Шахмат ақлий спорт турлари ичида энг кенг оммалашгани ва нуфузлисидир. Бугунги кунда шахмат билан шуғулланмаган ёки ҳеч бўлмаса бир марта ўйнаб кўрмаган кишини топиш қийин. Дарҳақиқат, шахмат инсон ақлини чархловчи, мантиқий тафаккур қилишга ва воқеликни креатив англашга ўргатадиган интеллектуал ўйиндир.
Шу пайтгача мутахассислар томонидан шахматнинг ҳинд, византия, форс, хитой, япон ва бошқа кўплаб вариантлари тилга олинади. Ҳиндларда шахмат чатуранга, японларда сёги, хитойда сянгхи, форсларда шоҳмот ёки чатранг, арабларда шатранж деб аталган. Аммо туркий халқларнинг шахматлари ҳақида етарлича маълумот топиш қийин. Хусусан, олтойларда шатра, хакасларда тўбит, туваларда шидира, якут (саха)ларда олонхо, мўғулларда хиашатар, қалмиқларда шатр каби шахмат вариантлари сақлангани ҳақида эса кўпчилик билмаса керак. Қуйида олтойларнинг шатраси ҳақида гаплашамиз.
Аввало шахмат тарихи ҳақида сўз юритсак. Шахмат турлари орасида ҳиндларнинг чатурангаси энг қадимийси деб топилган ва унинг тарихи VII асрга бориб тақалади. Сёги ҳақида илк маълумотлар VIII асрга тегишли. Форсларда чатранг VIII асрда сосонийлар шоҳи Хусрав I Ануширвон даврида оммалашган ва шоҳмот (шоҳ ўлди) деб атала бошлаган. Манбаларда, хусусан европалик мутахассисларнинг асарларида ҳам арабларнинг шахматни форслардан ўзлаштиргани айтилган.
Энг қизиғи, ҳеч бир манбада туркийлар шахмати ҳақида маълумот йўқ. Мени доим шу фикрлар қийнаган. Туркийлар шахмат ўйнамаганми? Ахир, бутун тарихи жангу жадаллар ичида ўтган халқ жанг стратегияси ва тактикаси учун зарур бўлган ўйинни ўрганмаслиги мумкинми? Бу саволларга жавоб топиш учун доим манбалардан туркийларнинг шахмати ҳақида маълумотларни изладим.
Биринчи бор мени қизиқтирган маълумот шу бўлганки, шахматнинг ватани Ҳиндистон эмас, Ўзбекистон, аниқроғи Сурхондарё бўлган экан. 1972 йили Далварзинтепадан I–II асрларга оид шахмат доналари топилган ва бу шуни кўрсатадики, Ҳиндистондан 5-6 аср олдин Ўзбекистонда шахмат бўлган.
Фил ва буқа тасвирланган шахмат доналари. Далварзин, 1972 й.
Таассуфки, на илмий манбаларда, на энциклопедияларда бу ҳақда маълумот берилган. Ваҳоланки, I–II асрларда Сурхондарёда Кушонлар ҳукмронлик қилган бўлиб, улар асл кўчманчи бўлишган, қолаверса бу даврда Сурхон воҳасига қанглиларнинг ҳам таъсири катта бўлган.
Шахмат доналари Афросиёб харобаларидан ҳам топилган бўлиб, улар VII–VIII асрларга тегишлидир. Афросиёб шахмат доналари бошқа топилмалардан фарқли ўлароқ деярли тўлиқ сақланган. Шунингдек, унда жанг араваси ва арслон образидаги тошлар ҳам сақланган. Қизиқарли жиҳати, худди шундай тошлар туваликларнинг шидирасида ҳам бор.
Шахмат доналари туркийлар яшайдиган турли ҳудудлар, хусусан Олтой, Марказий Осиё, Кавказ ерларидан ҳам топилган. Ва уларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, ислом етиб борган ерларда шахмат фигураларининг образлари сийқалашиб борган ва улардан имкон қадар инсон ва ҳайвонлар қиёфаси йўқотилган. Шунинг учун ислом кириб бормаган ҳудудларда образлилик яхшироқ сақланган.
Олтой шахмати ҳам ўзида образлиликни сақлаб қолган ва “шатра” деб аталади. Шатра – олтойликларнинг миллий ўйини ҳисобланиб, у иштирокчидан кучли фикрлаш ва мантиқий ечимлар топишни талаб қилади. Бу ўйин Олтой халқларида қадим даврлардан ўйнаб келинган. Кўпгина халқ афсона ва эртакларида шатра ҳақида маълумотлар сақланган. Мисол учун, “Қўзин Эркеш” достонида қуйидаги мисралар бор:
|
Жажыл тозрко чиби бўриле Кеен жараш жанаш эткен Қўзын-Эркеш баатыр ла Байым-Суур– кеен қыс Шатра ойноп, жыпган отурды. |
Қарағайнинг ипакдек майин, яшил бутоғидан Кунг ва чиройли ўтов тиккан Қўзин Эркаш ва сулув қиз Байимсуур Шатра ўйнаб, қувнаб ўтирарди. |
Бундан кўринадики, эркаклар ҳам, аёллар ҳам, хусусан сарой хонимлари ҳам ўйнаган. Улар болаларига ўргатган. Натижада, шахмат кенг оммалашиб борган ва миллий ўйин даражасига кўтарилган.
Олтойлик олимларнинг таъкидлашича, йигитларга уч сифати: ботирлиги, дўмбира чалиб достон айтиши ва шатрани қандай ўйнашига қараб баҳо берилган. Шунинг учун йигитлар нафақат жанг майдонларида, балки шатра тахтаси устида ҳам беллашишган. Қизларга эса чеварлиги, уй-рўзғор тутиши ва шатрани қандай ўйнашига қараб баҳо берилган.
Шатра жанг санъатини ўрганиш учун муҳим восита саналган. Шунинг учун уни оқсуяк хонлар, бийлар, жангчи ботирлар жиддий ёндашиб ўйнашган. Саройларда шатра бўйича беллашувлар ташкил қилинган. Хонларнинг буйруқчи (вазир)лари кўпинча шатра усталаридан тайинланган.
Шатранинг тарихи анча олдиндан бошланса-да, у ҳақда илк ёзма маълумотлар ХIХ асрга тегишли. В.Вербитский ўзининг 1884 йили чоп этилган “Туркий тилларнинг аладаг лаҳжаси луғати”да “Шатраа ойно” – “шахмат ўйнаш” деган иборани ишлатган.
Олтой Чор Россияси таркибига киргандан кейин шатра деярли унутилиб кетган. ХХ асрда классик шахматнинг кириб келиши эса шатрани четга чиқариб қўяди. 1960 йили Тоғли Олтой Тарих, тил ва адабиёт илмий-текшириш институтининг илмий журналида С.Й.Пахаевнинг шатранинг тавсифи берилган мақоласи эълон қилинади. С.Пахаев ушбу мақолани ёзиш учун мақсадли изланишлар олиб боради ва шатрани унутмаган чолларни топиб уларнинг ўйинларини кузатади. Қўшоғочлик Сур Таханов ва Никита Параевларнинг ўйинини кузатиб, шу орқали ўйиннинг тўлиқ тавсифини беради ва тартибини ишлаб чиқади. Шундан сўнг 1970-йилларда Тоғли Олтой Тарих, тил ва адабиёт илмий-текшириш институти мутахассислари томонидан тавсиф қайта ишлаб чиқилиб, “Олтойдинг чолмони” (Олтой чўлпони) газетасида бу ўйин тартиби билан эълон қилинган.
60–70-йилларда шатра бўйича мусобақалар йўлга қўйилади, ва ниҳоят Олтой жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг қарори билан шатра бўйича чемпионат ўтказилади. Тоғли Олтой педагогика институти талабалари А.Набитов ва Н.Никитинлар ҳамда ўқувчилар орасида Н.Селекова ва Н.Лучкин шатра бўйича биринчи чемпионликни қўлга киритишади.
Шундан кейин шатра Олтой ва Сибирдаги туркий эллар орасида тез оммалаша бошлайди. Ўйин қоидалари Й.П.Малков, О.Р.Арбинов, Б.В.Кортин, А.А.Селбиков, Н.Сорочайкин, А.Ф.Данов, В.Л.Таушқанов каби мутахассислар ва шатрачилар иштирокида қайта-қайта кўриб чиқилиб, ўзгартиришлар киритилади. Шатранинг кенг оммалашувида айниқса В.Л.Таушқанов кўп жон куйдиради. У РСФСРнинг “Шатра кодекси”ни ишлаб чиқиб, Россия жисмоний тарбия ва спорт қўмитасидан тасдиқдан ўтказади ва шу тариқа шатра бутунроссия ўйинига айланади.
1991 йилдан кейин Олтой Республикаси ташкил этилгач, шатра янада кенг оммалаша бошлайди. Ҳар йили шатра бўйича чемпионат, халқаро турнирлар ва бошқа мусобақалар ўтказиб келинади. 1988 йилдан шатра “Эл ўйинлари” минтақалараро фестивал дастуридан ўрин олган.
Ўйин тартиби
Шатра ўзига хос тахтада ўйналади ва ўйин тартибига кўра унда ҳам шахмат, ҳам шашка ўйинининг элементларини кўриш мумкин. Шатра тахтаси олтмиш иккита оқ ва қора катаклардан иборат бўлиб, уч бўлакка бўлинади. Бошқа шахмат вариантларидан фарқли ўлароқ шатрада 62 катакнинг ҳаммаси рақамланади. Тахтанинг 11–52 рақамлари билан белгиланган қисми маркази ёки жанг майдони, икки четдаги 1–9 ҳамда 54–62 рақамлари билан белгиланган қисми рақибларнинг платсдарми бўлиб, улар Оқ қалъа ва Қора қалъа деб номланади. 10 ва 53-катаклар қалъаларнинг дарвозалари ҳисобланади. Бунда 25–31 ва 32–38-катакларда жойлашган қисм горизонтал ўралар, 2–61-катаклар орасидаги катаклар катта йўл, 1–3 ва 60–62-катаклар шатранинг бошқа фигураларга алмашинуви жойи ҳисобланади.
Шатрада фигуралар соф туркий номлар билан номланади: бий, ботир, тўра, ёлқин, шатра.
“Бий” битта дона бўлиб, номи бошқа туркий халқларнинг шахмат версияларида “хан” ёки “нўён” шаклида ҳам келади ва у ўйиндаги энг асосий фигура – шоҳ ўрнида ўйнайди. Бий тахтада 10 ва 53-катакда, яъни дарвозада туриб ўйинни бошлайди. Бий худди шоҳ каби ҳар қандай томонга ва фақат бир катакка силжий олади. Ҳамма томондаги тошларни юта олади ва ютмаслиги ҳам мумкин. Аммо бийга тош ютиш учун берилса-ю, рақибнинг бошқа юриш йўли бўлмаса бий ортга чекинишга мажбур бўлади. Тошларни кетма-кет ютиш процессини ортда туриб тўхтатиши мумкин. Қалъадан ўз майдонининг хоҳлаган жойига, рақиб қалъасидан рақиб майдонининг хоҳлаган жойига кўчиб ўтиши мумкин. Бий қанча ўйнаса ҳам ўз қалъасига қайтиб кира олади.
Бийнинг ютилиши ёки юриш йўлининг тугаши ўйиннинг тугаши ҳисобланади. Шатрада “пот” тушунчаси йўқ.
“Ботир” битта дона бўлиб, у классик шахматдаги фарзин каби ҳаракатланади ва тахтада 2 ва 62-катакларда, яъни қалъанинг охирги қатори ўртасида жойлашади. Ютаётганда эса худди шашканинг дамкаси каби ютади. Ўйин вақти ботир қалъадан жанг майдонидаги ўз қисмида хоҳлаган жойга кўчиб ўтиши мумкин. Рақиб қалъасида турганда эса фақат рақиб майдонининг хоҳлаган жойига кўча олади.
“Ёлқин”лар икки дона бўлиб, худди фил каби диагонал бўйлаб ҳаракатланади. Тахтада 1, 3 ҳамда 54, 56-катаклардан ўйинга киради. Шатрада оқ ёлқин ёки қора ёлқин тушунчаси йўқ. Уни қалъадан олиб майдонга жойлашда қайси рангдаги катакка қўйишни ўйинчи белгилайди.
“Тўра”лар икки дона бўлиб, унинг номи ўзбек шахматида сақланиб қолган ягона туркий номдир. Тўралар тахтада 5, 8 ҳамда 55, 58-катакларда жойлашади. Ўйинда у ҳам худди фарзин каби ҳаракатланади. Тўранинг устунлиги қалъадан қалъага тўғри ҳужум қилиши ҳам мумкин.
“Шатра”лар оддий аскар саналади ва уни олтойлар “жуучилдар”, яъни жангчилар деб ҳам атайди. Уларнинг сони 11 та бўлиб, тахтада еттитаси олдинги қаторда саф бўлиб жойлашади. Қолган 4 таси эса қалъадаги 4, 6, 7, 9 ҳамда рақиб томонда 57, 59, 60, 62-катакларда жойлашади. Шатралар ўйинда дастлаб худди классик шахматнинг пиёдаси каби олдинга фақат бир катак, биринчи юришда эса икки катак силжий олади. Ўртадаги ўрага етса диагонал бўйлаб, ундан ўтиб олгач эса ўнг ёки чапга ҳаракатланиши ҳам мумкин бўлади. Шатра орқага қайтиб юра олмайди.
Шатра рақиб тошларини ютиб олишни шашкадаги каби унинг устидан ошиб ўтиш орқали амалга оширади. У ораси очиқ турган фигураларни кетма-кетликда юта олади, аммо бир ютилган тош устидан иккинчи бор сакраб ўтолмайди. Шунинг учун, тошлар ютилганда жараён тўлиқ тугагунча тошлар тахтадан олинмайди.
Қалъада захирада турган шатралар керак бўлганда майдондаги ўз томонининг хоҳлаган жойига чиқарилиши мумкин. Рақиб қалъасига кириб борган шатра ҳам захира тошига айланади ва у ҳам рақиб томондаги хоҳлаган катакка қайтиб жойлашиши мумкин. Аммо қалъадан чиққан шатра қалъага қайтиб кира олмайди. Гарчи тошларни ютиш ўша томонга қараб давом этса ҳам бу мумкин бўлмайди, аммо қалъада рақиб тошлари бутунлай қолмаса ўз қалъасига кириши мумкин бўлади. Рақиб қалъасига кира олган шатралар энг сўнгги қаторга ета олса ўйиндан чиққан ботирга ёки бошқа исталган тошга айланади. Агар ҳеч бир фигура ютилмаган бўлса, биронтаси ютилгунча кутилади.
“От”. Шатрада от иштирок этмайди. Бу тушунарсиз ҳолат бўлиб, жангни отларсиз тасаввур қила олмайдиган туркийларнинг шахматида отнинг йўқлиги ажабланарли ҳолат. Бу борада шахмат тарихчилари шатрада аввал от бўлганлигига иттифоқ қилишган ва қалъадаги тўртта пиёданинг иккитаси ўрнида от жойлашган бўлиши мумкин.
Шатра ўйини мазмунан шашка ва шахматнинг синтезига ўхшайди. Шу сабабли унда содда ва мураккаб ўйин турлари мавжуд.
Содда шатрада Бий, Ботир ва 23 шатралар иштирок этади. Бу ўйинни оддий шашка тошлари билан ҳам ўйнаш мумкин. Фақат бунда бийни дамка ҳолатида тўнкариб қўйса кифоя қилади.
Мураккаб шатрада битта бий, битта ботир, иккита тўра, иккита ёлқин ва ўн битта шатра иштирок этади.
Мураккаб шатрани ўрганиб олиш анча қийин, аммо жуда қизиқарли кечади.
Шатрада энг катта эътибор мудофаага қаратилади. Шунинг учун ҳамма кучларни бийнинг олдига яқин жойда тўплаш яхши натижа беради. Бий қўлдан кетса мағлубият ёзилишини инобатга олган ҳолда уни дарвозада – қалъада сақлаш керак бўлади. Агар дарвозада турганда унга етиш учун тош берилса, у майдон томонга кўчади, натижада уюштирилган ҳужумга дуч бўлади ва бу унга хавф келтириши мумкин. Шунинг учун бий дарвозада турганда уни шатралар ҳимоя қилиши керак. Шунда ҳам хавф туғилса очиқ майдонга чиқиши керак бўлади.
Яна бир эътиборли жиҳат, рақибнинг шатралари қатор бўлиб турганда бий у ерга яқинлашмаслиги керак. Чунки саф турган шатралар ортга чекинолмайди ва бунда фақатгина бийга қийин бўлиши мумкин. Бий майдонга чиққанда эса қолган фигуралар қалъани қўриқлаш учун ичкарида қолиши керак. Яна бир эҳтиёт: душман шатраларининг қалъа охиригача кириб ботирга айланишидан сақланиш керак. Чунки бу ҳолатда рақиб тўлиқ устунликни қўлга олади ва мағлубият аниқ кўриниб қолади. Чунки очиқ майдонда Бийни қўлга олиш учун бир ботир ва бий кифоя қилади.
Олтойларнинг шатраси ўзбеклар учун янгилик саналади. Бу янгилик биз учун керакми? Албатта, керак!
Биринчидан, форсий ёки ўрисча ном билан атайдиганимиз шахмат тошлари ўрнида туркий номларни кўришнинг ўзи қалбимизда шатрага нисбатан руҳий яқинлик уйғотади.
Иккинчидан, шатра сўзи яна бир янгилик. Шахсан мен то Олтой билан қизиққунимча “шотир” сўзининг маъносини билмаганман. Жангларда жангчилар ботирлар ва шотирларга бўлинишини шу ўйинда кўрдим. Ўзбек тилида шотир хизматкор, югурдак, жиловбардор маъноларида қўлланиб келиши эса мантиқан нотўғри бўлиши мумкин.
Учинчидан, шатра сўзи чатуранга, чатранг, шатранж каби сўзларнинг ўзгарган шакли бўлиши ҳам мумкин. Аммо, назарий жиҳатдан олинса, бу сўз туркийдан бошқа тилларга ўтган бўлиши эҳтимоли каттароқ.
Умуман олганда эса, туркий халқларда бошқа шахмат турларидан шаклан ва мазмунан фарқланувчи шахмат сақланиб қолганлигининг ўзи бори туркий эл учун қувонарлидир. Инчунин, мен айнан шу ўйинда ҳақиқий жанг майдонини, бийларнинг стратегиясини ҳис қилдим. Тўғри, классик шахмат ҳар томонлама мукаммал, мантиқий ечими ҳам тугал. Аммо унда бизнинг саркарда боболаримиз руҳи сезилмайди.
Олтойда ҳар икки йилда бир марта “Эл ўйинлари” этнофестивали ўтказилади. Унда турли ёш категорияларидаги шатрачилар беллашишади. “Эл ўйинлари”даги энг муҳим жиҳат шундаки, иштирокчилар ҳам, томошабинлар ҳам ўйинга доим жиддий ёндашишади. Энг катта эътибор эса болаларнинг ўйинига қаратилади. Чунки янги авлодда ушбу миллий спорт турига муҳаббат уйғотиш қанчалик муҳим эканини олтойликлар жуда яхши билишади.
Умуман олганда, Олтойда шатра ўйини оддий ўйин эмас, балки миллий қадрият сифатида қабул қилинади ва эъзозланади.
Анвар БЎРОНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
“Маърифат” газетфси 2024 йил 20 ноябрь, № 47(9528)-сон.
“Туркий шахмат: Олтой шатраси” мақоласи
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тил
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ