Тиши бутун одам
Халқимиз ота-онаси ҳаёт бўлган одамни “Фалончининг тиши бутун” дейди. Бу гапни мен ҳам бир неча марта ишлатганман. Шукур, тишимиз бутун деб. Аммо нима учун айнан тишнинг тугаллиги, соғлом экани ота-онага нисбат берилишини билмасдим.
Яқинда жағ тишимнинг ўртаси тешилди. Емак чайнадим дегунча тўғри ўша тишнинг тешигини топиб боради. Ўша жойга зиғирдай нарса кириб қолса ҳам одамни бетоқат қилади. Овқатни бемалол чайнаш ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу ҳам етмагандай, исталган нарсани олиб, мазза қилиб чайнай олмай қолдим. Мўрт бўлиб қолган жағ тишим зирқирайди. Шундан сўнг кемтик тиш қанчалик азоб эканини билдим.
Не тонгки, бу ҳодиса айни отамни мангуга кузатишимдан бир муддат аввал содир бўлди. Аввал тишим, кейин отам кетди. Худо берган яхши кунлардан бирида ишга жўнадим. Йўл-йўлакай тишим кемтигига кириб қолган ушоқни олиш билан андормон эдим. Беихтиёр тиш бутунлиги ҳақидаги ибора ёдимга тушди. Отасиз ўтаётган кунларим ҳақида ўйладим. Тиш ва ота-она орасидаги боғлиқликни топгандай бўлдим. Тиши соғлом одам исталган таомини ҳеч ўйланмай оғзига солади. Шу йўсин ризқини тўлиқ ҳазм қилади. Емак – қувват демак. Тиш бутунлиги шу боис ҳам куч-қудратни, шижоатни билдиради. Қалмоқ алплари Бойчиборнинг туёғига гулмих қоқади. Буни кўрган Барчиной гулмихни тиши билан суғуриб олади. Шу орқали эпос унинг ғанимга нафрати қанчалик кучли эканини ҳам, Бойчиборга меҳрини ҳам, бу иккисини изоҳ этишдаги куч-қудратини ҳам ифодалайди. Эл яна айтади: “Фалончи шунча дардни тиши билан тишлаб, елкаси билан судраб юрибди”.
Дард улкан қопга маҳкамланган. Қопнинг оғзини фалончибой елкаси оша тортиб, тиши билан беркитган. Ана шу изтироб қопини ёлғиз ўзи судраб юрибди. Негаки, унинг тиши маҳкам, дардини ташга чиқармагани билан оғриғини сўзсиз тушунадиган ота-онаси бор. Уларни асраш учун ҳам одам ўша изтироб қопини очиб туриши керак. Бўлмаса, муттасил босим тишга заха етказади. Уни сув олиши мумкин...
Ҳа, элда “тиши сув олган” деган ибора ҳам бор. Агар фалончибой пистончибойга ёқмаса, уни хафа қилса, сўнг пистончибой бирон гапи, ҳаракати билан фалончибойга қарши борса, унинг бу қасд олишини изоҳлаб, “тишининг суви бор” дейдилар.
Тиши сув олган одамлар оғриқ ёмонлигини айтади. Бу дарднинг давоси этни тешиб, сувни чиқариб юбориш экан. Дилдаги ранж, алам, ҳасад ҳам шундай. Фақат ҳасадни духтир эмас, вақт, ҳаёт даволайди. Буни Бойбўри билан Бойсари мисолида ҳам биламиз.
Маслаҳатчилар Бойсари ҳам ўлпон тўласин деди. Бу бойга оғир ботди. “Шунча молим, элим бўлса ҳам қадрим йўқ экан. Тахт барибир акамга берилган, гапи сувни кесар экан!” деди.
Ўртага шайтон оралади. Бойсарининг тиши сув олди. Аразлаб юртни ташлаб кетди. Ўша зардоб, алам қисматнинг синовига ташлади. Унга Қалмоқ юрти эгалари молбоқардай муносабатда бўлди. Бу дарддан қутулиш учун сув тўплаган этни ёриш керак эди. Шу боис Барчиной Алпомишни чақирди. Ҳаёт мажбур қилгач, Бойсари ҳам Алпомишга муштоқлигини билди. Сув тўплаган эт ёрилди. Гина кўтарилди. Одамнинг қўли баланд келди. Ҳасад ўзини ўзи ёқиб, йўқ қилди. Бойсари “Тутоқлашсанг ҳам туташиб ўтир” деган нақл бекорга айтилмаганини билди.
Кенгликнинг тескари ўлчами
“Тутоқлашсанг ҳам туташиб ўтир” дегани жўн ибора. Лекин илдизи мустаҳкам. Тутоқлашиш – ёқалашишдир. Бу билан қариндошлар уришса ҳам туташиб, бир-бирига яқин яшагани маъқул дейди эл. Бойсари шуни билмади. Дунё кенг деди. Ўзим давлат қиламан, қилолмасам акамга ўлпон бергандан кўра бегонага чўри бўламан деди. Бойбўри ҳам шу фикрга шерик бўлди. Укасини олиб қолмади. Дунё кенг, қаерда бўлса ҳам боши омон бўлсин деди. Улар ўша пайтда бундай кенгликнинг тескари ўлчами борлигини билмасди. Шуни ўйлаб бир воқеа эсимга тушди.
Отамнинг икки укаси – Ҳакимхон ва Авазхон акаларим бир қишлоқда яшайди. Уларга бир-бирининг уйи шундоқ кўриниб туради. Ҳакимхон акамнинг уйи икки тепаликнинг ўртаси – сойнинг адоғида. Авазхон акам икки чақирим наридаги кичик тепалик устига уй тиклаган. Ўртадаги икки чақиримлик масофа очиқ майдон. Ҳали телефон йўқ пайтларда икки томон бир-бирини чақириш учун ойна тутарди. Қуёш нурида ялтираётган ойнани кўрган одам унга жавобан ойна кўрсатади. Чақириқ олган томон йўлга тушади. Акамлар болаларига айтади: “Чопиб акангнинг уйига бориб кел, ойна тутаяпти, нима деркан?”. Ёки “Бобонг чақираяпти, билиб кел, тинчликмикан?”.
Ўшанда биз бир қарич жужуқларга бу икки уйнинг ораси бир қадам эди. Ҳатто акамларнинг ўзи ҳам эринмасдан пиёда бориб-келаверарди. Бир куни Аваз акамнинг уйидан нарги томон – Ҳакимхон акамнинг ҳовлисига кўз тикар эканман, ўйладим: “Дунё шунчалар тор бўлганмикан?!”.
Ҳа, ҳозир дунё кенг! У шунчалар кенгки, шаҳарнинг бу бошидан нариги учига арзон ва маззали емак излаб борасану, икки уй орасидаги масофа малол келади – ойна тутиб ўтиргунча ўзи келса бўлмайдими?! Ўртада икки чақиримлик масофа бўлса ҳам тутоқлашиб яшаш мумкин, лекин туташиб бўлмайди... Саратон кунлари бу қишлоқни “олов” забтига олади. Сой ва ҳув ўша тепалик орасида шайтон оғзидан чиққандай гармсел изғийди. Шукур, гармсел ўткинчи... куз келиб, кун тоб ташлайди. Хирмон кўтарганлар тўй бошлайди. Икки акам телефон ойнасида бир-бирини кўриб гаплашади: “Фалончибой тўй бошлабди”. “Чақирган бўлса борамиз, тайёр туринг, мошин билан уйингизга ўтаман”.
Ака-укалар тўйга бориб-қайтгунча хирмон, бозор гурунги авж олади. “Ерёнғоқни фалон сўмдан сўраб юрибди экан, тортишмасдан беркишмас, савдони пишитиб, бериб юбордим, эртага ҳашар”.
Тортишиш таниш сўз. “Беркишиш” эса маҳкам бўлиш, жипслашиш дегани. Савдога нисбатан ишлатиладиган бу нақл биринчи марта Бойбўри билан Бойсарига қарата айтилган бўлса не тонг! Ахир Бойбўри ўлпон тўламайман деб юртдан кетганди. Бу эл-юртга адолатсизлик эканини кейин билган, қайтгач, ўз ихтиёри билан ўлпон тўлаганига шубҳа қилмайман. Илло, дунё адолат устига қурилган. Уни адолатсиз демоқ хато, нафс измига юришдир. Зеро, нафснинг қиёфаси кўп. У қандай кўринишда бўлмасин – бало. Шу боис халқ “Нафсим менинг балодур, ёнган ўтга соладур” дейди. Унинг бир шакли манманлик. Шайтон адолат қаршисида адолатсизлик дея кибрга берилди ва қиёматгача ҳасад ўтида ёнишга маҳкум бўлди.
Дунё адолати
“Минг қўйли бойнинг эшаклига иши тушибди” дейди халқ. Алпомиш минг қўйли бой эди. У бутун бошли мамлакатнинг эгаси бўлган. Камига жисмоний қудратда ҳам, ақл-заковатда ҳам тенгсиз эди. Ана шу Алпомишнинг иши битта эшаги бор Кайқубот деган чўпонга тушди. Чўпон йўқолган эчкисини ахтариб, чоҳ бошига келиб қолди. Алп уни сўроққа тутди: “Кимсан?”.
Чўпон ўзини танитди. Муродини айтди. Алп чоҳга тушиб кетган эчкини ҳазм қилиб бўлган эди. Ана шу эчкининг суягидан чанқовуз қилиб, чўпонга берди. Чўпон унга марҳамат кўрсатди. Чанқовузни сотиб, бозордан нон олиб келди. Алп яна бир чанқовуз бериб айтди: “Бозорга бориб чанқовузни чаласан, ким ясаганини ҳеч кимга айтмайсан”.
Бу чанқовуз Алпомишнинг тили эди. Унинг нағмаси мусофирнинг ноласи бўлди, юракни сел қилди. Шу тариқа Товкаойим Алпомишни топиб келди. Озодлик сари йўл топилди. Бунга бир эчкининг ўлими, чўпоннинг меҳрибонлиги ва алпнинг ҳунари сабаб бўлди. Хуллас, мақолдаги ҳикмат шу, мингта қўйим бор деб керилма, кун келиб битта эшаги бор одамнинг қўлига қараб қолишинг мумкин.
Энди ана шу мақол, эпосдаги ҳолатга боғлиқ яна бир фикр.
Давлат қуши деган гап бор. Кунтуғмиш бор мулкидан – болалари, хотинидан айрилиб, қаландар бўлиб қолади. Ана шунда унинг бошига давлат қуши қўнади. Подшонинг вафотидан сўнг сарой аҳли одатга кўра қуш учиради. У кимнинг бошига қўнса, ўша киши подшо бўлиши керак. Қуш уч марта учирилади. Аммо у ҳар сафар “қаландар”ни танлайди. Шу тариқа Кунтуғмиш подшо бўлади. Йигитнинг моли йўлда. Дунё ҳам йўл. Қаландар қайтиб Кунтуғмиш бўлади. Йўл-йўлакай хотини ва болалари топилади.
Халқда Кунтуғмиш, Алпомиш каби қаландар аҳволига тушиб қолишнинг яхши изоҳи бор. Яъни “Фалончининг давлати кўтарилди” дейди. Бундай гап одатда ўлган одамга нисбатан айтилади. Кимдир ҳаётдан кўз юмгач, унинг оиласи қанчалик бой бўлмасин, моддиятдан қийналиб қолади. Ваҳоланки, оиланинг пул топадиган одами ҳамон тик оёқда, ишлари ҳам яхши бўлиши мумкин. Шундай ҳолатни халқ вафот этган одамнинг исмини айтиб, “Фалончининг дунёси кўтарилди” дея изоҳлайди.
Алпомиш чоҳда ётганида унинг ҳам давлати кўтарилган эди. Шу боис ҳали тахтда ўтирган Бойбўри бирдан давлатидан, тахтидан айрилди, туябоқар бўлиб қолди. Алпомишнинг онаси, синглиси, хотини ва боласи ҳам бошқаларнинг югурдагига айланди. Нега? Чунки Алпомиш нафсига эрк берди, ақли кетди; ақли кетгач, жисмоний қуввати ҳам кесилди. У чоҳга тушди ва ўлган одамдан фарқи қолмади – давлати кўтарилди. Оқибат, ўғли кетаётганда тахт эгаси бўлган Бойбўри кўп ўтмай туябоқар бўлиб қолди. Алп қайтди, давлати ҳам ўзи билан бирга келди. Ултонтоз дунёга эгалик қиламан деб ўйлаганди, адашди. Чунки у бировнинг ҳаққи бошқа бировда қолиб кетмаслиги ҳақидаги ҳикматни билмасди. Ёки назарга илмасди.
Одамнинг табиати шундай. Кўп ҳикматни назарга илавермайди. Оқибат ўзини бахтсиз ҳисоблайди. Ўша бахтсиз ҳолида бахтиёр эканини ҳам билмайди-да. Ултонтоз мол боқиб юрганида бахтли эди. Ёнида онаси бор эди. Кўрган, билган Алпомишнинг бўласи дер эди. Алпомишнинг бедарак кетиши Ултонтоз учун бахт синови бўлди. У буни удда қила олмади. Бундай синовдан ўтганлар алп бўлишини эпос бот-бот такрорлайди.
Синовнинг дови
Қоражон тиши кемтик қаҳрамон. Унинг онаси бор, отаси айтилмайди, йўқ ҳисобда. У яхши билан ёмонни фарқлайди. Қалмоқнинг саксон тўққиз алпида эса фақат жисмоний қувват бор. Ҳаёт – синов майдони. Унга келган борки, синовдан ўтади. Унда бошни тик тутиб ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ултонтознинг синови Алпомишнинг бедарак кетиши эди. У Бойбўрига ўғлидай хизмат қилганида иззат топарди. Аммо Ултонтоз бу синовга дош бера олмади. Ўткинчи дунёнинг молига ёпишди. Охири хор бўлди. Қалмоқнинг саксон тўққиз алпи ҳам Алпомиш орқали синалди. Улар ғирром йўлни танлади. Бойчиборнинг оёғига гулмих қоқди. Алпомишни маст қилиб, чоҳга ташлади. Ҳакимбекнинг синови эса ўша чоҳ бўлди. Муддао шуки, ким қайси йўлни танламасин, бари ўтди-ю кетди. Ахир донишманд эл бекорга дунёни бозор демаган. У қанча қизиқ бўлмасин, икки газ матони елкага ташлаб кетиш бор. Гап ўша матогача қандай етиб келишда...
Онам гўдаклигида Ҳақнинг ҳузурига кетган опа ва акамни эслаганида “Уларни тушимда кўргандай бўлдим” деган эди. Кейин укам ҳам Ҳақнинг ҳузурига кетди. Бунга ҳам сал демаса йигирма йил бўлди. Ҳозир ўтган умримга боқиб, уни ҳам тушимда кўргандай бўламан. Ҳа, дунё узоқ кўрилган тушга ўхшайди. Буни Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам айтган: “Дунё ҳаёти тушга ўхшайди. Дунёда мол-дунё эгаси бўлиш тушда хазина топгандай гап. Дунёнинг моли наслдан наслга ўтиб, дунёда қолиб кетади”.
Ана шу тушни тўғри таъбир қила олиш – алпларга берилган синовдан мардона ўтиш демак. Қоражон ҳам тушини тўғри таъбир қилди. Ҳакимбек Қалмоқ юртига келаётганда бир жойда дам олади. Шу кеча Алпомиш, Барчиной ва Қоражон бир вақтда туш кўради. Аввалги иккисининг туши яхшиликдан сўзларди. Улар дийдор яқинлигини кўради. Аммо Қоражон ўрнидан калима айтиб туради. Буни кўрган бир кам тўқсон алп “от торт”, яъни “от миниб айланиб кел, кўнгил чигили ёзилади” деб маслаҳат беради.
Кўринадики, Қалмоқ юртнинг келажаги тўқсон алпнинг ичидан фақат Қоражонга аён бўлади. Сабаби, Қоражон бошқа алплардан фарқли ўлароқ, ўзлигини сақлаб қолган, ҳақиқий алплик мақомига яқин эди.
Ҳали кўнглидаги ғашлик тарқамаган Қоражон Ҳакимбекка дуч келади. Қоражон Алпомишни танийди ва бирдан унга дўст эканини билади. Демак, Қоражоннинг тушига Алпомиш Қалмоқ юртига эгалик қилиши кирган. Айни дам унга ҳақ йўлида бўлган Ҳакимбек билан дўст тутиниш айтилган (буюрилган) деб тахмин қилиш мумкин. Кўринадики, тақдирнинг ўзи Қоражонни емирилиб бораётган жамият – қалмоқлардан узоқлашиб, ўзлигини сақлаб қолиш учун қўнғирот элига қўшилишга мажбур эканини кўрсатган. Буни филология фанлари доктори Шомирза Турдимов “Этнос ва эпос” китобида жуда чиройли тушунтириб берган.
Достон сўнгида Қоражон Ҳакимбек билан кўришади. Достоннинг мен биладиган вариантида у ҳақида бошқа маълумот берилмайди. Хўш, унинг кейинги тақдири нима бўлди? Назаримда, Қоражон бир муддат ўтиб Қалмоқ юртига қайтган. Шунга ишонгим келади. Қоражон кўрган туш ҳам шунга ишора қилган бўлса ажаб эмас. Шундай ўйлар бизни яна Қоражон ҳақида мулоҳаза қилишга ундайди. Агар бахши “Қоражон” деган достон айтганида уни Алпомишнинг қайтишидан бошларди. Қоражон тишига заха етгани, онасидан ҳам айрилиб, чин етим бўлиб қолганини кўнглининг бир чеккасидан ўтказарди. Бундай ўй ҳар қандай алпнинг ҳам тишини сув олдиради. Шунда Қоражон ўйлайди: “Бу дўст бўлса, элимга қаердаги чўпонни бош қилармиди? Мендайин ошнасини, Қалмоқнинг энг яхши алпини тахтга тайин этмасмиди?”.
Шу тариқа Қоражоннинг тишини сув оларди... Лекин бахшиларда бундай достон йўқ. Менга ўхшаган бирон хаёлпараст шундай достонни тўқиб чиқарган бўлса ҳам оммалашмаган. Нега? Чунки Қоражон дўст эди. Уни эл дўст деб таниди. Шундай қабул қилди. Эл айтади: “Туғишганмас, топишган яқин”.
Қоражон туғишган акалари қолиб Алпомиш билан топишди. Уларни яхшилик, тушнинг тўғри таъбир қилиниши топиштирди. Энди биз ўтган-қайтганни қанчалик тафтиш қилмайлик, уларнинг тишини сув олмайди.
Бобо РАВШАН
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Тиш билан туш ораси” мақоласи
Тарих
Тарих
Тарих
Тил
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ