Ўзбек халқи азалдан донишманд тафаккур соҳиби бўлиб келган. Халқ оғзаки ижоди – достонлар, матал ва мақоллар, топишмоқлар, аския ва юморлар элнинг асрлар давомида тўпланган ҳаётий тажрибаси, орзу-интилишлари, алам ва изтироблари, итоат ва исёнлар орасидаги мураккаб руҳий ҳолатларининг бадиий ифодасидир. Жамият ҳаётида рўй берган бирор ҳодиса йўқки, у халқ хотирасида акс этмаган, тил қудрати орқали нақл, рамз ёки топишмоқ шаклида авлоддан авлодга ўтмаган бўлса... Айниқса, халқ топишмоқлари маъно жиҳатдан кўпқаватли бўлиб, уларда “бир ўқ билан икки қуённи уриш” тамойили устувор бўлади. Яъни, халқ ўз дардларини, ижтимоий масалаларини, пинҳон ҳақиқатларини рамзлар воситасида ифода этади.
Муштлаб-муштлаб урарлар,
Мунча гуноҳ қилибман.
Ўтга солиб ёқарлар,
Мунча оси(й) бўлибман.
Ўқувчи рамзлар ортида азоб чекаётган инсон қиёфасини ҳис этади, унинг руҳий изтиробларини кўз олдига келтиради. Кейинги бандда эса ушбу қайғу тасвири зинама-зина очилиб, яширин маъно ўз қиёфасини намоён қилади:
Мунча мени хорларлар,
Билмам, нима қилибман.
Мунча мени севарлар,
Қандай ширин бўлибман.
Топишмоқнинг жавоби оддийгина хамир ва нон. Бироқ бу жавоб масаланинг суратини ташкил этади, холос. Аслида ички маъно ташқи таъсирлардан азият чекаётган халқ турмушининг сирли ифодасидир.
Топишмоқларнинг қудрати шундаки, улар якка буюм ёки мавжудотни тасвирлаш билан чекланиб қолмай, балки муайян ижтимоий муҳитни, ҳатто мамлакат ичида, ташқарисида содир бўлаётган уруш ва тўқнашувларнинг пинҳон қатламларига ишора қилади.
Масалан, қайчи ҳақида айтилган тўрт хил топишмоққа диққат қилайлик. Биринчи вариантда: “Икки подшоҳ қон чиқармай уришади” дейилади. Иккинчисида: “Икки ботир қиличлашар” деган ибора қўлланади. Учинчисида эса тасвир янада рамзий тус олади: “Икки бўри тоғда ўйнар, чанг чиқармай, иккиси ҳам бир бош ейди, қон чиқармай”.
Учала мисол марказида ҳам тўқнашув, кураш ва рақобат бор, бироқ у зўравонликсиз, қон тўкилмасдан ифода этилади. Тўртинчи вариант ҳам борки, у мазмун ва маъно жиҳатдан ўзига хосликка эга: “Фотима-Зуҳра уришади, меросини бўлишади”. Бу ерда жисмоний курашдан кўра ижтимоий зиддият, яъни мерос ва ҳақ талашиш масаласи олдинга чиқади.
Қайчи нафақат кесувчи буюм, балки фикрни ўткирлаштирувчи рамз ҳамдир. Шу маънода у инсонни синчковроқ бўлишга, ҳар бир ишора ортида қандай маъно яширинганини англашга даъват этади.
Энг қизиғи, бу топишмоқларни бугунги кунимиздаги ахборот ҳужумлари, дунё миқёсидаги миллатлар ва давлатлар ўртасидаги низолар, қонли тўқнашувлар, жамият ичидаги мерос талашиш, сиёсий интригалар ва глобал зиддиятлар билан бевосита боғлаш мумкин.
Яна бир битикнинг ички маъно қатламига эътибор қаратамиз:
Мен ажойиб бир аскар кўрдим,
Боши узра қуввати.
Кўп қаватли, йўқ қадри-қиммати,
Сувли ерни асло босмас,
Чўлни поймол қилмай қўймас.
Бу шундай “аскар”ки, унинг бутун қудрати бошида жамланган. У сув билан асло чиқиша олмайди, ундан ўлгудай қўрқади, қочади. У қуруқликдагина ҳар қандай душманни “ўлжа”га айлантиради.
Худди шу каби “Аҳил бўлиб яшар доим етмиш мард, тани ёниб, элга қилади хизмат” деган жумлаларда ҳам гугурт рамзи яширинган: якка дона ожиздек кўринса-да, жам бўлганида у эл хизматига қодир, қурбонлик орқали манфаат келтирувчи куч сифатида талқин этилади.
Халқ муболаға орқали ҳатто энг кичик ва аҳамиятсиздек туюлган нарсаларга ҳам кучли ва таъсирчан таъриф бера олади. Масалан, “Шапалоқ юртига борган ботирнинг жангда ҳалок бўлиши” ҳақидаги топишмоқни олайлик:
Ўзи йўқдай, ботирим,
Овози ўқдай, ботирим,
Шапалоқ юртга бориб,
Ўлиб қолган, ботирим.
Бу ерда пашша зоҳиран арзимас, деярли “йўқдай” мавжудот сифатида тасвирланса-да, унинг овози ўққа қиёсланиб, инсонга безовта қилувчи, ҳатто ҳалокатли таъсир кўрсатувчи куч сифатида талқин этилади.
Яна бир топишмоқ эса бугунги сиёсий низоларнинг бадиий рамзга солинган аниқ манзарасини кўз олдимизда жонлантиради. Зийрак ўқувчи учун игна билан ангишвонанинг “баҳси” гўё икки давлат ўртасидаги ҳужум ва тортишувларнинг реал саҳнасига айланади:
Яланғоч қочади,
Ёрғоқли қувади.
Топишмоқнинг жавобини қўя турайлик. Мисралардаги “Яланғоч қочади” ифодаси заиф давлатнинг доим ўзини сақлаб қолиш йўлини излаши, хавф ва таҳдидлардан паноҳ топишга мажбур эканининг рамзий ифодасидир. “Ёрғоқли қувади” эса кучли давлатнинг очиқ, қатъиятли ва тажовузкор ҳаракатини, ўз қудратини намоён этиш орқали рақибга босим ўтказишга интилишини англатади. Шу тариқа, халқ топишмоқлари орқали оддий буюм ва ҳолатлар ортидан бутун бир сиёсий-ижтимоий манзарани кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, халқ топишмоқларида аскар ва баҳодир образлари уларга хос ва мос деталлар билан шу қадар табиий уйғунлаштириб тасвирланадики, ўқувчи беихтиёр бу топилмаларнинг чинлигига, ҳаётий асосига ишона бошлайди.
Масалан, қулф ҳақида айтилган: “Посбонидир у уйнинг,
Кўзи, тили йўқ унинг”, деган мисраларда оддий буюм тирик посбон қиёфасида намоён бўлади. Бунда қулфнинг “кўзи ва тили йўқ”, аммо уйни қўриқлайдиган вазифаси борлиги жуда аниқ ва таъсирчан ифода этилади.
Худди шунингдек, қамиш ҳақида тўқилган топишмоқ ҳам образ ва мазмун уйғунлиги жиҳатидан ўта ишончли. Бу ерда қамиш кўп қиличли, узун бўйли баҳодирга қиёсланади:
Сон-саноқсиз қиличли,
Узун бўйли баҳодир.
Етар узала тушиб,
Шовуллаб бехавотир.
Умуман, қилич мотиви халқ топишмоқларида энг фаол рамзлардан бири бўлиб, кўп ҳолларда маъно калитини очиб берувчи асосий восита вазифасини ўтайди. Масалан, тонг ёришиши:
Бундан отган қиличим,
Зангар бориб очилди,
дея тасвирланса, сув: “Қилич урдим – ўрни йўқ” ибораси орқали ифодаланади. Устара “Юмалоқ тепада қилич ўйнар”, шам эса “Қилич учи қалтироқ” рамзлари билан англатилади. Қиличнинг ўзи эса: “Қора биям қалт этди, Қобирғаси ялт этди” каби тасвир орқали намоён бўлади.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шу билан бирга, халқ топишмоқларида милтиқ ва ўқ мотивлари ҳам муҳим ўрин тутади. “Тумшуғи узун – тоғни тешар”, “Зинг этди, зинграб кетди”, “Оқ кучугим анг этди, товуши Қўқонга етди”, “Оғизгинаси ўймоқдай, бақиргани тойлоқдай” каби мисралар орқали халқ ўқ, милтиқ ва портлаш товушларини жонли, образли ва эсда қоларли шаклда тасвирлайди.
Аслида, бундай топишмоқларнинг ўқувчига берадиган энг катта маънавий озуқаси топқирлик, рамз орқали фикр юритиш ва ҳодисаларнинг мағзини чақа олиш кўникмасидир.
Масалан:
Тирик келиб, ўликдан ош сўради,
Ўлик туриб, тирикни бўғиб олди.
Топишмоқ “тирик”нинг “ўлик”дан ош сўраши оддий манзара эмас, балки катта фалсафий қарама-қаршиликдир. Мана шу мантиқ ўқувчини изланишга мажбур қилади ва охир-оқибат топишмоқнинг асл моҳиятига олиб киради. Жавоб – сичқон ва қопқон.
Аммо шундай топишмоқлар ҳам борки, уларда рамзий ифода анча яширин ва нозик бўладики, ўқувчи жавобини билмагунча маънони тўла англай олмайди. Масалан:
Отамдан бир мерос олдим,
Ерга кўмсам чиримас.
Қанчалик ўйлаб кўрилмасин, бу мисраларда нима назарда тутилганини дарҳол илғаш осон эмас. Бироқ жавобнинг исм эканини билганингиздан сўнг барчаси сизга аён бўлади.
Қуйидаги топишмоқлар ҳам дастлаб ўқувчини иккилантириб қўяди:
“Ҳаккам чўлоқ ер тешар”, “Чўлоқ отасига гўр қазир”, “Ўтмас пичоқ ер кавлар”...
Зоҳиран уларнинг ҳар бири алоҳида воқеадек туюлса-да, аслида жавоби битта: томчи. Бу ерда халқ тафаккури энг майда, беозор ҳодисани ҳам улкан таъсир қудратига эга куч сифатида кўрсата олади.
Шу маънода, халқ топишмоқлари ўқувчини тайёр жавобга эмас, балки мустақил фикрга, чуқур мушоҳадага ва маънони излаш жараёнидан завқ олишга ўргатади.
Яна бир топишмоққа эътибор қаратайлик:
Катта-кичик беш ўртоқ,
Уюшса бўлар тўқмоқ.
Ушбу топишмоқда инсоннинг тана аъзоси бўлган бармоқлар жонли бадиий образ даражасига кўтарилади. “Катта-кичик беш ўртоқ” ибораси орқали бармоқларнинг турли ўлчамда экани, уларни “ўртоқ” деб аташ эса жамоавийлик, бирдамлик руҳини очиб беради.
“Уюшса бўлар тўқмоқ”да эса бармоқларнинг бирлашиб муштга айланиши ҳаётий, аммо ўта таъсирли қиёс орқали берилган. Бу ўринда “бирлик – куч, тарқоқлик – заифлик” экани рамз орқали сингдирилади.
Начало формы
Конес формы
Яна бир топишмоққа эътибор қаратайлик:
Шу кўчанинг бошида,
Тилла эгар қошида,
Буни топган кишилар
Юз йигирма ёшида.
Бу топишмоқда халқ ақлни тайёр ҳолда бериладиган неъмат эмас, балки ҳаёт давомида мисқоллаб йиғиладиган бойлик сифатида тасвирлайди “Тилла эгар қошида” ақлнинг ноёб ва бебаҳолигига ишора. “Юз йигирма ёшида” рамзий ёш эса ақл йиллар билан эмас, балки тўпланган тажриба ва билим шаклланиши англашилади. Яъни, инсон умр бўйи яшаса ҳам, ҳақиқий ақлга кеч етиши мумкин.
Маънавий қадриятлар билан боғлиқ яна бир топишмоқни кўриб чиқсак:
Ўтда ёнмас,
Сувга ботмас,
Ерда чиримас.
Топишмоқнинг жавоби – тўғрилик. Бу тасаввурнинг халқ эпик тафаккури билан ҳам узвий боғлиқлиги бор. Масалан, “Алпомиш” достонида қаҳрамоннинг “ўтда ёнмас, сувда чўкмас, қилич ўтмас” деган таърифлари унинг жисмоний кучидан кўра маънавий поклиги ва ҳақгўйлигини кўрсатади. Шу тариқа, халқ онгида бундай сифатлар тасодифий эмас: инсон тўғри бўлса, у ҳар қандай синовдан омон чиқади. Топишмоқ ва достоннинг ўзаро ҳамоҳанглигини кўрсатадиган асосий мантиқ шундаки, тўғрилик – инсонни асрайдиган ва уни енгилмас қиладиган энг олий фазилатдир.
Яна бир топишмоққа эътибор қаратамиз:
Деволга қўнган қушим,
Баъзилари бир қанот,
Баъзилари қўш қанот.
Топишмоқда эшик жуда содда, халқона тасвир орқали берилади. “Деворга қўнган қуш” эшикнинг уй деворига маҳкамлангани, унинг очилиб-ёпилгани эса гўё қушнинг қаноти қоқаётганига қиёс. “Баъзилари бир қанот, баъзилари қўш қанот” мисраси эса ижтимоий манзара яратади: бир табақали эшик оддий уй-жойга, қўш табақали эшик эса кенгроқ, имконияти яхшироқ хонадонга ишора қилади. Шу тариқа топишмоқ халқнинг моддий турмушини ҳам билвосита кўрсатади.
Ҳатто болалар учун деб қараладиган содда топишмоқлар ҳам шунчаки сўз ўйини эмас, балки халқимизнинг асрий ўйловлари, оғриқлари ва дард парчаларини мужассамлаштирувчи ижодий намуналардир. Улар инсонга ҳаётнинг муҳим қонуниятларини, моддий ва маънавий қадриятларини, тўғрилик, ақл ва тажриба орқали фикрлаш ва мушоҳада қилиш қобилиятини ривожлантириш имконини беради. Шу тариқа топишмоқлар халқ тафаккурининг нафақат ўтмишдан бугунгача етиб келган бой меросини, балки ижодий ва маънавий қудратини ҳам намоён қилади.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
журналист
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ