Эл олдида ичилган онт инсонни бошқа кишига айлантиради – Туркийларнинг “Онт косаси”


Сақлаш
14:30 / 09.02.2026 21 0

Замон оғриғини теран ҳис қилган зиёлилар борки, мудом миллат тили атрофида жам бўлган. Улар учун сўз – қурол, тил – руҳият, маърифат – чин маслак эди. ХХ аср бошларидаги ўзбек зиёлилари орасида Беҳбудий, Фитрат, Элбек ва бошқа кўплаб зиёлилар тилимизнинг маънавий қўрбошилари эди. 

 

Камина учун янгидай кўринган айрим сўз ва мулоҳазаларни баён этсам. Беҳбудий асарларини варақлаб, ажиб сўзга дуч келдим. Маърифатпарвар адиб ота-онасига ёзган хатларида юксак ҳурмат ва эҳтиромини намоён қиларкан, тилимизда гўё сийқаси чиққан бир сўзнинг янгича кўринишини келтириб ўтади. “Ташаккурнома”, “Мақтов ёрлиғи” каби бир энлик қоғозлар Беҳбудий тилида “Офариннома” кўринишида янграйди:

 

“Марҳаматлик қиблагоҳим! Мактабға келгандан бери, алҳамдулиллоҳ, тинч ва сиҳатдурман. Бошқа шерикларим қаторинда сабоқ ўқуб турибман. Биринчи ўқуганларимни имтиҳон бериб “офариннома” олдим. Мактабга асло хафа бўлганим йўқ”.

 

Жадидларнинг нафақат фавқулодда илми, балки келажак юз йилларни ҳис қила олиши мени доим ҳайратда қолдиради. Масалан, Беҳбудийнинг бир даъвати худди кунимизнинг юраги бўлиб турган сунъий интеллект, электрон технологиялар илмини ўрганишга ҳамоҳанг келади:

 

“Эй мусулмонлар! Болаларингизға келар замон илмини ўргатингиз! Зероки, аларни худо таоло халқ этди, сизни замонангиздан бошқа, яъни келар замон учун”.

 

Профессор Фитрат тилимиз ислоҳига бел боғлар экан, туркий тилимиз қайси манбалардан озиқланиши лозимлигини уқтириб ўтади:

 

“Тилимизнинг соф шаклини даладағи эл-аймоқларимизда кўра оламиз. Далада яшаған эл-аймоқларимиз орасида унларнинг жон озиғи бўлиб турған достонлар, ашулалар, маталлар, лапарлар, қўшиқлар бор. Шунларнинг ҳаммасини буюк бир диққат билан ёзиб олиш керак, эл-улус орасида ёзув доирасиға кирган ...каби аристўкрат шоирларимизнинг асарлари бор. “Қутадғу билиг”, “Ҳибатул-ҳақойиқ”, “Девони луғатит турк”, “Муқаддиматул-адаб” каби эски васиқалар бор. Шунларнинг ҳамасини қилни қирқ ёриб текширайлик; бир-бирига солиштириб, келиштириб, текли, тубли натижалар олайиқ...”.

 

Олим шу жумлаи олами билан туркий тил ислоҳига борадиган жаридани чизиб бергандай. Адиб ҳар қандай “илмий ахтаришлар бўлмағунча бунларнинг биртаси ҳам бўлажақ эмас”лигини шу йўсинда таъкидлайди.

 

Яна бир маърифатпарвар Элбекнинг тилимиз ҳимояси йўлидаги жонбозлиги эҳтиромга лойиқ. У “Туркистон” газетасида “Луғат ва атамалар боби”ни очишни таклиф этиб, жамоатчиликни фаол бўлмоққа чорлайди.

 

Тилимиздаги ўнлаб хорижий сўзларни матбуотда эълон қиларкан, туркийча муқобилларини ҳам таклиф қилади. Масалан, мамлакат – ўлка, етим – ўксуз, духтир – эмчи, дорихона – эмлоқ, инқилоб – тўнкариш, мусобақа – ўзишма, тақдир – ёзмиш...

 

“Тўнкариш”нинг яна бир халқона вариантини ўқиб қолдим – оёқланма! Бу сўз қўзғолон, исён, халқнинг оёққа туриши маъносида муомалада бўлган. Аҳад Андижоннинг “Туркистон учун кураш” асарида шундай ёзилади:

 

“Туркистонда Русияга қарши бирор исён чиқишига ишонмайман. Бундайин оёқланма содир бўлса, шафқатсиз бостирилади”.

 

Истаймизки, бу топилмалар давомли-давомли бўлгай...

 

Меҳмон ва мезбон

 

Меҳмоннинг туркий халқлардаги обрўси юксак бўлиб, отадан улуғлиги чўпчак эмас. Унга иззат-икром кўрсатиш, таомлантириш, хушхулқ бўлиш мезбоннинг маънавий бурчи. Бу анъана аввало оилада, сўнгра давлат миқёсида ҳам қадрият даражасида турган.

 

Алп Эр Тўнга жангномасида меҳмондорчилик ҳақидаги юксак фазилатларга урғу берилади:

 

Келса ума тушургил,

Тинсин анинг аруқлуқ.

Арпа, саман йағутғил

Булсин ати йаруқлуқ.

 

Яъни:

Сеникига меҳмон келса, уни қўндир, у ҳордиқ чиқариб, дам олсин, отига арпа, сомон сол, оти ёруғлик роҳатидан баҳра олсин.

 

Араб географи ва сайёҳи Абу Исҳоқ ал-Форисий ал-Истахрийнинг “Китаб масалик ал-мамалик” номли асарида Мовароуннаҳр тасвирлари ва аждодларимизнинг гўзал фазилатлари ҳақидаги кечинмалар бор. Асарда Мовароуннаҳрликларга келган меҳмон хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, ўзини ўз уйида деб ҳис қилиши айтиб ўтилади.

 

“...Мовароуннаҳрда одамлар бир хонадон кишилари кабидир. Бир киши бошқасиникига ўз уйига киргандай тўхтайди. Мезбон йўловчининг бу ишида ёмонлик кўрмайди. Келган меҳмонни танимаса-да, ундан совға умид қилмай оғирини енгил қилишга бор кучини сарфлайди”.

 

Жумлаларни давом эттирамиз: “Уларда ҳар бир киши борини ўзи ва уйига келган меҳмондан аямайди. Борсанг, катта қаср ва меҳмон учун хона қураётган жой эгасини топасан. Унинг вақти кечаси келган йўловчига шароит ҳозирлашга кетишини кўрасан...”.

 

Бу кун бир замонлардаги туркий боболаримиз ер-мулк, бойлик эмас, меҳмон талашишган десак лофга ўхшар. Аммо асарда шу хислат ҳақида очиқ-ойдин фактлар айтилади:

 

“...Бир йўловчи тўхтаса, унинг учун баҳслашиб, тортишадилар. Мовароуннаҳрда ҳеч ким на кечаси ва на кундузи одамлар бор жойда нарсасини йўқотиб қўйишдан қўрқмайди. Улар бу борада бошқалар давлат тўплашда баҳслашгани ва бойлиги билан мақтанганлари каби ўзаро беллашади”.

 

Яқингача қишлоқ дарчаларимизга қулф тугул, чўпак ҳам осилмасди. Аммо асрлар аввал бундан-да улуғвор замона бўлган:

 

“...Мен Сўғдда шундай ҳовлини кўрдимки, у юз йилдан кўпроқ вақтдан бери қулфланмайди, ҳамма вақт меҳмонлар учун очиқ. Тўсатдан бу хонадонга юз-икки юзлаб меҳмон келади, уй эгаси ҳеч қийналмай меҳмонларни от-уловлари билан жойлаштиради ва зиёфат қила олади”.

 

Замонавий ресторанларда оқ қўлқоп кийиб хизмат қиладиган официантларни кўп кўрамиз. Бу манзара европача маданиятнинг бир қисмига айланиб бўлган. Менинг ҳайратим ХV аср бошларида Самарқандга, Амир Темур саройига келган Кастилия элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг иқрорида бўлди. У зиёфатларда қўлига махсус қўлқоп кийган хизматкорлар меҳмонларга овқат тарқатаётганини таажжуб билан тасвирлайди. Чунки бу пайтда Европада ҳали оддий гигиена қоидалари ҳам бир маромда эмасди...

 

Сайёҳ “Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406-йиллар)” асарида шундай ёзади:

 

“...Чарм дастурхон устига шу қадар кўп гўшт қўйилган эдики, кўтарганда нақ йиртилиб кетиши мумкин эди. Гўшт келтирган хизматкорлар подшоҳдан йигирма қадамча нари кетганларидан сўнг гўшт майдаловчилар ҳозир бўлдилар, олдиларига пешбанд тутган, қўлларига чарм қўлқоп кийиб олган гўшт майдаловчилар чарм дастурхон ёнига тиз чўкиб ўтирдилар”.

 

Вақтлар ўтса-да, меҳмон ва унинг дастурхонига ҳурмат яшаб қолаверди. Туркий халқлар шу ақидани доим ёдда тутди.

 

Чингизхон салтанатида ҳам бовурчи (дастурхончи) лавозими бўлиб, у “овқат ва ичимлик мудири”, кейинчалик хоннинг асосий ошпази (баковул) бўлган. Буларнинг бари меҳмоннинг иззат-ҳурмати учун эди.

 

Мезбон меҳмоннинг кўнглини олишдан ташқари жонлиқларига ҳам масъул бўлган. От-уловнинг қорни тўйғазилган. Чорвадор кўчманчи туркийлар пиёда узоқ йўл босиб келган меҳмонга қайтарда от ҳам туҳфа қилгани достонларимизда, тарихий манбаларда келтирилади.

 

Бобур мирзо “Бобурнома”да дарбадарлик чоғларида ҳам меҳмон сифатида улуғлангани, ҳатто отларига ғамхўрлик кўрсатилгани ҳақида ёзади:

 

“...Сешанба куни вирд (дуо) ўқиб, Ёнбулоқ йўли билан Кобулга қараб жўнадик. Аср намози вақти Алгату дарёсидан кечиб, намозшом пайти Қорабуғага келиб, отларга ем берилди. Тезда озгина овқат ҳозирладилар, отлар арпасини еб тугатгач, яна йўлга тушдик”.

 

Меҳмон ва мезбон маданияти бурунги хонликларимизда ҳам давом этди. Саройда нафақат маҳаллий, балки хорижлик элчиларни қабул қилишга мутасадди бўлган шиғовул, дастурхончи, мунший, овқат сузувчи ва ичимлик қуювчи – тўқсоба каби лавозимлар бўлгани барчамизга аён.

 

Туркийларнинг “Онт косаси”

 

Онт ичиш ва унга амал қилиш туркийлар учун ор, номус, ҳаёт-мамот масаласи эди. Ҳатто ичилган онт учун халққа белги бериш мақсадида ош ва сув тарқатилган. Шу орқали аҳдга вафо янада мустаҳкамланган.

 

Фаолиятим юзасидан аскарларнинг қасамёдига кўп гувоҳ бўлганман. Эл олдида ичилган онт чиндан инсонни бошқа кишига айлантиради.

 

Нега онт ичилади? Бунинг тарихий асоси борлигига шубҳам йўқ эди. Манбаларда бу хусусида ажиб фактларга дуч келдим.

 

Қадимда скифлар нафақат ватан ҳимоясини, балки дўстликни ҳам бузилмас қасам билан мустаҳкамлар экан. Ичилган онт бир умр содиқлик, вафодорлик рамзи бўлган. Кўчманчилар жамиятида ҳам қасамёд маросимлари юксак даражада ўтказилган.

 

Онт атамаси қаердан пайдо бўлди? Бир қанча далиллар бор. Маъно-мазмуни бўйича энг ишонарлиси назаримда “Онт косаси”дир. Милоддан аввалги даврларда хунлар ва хитой элчилари ўртасида “онт косаси” бўлгани, битимлар шу косаларда ичимлик ичилган ҳолда тузилгани ҳақида маълумотлар бор.

 

Яна бир манбада Чингизхон салтанатида тахтга ўтирган кишининг онт ичиши учун Толу деб номланган коса бўлгани ҳақида айтилади. Онт косаси мўғуллар учун шу қадар муҳим эдики, ҳатто Чингизхон ўғилларидан бирининг исми Толуй (Тулу) эди.

 

Кейинчалик коса халқларни бирлаштирадиган бирдамлик рамзига айланган. Қадимги туркийлар онт косасини қимизга тўлдирар, қасамёд қилганларнинг бари билагини кесиб, томчи қонини оқизарди. Сўнгра жамоа ўша аралашмани навбати билан ичар, қонлар бирлашуви уларга руҳий яқинлик, жипслик бағишларди.

 

Маҳмуд Кошғарий “Девон”ида туркийларнинг темирга эътиқоди, унинг номи билан онт ичилишини ўзига хос рамзда ифодалайди. Улар қилични олдиларига кўндаланг қўйиб, “Bu kök kirsün, qızıl çıqsun” дейдилар. Маъноси: “ваъда бузилса, бу кўк кирсин, қизил чиқсин, яъни қонга беланиб чиқсин. Бу аҳд бузилса, темир сени ўлдирсин, ўч олсин”.

 

Қасамёд қилиш тарихимизнинг барча этник ва замонавий қатламларида бўлган ва бўлаётир. Амир Темур қўшинидан тортиб Бобур лашкаригача муқаддас онтнинг мавқеи баланд сақланган.

 

Бобур мирзо қўшин ичида юриб, улар билан бирга қасамёд қиларди. “Бобурнома”да шундай ёзилади:

 

“Тангри таоло бундай саодатни бизга насиб қилибди ва бундай давлатни бизга яқин айлабди. Ўлган – шаҳид, ўлдирган – ғозий. Барчангиз Тангрининг каломи номи билан бу урушдан ҳеч ким юз ўгиришни хаёлига келтирмаслиги ва то танасидан жони чиқмагунича бу жанг ва урушдан чиқиб кетмаслигини айтиб, онт ичмоғингиз керак...”.

 

Шу аснода барча бек ва навкарлар муқаддас Қуръонни қўлига олиб, юқорида айтилган жумлаларни такрорлаганча қасам ичишган. Бундай йиғинлар одатда барчанинг кўз ўнгида ўтказилиб, яқин-йироқдаги дўсту душманнинг юрагига қўрқув солган.

 

Тилимиздаги айрим сўзларнинг маъноси тарихан онт ичишга тенглигини ёддан чиқаргандирмиз эҳтимол. Масалан, индалло сўзи. Гапнинг индаллоси деймиз баъзида. Худди пўсткалласини, лўндасини айтаман дегандай. Бу сўзнинг луғавий маъноси “Аллоҳнинг ҳузурида”, “Аллоҳга яқин”, “Аллоҳнинг ёнида” дегани. Яратганнинг ҳузурида ёлғон гапириб бўлармиди? Демак, Аллоҳ олдида айтилган сўз бажарилиши шарт бўлган онтга тенг.

 

Сўз билан улфатлик...

 

Ёндафтаримга тез-тез бирнималар ёзиб юраман. Халқ оғзаки ижодидан, Навоийдан, Бедилдан, Анбар Отиндан, Абдулла Қодирийдан...

 

Уларни на замон, на давр боғламаса-да, сўз қудрати олдидаги жасорат ва маҳорат бирлаштиради. Кутилмаганда бахши шундай дейди:

 

Сени миниб доим тўдада чопдим,

Яхши улфатларнинг кўнглини топдим.

 

Қаранг, гўё чавандознинг от миниб, гулгун давраларда чопгани кўз олдингизга келади. Аслида маъно ўзани бошқача. Бекмурод Жўрабой ўғлига тегишли ушбу термада бахши “Сени миниб доим тўдада чопдим” дея учқур тулпорга эмас, дўмбирасига мурожаат қилмоқда.

 

Бахшининг маҳорати, сўз ўйини устаси экани шунда эмасми?

 

Ҳазрат Навоий “Муншаот”ида узоқни кўра олувчи, ақли ҳар нарсага етадиган кишиларни нима деб атаганини ўқиб, мириқдим. Дурбин деган. Бу сўз форсчада “узоқни кўра олувчи” маъносини англатади. Инсоннинг заковати, тафаккурига нисбатан ишлатилган сўз кейинчалик узоқни яқинлаштириб кўрсатадиган асбобга нисбатан ишлатила бошланган. Ноёб топилма, шундайми?

 

Мирзо Бедилда ҳам бебаҳо сўз заргарлигини кўраман. Шоир ёзади:

 

Нақши маъкуси нигин аз сажда мегардад дуруст,

Сарнавишти вожгунро рост месозад намоз.

 

Муҳр ўйилган узукка терс хат нақш этилган. Бармоқ букиб нигин қоғозга босилса, муҳрнинг терс хати ўнг бўлади. Эй, инсон, сенинг ҳам пешонангга тақдир хати чаппа ёзилган. Уни ўнг хатга айлантириш учун пешонангни саждага қўй. Сенинг халоскоринг намоздир... Бир муҳрга берилган таърифнинг гўзаллигини қаранг. Яна бир қиёси шундаки, узук оқ қоғозда букилиб сажда қилгани учун у доим эъзозда. Бедилона чуқур фалсафий байт!

 

Чиндан ҳам халқнинг ҳар сўзи ҳикмат. Абдулла Қодирий уни таърифлар экан, шундай дейди: “Халқ ҳикматлари турмуш онасининг дард чекиб туққан ўғли”.

 

Ажабо, бахши дўмбирани тулпор қилиб чопар, сўз мулкининг султони узоқни кўра олувчи донишмандни дурбин атар, Бедил муҳр орқали инсон тақдирини ўнглар, Қодирий эса халқ оғриқларини ҳикматга йўяр. Буларнинг барчаси тил тубидаги ганжа, сўз қудрати қаршисидаги саждадир.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.

“Тил тубидаги ганжа” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30870
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//