– Мен узоқ йиллар ижтимоий фан олими сифатида ўзбек халқининг миллий ғояси ҳақида ўйладим. Кўпчилик ҳамкасбларим қатори унга илмий-назарий ифода топиш хусусида бош қотирдим. Тарихни, улуғ мутафаккирларнинг асарларини ўқиб-ўргандим, қанча-қанча доно зотлар билан гоҳ ғойибона, гоҳ юзма-юз суҳбат, баҳс-мунозаралар қурдим. Бу борада жаҳон тажрибаси ва амалиёти ҳам эътиборимдан четда қолмади.
Юсуфбек ҳожининг сўзларини бироз ўзгартириб айтсам, бу соч, бу соқол миллий ғоя қайғусида оқарди.
Айтиш мумкинки, изланишлар натижасида баъзи бир ажойиб хулосаларга келиб, кутилмаган кашфиётлар ҳам қилдим.
Совет даврида бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Карл Маркс, Фридрих Энгелс, Владимир Ленин каби доҳийлар биз учун бу масалани узил-кесил ҳал қилиб берган эдилар. Коммунизм ғояси бутун Совет Иттифоқи ва сотслагер мамлакатлари учун ҳам сиёсий, ҳам миллий ғоя сифатида қатъий, ўзгармас постулат ўлароқ жорий этилган эди. Коммунизм. Нуқта. Тамом. Бу ғоянинг кейинги тақдири ҳақида ҳозир гапириб ўтирмаймиз.
Бугунги кунда эса кўп давлатлар ўзларини мафкурадан холи, демократик, эркин мамлакатлар қилиб кўрсатиш учун миллий ғоясини имкон қадар кўз-кўз қилмасликка интилар экан. Масалан, АҚШда “Америка манфаати – ҳамма нарсадан устун” деган ғоя “америкача орзу” деган тушунчага жуда усталик билан сингдириб юборилганини англадим. Туркияда туркчилик, яъни, пантуркизм, Эронда шиизм, Саудия Арабистонида ваҳҳобийлик гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона тарзда миллий ғоя либосида намоён бўлишини сездим. Ёки Шимолий Кореяда “chuchxe” – яъни, фақат ўзининг куч ва имкониятларига таяниш фикри устувор бўлса, Хитой очиқдан-очиқ “Бозор коммунизми” ғоясини илгари сурар экан.
Беларус давлатининг миллий ғояси ҳаммасидан ҳам ажойиб бўлиб, ушбу давлатда “белорусы должны стат белорусами”, яъни, белоруслар белорусга айланиши керак, деган тамойил бор экан. Бунда беларус тили ва маданияти рус тили ва маданиятининг соясида қолиб кетмаслиги лозим, деган фикр мужассам бўлса, ажаб эмас.
Миллий ғоя ҳақида Ўзбекистонда юрт дарғалари ҳам, жамиятимизнинг гул-у гултожлари бўлмиш олим-у фозиллар, арбоб-у адиблар ҳам кенг мушоҳада юритдилар. Кўп изланишлар, муҳокама ва мулоҳазалардан сўнг бу мавзуда тадқиқотлар, монография ва рисолалар, дарслик ва қўлланмалар, ўқув дастурлари яратилди ва таълим-тарбия тизимига жорий қилинди.
Лекин булар мени қониқтирмас эди. Ўзимга ўзим тинимсиз савол берардим: хўш, нима экан бизнинг миллий ғоямиз? Уни ҳеч кимда эътироз уйғотмайдиган, барчага маъқул келадиган бир мазмун ва шаклда қандай ифода этса бўларкин?
Яъни, “Жамиятнинг орзу-интилишлари, туб манфаатларини акс эттирадиган, бу йўлда ёши, жинси, миллати, ижтимоий мавқейи, билим даражаси ва дунёқараши, сиёсий эътиқодидан қатъи назар, шу юртда яшайдиган барча фуқароларни бирлаштирадиган, сафарбар этадиган, мунтазам ривожланиб борадиган” қайси ғояни миллий ғоя деб қабул қилса бўларкин?
Бу саволлар менга тинчлик, ором бермай қўйди. Қанча-қанча кечаларни уйқусиз ўтказиб, фақат шу тўғрида ўйладим.
Бедор тунларнинг бирида кутилмаган, ғалати бир фикр ярқ этиб, миямда чақмоқ чақнагандек бўлди.
Ниҳоят, мен ўзбек халқининг миллий ғоясини топдим!
Бу фикр кимларгадир қанчалик ғайритабиий, ноилмий, борингки, аҳмоқона туюлмасин, лекин айни ҳақиқатдир. Мен бу тўғрида исталган олим, исталган мухолиф билан баҳс-мунозарага тайёрман.
Энг муҳими, ўзбек халқининг миллий ғоясини жуда мухтасар тарзда, бор-йўғи иккита сўз орқали ифода этса бўлар экан. Яъни, асрлар синовидан ўтиб, ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, тупроқда чиримайдиган метин бир тушунча, собит бир эътиқод бўлиб шаклланган, ўзбек халқининг ҳаёт ва мамот тарзига айланган бизнинг ғоямиз “тўй-ҳашам” деган соддагина сўзларда мужассам топар экан.
Бу ўринда “тўй” сўзи фақат тўй-тантанани эмас, балки миллий одатларимиз билан чамбарчас боғланган, маржондек тизилиб келадиган бир қатор тушунчаларни – аза, маърака-маросимларни англатса, “ҳашам” сўзи дабдаба, намойиш, бойлиги ёки мавқейини (бор-йўқлигидан қатъи назар) кўз-кўз қилиб, шундан чуқур мамнуният ва қаноат ҳис этиб яшашни англатади.
Таъкидлаш жоизки, тўй-ҳашам – бу шунчаки анъана ёки урф-одат эмас, балки ҳаёт ва тафаккур тарзидир. Анъана ва урф-одатни ўзгартирса бўлар, аммо ҳаёт ва тафаккур тарзини ўзгартириб бўлмайди. Ўзбек халқининг неча минг йиллик тарихи бу ҳақиқатни яққол исботлаб беради.
Келинг, энди мана шу “тўй-ҳашам” деган тушунчани миллий ғоянинг мавжуд қоида-мезонлари нуқтайи назаридан таҳлил қилиб кўрайлик.
Демак, миллий ғоямизнинг биринчи талаби:
“жамиятнинг орзу-интилишларини, туб манфаатларини акс эттирадиган...” деган тамойилдир.
Ўзингиз айтинг, ўзбек миллатининг орзу-интилишларини тўй-ҳашамдан бошқа яна қайси ғоя бу даражада ёрқин, тўла ва мукаммал акс эттира олади?
Ўлманг, фақат ва фақат тўй-ҳашам.
Мақоллар – халқ қалбининг кўзгуси, деймиз. Хўш, ана шу кўзгуга боқиб биз нимани кўрамиз?
“Ҳаммамизни тўйга етказсин”;
“Тўйдан бошинг чиқмасин”;
“Топган-тутганинг фақат тўйларга буюрсин”;
“Тўйга тўёна билан”;
“Ўғил уйлантирганга ўттиз йил тегма, Қиз чиқарганга қирқ йил тегма” ва ҳоказо.
Юртимизда ўтган барча улуғ алломалар, шариат пешволари, шоир ва мутафаккирлар орасида бирон-бир зот йўқки, тўй-маъракадан “дод” демаган бўлса!
Лоақал жадидларнинг, бизнинг миллатимизни хор-у расво қиладиган икки нарса бор: бири – тўй, бири – азадир, деган мазмундаги шиква-шикоятларини эслайлик.
Хўш, миллий ғоя аслида нима? Миллий ғоя – миллатнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетган, енгилмас маънавий куч бўлиши керак. Бу ғоя учун нафақат бир гуруҳ маърифатпарварлар, балки бутун халқ ўлимга ҳам боришга тайёр бўлиши зарур.
Бизда “тўй-ҳашам” ғояси айни шундай кучдир. У динимиз арконларидан ҳам, аждодлар ўгитлари-ю давлат сиёсатидан ҳам доимо зўр чиқиб келади. Унга бас келадиган, уни енга оладиган биронта куч дунёда йўқ.
Юртимизда ҳукм сурган хонликлар даври-ю совет ҳокимияти ҳам, ҳозирги мустақил давлатимиз ҳам бу масаланинг нафақат маънавий, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, оилавий тадбир ва маросимларни ихчам, камхарж ва камтарона ўтказишга доимо катта эътибор қаратиб келган ва келмоқда. Бу борада ҳатто олий фармонлар, фармойиш ва қарорлар ҳам қабул қилинган.
Тарих саҳифаларини титкилаб ўтириб, бу фикримни тасдиқлайдиган яна бир мисол топдим.
Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхон 1911-йили “Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида” фармон чиқарган. Унга биноан, тўйларда паловдан бошқа овқат берганларга 75 (етмиш беш) дарра уриш жазоси тайинланган. Тўйга келган меҳмонларнинг бир-бирига чопон бериш одати ҳам ман этилган. Айни вақтда, суннат ва никоҳ тўйларида улоқ ва пойгалар уюштириш тақиқланган. Шундай тадбирларни ташкил этганларга ҳатто ўлим жазоси белгиланган. Лекин эл-улус ўз билганидан қолмаган.
Мана, ер юзига коронавирус деган бало келди. Ҳукумат халқ қайғусини ўйлаб, тўйларни ўттиз кишидан ошмайдиган қилиб ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди. Лекин... лекин эл барибир “тўй-ҳашам” деган мақсад-маслагидан қайтмади. Бу тўйлар уч кунлаб давом этди, одамлар ўз жонини гаровга қўйиб, тўй-маъракаларда юрди. Қанчаси шундан ўлим топди.
Бундан уч-тўрт йил бурун собиқ шогирдларимдан бири билан кўришиб қолдим. Ўша вақтда у Ҳукуматда, масъул лавозимда ишларди.
Негадир хомуш, паришон кўринди. Сўрамасам ҳам, нима учундир дардини менга ёрди: уч қиз, бир ўғли бор экан. Иккита қизини узатибди, энди учинчисига совчи келаётган экан. Ўғли еттинчи синфни битирибди.
“Домла, – деди у йиғлагудек бўлиб, – бу “тўй” деган бало мени хароб қилди. Хотинимни танийсиз, у ҳам шогирдингиз, университетда бирга ўқиганмиз, биологиядан фан доктори, профессор. Ҳозир бир институтда проректор, хотин-қизлар фаоли. Мактабда ҳам, олий ўқув юртида ҳам русча ўқиган, аспирантура, докторантурани Москвада тугатган. Ўзбекчани қийналиб, “твоя-моя” қилиб гапиради. Лондон-у Парижларга илмий конференцияларга бориб, инглиз тилида шариллатиб маърузалар ўқийди. Хуллас, ўта илғор, суперзамонавий бир хоним. Лекин шундоқ аёл мана шу тўй-маърака масаласига келганда ўқимаган, ўта жоҳил, латтапараст бир хотиндан ҳам баттар бўлиб қолади. Жон хотин, мана шу одатларни сал камайтирайлик, имконим йўқ, десам, жон-пони чиқиб кетади. Кўзини ола-кула қилиб, ҳеч нарсани билмайман, билишни ҳам хоҳламайман, деб туриб олади.
Нима, сенларнинг айтганингни қиламан, деб пора олиб қамалиб кетишим керакми, десам, хўш, бошқалар қандай қилиб эплаяпти, оталик бурчингиз, бажарасиз, тамом-вассалом, дейди занғар.
Бўлмаса, мен ўзим қудалар билан гаплашай, десам, нима, эсингизни еб қўйганмисиз, қайси қуда бунга кўнади, деб мени мот қилади. Революцияни мендан бошлама, аввал бутун Ўзбекистон хотинлари шу йўлга ўтсин, кейин мен ҳам рози бўламан, дейди. Қизларим қайнонаси-ю эрининг таъна-дашномига қолиб, кўз ёши дарё бўладиган бўлса, мен бунга сира-сира чидолмайман, дейди”.
Амалдор шогирдимнинг арзи ҳол қилишдан мақсади бор экан. Яъни, мен бу салбий иллатларни қоралаб бир китоб ёзсам, у чиқаришга ёрдам берар экан.
“Домла, сизнинг обрўйингиз баланд, бутун Ўзбекистон ҳурмат қилади, шу ишни қилсангиз, савобга қолардингиз, зора бу хотин зоти сал-пал инсофга келса”, деди.
Мен албатта кўнгил учун йўқ демадим. Гарчи мендан қанча доно, қанча буюк инсонлар бу мавзуда қандай ўткир, таъсирчан китоблар ёзиб, мақсадга эриша олмаган бўлсалар-да, одамнинг юзи иссиқ, мен бир ўйлаб кўрай, деб қутулдим.
Ахир, шогирд айтган иллатлардан ўзим ҳам халос бўлмаган бўлсам, бу тўғрида китоб ёзишга менинг қандай маънавий ҳаққим бор?
Бу борада битта, фақат битта мисол келтирмоқчиман, лекин шунинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлайман.
Бечора Абдулла Авлонийнинг қайғу-ҳасратига бир зумгина қулоқ тутинг:
“Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур?” деган савол келадур. Бу саволга, “Биринчи – уй тарбияси. Бу она вазифасидир. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидир”, деб жавоб берсак, бир киши деюрки: “Қайси оналарни айтасиз? Билимсиз, боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар?” дер. Мана бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндирар. “Отасига нима дейсиз?” десак, “Қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзи қиймаган, замондан бехабар оталарни айтурсизми? Аввало, ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур”, дер.
Мана бу сўзни эшитгач умид қўллари қўлтиққа урилур”.
Қайтиб амалдор шогирдни кўрмадим. Ҳозир, билмайман, қаерда экан, ишқилиб, қамалиб кетмаган бўлсин.
Бир ўзбек, мусулмон одам умри давомида қанча тўй-ҳашам қилиши керак, биласизми? Мана, бир санаб кўрайлик: туғруқ тўйи, яъни, чақалоқни туғуруқхонадан олиб чиқиш, ақиқа, бешик тўйи, суннат тўйи, мучал тўйи, никоҳ тўйи, қиз базми, келин салом, чарлар, кумуш тўй, олтин тўй, пайғамбар ёши тўйи ва ҳоказо.
Маъракаларни оладиган бўлсангиз, уч, етти йигирма, қирқ, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, икки ҳайит маросимлари, йил оши... Ҳаммасини ҳисобласак, яна кўп-кўп саҳифаларнинг юзини қора қилишга тўғри келади.
Миллий ғоя мезонлари билан ёндашганда, фақат мана шу одатларгина “ёши, жинси, ижтимоий мавқейи, билим даражаси ва дунёқараши, сиёсий эътиқодидан қатъи назар”, ўзбек жамиятининг барча аъзоларини бирлаштириш ва сафарбар этишга қодир.
Фақат мана шу ғоя, яъни, тўй-ҳашам йўлида одамларимиз соғлиғини, бутун борлиғини, ҳатто азиз жонини қурбон қилишга тайёр. Шунинг учун улар мигрант деб ном олиб, Қозоғистон чўлларида, бузуқ автобусларда ёниб кул бўлишга, Сибир тайгаларида мардикорлик қилишга, Москва кўчаларини супуриб, қаҳратон қишда қор курашга, аёллар эса оиласи, эри, болаларини ташлаб, Туркия-ю Дубайда оқсочлик қилишга тайёр.
Уларнинг аксарият кўпчилигида битта орзу, битта мақсад: чет элларда қандай йўллар билан бўлса-да, бир амаллаб пул топиб келиш ва... уни тўй-ҳашамга, маърака-маросимга сарфлаш.
Миллий ғоя мезонлари асосида таҳлил қиладиган бўлсак, бизда “мунтазам ривожланиб, бойиб борадиган” тушунча ва тамойиллар борми?
Бор, албатта, ягона бир ғоя бор. У ҳам бўлса, тўй-ҳашам.
Тан олайлик, тўй-маъракаларимизда пайдо бўлаётган янги ва янги, хилма-хил белги-аломатлар: никоҳ тўйларидаги “лав сторий” – севги қиссалари, қайнота ва келиннинг бирга валс тушишлари, келиннинг эрсираган дугоналарига гулдаста улоқтириши ва уларнинг буни талашиб олиши, “келин навкар”, “куёв салом” каби одатларнинг жорий этилиши, келин-куёвнинг тўйхона залига от ёки “Мерседес” миниб кириб келишлари, қуда томонга юбориладиган бўрдоқи қўйларнинг сочини причёска қилиш, шохига рангли лента тақиш, оёғига туфли кийдириб, лабига помада суриш... бунга далил эмасми?
Ёки тўйларимизда мева-чева, писта-бодом, қандолат маҳсулотларини “аренда”га олиб ёлғон дастурхон безатиш каби “ноу-хау”ларни дунёдаги биронта халқ ижод қила олганми? Бундай ишлар фақат тўй-ҳашам тушунчасини миллий ғоя даражасига кўтарган, бутун ақл-у заковатини шунга бахш этган миллатнинг қўлидан келади, холос...
Водариғ, чиндан ҳам, Алихонтўра Соғуний ҳазратлари айтганларидек, агар халқимиз тўй-маъракаларга, наҳорги ошларга буюк бир сафарбарлик билан уюшиб борганидек, бугун замон талаб қилаётган, динимиз буюрган мақсадлар йўлида ҳам шундай аҳиллик билан уюшиб, шахт-у шиддат кўрсатса эди, ер юзида бу халқни енга оладиган куч бўлмасди, бу халқ эгалламаган марра қолмас эди. Лекин, афсуски...
Начора, бировга ёқадими-йўқми, миллатчи зиёлиларимиз бурнини жийирадими-йўқми, бундан қатъи назар, ўзбек халқининг миллий ғояси – бу тўй-ҳашам ғоясидир, деб айтиш учун барча тарихий, фалсафий, руҳий-маънавий асослар мавжуд.
De-yure бошқача бўлиши мумкин, аммо de-fakto – айни шундай. Бу ҳолатдан қачон қутуламиз – “бу савол ҳамон жавобсиз қолмоқда”.
Эҳтиром Абдуллаев,
файласуф, 71 ёш
Хайриддин СУЛТОНнинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китобидан.
Дин
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ