Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Абдуғафур домла Ниёзқулов жавоб берди.
– Биламизки, динимизда эркаклар ипак матодан кийим кийиши ман қилинган. Бир шим сотиб олгандим. Унинг қоғозида 70 фоиз матоси сунъий ипак деб ёзилибди. Шу шимни кийиш жоизми?
– Бисмиллаҳир роҳманир раҳим. Сунъий ипак ҳақиқий ипакка муқобил равишда ишлаб чиқарилган мато тури, холос. Унга ҳақиқий ипакнинг ҳукми берилмайди. Ундан тикилган кийимларни кийиш эркакларга жоиз. Ҳадисларда тақиқлангани айтилган ипак ҳақиқий, табиий ипакдир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ипак кийим ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди” деди” (Имом Термизий ривояти).
Ипакнинг эркакларга ҳаром қилиниши ҳикмати шундаки, бу мато жуда нафис ва мулойим бўлиб, аёллик табиати ҳамда латофатига мос келади. Эркакларнинг табиатига эса мувофиқ келмайди.
* * *
– Ҳайвонларнинг қонини паррандаларга озуқа сифатида сотса ёки сотиб олса бўладими?
– Қон каби нажосат ҳисобланган нарсалар шариат қоидаларига кўра мол ҳисобланмайди ва уларни сотиш ёки сотиб олиш жоиз эмас. Чунки савдонинг шартларидан бири – сотилаётган нарса шариат назарида қийматга эга мол бўлиши шарт. Қон, ўлимтик каби нарсалар нажосат бўлиб, шаръан мол ҳисобланмайди ва Қуръони каримда ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 3-оятида бундай деган: “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган ...ҳайвонлар ҳаром қилинди”.
Шариатда истеъмоли тақиқланган нарсанинг савдоси ҳам тақиқланади. Бу ҳақда “ал-Важийз” китобида бундай дейилган: “Қайсидир жиҳатдан ейиш ва фойдаланиш мумкин бўлмаган нарсани сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам мумкин эмас. Фойдаланиш мумкин бўлган нарсанинг савдоси жоиздир”. Қолаверса, ҳайвонларга нажосатни озуқа сифатидан бериш дуруст эмас. Юқоридаги масалада қон деганда ҳайвонни сўйганда бўғзидан отилиб чиққан қон тушунилади. Лекин ҳайвон қонни ўзи топиб еса, бу билан унинг гўшти ҳаром бўлиб қолмайди.
* * *
– Ўғил уйланаётган вақтда келинга маҳр сифатида отасининг уйини бериши мумкинми? Бу маҳрга ўтадими?
– Агар уй отанинг мулки бўлса, ўғил уни маҳр сифатида хотинига бера олмайди. Чунки у бировнинг мулки, бировнинг мулкини эса бошқага сотиш, ҳадя қилиш ёки маҳр сифатида бериш дуруст эмас. Бу борада фиқҳий манбаларда шундай баён қилинган: “Бирор нарсани ҳадя қилишнинг шартларидан бири шу нарса ҳадя қилувчининг мулки бўлиши керак. Бошқанинг молини унинг изнисиз ҳадя қилиш мумкин эмас. Чунки ҳадя қилувчининг мулки бўлмаган нарсани бошқага бериш имконсиздир (“Фатовои Оламгирия”).
Аммо отаси уйни ўғлига ҳадя қилган бўлса, шунда ўғил уйни хотинига маҳр сифатида бериши мумкин. Уй келинга маҳр бўлиб ўтгандан кейин бутунлай унинг ҳақига айланади.
* * *
– Ранги ўзгарган ариқ суви нажосат ҳисобланадими?
– Сувда учта сифат бўлади: ранг, ҳид ва таъм. Агар оқар сувга нажосат тушиб, мазкур уч сифатнинг бирини ўзгартирса, сув нажосатга айланади. Агар пок нарса тушиши туфайли ўзгарса, нажосат бўлмайди. Масалан, барг, тупроқ, лой каби нарсаларнинг тушиши билан ўзгарса, бундай сувни нажосат бўлди дейилмайди. Бу ҳақида фиқҳий манбаларда батафсил жавоб берилган. Жумладан, “Мухтасарул-виқоя” китобида бундай дейилган:
“Агар сувга нажосат тушса ва бу сув оқар сув ёки ўн газга ўн газ ҳажмдаги ҳовуз бўлиб, ҳовучлаб сув олиш туфайли остидаги ер очилиб қолмаса, сув нажосат бўлмайди. Аммо нажосат сувнинг таъми, ранги ёки ҳидини ўзгартириб юборса, сув нажосатга айланади. Агар нажосат тушган сув оқар сув ёки ўн газга ўн газли ҳовуз бўлмаса ва унга нажосат тушса, сувнинг сифатларида ўзгариш бўлмаса ҳам сув нажосатга айланади”.
* * *
– Бир маърузада “Ярмингиз сояда, ярмингиз қуёшда бўлган ҳолда ўтирманглар” деган мазмунда ҳадис эшитиб қолдим. Шундай ҳадис борми?
– Ҳа, шундай маънода ҳадислар бор. Улардан бирини Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Абулқосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бирор киши сояда ўтирган бўлса, соя қисқариб, унинг ярми офтобда, ярми сояда бўлиб қолса, ўрнидан турсин” деди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Мазкур ҳадисни Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқотул-масобиҳ” китобида қуйидагича шарҳлаган: “Ўрнидан турсин, яъни танасининг ҳамма жойи қуёшда ёки сояда бўладиган бошқа жойга ўтиб олсин. Чунки инсон соя ва қуёшли жойда ўтирса, бири иккинчисига зид бўлган икки нарсанинг таъсиридан баданнинг аҳволи ўзгариб, мижози бузилади. Бу гапни кўплаб шориҳлар ҳам айтган”.
Бу ҳадиси шарифда мазкур ҳолатда ўтиришнинг тиббий жиҳатдан зарари борлиги учун қайтарилган. Яъни, ярми соя ва қолган ярми қуёшда бўлган одам қаттиқ гуноҳкор бўлмаса-да, тиббий жиҳатдан мижози бузилиб, танасига зарар етади.
“Мавсуъатул-фиқҳия” китобида бундай ҳолда ўтириш юқоридаги каби ҳадисларда келган қайтариқ борлиги учун макруҳ бўлади дейилган: “Қуёш ва соя орасида ўтириш макруҳдир”.
* * *
– Қизимга Ноила деб исм қўйганмиз. Бир танишим “бундай исм динимизда ножоиз исмлардан, чунки бу аввалги замонларда бир бутнинг номи бўлган” деди. Мен қизимнинг исмини ўзгартиришим керакми?
– Қиз фарзандга Ноила деб исм қўйиш жоиз ва бу исмни ўзгартиришга зарурат йўқ. Ноила араб тилида “туҳфа”, “совға” каби маъноларни англатади. Уни “Аллоҳнинг туҳфаси” деб талқин қилиш ҳам мумкин.
Тўғри, жоҳилият даврида Маккадаги Сафо ва Марва тоғи оралиғида мушрикларнинг Ноила деб номланган санами бўлган. Лекин бу Ноила исмининг ножоиз эканига далолат қилмайди. Чунки бугунги кунда ҳеч бир мусулмон киши ўзининг қизига Ноила деб ўша бутни улуғлаш мақсадида исм қўймайди.
Қолаверса, бу исм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида саҳобалар орасида маълум ва машҳур бўлган. Жумладан:
1. Ноила бинти Фарофиса. Машҳур саҳоба ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг хотини.
2. Ноила бинти Робиъ ибн Қайс ибн Омир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга байъат қилган саҳобия аёллардан.
3. Ноила бинти Саъд ибн Молик ал-Ансория.
4. Ноила бинти Салома Ансория. Ибн Саъд ўзининг “Табақотул-кубро” китобида унинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга байъат қилган саҳобия аёллардан эканини зикр қилган.
5. Ноила бинти Убайд ибн ал-Ҳур ал-Ансория (“Ал-Исоба фи тамйизис саҳоба” китоби).
Шунингдек, саҳобалардан Абу Ноила – Ноиланинг отаси дея куня билан танилган саҳобалар ҳам бўлган. Масалан, Бадр ғазотида қатнашган саҳобалардан – Силкон ибн Салома ал-Ашҳалийнинг ҳам куняси Абу Ноила эди (Абу Нуаймнинг “Маърифатус-саҳоба” китоби).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом одатда номақбул ва шариатга зид исмларни ўзгартирар эди. Масалан, Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал), Ҳарб (уруш) исмини Силм (тинчлик) деб ўзгартирган. Лекин мазкур Ноила исмли саҳобияларнинг исмларини ўзгартиргани маълум эмас.
Шундан келиб чиқиб, қизингизнинг исмини ўзгартиришга ҳожат йўқ. Валлоҳу аълам.
* * *
– Турли мессенжерлар орқали ёзилган саломларга оғзаки алик олиб қўйса кифоями ёки ёзма жавоб юбориш керакми?
– Турли мессенжерлар (“Телеграм”, “Ватсап” ва бошқалар) ҳамда электрон почта ёки SMS хизматлари орқали ёзилган саломларга оғзаки алик олиш вожиб бўлади. Ёзма алик олиб, жавоб қайтариш мустаҳаб саналади. Бу борада Аллома ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Мактуб орқали келган саломга алик олиш вожиб бўлади. Чунки ғойиб кишидан келган мактуб гўёки ёнида турган кишининг оғзаки хитоби кабидир (“Мужтабо” китоби). Одамлар эса бунга бепарводирлар. Шунга кўра айтаманки, мактуб орқали келган саломга оғзаки алик олиш вожиб бўлади, ёзма жавоб қайтариш эмас” (“Раддул-мухтор” китоби).
Шунингдек, “Кувайт фиқҳ энциклопедияси”да ушбу масала тафсилот билан зикр қилинган:
“Шунингдек, бир кишига ғойиб – бошқа жойдаги одамдан мактубга ёзилган салом етиб келса, унга ўқиган заҳоти дарҳол сўз орқали алик олиш вожиб бўлади. Зеро, “Икки саҳиҳ тўплам”да ворид бўлган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаброил фаришта сенга салом айтмоқда” деди. Мен айтдим: “У зотга ҳам Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳолатда саломни етказувчига ҳам “Сизга ва унга ҳам салом бўлсин” каби иборалар билан алик олиш мустаҳаб саналади”.
Бугунги кунда мессенжерлар орқали ёзилган саломларнинг мактубда ёзилган салом билан ҳукми бир хил. Шунга кўра ғойиб одамдан келган салом хоҳ ёзма бўлсин, хоҳ бирор элчи орқали бўлсин, уни қабул қилган кимса дарҳол оғзаки алик олиши вожиб бўлади ва шунинг ўзи кифоя қилади. Лекин ёзма алик олиб, жавоб қайтарса, янада зиёда ажру савобга эга бўлади. Валлоҳу аълам.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Қалтис саволларга нозик жавоблар” суҳбати
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ