Ўгайга айланган сўзлар – ўзбекчаси бор хорижий атамалар


Сақлаш
15:59 / 06.02.2026 33 0

Ҳаётда инсонга айрим нарсаларни танлаш ҳуқуқи берилмаган. Улар инсоннинг истак ва иродасига боғлиқ бўлмаган неъматлар ҳисобланади. Уларнинг шукрини қилиш керак, холос. Чунки уларнинг асл қиймати инсон ўз ихтиёри билан танлаганлардан анча юқори. Улардан воз кечиш ҳам инсон измидан ташқарида. Шундай неъматлардан бири Она Тилдир. 

 

Илм-фан ривожи, техника тараққиёти, рақамли технологиялар инкишофидан қатъи назар, тил муомала воситаси сифатидаги мавқеини барқарор сақлаб келмоқда.

 

Мутахассисларнинг аниқлашича, ҳозир дунёда 5621 та тил ва шева бўлиб, улардан 500 тасигина ўрганилган холос. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви йўқ. 1400 тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Фақат 40 та тилгина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлган, деб ҳисобланади[1]. Муҳими шундаки, ўзбек тили ҳам шу қирқталик ичида муносиб ўрин эгаллаб турибди.

 

Она тилимизнинг бундай мавқега кўтарилиши кўп асрлик ижтимоий, сиёсий, илмий, назарий ва тарихий асосларга эга. Ўзбек тили тарих саҳнасида, айрим тадқиқотларда кўрсатилганидек, XVI ёки XX асрда пайдо бўлиб қолган ҳодиса эмас. Туркий қавмлар яшаган ҳудудлардан топилган ноёб битиктошлар, жуда кўплаб ёзма манбалар, хорижлик сайёҳ ва олимларнинг ёдномалари тилимиз минг йиллар оша туркий тил сифатида яшаб келганидан далолат беради. Бу масалани чуқур тадқиқ қилиш жаҳон илм-фани ривожига катта янгилик ва нодир маълумотларни тақдим этиши шубҳасиз.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари туркий тил мавқеини ҳам илмий, ҳам ижтимоий-тарихий жиҳатдан асослаб берган илк буюк қомусий асар эди[2]. Унинг аҳамиятини чуқур ўрганиш энг долзарб вазифаларимиздан биридир.

 

Шунингдек, илмий ва бадиий ижодда арабий-форсий тиллар ҳукмрон бўлган бир даврда туркий тилни афзал кўрган Носириддин Бурҳониддин ўғли Рабғузийнинг ижодий фаолияти ҳам алоҳида эътирофга муносиб. У анъанавий равишда араб ёки форс тилларида яратиб келинаётган тарихнавислик ишида туркий тил имкониятидан маҳорат билан фойдалана олди. Гарчи, ундан кейин ҳам туркий тилда соҳага оид бир қанча асарлар ёзилган ёки таржима қилинган бўлса ҳам, “Қисаси Рабғузий” асарининг аҳамияти қарийб етти юз йилдан бери заррача камайгани йўқ. У қайта-қайта нашр этилиб, илмий тадқиқотларга сабаб бўлаётгани шундай дейиш учун тўла асос беради.

 

Охирги минг йилда туркийда яратилган минглаб сара китоблар – илмий, тарихий, бадиий асарлар бу тилнинг муттасил такомиллашиб борганини кўрсатади. Аллома аждодларимиз туркий тилдаги ҳар бир сўз ва иборанинг мустаҳкам асосларга эга эканини теран ҳис қилган ва англаб етган. Авлоддан-авлодга ўтиб, тараққий этишига улкан ҳисса қўшган. Улар, гарчи, араб, форс, ҳинд, хитой, лотин, юнон, санскрит, урду каби ўнлаб тиллар бўйича мукаммал билим ва кўникмага эга бўлишса-да, туркий тилнинг она тили сифатидаги мавқеини ҳамиша юқори тутганлар.

 

“Миллатни миллат сифатида тутиб турадиган устунлар бор. Булар миллий тафаккур, миллий маънавият, миллий дид, миллий маданият каби тарихий ақлимиз ва салоҳиятимизнинг мажмуаларидир. Лекин буларнинг барчасининг заминида катта ганжина ётадики, усиз ҳеч бир устун ўзини тик тутиб туролмайди. Бу миллий тилдир”[3]. Миллий тил хусусида мулоҳаза юритиш айниқса бугунги глобаллашув шароитида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Юқорида таъкидланганидек, бир ярим мингга яқин тилнинг бугунги кунда таназзул ёқасида тургани ибрат сифатида кўриш учун етарли бўлса керак.

 

Тилларнинг йўқолиши, унутилиб кетиши, муомаладан чиқиши ўша тил эгаларининг бошқа тилларни ўз она тилидан устун санагани, она тилига нисбатан ҳурмат ва ифтихор туйғусини йўқотгани билан боғлиқ.

 

Тил тадқиқига бағишланган аждодлар меросига муносиб ворислик барча даврларда уларни ўрганиш, татбиқ қилиш ва ўргатиш орқали давом этади. Бунда бизга илмий, маърифий, бадиий асарлар асосий манба бўлади.

 

Илмий таҳлил ва кузатишларга асослансак, она тилимиз сўз бойлиги жиҳатидан дунёдаги энг етакчи тиллар сафида туради. Аммо ХХ асрда, СССР даврида бу масалага холис қаралмади. Бир қанча сўзлар эскириб қолган, умумистеъмолдан чиққан, ё шева унсури, деган бирёқлама қараш билан луғат таркибидан чиқариб ташланди. Натижада, сўз бойлигимиз бир неча баробар камайтирилиб, тилимизнинг луғат бойлиги бор-йўғи 60-80 минг атрофидаги сўздан иборат, дея ҳисобланадиган бўлди.

 

Аслида, тилшунос олимлар тилимизнинг сўз ва маъно кўлами бошқа тилларникидан асло кам эмаслигини илмий исботлаб беришган. Хусусан, Маҳмуд Кошғарий туркий тил имкониятларини биринчи бўлиб бундан минг йил олдин илмий тадқиқ этган буюк қомусий олим саналгани бежиз эмас. Бугун фақат муайян ҳудудлар шевасига хос деб қаралаётган инак, қопу, чалғай, тўнг, керага, ал, ушоқ каби юзлаб сўзларимиз тилимизнинг ҳақиқий аъзоси эканини кўрсатиб берган.

 

Тилимизга қашшоқ, ночор каби сифатларни тиркаш фақат мафкура нуқтаи назаридан тўқиб чиқарилган ва сингдирилган қараш деб тушуниш ҳам ўзини тугал оқламайди. Бу ўринда бошқа бир жиҳат борки, ҳазрат Навоий “Муҳокаматул-луғатайн”да ўқувчи диққатини шу муҳим нуқтага қаратади.

 

Навоий даврида форс тили катта нуфуз ва устунликка эга эди. Давр кишилари ўз асарларини шу тилда яратишга интилган. Рисолада бунинг ўзига хос бир қанча сабаблари келтириб ўтилади. Улар қаторида талайгина туркийларнинг  ўз тилини йирик илмий ёки бадиий асар яратиш учун салоҳиятли эмас деб ҳисоблашлари, мазкур тилда сўз ва иборалар кам деб даъво қилишларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилади.

 

Бир неча асрлик анъанага кўра, асосий асарлар форсийда ёзилгани ҳам бу тил ҳақидаги  нотўғри қарашларни шакллантирган. Шунингдек, яна бир қанча ижтимоий-сиёсий сабабларга кўра туркийлар ўз тилида ижод қилиш масаласига у қадар жиддий қарамагани кузатилади. Алишер Навоий мазкур рисолада бу сабабларнинг барчасига ўринли илмий муносабат билдиради. Туркий тилнинг етарлича эътибор ва эъзоз топмаётганига энг катта сабаб сифатида у қуйидаги фикрни келтиради:

 

“Бу алфоз ва иборатда бу навъ дақойиқ кўпдурким, букунга дегинча ҳеч киши ҳақиқатиға мулоҳаза қилмағон жиҳатдин бу яшурун қолибдур”[4].

 

Навоийнинг фикрича, она тилининг қадри, унга бўлган самимий муносабат ҳамда ифтихор тил дақоиқлари ҳақиқатидан хабардор бўлиш, билиш ва англаб етиш орқали юзага келади. Акс ҳолда, бу тил воқеликда мавжуд ва устувор бўлган бошқа тиллар таъсирида қолиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ўринда ҳазрат Навоий ўзини мисол сифатида келтириб, болаликда форс шеъриятини чуқур ўзлаштиргани, унга ҳавас билан қараб, бир муддат ўша тилда ижод қилганини ёдга олган.

 

Нафақат оддий инсонлар, балки ижодкор ёки олим кишилар ҳам ўзга тилнинг нуфузи ва жозибасига мафтун бўлиб, унинг таъсирида қолишига инсонда тил билан боғлиқ кўникмалар ҳосил бўлиш жараёнидаги дастлабки босқич сифатида қаралиши мумкин. Кейинчалик инсоннинг тафаккури уйғониб, дунёқараши кенгайиб, воқеликдаги асл ҳақиқатни тўғри қабул қила бошлагач, бошқа бир барқарор фикрга келиш ҳаётий эҳтиёжга айланади. Чунки зиёли инсон, айниқса ижодкор ва олим киши бутун умр болаликда мулоҳаза қилинмасдан, шунчаки ҳавас орқасидан шаклланган фикрга таянган ҳолда иш кўролмайди. Тафаккурининг муайян босқичида тақлиддан воз кечиб, ўз илмий асосланган қарашини қабул қилади. Шу йўл билан асл ҳақиқатни англаб етади. Ундан кейин бу йўлдан шон, мансаб, дунё каби кўплаб омиллар таъсирида юз ўгириб, ўз қарашлари ва ҳақиқатга хилоф иш қилмайди.

 

Алишер Навоий бу борада ҳам инсониятга катта намуна кўрсата олган. Унинг “Хамса”дай буюк асарини ўз она тили бўлган туркийда яратгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

 

Ғарб халқлари ўша кезларда араб-форс тилларида яратилган асарлардан кенг фойдаланган ва шундай асарлар дунёга танилиб, жуда машҳур бўлиб кетган. Ҳазрат Навоийда ўз асарларини даврининг устувор тилларида яратиб, катта обрў қозониш имкони бўла туриб, бундай йўлни танламагани авлодларга буюк дарс бўладиган ҳодисадир.

 

Ҳазрат Навоийдай жаҳоншумул миқёсда фикрлайдиган ва уни энг мақбул тарзда ифода эта оладиган ижодкор, эҳтимол, дунёда бошқа топилмас. Она тилга муҳаббат ва садоқат, уни пухта ўрганиш ва имкониятидан кенг фойдаланиш Навоий тимсолида энг юксак чўққига етган. Зеро, ўз тилини пухта билиш ҳар бир инсоннинг доимий вазифаси ҳисобланади.

 

“Муҳокаматул-луғатайн” Навоийнинг туркий тилни қанчалик теран билиши-ю севишини очиқ кўрсатиб туради. Шу билан бирга, мутафаккирнинг бошқа тилларни билиш, эҳтиром кўрсатишда ўзига хос йўриғи бор. Хусусан, у шундай ёзади: “...Форсий алфоз истийфосин ва ул иборат истиқсосин киши мендин кўпроқ қилмайдур эркин ва салоҳ ва фасодин мендин яхшироқ билмайдур эркин...”. “Хамса”да араб тили қоидаларини ўрганишни худди пири ва устози Абдураҳмон Жомий каби кундалик машғулот – вирдга айлантириб олганини таъкидлаб ўтган. Бошқа тилларни ҳатто ўз аҳлидан ҳам кўра чуқурроқ билган инсоннинг ўз она тилига муносабати инсониятни ҳайратга соладиган даражада гўзалдир.

 

Бугунги воқелигимизга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган асрда кечган етмиш йиллик мустамлака даврида она тилимиз ҳукмрон тил – ўрис тили таъсири ва тазйиқи остида қолиб, не кўйларга тушгани аён. Ажабланарлиси, тилимизнинг шундай аҳволга тушишида оддий халқнинг эмас, илмли зиёлиларнинг ҳиссаси салмоқлироқ.

 

Рисолада айниқса “таъб ва салоҳият аҳли” – бугунги тил билан айтганда халқнинг пешволари, зиёлилар ўз она тилига бошқалардан кўра эътиборлироқ бўлиши кераклиги ғояси илгари сурилади. “...Турк тилининг жомеияти мунча далоил била собит бўлди. Керак эрдиким, бу халқ орасидин пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин ўз тиллари турғон ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди...”[5]. Бу гаплар тил борасида билдирилган шунчаки фикрлар эмас, ҳазрат Навоийнинг йиллар давомида кўриб-кузатиб юрган дарди, қалбини ўртаб ётган изтироби эди. Бу билан ўз тилини қўйиб, ўзга тилларни ишлатиш она тил учун таҳликали ҳодиса эканига аҳамият қаратилади.

 

Ўз даврининг зиёлилари нима сабабдан она тилида ижод қилишга рўйхушлик кўрсатмаётгани сабаби яна қуйидагича очиқланади: “Ва ҳунарсиз туркнинг ситамзариф йигитлари осонлиққа бўла форсий алфоз била назм айтурға машғул бўлубтурлар. Ва филҳақиқат, агар киши яхши мулоҳаза ва тааммул қилса, чун бу лафзда мунча вусъат ва майдонида мунча фусҳат топилур, керакким, мунда ҳар навъ сухангузорлиғ ва фасиҳгуфторлиғ ва назмсозлиғ ва фасонапардозлиғ осонроқ бўлғай ва воқеъ осонроқдур”[6].

 

Ҳазрат Навоий таъкидига мувофиқ, “ҳунарсиз туркнинг ситамзариф йигитлари” ўз она тилининг бошқа тиллар таъсирида қолиб, зойил бўлмаслиги учун ҳаракат қилмоғи муҳимдир. Улар ўз тилига нисбатан катта ҳурмат ва эҳтиромни сақлаши, уни пухта ўрганишга ҳаракат қилиши, она тилининг сўз бойлиги, қоида ва қонуниятларини чуқур ўзлаштиришда бошқаларга намуна бўлиши ва энг муҳими, она тилни худди она каби севиб ардоқлаши ниҳоятда зарур.

 

Афсуски, она тилимизга бугунги муносабат улуғ аждодларга издошлик мақомида бўлмаяпти. Ўз тилимизга беэътиборлик туфайли бир қанча бебаҳо сўзлар унутилиб боряпти. Айрим сўзларнинг ўз тилимиздаги муқобилидан кўра, ўзга тилдаги шаклини ишлатишга одатланиб қолдик. Масалан, бозор, гўшт, гувоҳ, беҳи, дунё, супермаркет, свежий, пайнет, колл-центр каби юзлаб сўзларнинг тилимизда муқобили борлигини кўпчилигимиз ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Оқибатда, ўз сўзларимиз ўзимиздан узоқлашиб бормоқда. Ҳолбуки, аждодларимиз ўз тилида учрамайдиган нарсаларга ҳам тил имкониятидан келиб чиқиб янги номлар беришган. Уларнинг бу тажрибаси бугунги кунимиз учун ҳам қадрли.

 

Тилимизга кириб келаётган ҳар бир сўз учун аввало янги шакл топиш эҳтиёжи бор. Агар бунга имкон бўлмаса, ўша сўзни тилимизнинг имло ва талаффуз қоидаларига мувофиқ тарзда қабул қилиш зарур. Аммо ҳар қандай ёт сўзни ўйламасдан тилга кўчиравериш она тилимизнинг бузилиши ва қашшоқлашишига сабаб бўлиши аниқ.

 

Юзаки қараганда тилимизга кўп хорижий сўзлар кириб қолгандай туюлади. Албатта, ўзлашган сўзлардан фойдаланиш деярли барча тилларда кузатилади. Шу билан бирга, кўп ўзбекча сўзлар бошқа тилларга ҳам кўчган. Масалан, беҳини форсча номи билан атаймиз. Аслида, бу сўзнинг ўзбекчаси ҳайва бўлиб, бу ҳақда Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида маълумот берган. Ўз тилимиздаги ана шу сўздан ўзимиз фойдаланмаймиз-у, лекин бу сўз ўрис тилида фаол қўлланиб келаяпти. Фақат ўрислар уни ўз тили хусусиятларига мослаштириб, “ҳ” товуши уларда йўқ бўлгани учун, айва тарзида қабул қилган. Кўшк сўзи ҳам дунёни бир айланиб, охири киоска тарзида ўзимизга қайтиб келди. Тобаки сўзимиз табакага айланиб, ўзлигини йўқотган ҳолда ўз уйига қайтди. Тилимизда бундай сўзлар жуда кўп.

 

Кейинги пайтларда кенг тарқалаётган оммавий маданият каби чегара билмас жараёнлар халқларнинг тилига ҳам катта хавф солаётганга ўхшайди. Миллий тил – миллат тириклигининг рамзи. Миллий тилни йўқотиш миллат қудратининг емирилишига олиб келади.

 

Ўзбек тили бугун кенг истеъмолда бўлиб келаётган тиллардан бири. Дунёда 50 миллиондан ортиқ киши шу тилда гаплашади. Она тилимизнинг софлигини сақлаш, кенг истеъмолини таъминлаш учун фарзандларимизда унга ҳурмат ҳиссини шакллантириб, тарбиялаб боришимиз зарур. Бунинг учун тилимиз билан боғлиқ ҳам фойдали, ҳам қизиқарли, энг муҳими, тушуниш қулай бўлган китобларни тавсия ва тарғиб қилиб туриш керак.

 

Айниқса бугунги глобаллашув жараёнида хорижий тилларни яхши ўрганиш давр талаби бўлаётган бир паллада аввало ўз тилимизга ҳурмат кўрсатиш ҳар доимгидан ҳам муҳимдир. Алишер Навоийнинг “Муҳокаматул-луғатайн” рисоласи эса дунё аҳли ана шу ҳақиқатни англаб етишида энг зарур восита бўла олади.

 

Ғулом БОБОЖОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.

Миллатнинг таянч нуқтасимақоласи



[2] Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит-турк. – Т.: Ғ.Ғулом, 2017. – 3-б.

[3] Эшқобил Шукур. Бобосўз изидан. – Т.: Адабиёт, 2022. – 535-б.

[4] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 16-жилд. – Т.: Фан, 2000. – Б.19.

[5] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 16-жилд. – Т.: Фан, 2000. – 20-б.

[6] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 16-жилд. – Т.: Фан, 2000. – 20-б.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

16:02 / 05.02.2026 0 25
Ҳукмронликнинг янги шакли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30747
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//