Бухоро амири Насрулло нега инглиз элчиларини қатл қилдирган эди?


Сақлаш
15:49 / 06.02.2026 19 0

Полковник Чарлз Стоддарт ва капитан Артур Коноллининг 1842 йилда Бухорода фожиали тарзда ҳалок бўлиши тарихи кўплаб афсоналар билан ўралган бўлиб, улар кўпинча асл ҳақиқатни сояда қолдиради. Энг кенг тарқалган янглиш қарашлардан бири шуки, Стоддарт гўё амир саройи олдида отдан тушмагани учун қатл этилган. Бироқ тарихий фактлар вазият анча мураккаб бўлганидан далолат беради.

 

Дарҳақиқат, Стоддарт 1838 йил 17 декабрда Бухорога келганида қатъий тартиб-қоидани бузиб, фақат ҳукмдорга рухсат этилган Арк ҳудудига отда кириб боради. Аммо бу можаронинг бошланиши эди, холос. Стоддарт қабул олдидан қуролини топширишдан бош тортиб, кутилган совғаларни тақдим қилмай ва энг муҳими, анъанавий таъзимни ҳарбийча шарафлаш (чест бериш) билан алмаштириб, вазиятни янада чигаллаштиради. Қатл ҳукми биргина қоидабузарликнинг эмас, балки узоқ давом этган қарама-қаршилик, жосусликда гумон қилиш ва инглизларнинг Афғонистондаги мағлубиятидан сўнг ўзгарган геосиёсий вазиятнинг маҳсули эди.

 

Стоддарт миссиясидаги Лондонга боғлиқ туб муаммо – унинг дипломатик мақоми эди. Полковник Бухорога қиролича Викториянинг ишонч ёрлиғисиз, фақатгина Ҳиндистон генерал-губернаторининг мактуби билан келганди. Ўзини буюк ҳукмдор деб билган амир Насрулло учун мактубни ўзига тенг монархдан эмас, балки ёлланма амалдордан олиш қаттиқ ҳақорат ва Стоддартнинг сохта элчи эканлигига ишора сифатида қабул қилинади. Манбаларнинг тасдиқлашича, 1842 йилдаги қатл пайтига қадар Бухорога Британия тожидан ҳеч қандай расмий мактуб келмаган, бу эса дипломатларни амир наздида халқаро ҳуқуқ ҳимоясидан маҳрум қилган.

 

Лондоннинг дипломатик нўноқлиги вазиятни бутунлай боши берк кўчага киритади. Асирларнинг мақомига ойдинлик киритиш мақсадида амир Насрулло тахминан 1841 йилда қиролича Викторияга расмий мактуб йўллайди. Бироқ Британия монархидан тўғридан-тўғри жавоб келмайди. Мактуб лорд Палмерстон томонидан Калкуттага йўналтирилиб, жавоб Шарқий Ҳиндистон компанияси мулозимларидан келади. Лондоннинг бу «бюрократик сукути»ни амир Британия Бухоро суверенитетини ҳурмат қилмаслиги ва ўз зобитлари тақдирига бефарқ экани деб қабул қилади. Айни шу эътиборсизлик «жаллод»ларнинг қўлини ечган ҳал қилувчи омиллардан бирига айланди.

 

Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, Чарлз Стоддартда Британиянинг геосиёсий рақиблари томонидан таклиф қилинган нажот йўли бор эди. 1841 йилнинг баҳорида амир Россия дипломатиясининг «қаттиқ илтимоси»га кўра Стоддартга рус савдогарлари ёки дипломатлари ҳамроҳлигида Бухорони тарк этишга рухсат беради. Стоддарт ҳатто бир муддат рус миссиясига ажратилган уйда истиқомат ҳам қилади. Бироқ инглиз зобити бу режани қатъий рад этиб, ўз озодлиги учун Россиядан қарздор бўлишни хоҳламайди. Бундан ташқари, у кетиш учун раҳбариятидан тўғридан-тўғри буйруқ олмагани учун кетишни ор-номусига зид деб ҳисоблайди. Унинг ўжарлиги ва «шараф» тушунчасини нотўғри талқин қилиши – нажот учун очилган ягона имконият эшигини ёпиб қўяди.

 

Россиянинг бу можародаги позицияси прагматизмга асосланган эди. Санкт-Петербург амирни инглизларни қўйиб юборишга инсонпарварлик юзасидан эмас, балки уларнинг қатл этилиши Британиянинг Туркистонга бостириб кириши учун баҳона (casus belli) бўлишидан хавфсираб кўндирмоқчи бўлади. Россия мавжуд мақомни (статус-кво) сақлаб қолишга ва жанубий чегараларида Британия армияси пайдо бўлишига йўл қўймасликка интилади. Шу боис, Бухоро ва Оренбургдаги рус вакиллари асирларнинг қисматини енгиллаштиришга жиддий ҳаракат қилади.

 

Фожиа сабабларини таҳлил қилишда инсоний омилни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Амир Насруллони шафқатсиз ҳукмдор сифатида тарифловчилар кўп бўлсада, Стоддартнинг хатти-ҳаракатлари ҳам инглиз ҳарбийсининг тақдирида ҳалокатли роль ўйнаганини ҳам айтиб ўтиш керак. Ҳақиқий ва мослашувчан дипломатлардан фарқли ўлароқ, у асирликда ўзини ўта такаббур тутади, ирқий ва империявий устунликни намойиш этиб, маҳаллий урф-одатларни очиқдан-очиқ менсимайди. Бу эса уни саройдаги эҳтимолий хайрихоҳлардан маҳрум қилади ва амирни жавоб тариқасида шафқатсизликка ундайди.

 

Полковникдан аввалроқ, аниқроғи 1831-1833 йилларда Бухорога ташриф буюрган Александр Бёрнснинг саёҳати Стоддарт миссиясидан фарқли равишда анча муваффақиятли кечган. Маданий мослашув, шарқона либос кийиш ва урф-одатларга ҳурмат тактикасини танлаган Бёрнс, разведка вазифаларини тўла-тўкис бажариб, эсон-омон қайтишга эришади. Унинг ютуғи шуни кўрсатадики, Бухоро амири билан тил топишиш мумкин эди ва фожиавий якун фақатгина ҳукмдорнинг шафқатсизлиги билан белгиланмаганди.

 

Бу воқеага 1843-1845 йилларда Бухорога келган «ғалати феъл-атворли» миссионер Жозеф Волф сўнгги нуқтани қўяди. Ўлим хавфига қарамай, у амир томонидан қабул қилинишга эришади, қатл фактини тасдиқлаб, тирик қайтишга муваффақ бўлади. Бу эса «калласини олиш» ҳар қандай чет элликка нисбатан автоматик жазо эмас, балки аниқ сиёсий боши берк кўчанинг натижаси эканлигини яна бир бор исботлайди.

 

Аслида Бухородаги фожиа алоҳида ҳодиса эмас, балки ХИХ асрда Британия ва Россия империялари ўртасида Марказий Осиёда таъсир доираси учун олиб борилган «Буюк ўйин» (Тҳе Греат Гаме)нинг кенг қамровли контекстига мос келарди. Тахминан 1830 йилларда бошланган бу рақобат Лондоннинг Россия томонидан «Британия тожининг гавҳари» бўлмиш Ҳиндистонга юриш қилинишидан хавотири ҳамда Петербургнинг инглизлар Осиё ичкарисига кириб келишидан чўчиши билан боғлиқ эди. Россия буфер ҳудудлар яратиш мақсадида Туркистон ерларини изчил забт этган бўлса, Британия Бухоро сингари маҳаллий хонликлардан рус таъсирини тўхтатиш воситаси сифатида фойдаланишга уринарди. Бу «ўйин»да Стоддарт ва Бёрнс каби дипломатлар империялар қўлидаги шунчаки пиёдага, маҳаллий ҳукмдорлар, жумладан Амир Насрулло эса манипуляция қурбонига айланди.

 

Бу даврда инглизларга бўлган ишонч уларнинг тажовузкор ташқи сиёсати, айниқса, мустақил Осиё давлатларига нисбатан тутган йўли туфайли заифлашган эди. Биринчи инглиз-афғон уруши (1839-1842) пайтида Британиянинг афғон амири Дўст Муҳаммадхонга муносабати бунга ёрқин мисолдир. Инглизлар Дўст Муҳаммадхонни Россия билан алоқада гумон қилиб, унинг халқ орасидаги обрўсига қарамай, тахтдан ағдарди ва ўзларига содиқ бўлган Шоҳ Шужони тахтга ўтқазди. «Рус босқини» хавфидан қўрқув асосида амалга оширилган бу аралашув фожиа билан тугайди: Британия армияси 1842 йилда Кобулдан чекиниш чоғида минглаб аскарларини йўқотиб, оғир мағлубиятга учрайди.

 

Охир-оқибат Лондон Дўст Муҳаммадхонни тахтга қайтаришга мажбур бўлади. Бу воқеаларни кузатиб турган Бухоро амири учун инглизларнинг хатти-ҳаракатлари уларнинг самимий эмаслигини ва таҳдид солиши мумкинлигини тасдиқларди.

 

Мустамлакачилик сиёсатининг бундай жиҳатлари бошқа ҳудудларда ҳам намоён бўлди. Хитой билан бўлган Биринчи афюн уруши (1839-1842) Британия ҳаракатларининг қанчалик адолатдан йироқ эканлигини яққол кўрсатади.

 

Марказий Осиё шароитида бундай воқеалар маҳаллий ҳукмдорларнинг шубҳаларини кучайтиради: агар Британия афюн савдоси учун уруш бошлаши мумкин бўлса, унинг Бухоро ёки Афғонистонга юборган «дўстона» элчилари ҳам фақат тажовуз учун баҳона бўлиб туюларди.

 

Стоддарт ва Конолли фожиасига ўхшаш воқеаларни Хоразм хонлигида ҳам кузатиш мумкин. Бу ерда ХVIII аср бошларида рус вакиллари билан ҳам шунга ўхшаш фожиа содир бўлган эди. 1717 йилда Хоразм билан дипломатик ва савдо алоқаларини ўрнатиш, шунингдек разведка қилиш учун Пётр I томонидан юборилган князь Александр Бекович-Черкасский бошчилигидаги экспедицияни ҳалокатли бўлади. Хоразм хони Шерғозихон русларни жосуслик ва ҳарбий таҳдидда гумон қилиб (экспедиция 4000 кишидан иборат бўлиб, бу аслида қўшин эди), уларнинг барчасини қириб ташлайди. Расман дипломатик бўлган бу экспедиция аслида разведка ва босқинчиликка тайёргарлик унсурларини ўз ичига олган бўлиб, хоннинг шубҳалари асоссиз эмасди.

 

Бу ерда Бухородаги воқеа билан ўхшашликлар яққол кўзга ташланади: ҳар икки ҳолда ҳам «элчилар» маҳаллий урф-одатларни менсимаган, хонлик ҳукмдорлари эса уларда ўз мустақиллигига таҳдид кўрган. Бироқ фарқлар ҳам муҳим: Хивага руслар катта ҳарбий куч билан келган бўлса, Стоддарт ва Конолли кўпроқ дипломатик вакиллар эди. Шунга қарамай, уларнинг хатти-ҳаракатлари империяча киборликни акс эттирарди. Бу ўхшашликлар умумий қонуниятни кўрсатади: Европа империялари (Британия ва Россия) «дипломатия»ни кенгайиш учун ниқоб сифатида ишлатиб, маҳаллий ҳукмдорларнинг қаршилигини келтириб чиқарган.

 

Узоқ муддатли истиқболда иккала воқеа ҳам бундай ҳодисалар кейинги босқинчилик ҳаракатларини оқлаш учун қандай хизмат қилганини кўрсатади: Россия 1873 йилда Хивани забт этиш орқали Бекович учун ўч олади, худди Британия Афғонистондаги муваффақиятсизликларидан минтақадаги кейинги ҳарбий юришларини асослаш учун фойдалангани каби.

 

Умуман олганда, Британиянинг ниятларини баҳолаганда, Лондон Бухорога самимий ва беғараз ёрдам кўрсатишни режалаштирмагани ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Миссияларнинг асосий мақсади Ҳиндистонни ҳимоя қилиш учун Россияга қарши буфер ҳудуд яратиш эди. Британия тўлақонли иттифоқчи сифатида масъулиятни зиммасига олмасдан, Бухородан шунчаки восита сифатида фойдаланишга интилди. ХIХ асрнинг 40 йилларидаги логистик қийинчиликлар ва Афғонистондаги мағлубият Бухорони Британия мустамлакасига айлантириш имконини бермаган бўлсада, амирнинг хавотирлари асосли эди.

 

Инглизлар ҳукуматни зўрлик билан ўзгартиришга уринган Афғонистон мисоли Лондоннинг «ёрдами» осонликча тажовузга айланиши мумкинлигини кўрсатди. Бу даврга келиб, «Афюн уруши» ва бошқа мустамлакачилик ҳаракатлари фонида Осиёда инглизларга бўлган ишонч жуда паст эди: уларнинг сиёсати маҳаллий ҳукмдорлар томонидан ресурслар ва ҳудудлар учун шафқатсиз кураш сифатида қабул қилинди. Натижада, Британиянинг «марҳаматидан» воз кечган Бухоро Россия билан ёлғиз юзма-юз қолди, бу эса келажакда унинг мустақиллигини йўқотишига олиб келди.

 

Ғайратхўжа Ғаффорхўжа ўғли,

«Фикрат» дастури бошловчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

16:02 / 05.02.2026 0 25
Ҳукмронликнинг янги шакли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30747
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//