Инсон умри нақадар қисқа, камолот йўли қанчалар йироқ.
Гёте
Бу воқеани водийлик бир дўстим сўзлаб берганди. У ишхонаси касодга учраб, нима қиларини билмай ҳайё-ҳуйт деб Тошкенти азимга кўчиб келади. Ижарага макон излаб юрган пайти “уй бозори”да аллақайси бир “ҳожатбарор зот”га йўлиқиб, қуюқ ваъдаларига лаққа учиб, ресторанда бир неча бор сийлайди. “Ҳожатбарор зот” тўкин зиёфатдан ийиб кетиб, содда дўстимизга яқин орада бузилажак жойлардан бирйўла пропискаси билан уй ваъда қилиб, хизмат ҳақига атиги икки юз доллар закалат сўрайди. Дўстим ва хотинининг паспортларини, айтилган пулни олгач, яна бир бор текин зиёфатни еб, ваъдани қуюқ қилиб хайрлашади. Шу кетганича ғойиб бўлади. Содда дўстимиз икки юз доллар пул, қўшимча харажатга тушиб, дард устига чипқон дегандай паспортларини йўқотиб, чапак чалиб қолади.
Қадимда бир ўғри бўлган экан. Бир кун подшоҳнинг саройини тунашга тушибди. Хазинани ўмармоқчи бўлиб, у ёқ-бу ёққа алангласа, ғира-шира қоронғиликда бир нима ялтираб турганмиш. “Ҳойнаҳой, тилла бўлса керак” деб ўйлаб суюниб, ялаб кўрса... туз экан. “Оббо, ҳай, бўлар иш бўлди” дебди-да, “бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом” деган мақол эсига тушиб, хазинадан қуруқ чиқиб кетган экан. “Ўғри бўл, инсофли бўл” нақли ўша замонлардан қолган бўлса ажабмас. Ҳатто ўғриларда инсоф бўлган экан. Бугун айрим иккиюзламачи, қаллоб, товламачи замондошларимизга дуч келсак, бунақалар қачон ва қаердан пайдо бўлиб қолди экан деган саволлар мияга чақмоқдек урилади. Жўяли жавоб топишга қийналиб, ўйга толасан...
Европанинг Австрия, Германия, Швейцария каби мамлакатларида ижодий сафарда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. 2011 йили Дрезден-Ҳеллерауда чоғимда “Lidl” супермаркетига тез-тез тушиб турардим. Бир куни нон, колбаса ва мева-чева олиб, пулини тўладим-да, кета бошладим. Икки юз метрча юргач, кимдир чақиргандай бўлди. Сотувчи йигит қўли билан ишора қилиб, нимадир дерди. Қайтиб бориб, “нима гап, тинчликми?” деб сўрадим. Шунда у “қайтимингизни унутиб қолдирибсиз” дея бир цент узатди. “Қўяверинг” дедим унга, чақани олишга ўзимча уялиб. “Йўқ, олинг, – узрхоҳлик билан деди у, – бизга бировнинг ҳақи керакмас”...
Худди шунга ўхшаш воқеа Вернетсҳаузен қишлоғида (Швейцария) ҳам бўлганди. 2016 йил, Лоорен таржимонлар уйида ижодий сафарда эдим, Цюрих поездига чиқиш учун Ҳинвилгача автобусда бормоқчи бўлдим. Европада йўловчилар жамоат транспортига олдинги эшикдан чиқиб, ўрта ёки орқа эшикдан тушади. Чиқиб, ҳайдовчига салом бердим-да, йўл ҳақи учун беш франклик танга узатдим. “Касса бузуқ, ишламаяпти” деди у рулни аста бошқараркан. “Ҳай майли, тушаётганда берарман” дедим ўзимга ўзим ва салон ичкарисига ўтдим. Сўнгги бекат – Ҳинвилга етиб боргач, тушаётиб ҳайдовчига яна бояги тангани узатдим, аммо у норози бўлгандек “Сизга айтдим-ку, кассамиз ишламаяпти” дегандан сўнг, “раҳмат” деб тушиб кетавердим. Одамлар ҳам ғалати-я, ахир кассанг ишламаса, киссанг бор-ку, берганни олиб қўявермайсанми, хумпар! Йўқ, уларга ҳам бировнинг ҳақи керак эмас экан...
Олмониянинг шимоли-ғарбида, Шимолий Райн-Вестфалия ўлкасида Штрален деган мўъжазгина шаҳарча бор, уни ўзимиздаги Наманганга ўхшаб, “Blumenstadt” – гуллар шаҳри деб аташади. Жуда чиройли маскан, шаҳарчада турли муассасалар, жумладан, Европа таржимонлар ҳайъати – Халқаро мутаржимлар маркази ҳам жойлашган. У ерга илк бор 2007 йилнинг баҳорида боргандим, кейин яна бир неча марта бориш насиб этди. 2018 йилнинг ёзида (ўшанда Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилганди) Штраленда бўлган яна бир воқеа эсимга тушди.
“Kaufland” супермаркетидан ҳар куни ул-бул харид қилиб турардим. Ўзим яхши кўриб истеъмол қиладиган, Ҳамбургдан келтириладиган мазали оқ нон ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларнинг нархи ёд бўлиб кетганди. Гавжум супермаркетда ўнга яқин кассирнинг қўли-қўлига тегмайди. Бир гал зарур маҳсулотларни харид қилдим-да, пулини тўлаб, чекини олиб кўчага чиқдим. Қайтимни санасам, бир ярим евро камроқ кўринди. Супермаркетга қайтиб бордим. “Кечирасиз, озгина тушунмовчилик бўлганга ўхшайди” дея чек, қайтим ва харидимни кўрсатдим.
“Узр, – деди шунда кассир аёл хушмуомалалик билан, – битта нарсани икки марта босиб юборибман, пулни қайтариб бўлмайди, фалон бўлимга боринг, муаммо ҳал бўлади”. У айтган “Informationsabteilung”га (маълумотлар бўлими) бордим. Қайтим ва харидимни кўрсатдим. Чекка бирров разм солди-да, 1 евро 49 цент (тўртта оқ ноннинг нархи) узатди. Раҳмат айтиб кетаётгандим, “илтимос, бир дақиқа” деб қолди. Селлофан қоғозга бежирим ўралган кўйлакка ўхшаш нарса узатаркан, “овора қилганимиз учун узримиз сифатида арзимас совға, олинг” деди. Мулозаматдан ҳанг-манг бўлиб қолдим.
Ётоғимга келиб очиб кўрсам, футбол бўйича жаҳон чемпионатига атаб машҳур фирма ишлаб чиқарган, чемпионат тасвири туширилган, нархи анча-мунча евро турадиган чарм рюкзак экан... Гап албатта кассир аёлнинг адашганида ё “овора” бўлганимда ёки ўша “арзимас совға”да ҳам эмас. Мен, тўғриси, бундай муомаладан мутаассир бўлдим. Бундай муносабатни, таъбир жоиз бўлса, маданиятнинг, маънавиятнинг гўзал намунаси деб атаган бўлардим.
Ўзим таҳсил олган институтнинг (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети) олмон филологияси факултетида талабаларга дарс бериб юрган йилларим. Германиянинг Тошкентдаги Гёте институти ҳам худди шу факултет биносида жойлашганди. Кечки пайт уйга қайтаётиб Гёте институти раҳбари Фрау Гюнтерни учратиб қолдим. “Ишдан қайтаяпман, такси кутиб турибман”, – деди хоним саломимга алик оларкан.
– Ие, такси дейсизми? – ҳайрон бўлиб сўрадим. – Янглишмасам, хизмат машинангиз бор-ку, шундайми?
– Ҳа, албатта, – жавоб қилди Гюнтер хоним вазминлик билан, – лекин ундан фақат иш пайтида фойдаланаман, ҳозир таксида кетишим керак. Чунки иш вақтим тугади...
Олмонларнинг ҳалол, ростгўй, тежамкор халқ эканини яхши биламиз. Аммо улар ана шу фазилатларни бизнинг ота-боболаримиздан ўрганганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Қадимги герман қабилалари, шунингдек, можор(венгер)ларнинг ҳам бир замонлар бугун сиз билан биз нафас олиб турган мана шу муқаддас заминда яшаганлари, буюк кўчиш даврида ҳозирги ҳудудларига бориб жойлашганлари тарихий манбалардан яхши маълум.
Аждодларимиз ўзганинг ҳақига хиёнат қилмайдиган, кўзи тўқ, сабр-қаноатли бўлишган. Амир Темур бобомиз лашкарлари билан муҳорабадан қайтаётганида бир қишлоқдан ўтаётиб, овул этагида ястаниб ётган, мевалари ғарқ пишиб, яшнаб турган серҳосил боғ устидан чиқиб қолади. Мевалардан жуда татиб кўргиси келади. Шунда соҳибқирон “агар мен ҳозир бир дона олма узиб есам, бу боғдан асар ҳам қолмайди” дея нафсини тийиб, боғнинг бевақт хазон бўлишига йўл қўймасдан йўлида давом этган экан...
Ўтмишда уламолар, мутафаккир ва олимларимиз хизмат вақтлари тугагач, идоранинг шамларини ўчириб, шахсий юмушлари билан ўз шамларини ёқиб машғул бўлгани ҳақидаги ибратли ҳикояларни ўқиганмиз. Одоб-ахлоқ, ибо, ҳаё шу қадар кучли бўлганки, аёллар ҳуда-беҳуда остона ҳатлаб кўчага чиқишга ийманишган, эркаги қазо қилиб кетган ҳовли ё хонадонлар олдига бўш челак чиқариб қўйиш расм бўлган. Кўчадан ўтиб кетаётган қўни-қўшнилар сув тўлдириб, олиб келиб қўйишган.
Узоққа бормайлик, беш-олти ёшли бола пайтларимиз, 1960-йиллари қишлоқларимизда артезиан қудуқлар қурилмаган, катта-ю кичик ҳовуз ва ариқлардан сув ичарди. Ҳеч қанақа касаллик бўлмасди, зилол сувга нонни оқизоқ қилиб, бўктириб ердик. Ариқларга чўп-хас, ахлат супуриш у ёқда турсин, бу ҳақда ўйлаш гуноҳи азим эди.
Дўконлар олдида айрим товарлар очиқ-сочиқ турарди, кимдир харид қилмоқчи бўлса, сотувчи “ташқарида, ўзинг олавер” дерди. Одамларда ўзаро ишонч, бировнинг ҳақидан қўрқиш тушунчаси кучли бўлган.
Энди эса дардимиз пул, аксарият нима қилиб бўлса ҳам пул топишнинг пайида, эрта-ю кеч ўзимизни ўтга-чўққа урамиз, ҳамма нарсамиз бор-у, қаноатимиз йўқ. Бир-биримизни алдашдан тоймаймиз, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат тушунчалари тобора йўқолиб бораётгандек...
Хўш, бунинг сабаби нимада? Ҳалоллик, тўғрилик сингари фазилатларни қадим ота-боболаримиздан ўрганган олмонлар ана шу хислатларни сақлаб қололган экан, бизларга нима бўлаяпти?.. Олмонияда банкка ишингиз тушиб, кассадан пул олсангизу санай бошласангиз, бу ҳақорат ҳисобланади. Сиз уларга ишонмаган бўласиз.
Биз эса санаб олишимиз шарт, чунки бир-биримизга ишонмаймиз. “Пулингизни касса олдида санаб олинг” деган ёзув ҳам бизни огоҳ этиб туради. Олмонтилли мамлакатларда бўлган пайтларим жамоат транспортига кўп чиққанман, етти ёшдан етмиш ёшгача йўловчиларнинг қўлида китоб, мутолаа билан банд. Валақлаб ўтиришга вақти йўқ, билим, тафаккур бор жойда, шубҳасиз, тараққиёт бўлади.
Буюк боболаримиз меросини, тарихимиз, маданиятимиз ва маънавиятимиз сарчашмаларини ўрганиш ўрнига, ҳойу ҳаваслардан ортмай қолдик. Китоб ўқимай қўйдик, иллатларимизнинг туб сабаблари мана шунда деб ўйлайман.
“Ҳар куни қаҳрамон бўлиб яшаш шартмасдир, аммо ҳар куни ҳалол яшаш шарт” деган эди улуғларимиздан бири. Айрим юртдошларимизнинг ўтган аждодларимизга, ота-боболаримизга муносиб ворислар бўлиш ўрнига худбинлик, лоқайдлик, товламачилик каби иллатлар домида эканини қандай ва нима деб изоҳлаш мумкин? Ҳолбуки, заҳматкаш ва меҳнаткаш халқимиз фитратига бундай иллатлар бегона бўлган.
Мирзаали АКБАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ