Саҳна юзини кўражак ҳар қандай ғоя шунчаки фикр ва кадрлар тўплами эмас, томошабинни мулоҳаза қилишга ундайдиган, унинг навбатдаги танлов ва қарорларига ҳам таъсир қила оладиган маҳсулот бўлиши керак керак. Шундагина уни ижодкорларнинг ҳақиқий ютуғи, дейиш мумкин бўлади. Халқаро медиа оламида саналган хислатларга бой ижтимоий роликлар талайгина. Уларнинг баъзилари товар ва хизматлар рекламаси ёки бирор ташкилотнинг тарғибот ролиги сифатида тақдим этилса-да, ўқувчи уни кўриш учун сарфлаган вақтига умуман ачинмайди, аксинча, ибратли хулоса олади. Oyina.uz ана шундай 5 та роликнинг қисқача мазмуни ва унга ҳавола билан санаб ўтади.
Севилмаган бўри. Intermarché француз супермаркетлар тармоғи ролиги
Illogic Studios француз анимация студияси томонидан француз супермаркетлар тармоғи учун тайёрланган бу ролик мамлакат тарихидаги энг самарали ролик деб баҳоланди.
Қисқа муддатда дунё бўйлаб вирус каби тарқалган ушбу ролик томошабинда йиртқич бўрига нисбатан ноанъанавий тарзда муҳаббат уйғотади. Ўрмонда барча ҳайвонлар қўрқиб, уни кўриши билан қочадиган ёлғиз бўри – роликнинг бош қаҳрамони сифатида гавдаланади. Фильм оиланинг кечки овқат дастурхони саҳнасидан бошланиб, ёлғиз бўри ҳақидаги иллюстратив ҳикоя саҳнасига ўтади. Оила аъзолари кўтаринки кайфиятда Янги йил дастурхони атрофида йиғилади. Лулу исмли кичкинтой ичида ўйинчоқ бўри бўлган совға қутисини очиши билан қўрқиб, уни қайтариб беради. Совға эгаси унга жавобан дўстларининг ишончи ва муҳаббатига эришиш учун вегетарианга айланган бўри ҳақида ҳикоя қилади:
Бир ўзи зерикарли ҳаёт кечирадиган, бироқ ўрмон ҳайвонлари жамиятининг бир қисмига айланишни хоҳлаган бўри бир кун ўзгаришга қарор қилади: ҳайвонларни ов қилишдан бош тортиб, сабзавот ва қўзиқоринлардан овқат тайёрлашни ўрганади. Ўрмон кезиб, дарахтни одатдагидай бир силкитади-ю, қўлига тушга олмахонни раҳмдиллик билан қўйиб юборади ва тамадди учун ўрмондан мева-сабзавотлар излай бошлайди.
Сабзидан қовурма, картошкадан пюре, қўзиқориндан қайла каби гўштсиз маҳсулотлардан тайёрланган таомлар билан тузалган Рождество дастурхонига ўрмон аъзоларини таклиф қилган бўри байрамни бу сафар ўзгача кутиб олади ва шу тариқа, ўрмон оиласининг меҳр-муҳаббатини қозонади.
Хато. Тезлик ўлдиради
Автомобил йўли – хатолардан сабоқ олиб, дарҳол тузатиш мумкин бўлган жой эмаслигини тушунтирувчи ушбу ижтимоий ролик Янги Зеландиянинг Clemenger BBDO агентлиги томонидан мамлакат Транспорт вазирлиги учун суратга олинган.
Тасаввур қилинг, авариягача бир дақиқага вақтни тўхтатиш имкони бўлса нима қилардингиз? Табиийки, жавоблар турлича. Ролик қаҳрамони бўлса машинадан тушиб, хатар олдини олишни муҳокама қилади, улгураман деб ўйлагани, машина орқасида ўғли борлигини айтиб узр сўрайди ва бошқа тарафдан келаётган ҳайдовчидан автомобильни тўхташини илтимос қилади. У тезликни дарҳол камайтириб бўлмаслигини тушунтиради ва ролик кадрлари реалликка уланиб, машиналар даҳшатли шаклда авария бўлади. Чунки ҳақиқий ҳаётда вақтни тўхтатиш имконсиз, лекин у хатога қўл урмаслик танлови ҳамиша бор.
Роликдаги суҳбат:
– Жуда афсусдаман. Улгураман деб ўйлагандим…
– Йўлга тўсатдан чиқдинг. Тўхтолмай қолдим
– Ҳа, одатий хато
– Биламан, секинроқ юришим мумкин эди, бироқ…
– Илтимос, машина орқасида менинг ўғлим ўтирибди
– Мен жуда тез келаётгандим. Мени кечир…
Ролик “Бошқалар хато қилади. Тезликни камайтир” деган ёзув билан тугайди.
Инсонлар ўзгаради, пластиклар эса йўқ
Вақт ҳамиша ҳар бир тирик жонга ўз таъсирини кўрсатиб келган. Лекин пластик маҳсулотлар ташқи омил таъсирисиз умуман ўзгармай қолаверади.
Nestle компанияси буни кўрсатиш учун 20 йил давомида чақалоқ билан бирга денгизга ташланган пластик ичимлик найчаси (трубочка)ни солиштиради. Бу муддат ичида бола сезиларли даражада ўзгаради, лекин пластик ўз шаклини йўқотмайди.
Ролик – компания ичимликлар ишлаб чиқаришда тўлиқ қоғоз трубочкаларга ўтганини маълум қилишдан ташқари, глобал муаммо – пластик чиқиндиларнинг экологияга, сув ости дунёси, унинг вакиллари, жумладан, денгиз тошбақаларининг йўқолиб боришига таъсири ҳақида ҳам сўзсиз гапиради.
Акс. Болага ўргатманг, унга намуна бўлинг
Фарзанд тарбиясида энг яхши усул – унга намуна бўлиш. Болага нимани ўргатманг, амалларингиз унга қарши бўлса ҳар қанча гап, даккининг ҳам аҳамияти бўлмайди. Қисқа қилиб айтганда, уларнинг келажагини қандай кўришни истасангиз, худди шундай ўрнак бўлиш, ўргатганингизга мос хатти-ҳаракатлар қилишингиз етарли.
Фарзанд – ота-онанинг кўзгудаги акси эканини кўрсатувчи ушбу роликда болалар катталардан кўрганини борича такрорлайди. Аввалига бу элементар ҳаракатларга тақлиддек туюлади, лекин оилаларга, жамиятга, бора-бора инсониятга зарар етказадиган ҳаракатларни ҳам афсуски, улар ота-онасидан кўриб такрорлаётгани акс этади: бола поезд кутаркан, қўлида йўқ соатига қарайди, қўлини қулоғига телефон каби тутиб, шошиб юради, вояга етмай сигарет тутатиб, қолдиғини ерга ташлайди ва уни худди онаси каби оёғида мажағлайди. Болалар аравачаси ва юк кўтарган аёл олдидан ота, унинг кетидан ёш бола ҳам айланиб ўтади, чиқиндини ерга улоқтиради. Аҳвол шу даражага боради-ки, бола ота ё онасининг ортидан ҳайвонларга тош отиб, онасига қўл кўтаради, болага бақириб, онасига дўқ-пўписа қилади.
Ролик сўнгида: “бола кўради, бола бажаради” деган ёзув ортидан аёлнинг ерга тўкилган меваларини теришга ёрдам бераётган ота ва фарзанд кадри акс этади.
Инсоннинг ҳеч қандай манфаат кутмасдан қилган эзгуликлари, у кичик ёрдам бўлса-да, буюк миннатдорлик ҳиссини уйғотади. Тайланд суғурта компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу ижтимоий ролик инсонларни ҳеч қандай жавоб, фойда кўзламай яхшилик қилишга чорлаш билан бирга, бошқаларда яхшиликка ишониш туйғусини шакллантиради.
Ролик қаҳрамони ҳар куни бир хил яхшилик қилишдан чарчамайди: томдан оқаётган сувни гул тувакка йўналтиради, аёлнинг аравасини кўтаришга ёрдамлашади, таомининг энг сара қисми – гўштини олдига келган ит билан бўлишади, фарзандининг таълими учун тиланчилик қилаётган она ва болага саноқли қолган пулларидан ажратади, қарияга егулик бўлсин, дея эшигида банан қолдиради. Ва бу ишларни ҳар куни такрорлашдан зерикмайди.
Бу билан қаҳрамон ҳеч нимага эришмайди, бойроқ ёки машҳур бўлиб ҳам қолмайди. Лекин унинг бу ҳаракатлари жамиятга пул билан сотиб олиб бўлмайдиганларни, унинг ўзига бўлса бебаҳо эмоцияларни туҳфа этади: тувакдан гул унади, оғир меҳнат билан ўралашиб қолган аёл ҳаётга кулиб қарай бошлайди, ит йигитга дўст-ҳамроҳ бўлади. Ролик сўнгида қаҳрамон қизининг ўқиши учун пул йиғиб ўтирадиган аёлни ёлғиз ўтирганини кўради. Қизалоқ бўлса энди мактабдан қайтаётган бўлади.
Жараён
Тарих
Фалсафа
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ