“Сирли осмон тоқи” ситоралари – юлдузлар безакми ё белги?


Сақлаш
16:44 / 12.02.2026 16 0

Инсоният қадим замонлардан бери осмондаги юлдузларга қараб илҳом олган, йўл топган ва улардан ўзгача маънолар излаган. Юлдузлар нафақат осмон жисмлари, балки турли маданиятлар, динлар ва санъатда ҳам муқаддас рамз сифатида қадрланган. Улар инсоният онгида орзу, нажот, раҳнамолик, илоҳийлик каби тимсолларга айланган. Кўплаб маданиятларда юлдузлар қоронғуликда йўлни ёритувчи йўлбошчи сифатида йўналиш ва хавфсизликни англатган. Шунингдек, астрологияда юлдузлар инсонларнинг тақдирига ва шахсиятига кучли таъсир кўрсатади, деб ҳисобланган.

 

Кўплаб давлатлар рамзларида, шунингдек, санъат намуналарида юлдузлардан кенг фойдаланилади. Улардан фойдаланиш шунчаки бўлмай, бир қанча маъноларни ҳам акс эттириши билан ажралиб туради.

 

Юлдузлардан энг биринчиси беш қиррали юлдуз. Яна бир номи пентаграмма бўлиб, у 36° бурчак остида чизиқлар билан ҳосил қилинган, бешта тенг масофали нуқталарга эга геометрик шаклдир. Беш қиррали юлдуз қадим замонлардан бери инсониятнинг муҳим диний ва мафкуравий рамзи бўлиб келган. Унинг тасвирлари Фаластиндан Японияга қадар барча илк цивилизациялар пайдо бўлган жойларда топилган.

 

Тарихан бу белги Шумер, Миср давлатларида сеҳрли нарса, тумор – талисман сифатида тушунилган, Қадимги Римда у уруш худоси Марснинг рамзи бўлган, Хитойда у бешта асосий элементнинг: олов, ер, металл, сув ва ёғочнинг ўзаро таъсирини ифодалаган. Франция инқилоби даврида юлдуз инқилобчилар томонидан ёш, янги пайдо бўлган давлатнинг рамзи сифатида ишлатилган, Россия Лапландияси халқи орасида у буғуларни ҳимоя қилувчи универсал тумор ҳисобланган, шунингдек, Подшо Россияси даврида ҳарбий анжомларни, кийимларни безашда ҳам фойдаланилган.

 

1918 йил баҳорида эса Қизил Армия аскарларининг дунёга маълум бўлган ўзига хос нишони “омоч ва болғали беш қиррали юлдузи”га айланган. Фашистик Италияда у Миллий Хавфсизлик Кўнгилли Милициясининг (Қора кўйлаклилар) эмблемасини безаган ва италян аскарларининг ёқа ёрлиқларига тақилган.

 

Беш қиррали юлдуз (пентаграмма) ҳимоя, бирлик, инсон (бош, қўллар, оёқлар) ёки бешта унсурни англатувчи қадимий, кўп қиррали рамздир. Тарихан у рицарлик фазилатларини, Совет анъаналарида бешта қитъа бўйлаб пролетариатнинг бирлигини ифодалаган. Пифагор таъбирича, жуфт сонлар аёллик, тоқ сонлар эса эркаклик деб ҳисобланса беш рақами никоҳни англатади. Беш қиррали юлдузни узлуксиз чизиш орқали эса охир-оқибат бошланғич нуқтага қайтиш мумкинлиги сабабли, у табиат айланишининг рамзи ҳам ҳисобланади.

 

Шундай қилиб, бу юлдуз энг универсал рамзлардан бири ҳисобланади. Чунки, бу юлдуз дунёнинг асосий динлари томонидан ҳурматга эга бўлиб, ўзига хос маъноларни билдиради. Хусусан, христианликда беш қиррали юлдуз Исо Масиҳнинг бешта яраси (унинг бошидаги тиканли тож ва хочга михланиш пайтида қўллари ва оёқларидаги тирноқ яралари)ни англатади. Ислом таълимотида эса унинг асосий беш устунини ифодалайди.

 

Энг машҳур космологик символлардан яна бири олти қиррали ёки иккита учбурчакни бирлашишидан ташкил топган юлдуз ҳисобланади. Баъзи адабиётларда Довуд юлдузи, гексаграм, Маген Давид номлари билан ҳам аталади. Унинг рамзий маънолари ҳақида гап борганда, аввало, яҳудийлик дини ва Исроил давлати кўз ўнгимизга келади. Чунки, олти қиррали юлдуз бу байроқнинг марказидан ўрин олган.

 

 

Олти қиррали юлдуз динлар доирасида турли хил ном олган: Яҳудийлар ва насронийлар орасида “Довуд юлдузи”, ислом маданиятида “Сулаймон муҳри” номи билан машҳурдир. Олти қиррали юлдуздан дастлаб мусулмонлар ва яҳудийлар декоратив ва мистик мақсадларда фойдаланган. Довуд юлдузининг яҳудийлар рамзи сифатида қўлланила бошлаши ХVII асрда Прагага тўғри келади.

 

ХIХ асрда юлдуз Шарқий Европанинг яҳудий жамоалари орасида кенг қўлланила бошланди. 1897 йилда Швейцариянинг Базел шаҳрида ўтказилган биринчи сионистлар конгрессида яҳудийларнинг миллий байроғи учун белги сифатида танланганидан кейин Довуд юлдузи сионизмнинг рамзига айланди. Биринчи жаҳон урушининг охирига келиб, у яҳудий халқи учун халқаро миқёсда қабул қилинган рамзга айланди ва ҳалок бўлган яҳудий аскарларининг қабр тошларида қўлланила бошланди.

 

 

Бу юлдуздан Усмонлилар империяси даврида кўплаб санъат асарларида, ҳатто масжидларда ҳам фойдаланилган. Бу рамз исломда ниҳоятда муҳим ва қадрлидир. Чунончи, Сулаймон пайғамбарнинг муҳрида бу юлдуз тасвирланган. Шунинг учун, бу рамз қадимги турк давлатлари ва Усмонлилар империясида жуда қадрланган.

 

Исломда Сулаймон муҳри сифатида танилган бу юлдуз Сулаймон пайғамбарнинг узугида жойлашган. Сулаймон пайғамбарнинг узуги тепасига ўрнатилган олти қиррали юлдуз пайғамбарга узук орқали дунёни бошқаришга имкон берган.

 

 

Саккиз қиррали юлдуз ёки саккизбурчак турли маданиятларда учрайдиган қадимий ва универсал рамз бўлиб, уйғунлик, мувозанат, яратилиш ва илоҳийликни англатади. Бу рамзнинг ўзига хослиги дунёнинг барча бурчакларига тарқалганлигидир. Саккиз қиррали юлдуз иккита устма-уст қўйилган квадратдан иборат бўлиб, осмон билан ер ўртасидаги боғлиқликни рамзий маънода ифодалайди.

 

Исломда (пайғамбарлар рамзи, жаннатнинг саккизта дарвозаси), православ христианлигида (Байтлаҳм юлдузи, абадият), қадимги маданиятларда (Хитой, Месопотамия) компас сифатида (шамол кўтарилди) учрайди. Бу юлдуз ҳам рамз сифатида универсал ҳисобланади. Қуёш нурлари Ерга саккиз дақиқада етиб келганлиги сабабли, саккиз рақами космик мувозанат сони ҳам ҳисобланади.

 

Саккиз қиррали юлдуз биби Марямнинг юлдузи дея эътироф этилади. Бу рамздаги асосий маъно аёл, илоҳийлик, яратилишдир. Саккиз қиррали юлдуз – абадий ҳаёт маъносида ҳам қўлланилади. Чунки, Православликда 8 рақами келажак асрнинг маъносига эга, чунки Худо дунёни олти кунлик яратганидан кейин ва охирги қиёматгача Раббийнинг еттинчи куни давом этади. Қиёматдан кейин саккизинчи кун – Абадий ҳаёт бўлади.

 

 

Диний манбаларга кўра, Ислом саккизта тамойилга асосланган бўлиб, саккиз қиррали шакл ушбу динда мувозанат, адолат ва тотувлик рамзи ҳисобланади. Саккизта шохнинг ҳар бири иймон, раҳм-шафқат, сабр-тоқат, саховат, эзгулик, донолик, тақво ва фаросат каби маълум бир руҳий сифатни ифодалайди. Бу хислатлар исломнинг амал қилишига асос бўлиб, мусулмонлар ҳаётида мувозанат ва уйғунликни сақлашга ёрдам беради. Жаннатнинг саккизта дарвозаси мавжудлиги орқали саккиз қиррали юлдуз саккизта осмонни рамзий маънода ифодачиси, деб ҳам таъкидланади. Қуръонда араб хаттотлигида бир суранинг охирини белгилаш учун ишлатилади. У ўртасида доира бўлган иккита устма-уст қўйилган квадрат сифатида тасвирланган.

 

Баъзи адабиётларда келтирилишича, саккиз қиррали юлдуз Салжуқийлар тимсоли ҳам ҳисобланади. Умуман олиб қараганда, бу юлдуз кўплаб маданиятларда қўлланилган бўлиб, кўп маъноли рамзлардан саналади.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юлдузлар инсоният тарихида оддий осмон жисмлари сифатида эмас, балки чуқур маънавий, диний ва фалсафий мазмунга эга рамзлар сифатида намоён бўлиб келган. Турли давр ва маданиятларда улар йўл кўрсатувчи, ҳимоя қилувчи, илоҳий куч билан боғловчи белгилар сифатида талқин этилган. Беш, олти ва саккиз қиррали юлдузлар тимсоллари турли динлар ва цивилизацияларда турлича ном ва маъноларга эга бўлса-да, уларни бирлаштириб турувчи умумий жиҳат – инсон ва коинот ўртасидаги уйғунлик ғоясидир.

 

 

Розияжон РЎЗМЕТОВА,

 

Маъмун университети ўқитувчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

12:02 / 12.02.2026 0 16
Олмонча ҳалоллик





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30968
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//