ёки фаолият кўрсатган ватанлари номидан олинган: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Абу Лайс Самарқандий, Фарғоний, Хоразмий сингари...
Мусулмон оламини парокандаликдан сақлаб қолиши
Имом Мотуридий яшаган давр (IX аср) эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши турли қарашлар авж олган палла эди. Бир томондан қадарийлар, жаҳмийлар, муътазилийлар каби тўғри йўлдан тойган оқимлар ноҳақ тортишувларни кучайтирса, иккинчи томондан дин ғанимлари исломни ичдан емиришга уринар эди. 816–832-йилларда аҳли суннатдан ажралиб чиққан эгри эътиқодли тоифа – муътазилийлар ҳукмрон табақага айланди. Улар энди аҳли суннат вал-жамоат олимларига қарши кураш очдилар. Лекин IX аср охирига келиб муътазилийлар ҳукмронлиги барҳам топди. Ана шундай можаролар даврида Имом Мотуридий мусулмонларни тарқоқликка олиб келаётган оқимларга қарши улуғ илм-маърифат ва далил-ҳужжат билан курашиб, мусулмон оламини парокандалик ва эътиқодий бузилишдан сақлаб қолди. Ана шу сабабдан “Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимийн” – “Мусулмонлар эътиқодини тузатувчи” деган юксак унвонга сазовор бўлди.
Эътиқод нима? Илми калом нима учун зарур?
Илми калом нима? “Калом” сўзи луғатда сўз, лафз, гап, нутқ, баён, тил, лаҳжа деган маъноларни билдиради. Аммо исломий илмда илоҳий сўз, илоҳий калом деган маънода ҳам қўлланади. Масалан, Қуръони карим “Каломуллоҳ” дейилади. Бу Аллоҳнинг каломи – Аллоҳнинг сўзи деганидир.
Истилоҳ сифатида эса “калом” сўзи нақлий далиллар билан бирга ақлий далилларни ҳам қўшиб, мусаффо исломий эътиқодни исбот қилиш, ўртадан шубҳаларни даф этиш деган маънода қўлланади. Шунга кўра “илми калом” эътиқод илми деганидир.
Эътиқод истилоҳ сифатида ислом динидаги ишонилиши шарт бўлган заруриятдир. Барча илоҳий динларнинг тамалини, асосини эътиқод ташкил этган. Аммо Аллоҳга бўладиган эътиқоднинг тўғри бўлиши шартдир. Мирзо Бедил ёзади:
Гар қийшиқ қўйилса бошдан пойдевор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор...
Яна Сўфи Оллоёр ҳазратлари эътиқод илмининг зарурлигини бундай ифодалаган:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса, елдур!
Яъни, инсон тўғри ишонч-эътиқодда бўлмаса, минг йил ибодат қилса ҳам фойдаси йўқ – елга кетади! Чунки ибодатларда хато қилса, тузатиш, қайта адо этиш имконияти бор, аммо эътиқод бузуқ бўлса, кечирилмайди. Диндаги айрим ҳукмлар ўзгариши мумкин. Лекин соф исломий эътиқод ўзгармайди ва мансух бўлмайди. Одам алайҳиссаломдан буён келган динларда Аллоҳнинг бирлиги, пайғамбарлар юборилиши, фаришталар, жаннат ва дўзах сингари эътиқодга тааллуқли қарашлар ўзгармай келган. Мотуридия эътиқоди ҳақидаги мўътабар манба бўлмиш “Жомиъул-мутун” китобида Имом Насафийнинг “Баҳрул-калом” асаридан маърифат, иймон, ислом ва дин истилоҳларига доир ушбу иқтибослар келтирилади:
“1. Маърифат, Аллоҳ таолонинг зотида ва сифатларида бир эканлигини билмоқ, мислсиз ва шериксиз эканлигига ишонмоқдир.
2. Иймон, Аллоҳнинг бирлигини ва ҳазрат Муҳаммад(с.а.в.)нинг пайғамбарлигини тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқ этмоқдир.
3. Ислом эса Аллоҳнинг ваҳдониятига (якка-ю ягоналигига) иймон келтириш билан бирга, ибодат вазифаларини адо этмоқдир.
4. Дин эса шу хислатлар устида то ўлгунча сабот кўрсатмоқдир” (“Жомиъул-мутун”, 40-саҳифа).
Иймонда шубҳа бўлиши жоиз эмас
Имом Мотуридий билан Имом Ашъарий таълимотида баъзи ифодаларда жузъий фарқлар бор дедик. Ана шу фарқлардан иймон қатъияти ва инсон эрку ихтиёрига доир икки нуқтани баён қиламиз.
Имом Ашъарий қавлида “Иншооллоҳ, мен мўминман” деган ифода жоиз саналади. “Иншооллоҳ” – худо хоҳласа дегани бўлиб, ҳали амалга ошмаган хайрли ишни билдиради. Бу сўз илмда истисно дейилади. Имом Ашъарий бу ифодани жоиз санаганининг боиси шуки, албатта, яратган зот бандаларининг иймонга келишини, мўмин бўлишини хоҳлайди.
Мотуридия эътиқод илмида эса истисно (иймон борасида бир нарсани мустасно қилиб гапириш) жоиз эмас. Имом Мотуридий айтади: “Иймон, Аллоҳ ва унинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етказган нарсалардан зарурий тарзда билиш керак бўлган нарсаларнинг ҳаммасини қалб билан тасдиқ этиб, тил билан иқрор қилмоқдир. Амал иймондан бир жуз (қисм) эмас. Бу иқрор ва тасдиқдан кейин ҳар бир инсон “мен мўминман” дея олади.
Аммо “иншооллоҳ, мен мусулмонман” деб бўлмайди. Барча мўминлар иймонда (ишонишда) ва тавҳидда (Аллоҳни ягона деб билишда) баробардир. Фақат амали жиҳатидан фарқлидирлар” (“Жомиъул-мутун”).
Аждодлари Бухорои шарифдан бўлган атоқли аллома, хожагон-нақшбандия шайхи Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий “Жомиъул-мутун” китобининг “Имом Мотуридийнинг эътиқод борасидаги кенг изоҳоти” бўлимида бу матнни шарҳлаб айтади:
“Иймонда истисно бўлмайди. Бир киши “Аллоҳ хоҳласа, мен мўминман” деса, иймони саҳиҳ эмас. Чунки бу бир шубҳадир. Иймонда эса шубҳа жоиз эмас. Бу хусус билан боғлиқ ояти жалила ушбудир – Ҳужурот сураси 15-ояти (маъноси):
“Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳга ва Расулига иймон келтириб, кейин (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган кишилардир. Ана ўшалар (ўз иймонида) содиқ бўлган зотлардир”.
Инсоннинг жузъий ихтиёри
Мотуридия эътиқодига доир “Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобининг муаллифи Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий ҳазратлари ёзади: “Феълларнинг бандалардан содир бўлиши Ҳақ таолонинг иродаси, хоҳиши, ҳукми, қазоси ва тақдири билан бўлади... Бандаларнинг ишларида ўз ихтиёрлари ҳам бор. Уларга савоб ва иқоб (жазо) бўлгайдир”.
Бу Аллоҳнинг тақдири, хоҳиш-иродасига доир нуқта бўлиб, бу хусусни ҳазрати Алишер Навоий бундай ифодалаган:
Ҳеч иш ўлмас айру Холиқ амридин,
Илтижо махлуққа келтурма кўп!..
“Махлуқ” – яратилган, халқ этилган нарсалар, жумладан, инсонлардир. Яна бир асарда Алишер Навоий ёзади:
Ки, Ҳақ тақдиридиндур олам ичра
Ёмону яхшининг яхши ёмони!..
Бу тақдирга – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан эканига ишонмоқ ҳақидадир... Ана шу тақдирот масаласида ашъарийлар инсоннинг эрку ихтиёрига ҳеч қандай ўрин қолдирмайдилар.
Мотуридия эътиқодида эса иймон ва куфр, яхшилик ва ёмонлик йўлини танлашда банданинг “иродаи жузъия”си, яъни жузъий хоҳиш-ихтиёри борлиги уқтирилади. Бурсавий ҳазратлари бунга мисол келтириб, “Масалан, Зайднинг исломга киришида ва Амрнинг куфр келтиришида мажбуриятлари йўқ. Балки Зайд ўз ихтиёри билан исломни қабул қилди, Амр эса ўз ихтиёри билан куфрни танлади” дейди. Тақдир Аллоҳдан, “Банда ўз жузъий ихтиёри билан косибдир, бажарувчидир” дейилади.
Иродаи жузъиянинг шарҳи
Иродаи жузъия (инсоннинг жузъий ихтиёри) Ҳақ таолонинг чексиз хоҳиш-иродаси олдида жузъийдир – кичик бир қисмдир. Лекин инсон учун бу буюк имконият ва чексиз саодат омилидир. Бу жузъий ихтиёр бир инсоннинг абадий ҳалокатдан қутулиб, абадий саодатга эришмоғига сабаб бўладиган ихтиёрдир. Чунки иймон ва куфр, ҳақ ва ботил, яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром, тўғрилик ва эгрилик – бу нарсаларни танлаш ихтиёри ҳақиқатан одамзод учун буюк ихтиёрдир.
Иродаи жузъиянинг далиллари
Мавлоно Жалолуддин Румий “Иродаи жузъиянинг, яъни жузъий ихтиёрнинг энг улуғ далили Қуръони каримдир” деган. Ҳақ таоло муқаддас Қуръони каримни нозил қилиб, бандаларига бир йўлни танлаш ихтиёрини берди. Лекин иймон йўлини танлаган инсонлар учун охиратда улуғ неъматлар: Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати, жаннати ва жамоли борлигидан хушхабар бериб, куфр йўлини танлаганларга чексиз азоблар борлигини эълон қилиб, уларни хабардор қилди ва огоҳлантирди. Чунончи, Ҳақ таоло айтади:
“Айтинг: “Ҳақ (бўлмиш бу Қуръон) Раббингиздандир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган киши куфр келтирсин (кофир бўлсин). Шубҳасиз, Биз (кофир бўлган бу) золимларга (алангали) чодирлари уларни ўраб оладиган оловни тайёрлаб қўйдик” (Каҳф сурасининг 29-ояти).
Аллоҳ таоло иймон ва куфрни танлаш борасида инсонларга эрк ва ихтиёр бериб қўйганини бу ояти каримада равшан баён этган. Аммо куфрга унинг асло ризоси йўқдир.
Яна Бақара сураси 256-оятида ҳам банданинг ихтиёри маълум қилинган (маъноси):
“Дин(га киришда – иймон келтириш)да мажбурлаш йўқ. Тўғрилик билан эгрилик (иймон билан куфр, ҳақ билан ботил) очиқ-аён бўлди. Бас, кимки тоғутни (Аллоҳдан узоқлаштирувчи ва унинг амрларини бажаришдан ман этувчиларни) инкор қилса ва Аллоҳга иймон келтирса, бас, у ҳеч узилиши (мумкин) бўлмаган мустаҳкам ҳалқага ёпишгандир. Аллоҳ (ҳамма нарсани) ҳаққоний эшитгувчидир, билгувчидир”.
Ислом дини иймон келтириш борасида мажбурлашни эмас, етказишни, даъватни ва иршодни асос қилиб олади, иймон келтириш-келтирмасликни ҳар кимнинг ўз хоҳиш-ирода ва виждонига ҳавола этади (Имом Абу Довуд).
Яна Инсон сураси 3-оятида айтилади (маъноси):
“Шубҳасиз, Биз унга (инсонга) тўғри йўлни кўрсатдик: хоҳ шукр қилгувчи (бўлиб, бандалик вазифаларини бажарар), хоҳ (куфр келтиргувчи) нонкўр-ношукр бўлур”.
Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг инсоннинг жузъий ихтиёри борлиги ҳақидаги ҳукмлари муқаддас ва муборак Қуръони каримнинг ана шундай улуғ оятларига асосланган.
Ана шу – инсоннинг эрки-ихтиёри масаласида Имом Ашъарийнинг кейинги тарафдорлари ҳам Имом Мотуридий фикрини қабул қилганлар ва эътиқодда мотуридий бўлиб кетганлар. Бу жиҳатдан Имом Мотуридий бутун дунёда эътиқод таълимининг устози ҳисобланади.
Имом Мотуридийнинг шараф ва мавқелари
Абу Тоҳирхожа Самарқандий айтади: “(Ислом оламидаги) Ножия (нажот топувчи) фирқаким, уларни аҳли суннат вал-жамоат дерлар, эътиқод масалаларида икки қисмга бўлинадилар. Шайх Абулҳасан ал-Ашъарийга қарашлиларни ашоъира (ашъарийлар) ва ҳазрати Абу Мансур Мотуридийга қарашлиларни мотурудия (мотуридийлар) деб атайдилар.
Рум, Бухоро, Балх, Хоразм, Самарқанд, Фарғона ва Ҳиндистондек катта мусулмон ўлкаларининг барча халқи ва Туркистон ҳамда Кошғар каби мамлакатларда яшовчи эллар ҳаммаси (эътиқодда) мотуридия мазҳабидадирлар” (“Самария”).
Демак, жаҳон мусулмонларининг кўпчилик қисми ҳазрати Имом Мотуридий таълимотига эргашгандир.
Мотурудийнинг асарлари
Имом Мотуридий асарлари тавҳид ва эътиқод мавзусини қамраган ҳолда асосан ўз давридаги муътазила фирқасига, шунингдек, қарматийлар ва рофизийлар каби тўғри йўлдан оғган фирқаларга раддия сифатида ёзилган. У зотнинг асарлари қуйидагилар:
“Китобат-тавҳид” (“Тавҳид китоби”, яъни Аллоҳ таолонинг якка-ю ягоналиги ҳақидаги китоб. Ҳозир мавжуд).
“Китобал-мақолот” (мақолалар, яъни эътиқод борасидаги нутқлар, сўзлар, мақолалар, баёнлар китоби).
“Китоб радди авоил ал-адилла лил-Каъбий” (Каъбийнинг аввалги китобларига раддия китоби).
“Китоб баён ваҳм ал-Муътазила” (Муътазила фирқаси хатоларини фош қилувчи китоб).
“Китоб таъвилот ал-Қуръон” (Қуръони карим оятларини таъвил қилувчи – муайян маъноларини очиб берувчи китоб). Ҳозир мавжуд бўлган асарлари орасида энг биринчи бўлиб шу китоб – “Китоб таъвилот ал-Қуръон” туради. Истанбул кутубхоналарида бир қанча нусхалари бор.
Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг машҳур “Ал-Фиқҳул-акбар” китобининг Имом Мотуридийга нисбат берилган бир шарҳи ҳозир мавжуд (Ҳайдаробод, 1321).
Бундан ташқари яна кўп асарлар битганлари баъзи манбаларда зикр қилинган. Масалан, Абулмоъин Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг “Табширот ал-адилла” асарида бир муносабат билан Мотуридийнинг қуйидаги асарлари зикр қилинган:
“Радд таҳзиб ал-жадал лил-Каъбий”.
“Радд китоб ал-Каъбий фий ваид ал-фуссоқ”.
“Радд ал-усулал-хамса ли-Абу Умар ал-Боҳилий”.
“Радд китоб ал-имомат ли-баъзи ал-усул равофиз”.
“Ар-радд ъалал-Қаромита”. 1-китоб, асослар баён этилган.
“Ар-радд ъалал-Қаромита”. 2-китоб, унда фуруъ – асл-асослари рад этилган.
“Маъхаз аш-шаройи”.
“Ал-жадал” (бу фиқҳ усулига доир китоб).
Булардан ташқари “Рисола фил-ақоид” китоби ҳам у зотга нисбат берилган.
Бу асарларнинг ҳаммасида Имом Мотуридий исломий эътиқод масалаларини қамраган.
Дарду ҳасрат изҳор этиладиган зиёратгоҳ
“Шайх Абу Мансур Мотуридий мозори Чокардизададир. Ушбу қабристон (Чокардиза) шаҳар ичида, кунчиқар томонда шаҳарнинг бир чеккасидадир. У ер тубда имоми зоҳид Абу Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Саммоси Мутаваъийнинг боғи экан ва ўзи ҳам ўша ерда кўмилган экан. Шу қабристоннинг ўртасида бир масжид бор. Шайх Абу Мансурнинг мозори шу масжиднинг жануб томонида ва яқинидадир. Қабр узоридаги кўк тусдаги соғона тоши масжид деворидан беш газ чамаси олисроқдадир” (“Самария”).
“Бу масжид (Самарқанд) шаҳар(и) ичида, шаҳар дарвозаси ва шаҳар қўрғонининг яқинида – кунчиқар томонда, Чокардиза қабристонининг ўртасида, Шайхнинг (Мотуридийнинг) қабри устидадир”.
Абу Тоҳирхожа Самарқандий яна айтади: “Эски одатимни қилиб, бир куни ўша мақбара зиёратига бордим. У ерда бир кишининг боши кўринди, қарасам, бир кўр киши экан. Унга салом бердим. У менга “Ажабо, бу ер ҳасратхонага ўхшайди, унинг ҳар тарафидан ҳасрат маъниси кишининг хотирига келади. Бу аҳвол ўзга мозорларда йўқдир” деди. Менинг хотирамга ҳеч қандай жавоб келмади. У киши ҳам бошқа бир нима демади” (“Самария”).
Бу ерда келтирилган ҳасратхонанинг маъноси шуки, ҳазрати Абу Мансур Мотуридий қабри зиёратида дуо ижобат бўлади, одамлар Яратган зотга ўз дарду ҳасратларини айтиб, дуо қиладилар ва ижобатни топадилар. Бу ҳолни Абу Тоҳирхожа қуйидагича тушунтирган: “Эски замонларда бу шаҳарга вабо ёки бирор бошқа бало келса, зоҳид, обид ва олимлар шу масжидга йиғилишиб, дуо қилар эканлар. Шунинг билан тикилган бало кўтарилар экан. Бу даргоҳ дуо қабул бўлиб, уламонинг кўнглини очадиган бир ўриндир” (“Самария”).
Ҳазрат Алишер Навоий дуо ижобат бўладилан бундай табаррук зиёратгоҳларни “Қиблаи дуо” деб тавсиф этган.
Хулоса
Ҳазрати Абу Мансур Мотуридий илм ва маърифатда замон раҳнамоси, эътиқод борасида дунёнинг имоми, Қуръони карим муфассири, беназир аллома, шайх, соҳибкаромат валий зот бўлган. У киши нақлий далилларни – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган ҳақиқатларни ақлий далиллар билан қувватлаган, инсон ақлининг юксак чўққиларини кашф этган, нақлий далилга таянган ақлий далилни камол нуқтасига кўтарган ориф зотдир. У зот ҳақидаги ҳар бир асаримиз, ҳар бир сўзимиз ўзининг шаън ва шарафига муносиб бўлмоғи лозим.
Имом Мотуридий ҳазратларининг маънавий меросини халқимизга қайтариш, китобларини таржима қилиб нашр этиш, у зотнинг илмларидан, маноқибларидан инсонларни баҳраманд этиш Ўзбекистон олимларининг шарафли вазифаларидандир.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
Бобур номидаги халқаро мукофот соҳиби
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Имом Абу Мансур Мотуридий – исломий эътиқод устози” мақоласи
Тарих
Тарих
Адабиёт
Фалсафа
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ