Ўзбекистон тарихида давлат раҳбаридан кейинги ўринда турувчи, унга турли соҳаларда ёрдам берувчи амалдорлар турли даврларда қўшбеги, девонбеги ва мингбоши каби номлар билан аталган. 1924 йилда Ўзбекистон жумҳурияти (республикаси) тузилгач, ушбу мансаб расман Халқ комиссарлар/Вазирлар кенгаши раиси ёхуд Бош вазир деб атала бошланди ҳамда мамлакат ҳукуматини бошқарди. Кейинги бир асрда ўнлаб инсонлар ушбу лавозимда меҳнат қилди ва давлат тараққиётига, жамият ҳаётига сезиларли таъсир ўтказди. Хўш, улар кимлар эди?
Асосчи ва илк Бош вазир
Тўрт йил мавжуд бўлган Бухоро ва Хоразм халқ шўро жумҳуриятлари 1924 йилда Туркистон АССР билан биргаликда Ўзбекистон ижтимоий шўро жумҳуриятига бирлашди. Ушбу янги давлат тузилишида атоқли ўзбек сиёсатчиси Файзулла Хўжаев катта ишларни амалга оширади. У республиканинг миллий-ҳудудий чегараланишида муҳим роль ўйнайди.
Ва янги жумҳуриятнинг илк Халқ комиссарлари совети (ХКС) раиси (яъни, Бош вазири) этиб айнан Хўжаев сайланади. У бу лавозимда амалда республика раҳбари вазифасини ҳам бажаради. Буни Бутуниттифоқ Марказий Ижроия қўмитаси(МИҚ)га Ўзбекистондан аъзо этиб, Ўзбекистон МИҚ раиси Йўлдош Охунбобоев эмас, Хўжаев тайинлангани ҳам тасдиқлайди.
Файзулла Хўжаев
Файзулла Хўжаевнинг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрни ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Миллий қадриятларга анча содиқ бўлган ва шу сабаб 1937 йилда қатағон қилинган Хўжаев, Ўзбекистон ташкил топган илк йилларда республикани оёққа турғазиш учун катта хизматларни амалга оширади. Унинг даврида янги суғориш тизимлари қурилади, минглаб мактаблар ва олийгоҳлар очилади. Миллий кадрлар тизими шакллантирилади.
Бироқ, мамлакати ва халқи учун чин дилдан меҳнат қилган ушбу Бош вазир ҳаракатлари Москвадагиларга, табиийки, ёқмайди. Натижада 1937-1938 йиллардаги Сталиннинг қонли қатағонлари доирасида кўплаб ўзбек жадидлар каби Файзулла Хўжаев ҳам қамоққа олиниб, отиб ташланади. Шу тариқа, Ўзбекистон жумҳуриятининг биринчи Бош вазири тақдири аянчли якун топади.
Файзулла Хўжаев Ўзбекистон Бош вазири лавозимида 1924-1937 йилларда, яъни 14 йил ишлади.
Икки қисқа муддатли «қўшбеги»
Хўжаевдан кейин унинг лавозимига муносиб номзод топиш масаласи кун тартибига чиқади. 1937 йил июнь ойида Ўзбекистон Халқ комиссарлари совети раиси этиб Абдулла Каримов тайинланади. Бироқ шу йилнинг октабр ойида у ҳам ишдан бўшатилиб, қамоққа олинади.
Абдулла Каримов ўрнини Султон Сегизбоев эгаллайди. Сегизбоевнинг «қўшбегилик» даври қатағонлар энг авжига чиққан пайтга тўғри келади. У кўплаб ўзбекистонликларнинг қатағон рўйхатига қўшилишида иштирок этади. Тез орада янги ХКС раисининг ўзи ҳам ўтмишдошлари каби қатағон қурбони бўлади. 1938 йил июль ойида ишдан ҳайдалган Сегизбоев шу йилнинг ўзидаёқ ҳибсга олиниб, отиб ташланади.
Уруш даври бош вазири
1938 июль ойида Ўзбекистон ХКС раиси этиб Бухоро вилояти Компартияси Биринчи котиби Абдужаббор Абдураҳмонов тайинланади. Абдураҳмонов бир қанча йил қуйи партия ташкилотларида ишлаган, тажрибали сиёсатчи эди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Абдураҳмонов зиммасига катта вазифалар юклатилади. У СССР Давлат мудофаа қўмитаси аъзолигига сайланади ва СССР Олий қўмондонлиги Ставкаси(бошқаруви) таркибига киради.
СССР Олий совети раиси Калининдан мукофот олаётган Абдураҳмонов
Абдураҳмонов уруш йилларида Бош вазир сифатида барча вазирликлар фаолиятини мувофиқлаштиради, кўчириб келтирилган заводлар ҳамда болаларни жойлаштиришда бош-қош бўлади. Ўзбекистондан фронтга таъминот барқарор давом этишини назорат этади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Абдураҳмонов даврида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги саноати деярли тўлиқ пахтага боғланиб қолади.
1946 йил СССРда маъмурий ислоҳот ўтказилиб, Халқ Комиссарлари совети Министрлар (Вазирлар) советига айлантирилади. Абдураҳмонов янги тузилмада ҳам раҳбарликни давом эттиради.
Абдужаббор Абдураҳмонов СССР юқори доираларида ардоқланган. Москва унинг фидойи хизматларини юксак баҳолаган. Бироқ 1950 йиллардаги кадрлар янгиланиши доирасида у Ўзбекистон Вазирлар совети раислигидан бўшатилиб, Бутуниттифоқ Совхозлар вазири ўринбосари этиб тайинланган.
Ўзбекистон ҳукумати биноси. 1950 йиллар
Шундай қилиб, Абдураҳмонов Ўзбекистон бош вазири лавозимида 12 йил (1938-1950) ишлайди.
«Бош вазирлар ўйини»
Абдураҳмоновдан кейин бир муддат Ўзбекистон Бош вазирлари, республика Биринчи котиблари каби тез-тез алмашади.
Хусусан, 1950-1951 йилларда ушбу мансабни, илгари Бухоро, Тошкент ва Андижон вилоятлари Биринчи котиби (ҳокими) бўлган Абдураззоқ Мавлонов эгаллаб туради.
Ундан сўнг Нуриддин Муҳиддиновнинг икки марталик бош вазирлиги бошланади. 1951 йилдан Ўзбекистон ҳукуматини бошқарган Муҳиддинов ўзбек зиёлиларини иккинчи қатағон тўлқинидан ҳимоя қилишга уринади. Натижада 1953 йилда у Бош вазир ўринбосари лавозимига туширилади. Унинг ўрнини Москвадан қайтган Усмон Юсупов банд қилади.
Нуриддин Муҳиддинов (ўнгдан биринчи) Миср етакчиси Жамол Абдул Носир билан
Юсупов ҳам бир йиллик фаолиятдан кейин (1953-1954) Бош вазирликни тарк этади ва Нуриддин Муҳиддинов яна Вазирлар совети раиси (Бош вазир) бўлади.
Бироқ Муҳиддинов ҳам бир йил ўтиб, Марказий қўмитанинг Биринчи котиблигига сайланади ва Бош вазирликдан кетади.
1955 йилдан Ўзбекистон Вазирлар советини Собир Камолов бошқара бошлайди. Собир Камолов Бош вазирлик давридаёқ кадрлар тизимида дадил «маҳаллийлаштириш» сиёсатини олиб боради. Вазирликларда маҳаллий аҳоли вакиллари сони ортади.
Орадан икки йил ўтгач, у ҳам ўтмишдоши Муҳиддинов каби Бош вазирликдан Биринчи котибликка ўтиб кетади. 1957 йилда Ўзбекистон Вазирлар совети раиси этиб Мансур Мирзоаҳмедов тайинланади.
Собир Камолов
Мирзоаҳмедов икки йиллик бош вазирликдан кейин, 1959 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари даражасига туширилади. Унинг ўрнига Ориф Алимов келади.
Алимов ҳам ўзидан олдинги ҳамкасблари сингари икки йил (1959-1961 йилларда) Бош вазирлик қилади. Унинг Бош вазир сифатида танланиши сиёсий «клан»ларнинг ўзаро қисқа компромисси оқибати эди.
Синалган, қамалган ва оқланган «қўшбеги»
«Қисқа бош вазирликлар даври»дан сўнг, ниҳоят курсисида барқарор ўтирган Ўзбекистон ССРнинг икки машҳур Бош вазири даври бошланади. Уларнинг биринчиси, 1961-1971 йилларда Ўзбекистон Вазирлар кенгашини бошқарган Раҳмонқул Қурбонов эди.
Ҳозирда Қурбоновнинг фаолиятига турлича муносабатлар билдирилади. Баъзилар уни халқ манфаатларига хизмат қилган амалдор сифатида кўрса, айримлар Қурбонов Москвага содиқ кадрлар тизимини яратишда илғорлардан бири бўлганини таъкидлайди.
Раҳмонқул Қурбонов
Раҳмонқул Қурбоновнинг энг катта ишларидан бири – пахта ҳосили вақтида заҳарли моддалардан фойдаланишни чеклаш бўлади. У, хусусан, инсонлар бор далада бутифос заҳарли кимёвий моддаси ишлатилишига кескин қарши чиқади. Ушбу модда асосан машина теримига тайёрлашда ғўза баргларини тўкиш учун қўлланилган.
Бутифосдан воз кечиш йиғим-теримни кечиктириб, ҳосилдорликни камайтирарди. Бу вақтда эса Москва Тошкентдан тобора кўпроқ пахта талаб қилаётганди. Бундай вазиятда пахта ҳосилини камайтирадиган ислоҳотлар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин ҳам эмасди. Шундай бўлсада, Қурбонов бунга бир қадар эриша олади.
Айнан, Қурбонов Бош вазирликдан кетгандан сўнг, Ўзбекистонда ушбу дефолиантдан фойдаланиш кўлами кенгаяди. 1980 йиллар охирида эса ушбу модда табиатга жуда зарарли экани тан олиниб, ундан фойдаланиш тўлиқ тақиқланади.
Қурбонов 1971 йилда Бош вазирликдан туширилиб, Ўзбекистон Совхозлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланади. 1975 йил унга нисбатан «порахўрлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш» айби қўйилади. Собиқ «қўшбеги» 8 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Аммо орадан бир ярим йил ўтиб, жазони ўташдан озод этилади, 1979 йил эса тўлиқ оқланади.
Раҳмонқул Қурбонов (чапдан биринчи), Олий Совет Президиуми раиси Ёдгор Насриддинова, СССР раҳбари Никита Хрушчёв (марказда) ва Шароф Рашидов. 1962 йил
Яккабоғлик Раҳмонқул Қурбонов мустақилликдан сўнг, 2012 йилда, юз ёшида вафот этади.
Содиқ иттифоқчи
Қурбоновдан сўнг Ўзбекистон Вазирлар совети раиси этиб, Нармахонмади Худойбердиев тайинланади. Худойбердиев бундан олдин Бош вазир ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида ишлаганди.
Жиззахлик Нармахонмади Худойбердиев республиканинг амалдаги раҳбари Шароф Рашидовнинг яқин одамларидан бири саналган. Унинг ҳукумати даврида Ўзбекистон тобора кўпроқ «пахта колониясига» айланган. Марказ йилдан йилга пахта планини ошириб борган.
Нармахонмади Худойбердиев
Худойбердиев вазирлигининг сўнггида Ўзбекистонда ҳам Бутуниттифоқдаги каби «турғунлик даври» асоратлари яққол кўзга ташланади. Марказ талаби билан асосий эътибор пахтага қаратилиши оқибатида бошқа соҳаларда жиддий депсинишлар кузатилади. Худойбердиев Москва иродасига қарши бора олмайди.
Рашидов 1983 йилда вафот этгач, республиканинг янги раҳбарияти Худойбердиевни ҳам Бош вазирликдан кетказади. 1984 йилда, 13 йиллик бош вазирлик фаолиятидан кейин Нармахонмади Худойбердиев пенсияга чиқади.
Бироқ бари бу билан тугамайди. Худойбердиев 1987 йилда кўплаб ўзбек сиёсатчилари каби «пахта иши» доирасида ҳибсга олинади. Унга пора олиш айби қўйилади. 1989 йилда СССР Олий Суди Худойбердиевни 9 йилга озодликдан маҳрум қилиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташга ҳукм қилади. Собиқ Бош вазирнинг барча мол-мулки мусодара этилади, унга берилган давлат мукофотлари олиб қўйилади.
Ўзбекистон раҳбарияти. Чапдан: Олий Совет Президиуми раиси Назар Матчонов, ёнида МҚ Биринчи котиби Шароф Рашидов ва ундан кейин Вазирлар совети раиси Нармахонмади Худойбердиев. 1974-1979 йиллар
Орадан икки йил ўтгач, 1991 йилнинг мартида Худойбердиев озодликка чиқарилади. Кейинчалик Ислом Каримов иродаси билан тортиб олинган давлат мукофотлари Худойбердиевга қайтарилади.
Қайта қуриш даври «девонбеги»си
Худойбердиевдан кейин республикадаги муҳим лавозимга аввало марказга, Биринчи котиб Горбачёвга содиқ кадр қўйиш керак эди. Москва Марказий қўмитанинг қурилиш бўлими котиби Ғайрат Қодиров тимсолида шундай инсонни кўради.
Ғайрат Қодиров бунга қадар юқори лавозимларда ишламаган, Марказий қўмитага ҳам 1984 йил бошида ишга кирганди. Шу йилнинг ноябрида у Ўзбекистон Вазирлар кенгаши раиси этиб тайинланади.
Ўзбекистон ҳукумати биноси. 1980 йиллар
Қодиров Бош вазирлиги «пахта иши» даврига тўғри келади. Ўзбекистон амалда Москвадан келган терговчилар ва чекистлар назорати остида эди. Бу вақтда нафақат Қодировнинг, балки Биринчи котиб Иномжон Усмонхўжаевнинг ҳам ҳокимияти жуда чекланганди. Ўзбекистонни МҚ Иккинчи котиби Владимир Анишев, республика Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) раиси Владимир Головин ҳамда Гдлян бошлиқ тергов гуруҳи бошқараётганди.
Қодировнинг бош вазирликдаги 5 йили кўплаб ўзбекларнинг «пахта ишиʼ доирасида қамалиши, Шароф Рашидов қабрининг кўчирилиши, миллий уйғониш ҳаракати кучайиши билан эсда қолади.
«Қайта қуриш» сиёсати барбод бўлгач, Горбачёвнинг мамлакатдаги таъсири сусаяди ва республикалар марказдан анча эркин сиёсат юритишга ўта бошлайди. Шу аснода, 1989 йилда Ғайрат Қодиров ҳам Ўзбекистон Бош вазирлигидан бўшатилади.
Ҳам Бош вазир, ҳам Вице-президент
Ғайрат Қодировдан кейин Мираҳад Мирқосимов қисқа вақт – 5 ой Бош вазирлик қилади. Бу вақтда бутун иттифоқда бошқарув дарз кетган, халқ ҳам, элита ҳам келажак ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасди.
1990 йил 24 мартда Ўзбекистонда Президент лавозими жорий этилади ва Биринчи котиб Ислом Каримов ушбу лавозимни эгаллайди. Орадан икки кун ўтиб, 26 мартда мустақиллик тарафдори бўлган Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистон Вазирлар совети раиси, Бош вазир этиб сайланади. Унинг иштирокида 20 июнда Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси қабул қилинади.
Ислом Каримов ва Шукрулло Мирсаидов (Каримовнинг ўнг томонида)
1990 йил 1 ноябрда Ўзбекистон давлат бошқарувида структуравий ўзгаришлар амалга оширилади. Министрлар совети Вазирлар Маҳкамасига айлантирилади ва ҳукуматни энди Президент бошқариши белгиланади. Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси раиси ҳам бўлади.
Бунга қадар Бош вазир вазифасини бажариб келаётган, Вазирлар Совети раиси Шукрулло Мирсаидов мутлақо янги лавозимни эгаллайди – у Ўзбекистон тарихидаги биринчи ва охирги Вице-президент бўлади.
Мирсаидов ушбу лавозимда амалда Бош вазир ўлароқ ишлайди. Ҳукумат Каримов ва Мирсаидов томонидан бошқарилади. Айтиб ўтиш жоизки, бу вақтдаги Ўзбекистон бошқарув тизими жуда мураккаб бўлиб, аслида лавозимлар ва вазифалар турлича бажарилган. Яъни, масалан, бу вақтда ваколатлари бир хил бўлган Давлат котиби ҳам, Ташқи ишлар вазири ҳам фаолият юритган.
Мирсаидов Ўзбекистоннинг мустақил деб эълон қилинишида қатнашади ва бу ғояни қаттиқ қўллаб-қувватлайди.
Мирсаидов Финляндия Бош вазири Ҳарли Ҳолкери билан Тошкент метросида. 1988 йил
1992 йил 8 январдаги навбатдаги ўзгаришларда Вице-президент лавозими тугатилади ва Ўзбекистон Бош вазири лавозими жорий этилади. Шу тариқа, Мирсаидов ҳукуматдан кетади.
Мустақилликнинг биринчи Бош вазири
1992 йил 8 январда мустақил Ўзбекистон Республикасининг илк Бош вазири этиб Абдулҳошим Муталов сайланади. Муталов бундан олдин Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, Нон маҳсулотлари вазири бўлиб ишлаганди.
Абдулҳошим Муталов Каримов каби Халқ демократик партияси аъзоси эди
Муталов сиёсий фаолияти давомида Президент Ислом Каримовнинг ишончли иттифоқчиси, ҳамфикри бўлиб қолади. Халқ хўжалигини тиклаш ва пул ислоҳоти ўтказишда асосий фигура сифатида иштирок этади.
1995 йил 21 декабрда «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» Бош вазир лавозимидан озод этилади.
Энг танилмаган Бош вазир
Ўзбекистоннинг мустақиллик даврида 4 бош вазир бўлган бўлса, улар орасидан энг кам танилгани иккинчи «қўшбеги» Ўткир Султоновдир. 1995 йил 21 декабрда Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига айланган Султонов бунга қадар Ташқи иқтисодий алоқалар вазири, Бош вазир ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.
Султоновнинг 1960 йил ўрталарида Чкалов заводида Каримов билан бирга ишлагани унинг кейинги фаолиятида ҳам сезиларли роль ўйнаган.
Ўткир Султонов (ўнгда) ва Ислом Каримов
8 йил давомида Ўзбекистон Бош вазири бўлган Ўткир Султонов мамлакат тақдирига жиддий таъсир кўрсатган кўплаб воқеаларда қатнашди. Хусусан, унинг раҳбарлигида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1996 йилда «Истеъмол товарларини импорт қилишда марказлаштирилган валюта ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди ҳамда амалда валюта конвертация ёпилди.
Божхона тизимида ҳам протекционизм (маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни чет эл рақобатидан ҳимоялаш) сиёсати қўлланилди. Хорижий инвестиция оқими камайди. Албатта, бу ўзгаришлар асосан Каримов иродаси билан бўлганини ҳам қайд этиш жоиз.
Энг машҳур Бош вазир
Султоновдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлигини анча тажрибали, илгари Жиззах ва Самарқанд ҳокими бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиёев эгаллади.
Мирзиёевнинг бош вазирлик даври Ўзбекистоннинг ёпиқлик сиёсати вақтига тўғри келди. Ислом Каримов бир неча бор Президент ваколатлари босқичма-босқич Бош вазирга ўтказилиши айтган бўлсада, амалда бу юз бермади.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлишидан олдин Самарқанд ҳокими лавозимида ишлаган
«Мен Вазирлар Маҳкамасида 13 йил мебелларга қоровуллик қилиб ўтирганим йўқ. Ҳамма нарсани биламан. Шунинг учун эски командадан бирорта одам қолгани йўқ.
Ҳар сафар 20 февралда мажлис бўларди, ҳаммамиз икки ой кутардик. Нимани кутардик? Саккиз фоизлик «бадиий асар»ни кутардик. Бунақанги саккиз фоизни «бадиий асар» дейдилар. Ялпи ишлаб чиқариш суръати ўсиши саккиз фоиз бўлган мамлакатда сил ва бошқа касалликлар бўлмайди.
Бир хиллар айтиши мумкин – сен Бош вазир бўлиб туриб, шуларни билмагансан, деб. Билганман, лекин атроф жуда чатоқ эди. Буни билган одам билади. Шунинг учун мен очиқчасига гаплашяпман. Бу бировга ёқадими-ёқмайдими, менга энди барибир. Халқимиз энди бизни кечирмайди», дея ўзининг бош вазирлик даврига таъриф берган Шавкат Мирзиёев.
2016 йил Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президент этиб сайланади ва Бош вазирликдан кетди. Янги давлат раҳбари даврида мамлакат жаҳон ҳамжамиятига қайтди. Пахта монополияси тугатилди, қўшнилар билан алоқалар нормаллаштирилди, конвертатия очилди.
Амалдаги Бош вазир
2016 йилда 14 декабрда Ўзбекистон Бош вазир лавозимига Абдулла Арипов сайланди. Арипов бунга қадар Почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори, Бош вазир ўринбосари каби мансабларда ўзини кўрсатганди.
«14 йил бош вазир бўлган одам ва уч марта ушбу лавозимга қайта тайинланган шахс сифатида бош вазирнинг юрагидан қандай ҳислар ўтаяпти, биламан. Абдулла Ниғматовични 20 йилдан буён биламан. Кўп йиллар ёнма-ён бирга ишлаганмиз. Ҳаётда кўп оғир туҳматларга қолган, лекин шуларни жасорат билан енгиб, ҳеч қачон цинган эмас. Мен шу лавозимда вақтинча бўлганимда ҳам бош вазир ўринбосари қилиб, Абдулла Ариповни адолат юзасидан қайтарганим, бежиз эмас», деганди Президент Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов ҳақида.
Абдулла Арипов Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган
Абдулла Арипов даврида Президент иродаси билан, узоқ йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган чегараларни делимитация қилиш масаласи, ниҳоят, ижобий ҳал қилинди. Бош вазир раҳбарлигидаги Ўзбекистон комиссияси Қирғизистон ва Тожикистон билан қийин чегара муаммоларига ечим топди.
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Абдулла Ариповнинг музокаралардаги қатъиятлилиги, шу билан бирга доим диалогларга тайёр эканини таъкидлаган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Жумҳурияти тузилгандан буён 20 нафар инсон республиканинг иккинчи (баъзида учинчи) муҳим шахси – Бош вазир вазифаларини бажарди. Уларнинг ҳар бири мамлакат тарихида ўзига хос из қолдирди ва қолдирмоқда.
Муҳаммадқодир Собиров
Тил
Жараён
Тил
Тарих
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ