“Бир сут пишими”, “от минишчалик фурсат” – Бобур Мирзонинг ҳаётий ўлчовлари


Сақлаш
18:40 / 14.02.2026 34 0

Ҳар бир даврнинг ўз ўлчови, тош-тарозуси, мухтасар қилиб айтганда “қаричи” бўлиши табиий. Уларни ҳар ким ўз маданияти, ҳудуди, турмуш тарзига мувофиқ яратади. Шу боис ўлчов бирликлари шунчаки миқдор ва вақтни билдирувчи топилма эмас, балки халқнинг тарихий тараққиёти, ижтимоий онг даражасини кўрсатиб турувчи маёқдир. 

 

Яқин-яқингача Турон халқлари тилида бир-биридан бой ва қадимий ўлчов бирликлари мавжуд бўлган. Таноб, ботмон, пуд, мисқол, қадоқ, чорак, қулоч, қарич, қадам, газ, зиро, уқия, унсия, сотих, чилла каби бирликларни жилла қурса бир аср муқаддам битилган шоир ва ёзувчиларнинг китобларида ўқигансиз.

 

Улардан энг қадимийлари, шубҳасиз инсон танасига боғланган қарич, қулоч, қадам сингари бирликлардир. Сўнг савдо билан боғлиқ атамалар (ботмон, мисқол, қадоқ) бозор маданиятини, масофага оид бирликлар (фарсах, чақирим) эса сафар маданиятини акс эттиради. “Чилла”, “қаҳратон”, “аёз” каби бирликлар инсоннинг табиат билан уйғунлигини ифода этади.

 

Шу нуқтаи назардан қараганда, Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома”даги ўлчов ва вақт бирликлари барчамиз учун муҳим ва ишонарли манбадир. 

 

Мемуарда учрайдиган вақт ва масофа бирликлари, ҳаётий мисоллар орқали шарҳланган қуйма иборалар бизга ўша давр мезонлари ҳақида муҳим янгиликларни бера олади. Энг аҳамиятлиси, Бобур Мирзо уларни шунчаки тил бирлиги сифатида қўлламайди, аксинча, мазмунини кенгроқ очади, қиёс қилади, зарур ўринда изоҳ беради.

 

Аввало, гарий тушунчасига эътибор қилайлик. У тахминан 20–25 минутга тенг вақт оралиғини англатади. Мемуарда шундай ёзилади:

 

Кечасилари уйқудан уйғонган кишиларга уч гарий ёки тўрт гарийнинг бонги эшитилса, бу иккинчи паҳарми ёки учинчи паҳарми, билолмай қолардилар. Мен тунги гарийларни ва булутли кунлардаги гарийларни қоққандан сўнг паҳарнинг белгисини қоқишларини буюрдим.

 

Иқтибосдан англашиладики, гарий кундалик ҳаётда вақтни белгиловчи соат вазифасини бажарган. Бунга Бобур Мирзонинг шахсан аралашуви эса саройдаги тартиб-интизом, навбатчилик, иш тартибидаги айрим чалкашликларнинг бартараф этилишида муҳим рол ўйнаган.  “Қоқишларини буюрдим” деган жумла эса вақтни тартибга солиш давлат бошқарувининг бир қисмига айланганини кўрсатади.

 

Асарда “паҳар” тушунчасини ҳам кўплаб ўринда учратамиз. Кеча ва кундузнинг тўрт қисмга бўлиш анъанаси ҳақида айтар экан, Бобур Мирзо буни Ҳиндистон тажрибаси билан қиёслаб, фарқларни тушунтиради:

 

“Ҳиндустон эли кеча-кундузни олтмиш қисмга (бўлакка) бўлиб, ҳар бир қисмни “гари” деб атайдилар. Бундан ташқари, кечани тўрт, кундузни ҳам тўрт қисмга ажратганлар. Ҳар бир қисмни бир “паҳар” деб аташади, форсийда “пос” бўлади. Бизнинг тарафларда “пос” ва “посбон” сўзларини эшитганман, аммо уларнинг бу хусусиятлари маълум эмас эди”.

 

Бу ўринда муаллиф икки маданий муҳитдаги вақт тақсимотини ўзаро солиштиради ва атаманинг мазмунини кенгроқ шарҳлайди. Қиёс орқали у бирликнинг нафақат луғавий маъносини, балки бошқа лексик маъноларини ҳам очиб беради.

 

Бобур Мирзо вақтни янада аниқлаш учун қиёсий усулдан ҳам фойдаланади:

 

“Бизнинг ўлкаларда кеча-кундузни йигирма турт қисмга ажратиб, ҳар бир қисмини соат дейишади ва ҳар соатни олтмиш қисмга бўлиб, ҳар бирини дақиқа деб атайдилар. Бир кеча-кундуз минг тўрт юз дақиқа (минут) бўлади. Бир дақиқанинг (минутнинг) миқдори тахминан олти марта “фотиҳа”ни (“фотиҳа” сурасини) “бисмилло” билан ўқиш вақтига тенг келади, бир кеча-кундуз эса “фотиҳа“ни “бисмилло” билан саккиз минг олти юз қирқ марта ўқиш вақтига тенг келади”.

 

Бу ерда вақт қуруқ математик ҳисоб-китобларга асосланмай, маънавий эътиқод тушунчалари билан ҳам чамбарчас боғланмоқда. Яъни, “Фотиҳа”ни ўқиш вақти дақиқанинг мезони сифатида келтирилиши вақтни шунчаки ҳисоблаш эмас, инсон қалбини муқаддас каломларга боғлаш, ҳис қилдириш фалсафасини ҳам англатади.

 

Муаллиф қандай мезон ҳақида сўзламасин, унинг аниқ мисолига ҳам мурожаат қилади. Масалан, “йиғоч” сўзини олайлик. У тахминан 8 километрга тенг бўлиб, кўпинча жуғрофий ҳисоб-китобларда фаол қўлланилади.

 

“Ахси Андижондан ғарб сари тўққиз йиғочлик йўлда. Умаршайх мирзо буни пойтахт қилган эди.

 

Йиғоч карвон йўллари ва ҳарбий юришларда қулай ўлчов вазифасини бажарган ва ҳудудларнинг умумий майдонини англатишда қўл келган.

 

Карўр ва курўҳ каби бирликлар эса иқтисодий ва ҳудудий ўлчовни англатган. Айниқса “Карўр” ҳисоб бирлиги сифатида давлат молиясида мустаҳкам ўрнашган:

 

“Ҳисори Феруза қалъасини унга тегишли ва тобе бир карўрлик вилояти билан Ҳумоюнга совға қилдим ва яна бир карўр (юз лак) пул мукофоти ҳам бердим”.

 

Кўриниб турибдики, “карўр” шунчаки рақамни эмас, шоҳнинг очиққўллиги ва салтанат молиявий имкониятини ҳам ифодалаб келмоқда. Ҳудуд ва катта маблағнинг бир хил атама билан берилиши эса ушбу атаманинг  йирик қийматига ҳам ишора қилади.

 

“Бобурнома”да “паҳар”, “пос” ва “қари” атамалари ҳам вақт ва масофанинг тартибли тизимини очиқлайди. Қуйидаги жумлаларда эса ўқувчининг кўз олдига барчани вақтдан огоҳ этувчи “қадимги курант” намоён бўлади:

 

“Агар кундуздан аввалги (куннинг биринчи ярмидаги) паҳар тугаган бўлса, жомга тез-тез урганларидан кейин бироз тўхтаб, кейин бир марта бонг урадилар. Иккинчи паҳар тугаган бўлса, тез-тез урганларидан кейин бироз тўхтаб икки бора бонг урадилар. Шу сингари учинчисидан кейин уч, тўртинчисидан кейин тўрт бора бонг урадилар. Кундузги тўрт паҳар тугаганидан кейин ана шу тарзда туннинг тўрт паҳари давом этади.

 

Кўринадики, паҳар амалда қўлланилган вақт тизими бўлиб, сарой ва қўшин ҳаётида қатъий интизомни таъминлаш билан бирга, уларнинг кун тақсимотида ҳам муҳим аҳамият касб этган. 

 

Тунги иккинчи посга яқин бир ерга келиб уйқуладик. Куннинг биринчи паҳарида чорбоққа келиб тушдик.

 

Пос ва паҳар бир хил вақт миқдорини билдирса-да, муаллиф уларни бир воқеа ичида ишлатиб, вақтни янада аниқлаштиради.

 

Шунингдек, қурилиш ишларида баландлик ўлчови сифатида “қари атамаси ҳам кенг қўлланилган:

 

Ҳар тўққиз курўҳ масофа ерда баландлиги ўн икки қари келадиган минора қуриб, минора устига чордара (боғ ўртасида икки томонидан дарчалар очиб қўйиб солинган бино) ўрнатсинлар. Ҳар ўн саккиз курўҳда олтита ём отини (у шаҳардан бу шаҳарга хат, хабар етказувчининг ҳар бекатда алмаштириб минадиган оти) боғлаб қўйсинлар.

 

Мисоллардан аёнлашадики, вақт ва масофа бирликлари Бобур Мирзо салтанатида давлат, қўшин ва жамият ҳаётини тартибга солувчи мезон сифатида намоён бўлган.

 

Ҳар қандай ўқирман Бобур Мирзонинг нафақат моҳир саркарда ва адолатли шоҳ, балки тенгсиз ижодкор эканини ҳам бир лаҳза ҳам ёддан чиқармасликлари зарур. Чунки у айрим ўлчовларни ўз кузатувларидан, тажрибаларидан ҳосил қилади. Яъни, муаллиф вақт тушунчасининг илмий асослари билан чекланиб қолмай, халқчил усулларини ҳам ўйлаб топади. “Бир сут пишими” шундай топилмалардан биридир. Мемуарда шундай дейилади:

 

“Жаҳонгир мирзони бир сут пишими муддати бурунроқ қувлаб чиқарибдилар. Кишиларимизнинг ярми у билан чиқиб кетипти. Шундай аҳволга қарамай тажрибасизликдан дарвозада туриб, яқин бўлса келсин, яна бир уриниб кўрамиз деган мазмунда Жаҳонгир мирзога киши юбордик. Иш қўлдан кетган эди”.

 

Бир сут пишими ўзига хос ўлчов. Сут қайнаш ёки пишиш жараёни одатда қисқа муддатни талаб қилади. Демак, бу ерда вақтнинг камлиги ва вазиятнинг тез ўзгарувчан тус олиши маиший турмушдаги жараён билан ифодалангани таҳсинга сазовор.

 

Шу каби “икки намоз орасигача” ифодаси ҳам вақтни аниқ ва холис баҳолаш имконини беради:

 

“Бу тор тоғ йўлидан ўтиб, шу куни вақт икки намоз орасигача (қуёш ботишига яқин) бориб етмай бир ерда қўндик”.

 

Аслида намоз вақтларининг оралиғи Ислом дунёсида аниқ ва ишончли меъёрни англатиб келган. Аксар ҳолларда кун тартиби диний вақт тизимига мос ҳолда ташкил этилиши ҳам ота-боболаримизнинг руҳий оламини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган.

 

Жанг-жадаллар ҳам Бобур Мирзонинг вақт ўлчовларига ўзига хос тарзда таъсир ўтказа олган. “Бобурнома”ни ўқир экансиз, икки жанговар ҳолат эътиборингизни тортмай қолмайди. Улардан бири “от минишчалик фурсат”. Биламиз эпчил ва чайир жангчи бир сакрашда отга мина олади. Бу гўё тез фурсатда содир бўладиган жараён сингари намоён бўлади. Парча ўқиймиз:

 

“Ундан кейин Ҳумоюн билан Комрон хабар топиб, от минишчалик фурсат ўтмасидан келиб, танқўриқчиларига кўтартириб, шаҳар дарвозаси билан арк дарвозаси ўртасига келиб, ҳурмат кўрсатдилар”.

 

Вақтнинг отга минишга кетадиган лаҳза билан ўлчанаётгани – бу алоҳида топқирлик, муаллиф табиатидаги улкан сезги ва кузатув намунасидир.

 

Иккинчи жанговар ибора ҳам шошилинч ва тезкорликни англатади:

 

“Байроқдорнинг байроқ боғлагунча фурсати бўлмади, байроқни қўлига олибоқ отланди. Ёв келаётган томонга қараб жўнадик”.

 

Бу ерда ҳам вақт муайян даража, яъни байроқ боғлаш жараёни билан чегараланади. Демак, вазият шошилинч бўлганда ҳам ушбу ибора айтилади.

 

Яна бир вақтли атама сифатида “икки ўқ отгунча фурсат”ни келтиришимиз мумкин:

 

“Яна садоққа солгунча икки ўқ отгунча фурсат ўтди чамамда. Яна бир ўқни пайпаслаб олиб илгарироқ юрдим”.

 

Бу ерда вақт жангдаги табиий ҳаракатлар билан ўлчанмоқда. Ўқ отиш жараёни қисқа муддатни англатади, шу орқали воқеа ривожининг жадаллиги аниқ ифода этилмоқда.

 

Мемуарда “Бир ўқ отими” ибораси ҳам ўлчов бирлиги сифатида учрайди. Агар камон ўқи назарда тутилган бўлса, тасаввурингизни шу масофагача бемалол тўғрилайверинг. Ушбу ўлчовни янада аниқлаштириш учун, муаллиф жонли мисолларга мурожаат қилади:

 

“Шундай эҳтиёткорлик қилинар эдики, жанговар сафнинг ўнг қанот, чап қанот, марказ, ҳужумчи қисмларининг ҳар қайсиси ўзига тегишли жойда туриб, ҳар бир қисмнинг қуролланган гуруҳлари ўрданинг атрофидаги чодирлардан бир ўқ отими йироқроққа пиёда чиқиб, бутун кеча ўша ерларда қолар эди”.

 

Сезганингиздек, юқорида келтирилган вақт бирликларини уч йўсинга бўлиш, эҳтимол адолатли бўлар. Биринчиси, халқ тилидаги илмий бирликлар, иккинчиси, диний вақт бирликлари, учинчиси, жанговар меъёр бирликлари.  Агар асар шу тартибда ўқилса, таҳлил қилинса, ҳали тилимизга аён-ноаён яна юзлаб ўлчов бирликларини синчиклаб топиш, ўрганиш, кенг афкор оммага тақдим этиш мумкин бўлади. Чунки Бобур Мирзо яшаган муҳит, диний эътиқод, ҳарбий ва ижтимоий ҳаракатлар ўша даврнинг кун тартиби, ижтимоий одоблари ва амалий билимларини йирик кўламда очиб беришга хизмат қилади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

15:02 / 13.02.2026 0 23
Ўзбек халқининг миллий ғояси

Таълим-тарбия

12:02 / 12.02.2026 0 27
Олмонча ҳалоллик





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31022
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//